Қийноқлар ороли асираси. Фарғона шаҳар тергов изоляторида ( 13 )

5176

2005 йил, 24 октябрь.

Мен Фарғона тергов изоляторидаман. Бугун ҳам ҳар доимгидек эрталабки назоратга тергов изоляторининг беш нафар маъмурлари навбатчиликни қабул қилаётган назоратчилари билан биргаликда камерага кириб келишди. Мен бу ернинг қоидаларга анча ўрганиб, кўникиб қолдим. Мунтазам равишда бир кунда икки маҳал – эрталаб соат 9.00да ва кечги соат 18.00 да одатий текширув ўтказилади.

Бундай пайтларда маҳбусалар қўлларини икки ёнларига чўзганча тик туришлари керак. Бош ва қомат ҳам тик бўлиши шарт. Навбатчи маҳкума эса камерадаги маҳбусалар сони ҳақида ахборот бериши лозим. Шундан кейингина ҳар бир маҳкумадан ўзи ҳақида қўйидагича маълумот бериши талаб этилади: исми-шарифи, қайси моддаларга асосан айблангани… Айнан мана шу жараёнда маҳкумалар савол бериш, мурожат ва ариза топшириш, ўзларини қизиқтирган масалаларни кўтариш имкониятлари бор.

Мен куни кеча очлик эълон қилган эдим. Бугунги текширув давомида очлик эълон қилишимнинг сабабини сўраб-суриштиришди. Бироқ мен бу масалани фақатгина тергов изолятори раҳбари билангина муҳокама этишимни маълум қилдим. Улар ортларига қайтишди.

Маҳкума Минзулина Зулфия текширувчилар ташриф буюришганда кир юваётган эди. Улар чиқиб кетишгач, яна ўз ишини давом эттирди.

Марина эса менга важоҳат билан юзланди:

– Бу “мусор”лар нима учун киришди бу ерга? Нима ёзгандинг? – Унинг овозида сўроқдан кўра, таҳдид оҳангги устунроқ эди.

– Мен кеча очлик эълон қилганим ҳақида расмий билдириш бергандим. Гапларига эътибор қилмадингми? Нега очлик эълон қилдинг деб сўрашди, ё эшитмадингми? – унинг таҳдидга йўғрилган саволига савол билан жавоб қайтардим.

– Демак, уларнинг бу ерга киришига сен сабабчисан! Ёзган ёзувларинг сабабчи! Бугундан бошлаб ҳеч қаерга ҳеч қандай ариза ёзмайсан! Камерада қўлингга ручка билан қоғоз ушламайсан. Агар яна бир марта камерада қўлингга ручка билан қоғоз олсанг, ё бирор нарсадан шикоят қилсанг, билиб қўй, башарангни ёриб ташлайман, – ўдағайлади у.

– Ўзингни бос, – дедим унинг чиранишларига парво қилмай, – Агар   сен кабилардан қўрққанимда эди бу ергача етиб келмаган бўлардим, тушунарлими?

Кир ювиб ўтирган Зуля гапга қўшилди:

– Мўътабар опа, Маринанинг қанақалигини сиз билмайсиз. Илтимос у билан тирашманг. Ўчакишмай, айтганини қилинг!

– Бу ҳам ҳали менинг кимлигимни билмайди! – дедим Зулянинг насиҳатига зарда билан.

Марина асов отдек депсинаркан, мени оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўка кетди.

– Оғзингга қараб гапир! Мени ҳақоратлашга нима ҳаққинг бор?! Менинг ёшим онангнинг ёшидан ҳам улуғроқ эканлигини унутма!- дедим онасини эслатарканман, инсофга келар деган илинжда.

 – Сендай онам бўлишидан Худонинг ўзи сақласин! – деди Марина оташин бўлиб.

– Мен ҳам сендай қизим йўқлигидан Яратганга беҳисоб шукур қиламан, – деганимни биламан, яшин тезлигида томоғимга теккан совуқ тиғдан этим жўнжикиб кетди. Марина қачон ортимда пайдо бўлди, қандай қилиб бўйнимга пичок тиради, билолмай қолдим.

