Толиб ЁҚУБОВ: Европада пишириб қўйибдими, ёҳуд демократия қанақа тузум?
Мақола бошида бир гапни айтиб қўяй – мен мақолани демократик тузум ҳукм сураётган Европа, АҚШ, Канада ё бошқа мамлакатларда яшаётган ватандош ўзбеклар учун ёзаётганим йўқ, улар бу мамлакатларда тартиб, ҳаёт ва инсонга муносабат қанақалигини мендан кўра яхшироқ билишади, улар бу ерда яшашаяпти, ишлашаяпти, ўқишаяпти, бола-чақа орттирашаяпти.
Мен ушбу мақолани Ўзбекистонда яшаётган икки тоифа:
1) ёшми-қарими, қатъий назар, “зато бизда тинчлик” дея аюханнос солаётган троллар;
2) келажакда эркин, демократик ва инсонни инсон ўрнида кўрадиган ҳукумат ва жамият қуришни истаган ва шу йўлда ҳаракат қилаётган ёш ватандошлар учун ёзмоқдаман.
ФРАНЦИЯДА КЕЛГИНДИЛАРГА МУНОСАБАТ
Ватанимиз Ўзбекистонда бир одам ўз вилоятидан бошқа вилоятга ишга, ўқишга ёки узоқ муддат яшаш учун борса маҳаллий одамлар уни “келгинди” деб аташи, афсус-ки, кенг тарқалган. Мен бундай муносабатни ўз мисолимда кўрганман. 1958 йил мен институтга кириш мақсадида Жиззахдан Тошкентга борганимда бир хонадонда ижарада турдим. Кунда бўлмаса ҳам, кунора орқамдан “келгинди” деган атама эшитилиб турди. Жиззахда ҳам шу атама бошқа вилоятлардан келган одамларга нисбатан ишлатилганини ўз қулоғим билан эшитганман. Мен 2006 йил ватанимдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Замоннинг зайли билан мен, ўғлим, келиним ва учта неварам бундан 10 йил илгари Европага, яна-да аниқроғи, Францияга келиб жойлашдик. Бизни яхши кутиб олишди. Аввал 4 хонали, бир йилдан кейин шаҳарнинг энг яхши мавзеларининг биридан 5 хонали уй беришди.
Кейинроқ билсак, Франция ҳар йили 100.000 (юз минг)дан кўпроқ чет элликларни беминнат қабул қилиб олар экан. Франция ҳукумати ана шу 100.000 келгиндини уй-жой, озиқ-овқат ва пособие (нафақа) билан таъминлашини ўз кўзимиз билан кўрдик. Биз яшаётган шаҳарни катталиги бўйича Францияда тўртинчи ёки бешинчи ўринда дейишади. Ҳар қадамда қора-қура одамларга кўзингиз тушади. 10 йил давомида шаҳримизда миллатчиликни кўрмадик. Французлар ўта маданиятли халқ эканига амин бўлдик. Мен, масалан, шу йиллар ичида бирорта ҳам ҳўмрайган одамни ёки кўча-куй ва транспортда жанжаллашиб турган одамларни кўрмадим. Қарилик ва касаллик туфайли француз тилини ўрганишга менинг имконим бўлмади.
Менинг француз тилидан “бойлигим” 3-4 та жумладан иборат, холос. Бироқ мен на кўчада, на транспортда ва на магазинларда ўзимни нохуш сезганим йўқ – мен французларга “Пағдон мадам (мусье), же не рағл па фғансе” [кечирасиз хоним (тақсир), мен француз тилини билмайман] дейишим билан улар жилмайишади, мени тушунишга ҳаракат қилишади ва вақтини аямасдан ёрдам беришга киришишади.
Бир куни мен автобус бекатини топа олмадим ва кўчадан ўтиб кетаётган бир аёлдан бекат қаердалигини имо-ишора билан сўрадим. У ҳижолат бўлиб билмаслигини айтди ва йўлида давом этди. Мен уёқ-буёққа қараб жойимда 5 минутча туриб қолдим. Қарасам ўша аёл ҳаллослаб мен томон чопиб келаяпти, етиб келгач, мени етаклаб бекатгача кузатиб қўйди. Мен ҳайратландим: мен бу француз аёлга кимман? Ҳеч ким эмасман-ку! Нега у ўз йўлини давом эттирмасдан, бекатни кўргач, менга ёрдам беришга шошилди?
Францияда волонтёр (кўнгилли)лар кўп. Ҳар бир шаҳарда чет эллардан келган, француз тилини билмайдиган одамларга жойлашишга ёрдам берадиган “Франция қочқинлар учун” деган ташкилот бор. Франция Европада энг бюрократик мамлакат дейишади – ҳар бир қадамингиз учун ҳужжат қилишингиз ва уларни тегишли идораларга тақдим этишингиз керак. Француз тилини билмайсиз-ку, ҳужжатларни қандай тўлдирасиз? Бу ерда ваҳимага ўрин йўқ экан: Францияда нима кўп – пенсионер (нафақахўр) кўп бўлиб, шулар “Франция қочқинлар учун” деган ташкилотга бориб волонтёрликка ёзилишар, ташкилот эса уларга янги келган оилаларнинг адресини берар экан.
Бир куни уйингизга мутлақо нотаниш одам кириб келади, амал-тақал қилиб волонтёр эканини ва сизга ҳужжатларни тўлдиришга ёрдам беришга келганини тушунтиради. Бизда ҳам шундай бўлди – уйимизга ёши 60 лар атрофида бўлган бир аёл кириб келди. Мени қўятуринг, ҳатто ўғлим ва келиним ҳам ўша пайтда француз тилидан битта сўз ҳам билишмас эди. Волонтёр аёл эринмасдан, бирор марта ҳам жаҳл қилмасдан ҳужжатларни тайёрлашни келинимга ўргата бошлади, айни пайта келиним француз тилини унча-мунча илғаб ола бошлади. Хуллас, ишимиз юришгандан юришиб кетди, бироқ волонтёримиз бизни ташлаб кетмади – у оиламизнинг аъзосига айланди. Даниел (волонтёрнинг исми) шаҳримиздаги обрўли лицейда математика ўқитувчиси бўлиб ишлаб нафақага чиққан экан. У ҳеч қачон оила қурмаган, ёлғиз яшайди.
Даниелнинг уйи биздан 40 км.ча нари бўлишига қарамасдан ҳар ҳафтада уйимизга келиб туради. Даниел табиатан сайёҳ экан – бутун бўш вақтини дунё кезишга бағишлайди. Хитой ва Ўзбекистонга 2 марта бориб келган (2003 ва 2013 йиллар), АҚШ, Австралия ва бошқа кўплаб давлатларда бўлган. Қизиғи, у ўзининг сафарлари харажатини нафақа (пенсия)си ҳисобидан қоплайди. Кўз олдингизга келтиринг – лицейнинг оддий ўқитувчиси пенсияси ҳисобига оламни кезиб юради!
Менинг аёлим ҳам олий маълумотли ўқитувчи, тўлиқ 25 йил ишлаб пенсияга чиққан – оладиган пенсияси эса 420 минг сўмдан сал кўпроқ. Доллар ёки еврога айлантиришга уяламан! Бироқ мақтаниб қўйишим мумкин – аёлим Францияга 2 марта келиб кетди, шу кеча-ю кундузда учинчи марта келганидан ҳаммамиз хурсанд бўлиб кунларни ўтказмоқдамиз. Барча харажатларини эса биз, Европада яшаётган мен, ўғлим ва келиним кўтараяпмиз.
Францияда йирик магазинларда туриб қолган озиқ-овқат маҳсулотлари ва рўзғорга керак бўладиган буюм ҳамда асбоб-ускуналарни ташлаб юборишмайди – уларни ўзга юртлардан келган оилалар учун қурилган махсус омборларга топширишади. Кўп болали оилаларга бериладиган ёрдам пули маълум нормадан кам бўлса, омбор маъмурияти шундай оилаларга таклифнома юбориб тўпланган маҳсулотлардан текинга улашади.
Францияда аксарият оилалар тўқ ва фаровон яшагани учун кийим-кечакни тез-тез алмаштириб туришади, бироқ “эскиси”ни ташлаб юборишмайди – улар “эски”, аслида янгидай, бирор ерида охори тўкилмаган кийимлар (кўйлак, шим-костюм, жемпер ва ҳ.)ни кўча ва майдонларга қўйилган одам бўйи баробар пластмасса қутиларга ташлаб кетишади. Махсус магазинлар ходимлари келиб “эски” кийимларни олиб кетишади, дизинфекция қилишади, химчисткадан ўтказишади ва … номига нарх қўйиб, арзимаган пулга сотишади.
Францияда ҳар йили икки марта, ёзда ва қишда, нарх 10% дан 70% гача туширилади. Айни кунларда қаёққа қараманг кўзингиз “SOLDES” (арзонлаштирилган) деган ёзувга тушади. Баъзан баъзи магазинларнинг тахталари бўшаб қолади – одамлар товарларни (айниқса пойафзални) қоплаб олишганини кўрганман. Қоплаб олаётганлар асосан қашшоқ мамлакатлардан келган кўпболали оилалар бўлса керак.
Яқинда аёлим иккаламиз бозор айландик. Бир жойда ажойиб, оппоқ, калтаенглик футболка-майкаларни уюб ташлаган – ҳаммаси 1 евродан экан, невараларга 3-4 та совға-саломликка олдик. Сал нарида эркаклар киядиган пахтали, енгли ва енгсиз фуфайка сотилаяпти – ҳаммаси 1 евродан! Ҳайрон қолдик!
Нарх тушириш йўли билан саноат молларини сотадиган барча магазинлар туриб қолган товарларнинг катта қисмини сотиб юбориши:
1) янги товарларга йўл очиш;
2) қисқа муддат (бир ой) ичида магазин ҳисоб-рақамига катта пул туширишни мўлжаллар экан.