Унинг юзлари қизариб, бурун катаклари керилиб кетган, қонга тўлган кўзларидги алам шундоққина кўриниб турарди. “Мени бўйсундира олмаганидан бу” – деган фикр ўтди кўнглимдан. Бу пайтда орқа томонимдан ҳужумга ўтган Марина бир қўли билан сочимни куч билан тортганда бошим оғриқнинг зўридан ортга қайрилиб кетди. У эса иккинчи қўли билан пишиллаганча бўғзимга пичоқ тираб турарди:

– Мен сенга жиддий айтаяпман! Башарангни ёриб, ичагингни суғуриб ташлайман ҳозир, – дея ўкирди у қулоғим остида.

– Мен ҳам қулоғингга танбур чертаётганим йўқ! – бўйним ортга чўзилиб, эгилиб қолганлиги учун ҳам овозим хириллаб чиқди, – Мен фаолиятим давомида сендақаларнинг кўпини кўрганман. Дўқ-пўписаларниям зўрини эшитганман! Мени ҳибсга олишганларида сендақаларнинг таъқибига тайёр бўлганман. Қани, сен аввал башаримни биир ёриб кўр-чи, оқибати нима бўларкан, кўрамиз! – дедим гарчи кўнглимни қўрқув ҳисси эгаллаб турган бўлса-да, овозимга ишонч тусини бериб.

Кутганимдек бўлди. Овозимдаги қатъият Маринани эсанкиратиб қўйди. У бир қадам ортига чекинди. Пайтдан фойдаланиб, унинг қўлидан ситилиб чиқдим-да, бориб койкамга ўтирдим. Бошим тик эди. Бироқ, ич-этимни алам кемирарди. Бугунги бузуқ бу тизимда Марина деганлари бор-йўғи мисоли бир синган михча, холос. Лекин ҳеч бир корга ярамайдиган, шу занг босган мажруҳ михча ҳам дилимни ҳанжар каби тиғлади, жароҳатлади. Қўлидаги пичоқни бўғзимни эмас, гуё юрагимни мўлжаллаб ургандек, оғриқ бор эди кўксимда.

Нега, яхшилик, эзгулик, адолат учун курашган инсонларнинг бошига шундай қаро кунларни солишар экан-а бу муттаҳамлар? Ўзи ростдан ҳам одаммикан булар, ё инсон қиёфасидаги маҳлуқми? Наҳот менга таъсир ўтказиш илинжида шундай пасткашликка боришса? Камерада ўтирадиган маҳкуманинг қўлига қаердан тушиши мумкин пичоқ? Ахир ҳар куни бу ердагиларни минг бир чиғириқдан ўтказишса? Бўлиши мумкин эмас!

Кўнглимга келган шубҳали ўйдан титраб кетдим. Бу каби саволларга жавоб қидиришнинг ўзи даҳшат. Бироқ топилган жавоблар эса ундан-да даҳшатли! Мени тутқунликда сақлаётган бу амалдорларнинг ҳар битта гапи, ҳар битта ҳаракатинининг ғайриқонуний эканлигини қонун моддалари билан “тақ-тақ” этиб пешонасига тушургандек, исботлаб турган бўлсам, бу ерда содир бўлаётган ҳар қандай ноҳақлик ҳақида ҳеч бир ҳайиқмай адвокатларимга ҳисоб берсам, барча ёвузлиг-у бедодликларнинг матбуот юзини кўриши, кенг оммага ошкор бўлиши учун жонимни хатарга қўйиб бўлса-да жонбозлик кўрсатаётган бўлсам, бутун жаҳон ҳамжамияти менинг ҳимоям учун оёққа қалқиган бўлса, яна мени синдиришга ҳаракат қилишга, жиноятчининг қўлига совуқ қурол тутиб менга рўбарў қилишга қандай ҳадди бор буларнинг? Мени руҳан эгмоқ учун яна қандай усулларни ўйлаб топишаркин ҳали? Ана шундай аламли изтироблар оғушида яна очлигимни давом эттирарканман, маъмуриятдан қонунга биноан мени зудлик билан бошқа камерага ўтказишларини талаб қилдим.

“Очлик” эълон қилганимнинг учинчи куниси – Марина билан бўлган тўқнашувдан икки кун ўтгач, менга адвокатим келгани ҳақида хабар беришди. Ёнимга кирган адвокат опам Муҳаррамхонга Марина билан ўртамизда содир бўлган кўнгилсизликлар ҳақида гапириб бердим. Гарчи биз алоҳида махсус хонада кузатувчиларсиз, ёлғиз учрашган бўлсак-да, суҳбатимиз махсус хизмат вакиллари томонидан ёзиб борилишини яхши билардим.