Француз оилалар бошқа миллат, айниқса қоратанлилар болаларини боқиб олишни хуш кўришади. Менга таниш Жан-Жак Ассерой номли француз чол 2 та қоратанли болани боқиб олган – қаерда кўрсам ёнида қоп-қора икки “ўғли” бўлади. Бир-бирига меҳрибон инсонлар. Ҳозир французлар хитойлик етим болаларни боқиб олишга кўпроқ қизиқишади. Бундан 4-5 йил илгари бир француз оила хитойлик бир қизчани боқиб олишди. Эру-хотин французлар хитойлик қизча ҳақидаги маълумотни интернетдан излаб топишибди, ўзлари Хитойга бориб олиб келишди. Қизчанинг иқтидори баланд экан – зўр ўқийди, дейишади “ота-онаси”. Эру-хотин, сал муболаға билан айтганда, қизининг устидаги ҳар бир чанг заррасини артиб туришади, қизча ҳам “ота-она”сига ўта меҳрибон.
Францияда миллатчилик умуман йўқ, деб баралла айтиш мумкин. Бизнинг оиламиз бунга ёрқин мисол бўла олади. Яна бир мисол. Бундан 3-4 йил илгари Ўзбекистондан Францияга 7 одамдан иборат оила келиб жойлашди. Оиладан 15-16 ёшли бир қизчани бой, икки қаватли уй ва катта ҳовлиси бўлган ёлғиз француз кампир ўз қарамоғига олди, ҳар куни унга эринмай француз тилини ўргатди, уйидан унга бир хона ажратди, қизчанинг барча харажатларини ўз бўйнига олди. У кампирга ўзбекча овқатлар қилиб бериб турарди – бу кампирга меҳр ва харажатлари учун энг олий ҳақ бўлди. Ҳозир шу оиланинг икки фарзанди Париждаги университетлардан бирида ўқишмоқда.
СОАТ КАБИ ИШЛАЙДИГАН ИҚТИСОД
Франциянинг иқтисоди бир меёрда ишлаб турувчи улкан соатга ўхшайди. Французлар шу меёр сақланиши ва бузилмаслиги керак, деб ҳисоблашади. Шу меёр сақланиши ва бузилмаслиги учун иш сўраб ишберувчининг офисига борганингизда у ҳеч қачон “сенинг миллатинг нима?” деб сўрамайди. У сиздан икки нарсани сўрайди: биринчи саволи – француз тилини биласизми? – бўлади. “Ҳа, биламан” десангиз, у машинангиз борми? – дея иккинчи саволни беради.
Биринчи савол иш берувчи учун ўта муҳим.
Бир мисолда савол моҳиятини тушунтираман. Мас., сиз машина ремонт қиладиган устахонада ишлайсиз. Агар сиз машинанинг ишдан чиққан бирор деталини янгисига алмаштирсангиз, уни махсус журналда қайд қиласиз – бунинг учун сиз тилни билишингиз керак. Мабодо шу машина аварияга учраса, авария эса ўша алмаштирилган детальнинг носозлиги ёки нотўғри ўрнатилганлиги оқибатида юз берган бўлса, полиция машинани ремонт қилган корхонани топиб келади ва ремонт қилган устани жавобгарликка тортади.
Иккинчи савол ҳам ишберувчи учун муҳим савол, чунки тушлик овқат соат 12 дан 14 гача бўлиб, ишчи ишдан бир минут илгари ҳам кета олмайди, бир минут кечикиб ҳам кела олмайди – акс ҳолда корхонанинг соатдай ишлаши бузилади. Ишхоналар олдида ишчиларнинг машиналари турадиган парковкалар бўлиб, соат 12 дан бошлаб парковка бир зумда бўшаб қолади. Мен битта нарсага эътибор қилдим – корхона ишчилари тушлик овқатланишни битта кафеда қилишар экан! Мас., мен яқинимиздаги кафега деярли ҳар куни чиқиб тураман ва қандайдир корхонанинг ишчиларининг ҳаммаси шу кафеда овқатланишига амин бўлдим – ҳар бир ишчининг кафеда ўз ўрни бор, унинг ўрнига ҳеч ким ўтирмайди! Соат 10 минути кам 14 да ҳамма кетишга чоғланади ва корхонага ўз вақтида етиб боради.
Францияда энг кам маош 1200 евро – бу маош малакаси энг паст, мутахассислиги бўйича ўқиб лицензия олмаган одамларга берилади, юқори малакали мутахассис эса 5000 евро маош олиши ҳам мумкин. Мен кафеда тушлик овқат қанчага тушиши билан қизиқдим: овқатнинг ўзи ўрта ҳисобда 15-20 евро туради, шанба ва якшанба дам олиш кунлари бўлганини, бир ойда одам камида 8 кун ишламаслигини ҳисобга олсак, демак, кафедаги бир ойлик тушлик овқат тахминан 330-440 еврога тушади. Малакали мутахассислар учун бу катта пул ҳисобланмайди. Бироқ, 1200 евро маош оладиган ишчилар тушки овқатни уйида қилишга ҳаракат қилишади – машинанг бор, уйингга боришга 10-15 етиб-ортади, ишга қайтишга ҳам шунча.
10 йил давомида газ келмай қолгани ёки иситиш мавсумида иссиқлик берилмаслиги ҳоллари бўлмади. Шу давр ичида нари борса 3-4 марта свет ўчганига гувоҳ бўлдик, бироқ свет ўчиши 10-15 минутдан узоқ чўзилмади, свет ўчишининг сабаби эса ўта кучли момоқалдироққа боғлиқ экан. Францияда 80% электроэнергия атом электростанциялари томонидан ишлаб чиқарилади. Францияда электроэнергияга муносабат икки хил – французлар уни тежаётганини ҳам, умуман тежамай сарфлаётганини ҳам тушунмайсиз. Бирор уйнинг подъездига кирсангиз бармоғингиз беихтиёр свет ёқадиган кнопкага бориб қолганини билмай қоласиз. Светнинг ёниб туриши маълум бир вақтга мўлжалланган ва бу вақт хонангизга кириб кетгунингизгача бемалол етади, кейин ўзи ўчади. Яъни подъездларда свет доим ёниб турмайди, французлар уни тежайди.
Бу – барча ривожланган мамлакатларда шундай. Бироқ йирик магазинларга кирсангиз минглаб чироқлар беҳуда ёниб турганини кўрасиз. Куннинг энг ёруғ кунларида ҳам ва, ҳатто, бир қисмини ҳам ўчиришмайди. Фикримча, электроэнергияни тежайдиган галоген лампочкалар европаликларни электроэнергияни тежашга лоқайд қилиб қўйганга ўхшайди. Илгари ўзбеклар уй қурмоқчи бўлганда деворни лой (гувала, хом ғишт ёки пахса)дан қилишар эди. Уй ичидаги иссиқни унча-мунча сақлаш фақат деворнинг қалинлигига боғлиқ бўларди. Мас., менинг қишлоқдаги, отамдан қолган уй деворининг қалинлиги 60 сантиметр эди. Мустақиллик йилларида деворларни тиклашда шлакоблок ғишт ишлатиш урф бўлди.
Эшитишимча, ҳозир ўзбеклар мазкур ғиштлардан воз кечишибди ва деворларни, аёлимнинг айтишича, яна лойдан, бироқ ичига қандайдир нарса аралаштириб тайёрланган хом ғиштдан қилишга ўтишибди. Европада, хусусан Францияда, уй деворлари қалин эмас, деворнинг икки томони қалинлиги 1(бир) сантиметрча келадиган, картонсифат материалдан қилинган, уларнинг ораси эса стекловатага ўхшаш материал билан тўлдирилган. Уй ичидаги иссиқлик батареяларидан чиқадиган иссиқлик сал-пал билинади, бироқ хона қаттиқ совуқлар пайтида ҳам совиб кетмайди.
ТРАНСПОРТ ВА ЭНЕРГЕТИКА
Францияда транспортга иқтисоднинг кучлилиги, самаралиги, узлуксиз ишлаши, бойлик-фаровонлик манбаъи сифатида қаралади. Иқтисод бундай сифатларга эга бўлиши учун эса мамлакат ва Европа Иттифоқи бўйлаб инсонлар ва товар (маҳсулот)лар ҳаракатига ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак – бу иқтисоднинг асосий қонунларидан бири. Шунинг учун ҳам ЕИда чегаралар олиб ташланган – машинада йўлда кета туриб 5 минутдан кейин бошқа давлат ҳудудига кириб борганингизни билмай қоласиз. Қизиғи, божхоналар ҳам йўқ. Жонажон Ўзбекистонимиз ЕИдан тубдан фарқ қилади – бир вилоятдан қўшни вилоят ҳудудига кириб борганингизни милиция ходимининг ола-чипор таёғи, шлагбаум, бетон блоклар ва … божхоналар билдириб туради.
Халқаро ҳужжатлар бўйича
1) мамлакатингиз бошқа мамлакат билан чегарадош бўлса, чегарадан ўтадиган жойларда божхона бўлгани маъқул;
2) мамлакат аэропортлари, темирйўл вокзаллари ва сув портларига чет эллардан самолёт, поезд ёки кемалар келадиган бўлса, шу аэропорт, вокзал ва портларда божхона ўрнатилади.
Мамлакатимизда сув портлари йўқ, лекин аэропорт, вокзал ва унга чегарадош давлатлар бор. Бу ерларда “мустаҳкам”, яъни пора олмайдиган божхоналаримиз ишлаб турибди. Бироқ, мамлакат ичкарисида ҳам бир вилоятдан иккинчисига ўтишда божхоналар ўрнатилган. Ўзбекистонимизнинг ЕИдан тубдан фарқ қилиши эса собиқ СССРдан чиққан мамлакатлар раҳбариятининг зеҳнияти (менталитети)га боғлиқ – улар қўшни давлатларга душман сифатида қарашади! Коммунистик СССР йўқ бўлиб кетган бўлса-да, ўзгача фикрлашга коммунистик чидамсизлик (тоқатсизлик) постсовет раҳбарларида бор бўйича сақланиб қолди.