Шунинг учун ҳам опамга қарата: “Мени бошқа камерага ўтказиш ҳақидаги талабимни инобатга олишмади, опа. Шундай экан, токи Бандаренко Маринага пичоқ киритиб берган тергов изолятори вакили топилмас экан, токи Марина ва уни совуқ қурол билан таъминлаган кимсага қонуний чора кўрилмас экан “очлик”ни давом эттиравераман. Мени бошқа камерага ўтказиб, барча қонуний талабларимни адо этмагунларича, тўхтатмайман. Мана шулар ҳақида барча оммавий-ахборот воситаларига интервьюлар беринг”, – дея такрор-такрор таъкидладим.   Ҳ-а-а-а, матбуот ва қаламнинг куч-қудратидан чўчишмас эканми улар? Жуда қўрқишади-да. Шунинг учун ҳам адвокатимга айтганларимдан хабар топган раҳбарият дарҳол ўз хатоларини тўғрилаш учун ҳаракат бошлаб юборишди…

Учрашувдан камерага қайтгач, икки соат ўтар-ўтмас Маринани терговчиси келди, деган баҳона билан олиб кетишди. Опам учрашув куни менга турли-туман озиқ-овқатлар, барча зарурий нарсаларни ҳам келтирган эди. Йўқловни қабул қилиб олаётганимда нарсаларимни бирма-бир қабул қилиб олиб, уларни кўздан кечирарканман, камерага қайтган Марина билан Зуля бу нарсаларни кўриб кўзлари косасидан чиққудек бўлиб бақрайиб қараб турардилар.

Мен тергов изоляторига келибманки, камерадошларим менга уйимдагилар киритадиган озиқ овқатларга шериклик қилишарди. Чунки уларнинг ҳеч нарсалари йўқ эди ва ортларидан бирор бир кимса йўқлаб ҳам келмасди. Марина билан бўлиб ўтган ўша тўқнашувдан кейин улар билан ўзимда бор нарсаларни энди баҳам кўрмаслигимни ҳам яхши билишарди. Чунки мен уларнинг иккаласи билан ҳам гаплашмай қўйгандим. Улар овқатланишга ўтиришди дегунча, ўзимни ухлаганга солиб ётардим….

…Бугун ҳам шундай қилдим, ҳозиргина қабул қилиб олганим бор мулкимни каттагина сумкамга жойлаб кроватнинг бош томонига кўйдиму, одатдагидек, ёнбошлаганча кўзларимни юмиб, ўзимни уйқуга солдим. Марина билан Зулфия ғулдирлаша-ғулдирлаша тинчиб қолишди. Кўп ўтмай кимдир мен томонга қараб юриб келиб, ёнимда тўхтаганини, тепамда тик турганини ҳис қилиб юмилган кўзларимни ҳиёл очдим: Марина билан Зулфия бош томонимда нимадир дейишга қимтиниб турардилар. Ўрнимдан қўзғалиб ўтирарканман “нима гап?” дегандек тикилдим уларга.

– Мўътабар опа, нима, мени гапларимдан хафа бўлдингизми? – ўсмоқчилаб сўради Марина.

– Сен ўзингни менинг ўрнингга қўйиб кўр-чи? Ёши ўзингдан икки баробар катта бўлган одам сенга ҳам шундай ҳурматсизлик қилса, нима қилардинг? Хафа бўлмасмидинг? – савол устига савол ёғдирдим.

– Мен нима деган бўлсам, сизни фойдангизни қўзлаб айтдим, аслида. Тан оламан, қизишиб кетдим, айбдорман. Аммо сиз ҳали буларнинг кирдикорларини билмайсиз. Арзимаган баҳона билан киришади-ю, бирор нарса ташлаб қўйишдан ҳам тойишмайди. Агар хоҳлашса, ваҳобийларнинг варақасини ҳам ташлаб қўйишлари ҳеч гап эмас, – Марина бош бармоғи билан камера эшигини қўрсатаркан, яна қўшиб қўйди, – Ҳали билмайсиз-да буларни.