Франциянинг темирйўллар харитасига қарасангиз мамлакат ҳудуди устига тўр (сетка) ташлаб қўйилганга ўхшайди – темирйўл тўри минглаб шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктларини бирлаштирган. Аксарият йўналишларда тезюрар поездлар йўловчини бирпасда манзилига етказиб боради. Мас., Париждан биз яшайдиган Angers шаҳригача бўлган 350 км.лик масофани поезд 1 соат 35 минутда босиб ўтади.
Ҳар бир майда-чуйда аҳоли пунктларида тўхтаб ўтадиган поездлар ҳам бор. “Поезд кечикиб келмасмикин, ишимга вақтида етиб олармикинман?” деган гап ана шундай аҳоли пунктларидан шаҳарларга келиб ишлайдиган одамларнинг ҳаёлига ҳам келмайди – қишин-ёзин, ҳар қандай об-ҳаво шароитида поезд перронга илиб қўйилган жадвалда вақт қандай кўрсатилган бўлса, ўша вақтда, минутма-минут келиб тўхтайди.
Одамлар бундай аниқликга шу қадар ўрганиб қолишган-ки, поезд келишига 10 минут қолганда ҳам бемалол уйларида чой ичиб ўтиришади. Французлар нағзи тўқ халқ, улар бировнинг мулкини, ўғирлаш имконияти бўлганда ҳам, ўғирламайди. Поездга чиқиш учун баъзи одамлар вокзалга велосипедда келишади, велосипедни номига вокзалолди майдондаги қатор турникетларнинг бирига “қулф солиб” боғлаб кетишади. Трос шу қадар нимжон-ки, уни ҳар қандай бола оддий кусачка билан узиб ташлай олади. Велосипед майдонда ойлаб туриши мумкин, бироқ унга ҳеч ким тегинмайди.
Шаҳримизда турли маршрутлар бўйлаб баҳайбат, камида 50 та ўриндиқли автобуслар қатнайди. Европанинг деярли барча давлатларидагидай Францияда ҳам ҳар бир бекатда автобус қатновининг жадвали осиб қўйилган. Бошида мен ҳайрон бўлдим – автобус 2-3 йўловчи (пассажир) билан, баъзан эса бўм-бўш юради, шофер “бироз кутиб турай, автобусим одамга тўлсин, йўловчи қанча кўп бўлса, шунча фойда-ку” демасмикин, деб ўйлардим. Буни мен Ўзбекистонда деярли ҳар куни кўрардим.
Коррупцияга чап бериш мақсадида Францияда (Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам) йўловчи ташувчи хусусий ёки давлат компаниялари ўзига хос йўлини ишлаб чиқишган экан:
1) хоҳласангиз, “кучи” 1(бир) соатга етадиган проездной билет сотиб олинг – билетни автобусга кираверишда ҳайдовчи (шофер)дан сотиб оласиз ва автобусга кираверишда ўрнатилган электрон компостердан ўтказасиз, пулингиз дарҳол компания марказидаги компьютерда қайд этилади. Бироқ бу анча харажатли фойдаланиш;
2) пулни тежайман десангиз бир, икки ёки уч ойлик проездной билет сотиб оласиз ва у билан истаган вақтингизда, барча маршрутлар бўйича қатнайдиган автобусларга миниб кетаверасиз;
3) кўзни шамғалат қилиб автобусда текин кетаман, деган одам қаттиқ адашади. Шаҳар бўйлаб, учта-учта бўлиб контролёр (назорат қилувчи)лар гуруҳлари юришади. Улар автобусга ҳамма вақт ҳам чиқаверишмайди, бироқ чиқиб қолишса, сизда чипта бўлмаса, улардан қутула олмайсиз – улар дарҳол полицияни чақиришади, полицияда сизнинг шахсингизни “шесть секундда” аниқлашади ва … белингизни синдирворадиган жарима ёзишади. Текин юрганингизга минг пушаймон қиласиз.
Мен битта нарсани тушундим: автобусларнинг 2-3 одам олиб ёки, ҳатто, бўш ҳолда, бироқ жадвалда кўрсатилган график бўйича юриши – йўловчининг шахсини, унинг вақтини ҳамда соатдай бир меёрда ишлаб турган иқтисодни ҳурмат қилганидан экан.
Францияда 80% электроэнергия атом электростанцияларида ишлабчиқарилиши ҳақида мен юқорида гапириб ўтдим. Шунинг учун бўлса керак, иқтисоди Россиядан экспорт қилинадиган нефтьга боғлиқ бўлган Европа мамлакатлари ичида нефтьдан иқтисоди энг кам азият чекадиган давлат Франциядир. Ҳудуд ва аҳоли сони бўйича Франция кичик мамлакат эмас, ўзида газ конлари йўқ, газни Франция Россиядан ва Шимолий Африка давлатларидан олади.
Шундай бўлишига қарамасдан,10 йил ичида ошхонамизда газ бирор марта ҳам ўчмади, бирор марта ҳам қишда газ туфайли уйимиз совиб кетмади. Французлар “борига шукур” деб ўтирадиган халқ эмас экан, шунинг учун Францияда такрорланувчи энергия манбаълари ҳисобланган шамол кучидан ёки қуёш энергиясидан фойдаланиб ишлайдиган электроқурилмаларни яратиш бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Биз яшаётган шаҳардан Парижга поездда кетсангиз йўлда баландлиги камида 50 метр бўлган, учида улкан парраклар айланиб турган қатор мачталарни кўрасиз. Буларни кўриб: “Эҳ, нега қишин-ёзин газ ва свет Ўзбекистонимизда ё йўқ, ё “ўлай-ўлай” деб ёнади!? Энг кучли радиацияли қуёшни ҳам, йилда қуёш чарақлаб турадиган камида 300 кунларни ҳам, минглаб эмас, миллионлаб парракларни айлантириши мумкин бўлган, йил бўйи эсадиган шамолни ҳам Худо мамлакатимизга бериб қўйибди-ку!! Нега халқимиз қийналиб яшаши керак!?” – дегинг келади. Бекобод шамолини қаранг – бир кун ҳам тўхтамайди! Тоғли ҳудудларда ҳам шу! Ўзбеклар пешонаси шўр халқмикин-а?
БЕМИННАТ МЕДИЦИНА ВА УНИНГ АСОСИЙ ТАЛАБИ
Ушбу мақолада мен Франция медицинасининг баъзи томонлари ҳақида икки оғиз гап айтмаслигимнинг иложи йўқ. Францияда қандли диабет касалига йўлиққанлар учун, у ким бўлишидан қатъий назар, врач хизмати ва дори-дармон текин экан. Мен 2009 йил 1 январьдан буён инсулин укол оламан, бироқ ҳали бирор марта ҳам инсулин дори сотиб олганимиз йўқ. Францияда менга ўхшаган юролмайдиган, кўзи хира, қари ёки ётиб қолган нотавон одамлар кам эмас. Бу одамларнинг деярли ҳаммаси укол олиш, ярасини перевязка қилдириш ёки бошқа тиббиёт амаллари олишга муҳтож инсонлардир. Уларнинг ҳаммасиям поликлиникага бориб ўзига керакли амалиётни олишга имконият топа олмаслиги мумкин.
Шуни ҳисобга олиб Франция ҳукумати ана шундай одамларга, уйига бориб, тиббий ёрдам кўрсатадиган махсус хизмат ташкил қилган. Мас., 2009 йил 1 январьдан бошлаб ҳар куни икки маҳал (эрталаб ва кечқурун) менга инсулин укол қилгани ҳамшира келади. Шу давр ичида ҳамшира келмай қолгани бирор марта ҳам бўлган эмас. Мазкур хизматда ишловчилар касалхона ёки поликлиникаларда ишлашмайди, уларнинг ташкилоти мустақил, бироқ уларга маошни давлат тўлайди. Бу хизмат ҳам менга ўхшаган одамларга текин.
Сутканинг исталган пайтида тез тиббий ёрдам машинасини чақирсангиз, машина узоғи билан 5 (беш) минутда етиб келади. Баъзан шаҳарда қандайдир касаллик тарқалса ёки табиий офат юз берса ва шу туфайли тез тиббий ёрдам машиналари етишмаса, чақирувга ўт ўчириш машиналари чиқарилади. Тез тиббий ёрдам машиналарида баланд бўйли, бақувват, чаққон ва махсус форма кийган йигитлар ишлашади – шу пайтгача тез тиббий ёрдам машиналарида аёллар ишлаганини мен кўрмадим. Бу – табиий, чунки баъзан касални носилкада машинага олиб бориш керак бўлади, бу эса аёл учун оғирлик қилиши мумкин. Бошқача айтганда, Францияда барча хизматлар охиригача, пухта ўйланиб ташкил қилинган.
Францияда медицина муассасаларига ишга кириш “ўлимдан қийин”. Мас., собиқ СССР республикаларидан Францияга бошпана излаб келган врачларнинг ишга жойлашиши амри-маҳол. Энг асосий талаб врачнинг француз тилини билиш-билмаслигидир – тилни оддий билиш эмас, балки мукаммал билиш талаб қилинади. Россиядан шаҳримизга қочқин сифатида келиб яшаётган бир рус аёл олий маълумотли, кўп йиллар йирик шаҳар касалхонасида ишлаб катта тажриба орттирган мутахассис бўлишига қарамай, у тилни мукаммал эгаллаш учун камида 4 йил тил ўргатувчи курсларга қатнади. Иш топиш учун бу ҳам етарли эмас экан – Россия ва Франция медициналари принциплари кескин фарқ қилгани сабабли бу аёл яна 2-3 йил Франция медицинаси асосларини ўрганди ва яқинда Франция дипломини олди. Бундай қийинчиликлар ниманинг белгиси?