– Шунинг учун пичоқ ўқталдингми менга?

– Уларнинг кирганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетди-да, – деди у ялингансимон.

– Пичоқ-чи? Менинг бўғзимга қадаган пичоғинг-чи? Камерада пичоқ сақлаш мумкинми ўзи? Айт, сенга ким берганди пичоқни? – дедим саволимга жавоб олиш илинжида бетоқат бўлиб.

– Мўътабар опа, кечиринг. Жаҳл келса, ақл кетади, дейишади-ку? – Маринанинг нигоҳлари ер чизди.

– Ўзингиз айтгандингиз-ку Маринага ўшанда “Қизим тенгисан” деб. Ҳали ёш-да, кечирақолинг уни, – даллоллик қилди Зулфия.

– Нима, ўша кунги тушунмовчиликни деб бошқа камерага ўтишни талаб қилиб очлигингизни давом эттираверасизми, опа? – ялиниш оҳангида сўради Марина,- Овқатланишни бошланг опажон, илтимос. Агар овқатланмасангиз, мени айбдор қилиб, бўйнимга “нарушение” илиб қўйишади. Айтганимга кўна қолинг, опа, йўқ, деманг. Агар хўп десангиз, сизни то қамоқхонага олиб кетгунларича, у ердаги вазиятлар ҳақида сизни хабардор қиламан, йўл-йўриқларини ўргатиб тураман. Ҳали зонага борганингизда ўзингиз тан берасиз тўғри гапирганимга. У ерларни билмайсиз-да ҳали? Биз қамоққдан чиққанимизга бир йил бўлмасдан, яна қайтиб борамиз, уйимиздек бўлиб қолган. Тузини к-ў-ў-п татиб кўрганмиз, – дея чуқур хўрсинди Марина.

            Қамоқдан чиққач, яна жиноят содир этиб қўлга олинганликлари ҳақида улар менга эртак айтишаётганини ҳис қилиб турардим. Бироқ бу пайтда бир нарсани: уларнинг айнан аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган махсус рўйхатда турувчи қулоқ, қийноқ қўлловчи маҳкумалар эканлигини билмасдим. Улар айнан менга жисмонан ва руҳан таъсир ўтказиш мақсадида тергов изоляторига атай сафарбар қилинганлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…

 …Кечирдим дейишимни кутмасдан, сумкадаги нарсаларимни олиб жойлаштириш тараддусига тушган камерадошларим уларни саралаб ола бошлашди.

– Зуля, бор, сен чой қўй. Мен мана бу кийим- кечакларни алоҳида тахлаб тураман, – дея Марина шеригига буюраркан, – Ия, қара, ҳинд чойи ҳам бор экан. Оҳ-ҳоо, ёнгоғу- майизларга нима дейсан? Мўътабар опа, чой қайнагунча сиз дамингизни олиб, ётиб тураверинг. Ҳаммаси тайёр бўлгач, чақирамиз. Овқатланамиз, маза килиб чой ичамиз, – оғзининг таноби қочганча қўшиб қўйди у.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан учовлон ўтириб “сингилларим” тайёрлаган чойни ичиб овқатланиб ўтирардик. Бу маҳкумаларнинг ўзлари ҳам, кўзлари ҳам ниҳоятда оч эди. Кўп йиллардан буён қамоқхона шароитида яшаётган бу ожизалар охирги марта қачон одамлардек овқат егани, қачон қорни тўйганини ҳам эслаша олмаса керак ҳатто. Мана шундай “хизмат сафар”ларига сафарбар этилган пайтлардагина уларга тансиқ таомлар танаввул қилиш насиб этади холос.

Яна кимга тегишли тансиқ таом денг, мен сингари ҳукуматнинг қора рўйхатларидаги ҳибсга олинган инсонларники. “Ҳам ошингни ейман, ҳам бошингни” мақоли мана шундайларга аталган бўлса керак. Эҳтимол, шунинг учундир, уларни арзимаган нарсага ҳам осонгина сотилишлари мумкинлигини ҳис қиларканман, пес-песни қоронғида топибди дегандек, уларни ёллаган ҳукумат вакиллари ҳам пасткашликда улардан ортда қолмасликларини ўйлаб дилим хуфтон бўларди…

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.