Бу – Францияда инсон ҳаёти энг олий қадрият эканининг белгисидир. Мен рус тилини яхши биладиган бир француз врачдан: “Сизлар бошқа миллат врачларидан француз тилини оддий билишни эмас, мукаммал билишни талаб қиласизлар. Бу мабодо миллатчилик эмасми? Ё сизлар ўз тилларингизни шу қадар севасизларми?” дея сўрадим. “Йўқ, бу миллатчилик ҳам эмас, тилимизни севганимиздан ҳам эмас. Бу – инсоннинг ҳаёти, у қайси миллатга мансублигидан қатъий назар, олий қадрият эканлигига боғлиқ.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, олдингизга касал келди, ё бир жойда одам ётганини кўриб қолдингиз, у ким эканини билмайсиз. Францияда салкам 70 миллион одам яшайди. Табиий, у француз тилли одам бўлишининг эҳтимоли жуда катта. Касал одам баданидаги ярани даволатгани келган бўлса, сиз француз тилини қанчалик яхши билишингиз аҳамиятли эмас. Бироқ касали қорнида, суякларида ёки миясида бўлса, сиз у билан гаплашишингиз, у сизга касали ҳақида гапириб бериши, сиз уни тўғри тушунишингиз, керакли саволларни бера олишингиз керак. Бундай пайтда битта сўз ҳам муҳим” деб жавоб берди врач.
ИЛМ-ФАН ВА ДИН
Бекорчиликдан мен Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўзбеклар қандай масалалар ҳақида баҳслар олиб боришларини кузатиб бораман. Мени асосан битта савол қизиқтиради: Қайси соҳада ўзбеклар илғор, қайси соҳадан улар безор? Жавоб мана-ман деб кўриниб туради: ўзбеклар дин соҳасида илғор, илму-фан соҳасидан безор! Мени динсизликда айбламанг, мен диннинг инсоният тарихидаги ролини яхши биламан, менинг динга тош отиш ниятим йўқ! Мен фақат ўзбекларнинг илму-фанга бўлган муносабатини муҳокама қилмоқчиман, холос. Мен илму-фан соҳасининг вакилиман ва, табиий, шу соҳа ҳамма вақт менинг диққат марказимда туради.
Францияда 80% электроэнергия атом электростанцияларида ишлаб чиқарилишини мен юқорида айтиб ўтдим. Нега Франция электроэнергиянинг 80% ини атом электростанцияларида ишлаб чиқаради, нега Францияда ёзин-қишин свет ўчмайди, Ўзбекистонда эса бунинг тескариси, дея ўз-ўзимга савол бераман-да, жавоб топишга ҳаракат қиламан. Баъзилар буни: “Ўзбекистонда авторитар сиёсий система ўрнатилган, унинг халқ билан иши йўқ, система бошлиқлари фақат бойишни ўйлайди” дея тушунтиришади. Мен бу фикрга қўшилган ҳолда яна нималарнидир қўшгим келади.
Ўша “нималар” илму-фан билан боғлиқ. Буюк француз олими Фредерик Жолио-Кюри (1900-1958) хотини Ирен билан ҳамкорликда фаннинг физика, кимъё ва радиобиология соҳаларида илмий ишлар қилган, 1935 йилда кимъё бўйича Нобель мукофотини олган. Физика ва кимъё фанлари бўйича 21 та француз Нобель мукофотига сазовор бўлишган. СССР пайтида СССР Фанлар Академияси (ФА)га фақат битта ўзбек, кимъёгар олим Обид Содиқов ҳақиқий аъзо (действительный член) бўлган. Бор-йўғи ҳам фақат шу инсон! Бошқа бўлмаган. Нобель мукофотини қўяверинг! Ҳозир Ўзбекистон ФА бор-йўғлигини ҳам билиб бўлмайди.
Франциядаги сиёсий тузумнинг авторитарликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, у Европада энг демократик давлатлардан бири ҳисобланади. Мен юқорида айтиб ўтган “ФРАНЦИЯДА КЕЛГИНДИЛАРГА МУНОСАБАТ”, “СОАТ КАБИ ИШЛАЙДИГАН ИҚТИСОД”, “ТРАНСПОРТ ВА ЭНЕРГЕТИКА”, “БЕМИННАТ МЕДИЦИНА ВА УНИНГ АСОСИЙ ТАЛАБИ” бу ерда тасодифий ёки қоидадан ташқари нарсалар эмас, балки нормадир – уларнинг нормалигига бу ерда ҳеч ким ажабланмайди. Шундай экан, Францияда электроэнергиянинг 80% и атом электростанцияларида ишлабчиқарилиши, свет ҳеч қачон ўчмаслиги ёки электр кучи билан юрадиган поездлар ҳеч қачон тўхтаб қолмаслигини Францияда илм-фаннинг ривожлангани, илм-фан соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлганларнинг кўплиги билан боғлаш мумкинми? АЛБАТТА!
Фанни ривожлантирмаган, у билан иши бўлмаган қайси халқ ёки давлат атом электростанциялари қуриб ҳамма ёқни чароғон қилиб қўйган? Қайси нодемократик мамлакатларда Нобель лауреатлари етишиб чиқаяпти? Диннинг ватани, Каъба жойлашган, ҳар йили миллионлаб одамлар ҳаж ва умра сафарига борадиган Саудия Арабистонида физика ёки кимъё ўқитиладими? XXI-аср бўлатуриб, ким пахтани болаларга тердиради? Шу болалардан Нобель лауреати етишиб чиқишини кутиш мумкинми? Биз яшаётган шаҳар университети ректорати мени ўқитувчилар коллективи билан учрашув ўтказишга таклиф этди. Катта залда камида 200 профессор-ўқитувчилар тўпланди. Лекторнинг (яъни менинг) ортига, экранга Ўзбекистоннинг харитасини тушириб қўйишди. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонни билмас экан, бироқ атом бомбаси бўлган Покистонни билишаркан.
Мен ҳуқуқбон бўлганим учун тингловчилар эътиборини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини давлат мулозимлари томонидан безбетларча бузилишига қаратдим, мисол тариқасида эса 2 ой давомида болаларни пахта теришга жалб этилишини айтдим. Профессор-ўқитувчилар ишонишмади: “XXI-асрда-я? Бўлиши мумкин эмас!” дейишди улар. Яхшиям, учрашувни ташкил этган маҳаллий ҳуқуқбонлик ташкилоти бир неча кун илгари Франция телевидениясида намойиш этилган, айнан Ўзбекистонда болалар меҳнатига бағишланган фильмни олиб келишган экан. Фильм экранда намойиш этилди. Залга қарасам одамлар ҳайратдан бошини чайқатиб ўтиришибди.
Ўзбекистонда фан ҳам йўқ, дин ҳам йўқ. Фанни ўргатувчи олий ўқув юртларига абитуриентлар пора бериб киришади, пора бериб имтиҳон топширишади, сўнг пора бериб ишга киришади. Шундай шароитда ўзбеклардан Нобель мукофоти оладиган олимлар чиқиши мумкинми? ЙЎҚ!! ЧИҚМАЙДИ!! Ўзбекистонда фан пора билан йўқотилган бўлса, дин куч ва ёлғон билан йўқотилмоқда. Куч билан бир неча минг ёш диндорлар қамоқхоналарга ташланди, қолганларига эса махсус тайинланган имомлар мачитларда амру-маъруф қилиб жума номозларини ўқиб беришмоқда.
Кўринишдан тақводор бўлган мазкур имомлар “Жин” сурасининг 18-чи оятида “Ва, алабатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг” дейилганини билмайдиларми? Биладилар! Билсалар, нега улар амру-маъруфларида кўп йиллар илгари юқоридан туширилган кўрсатма асосида муайян шахс ҳаққига дуо қилишади? “Бахтга тўлиқ эришиш” учун фақат бир нарса етишмай турибди, холос: номоз пайтида имом рўпарасига ўша шахснинг портретини қўйиб қўйиш! Шу битта иллатнинг ўзи мамлакатда дин йўқ қилинганини исботлайди.
Мен юқорида “Ўзбеклар қайси соҳада илғор, қайси соҳадан безор?” деган савол қўйдим ва ўзбеклар дин соҳасида илғор, илму-фандан безор, жавоб ёздим. Ё нотўғрими? Нотўғри, деб ўйласангиз, ҳеч бўлмаса Фейсбук саҳифаларига бир қараб қўйинг – 1:100 нисбатни кўрасиз. Яна такрорлайман: мен динга мутлақо қарши эмасман, уни ёмонлаш ниятим ҳам йўқ.
Агар диндорлар дин ҳақиқатлари воситасида
1) илм-фанда буюк кашфиётлар қилишга қодир инсонларни тарбиялаш мумкинлигини исботласалар ва шунга эришсалар;
2) газ ва нефть бойлигига эга бўлган мамлакатда ҳукумат аксарият ҳудудларда светни суткада 5-6 соат, газни эса қаҳратон қишда ҳам ё йўқ, ё шам каби ёниб турган ҳолда бераётгани ҳаром эканини халққа ва ҳукуматга қўрқмасдан айта олсалар;
3) сиёсатда улар Тоҳир Йўлдош танлаган қуролли кураш йўлини эмас, балки эркин прогресс (ривожланиш) йўлини танласалар, у ҳолда Ўзбекистонда Франциядагидек фаровон ҳаёт қуриш мумкинлигига ишонса бўлади.
15 февраль, 2016 йил
https://www.facebook.com/talib.yakubov/posts/762750093826881
Fikr bildirish