“Фарғона”: “ТУҒЁН” радиоси ва Мўътабар Тожибоевага омад тилаймиз!
Интернетда ҳуқуқ ҳимояси мавзусидаги TUG’YON онлайн радиоси иш бошлади
16 январда TUG’YON онлайн радиоси эшиттиришларини бошлади, бу радио “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва “Муқобил Ўзбекистон” мувофиқлаштириш кенгашининг ҳамкорликдаги лойиҳасидир.
Ишга тушиш санаси сифатида Ўзбекистонда 24 йил олдин норозилик намойишлари бошланган кун танланди:
1992 йилнинг 16 январида озиқ-овқат нархлари кўтарилганидан норози бўлган минглаб талабалар Тошкент кўчаларига чиққанди.
Намойиш шавқатсизларча бостирилган. Янги сайланган президент Ислом Каримовнинг буйруғига кўра армия намойишчиларга қарата ўт очган, натижада икки талаба ҳалок бўлиб, ўнлаб талабалар жароҳатланган. TUG’YON радиосининг биринчи эшиттириши ўша кунларнинг хотирасига бағишланди.
TUG’YON радиоси тўлқинларида Ўзбекистондаги бугунги вазиятни тубдан ўзгартириш масалалари муҳокама қилинади, дастурга таклиф қилинган меҳмонлар ўзаро баҳслашади ва тингловчилар билан жонли суҳбатлар ўтказилади.
Айтиш мумкинки, TUG’YON радиоси бу 2015 йилдаги президент сайловлари пайтида фаолият юритган мухолифат ресурсининг давомчисидир. Бу ресурсда Виртуал сайлов комиссиясининг фаолияти ёритилган, унда президент лавозимига ўз номзодини мустақил равишда қўйган шахслар чиқишлар қилган. Аммо бу ресурс хакерлар томонидан бузилди ва йўқ қилиб ташланди.
TUG’YON радиосини http://SoundCloud.com/Tugyon ва http://FieryHeartsClub.org/RADIO манзилларида ҳамда YouTube каналида тинглаш мумкин. TUG’YON радиосининг нашрларини Фейсбуке ва Твиттере ижтимоий тармоқларида топиш мумкин.
TUG’YON радиосининг дастурлари асосан фуқаролик жамияти фаоллари, давлат органлари ва мухолифат вакиллари, сиёсий ва ижтимоий арбоблар, диний арбоблар, ҳуқуқ ҳимоячилари, шоир ва ёзувчилар, журналистлар ва санъат соҳасида ижод қилувчи шахслар билан бўладиган суҳбатлардан иборат.
Радиода бир ҳафтада ўртача учтадан бештагача дастур тайёрланади. Ҳафтада икки марта “Ҳуқуқий билимларни оширамиз” рукни остида эшиттиришларни чиқариш режалаштирилмоқда, худди шу миқдорда чиқадиган “Диктатура жиноятларини фош қилувчи асарлар” рукнида эса аудиокитоблар ўқилади.
TUG’YON радиосининг таҳририяти ўз олдига кўп мақсадлар қўйган, шулардан баъзилари – “турли эътиқоддаги кишилар учун минбар яратиш; ватан озодлиги йўлида ва диктатурага қарши курашда жонини фидо қилган ватандошлар хотирасига дастурлар чиқариш”.
Радио кенг жамоатчилик диққатини Ўзбекистондаги сиёсий ва диний маҳбусларнинг тақдирига қаратиш, бундан ташқари хориждаги ватандошлар, жумладан меҳнат мигрантларининг ҳаётини ёритишни кўзлаган. Сиёсий маҳбуслар Ғайбулло Жалилов, Аъзам Турсунов ва Аъзам Фармоновларга бағишланган дастурлар, Ўзбекистондаги ижтимоий муаммоларга бағишланган дастур ҳамда Ислом Каримовнинг туғилган кунига бағишланган дастур эфирга чиқишга улгурди.
TUG’YON таҳририятига кўра, бошқа мустақил нашриёт ва мухолифат матбуотидан фарқли ўлароқ, бу радио тўлқинларида бошқа шахсларни қоралашга йўл қўйилмайди.
Ҳозирча эшиттиришлар ўзбек тилида олиб борилмоқда, аммо молиявий имкониятлар кенгайса, радионинг рус тилидаги варианти ҳам очилади.
Дастурларни тайёрлаш ва эфирга узатиш Норвегияда яшайдиган ўзбекистонлик журналист Улуғбек Бакиров томонидан амалга оширилмоқда. Таҳририятга ёрдамчилар керак, шу сабабли иқтидорли ёшлар ва журналистларни ҳамкорликка чорлайди – ҳозирча кўнгилли тарзида.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячи, 2008 йилги Мартин Энналс мукофоти совриндори Мўътабар Тожибоева бошқаради.
2005 йилда Мўътабар Тожибоева тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод этиб кўрсатилган.
2004 йилда Тожибоева “Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси”ни ташкил этишда қатнашган, шу қўмита асосида кейинчалик “Арена” мустақил ахборот-сиёсий интернет-ресурси яратилди (2006 йил июнь ойидан тўхтатилган).
2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеаларидан сал олдин Тожибоева ижроия ҳокимияти органлари ва жамоатчилик ташкилотларига телеграмма юборган. Унда андижонлик 23 та тадбиркорлар, яъни “акромийлар иши” бўйича судланганларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кучли босим ўтказган ва ноқонуний психологик ва жисмоний тазйиқ қўллаганига эътибор қаратади.
Ҳукуматнинг айнан шу ҳаракати 2005 йил 13 майдаги қонли воқеаларга олиб келди, деб ҳисоблайди Тожибоева. 2005 йил октябрида Мўътабар фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинди, 2006 йилнинг мартида эса саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди. Тожибоева ўзига қўйилган айбларга иқорор бўлмаган.
2008 йилда кутилмаганда Мўътабар Тожибоева озод қилинди. Тез орада “Фарғона”га берган интервьюсида у ҳуқуқ ҳимоячилик фаолиятини тўхтатмаслигини эълон қилди.
Ҳибсда Мўътабар Тожибоева қийноқ ва таҳқирларни бошидан кечирган ва 2013 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига Ўзбекистон ҳукумати устидан шикоят ёзган. Мўътабар Ўзбекистон ҳукуматини унга нисбатан қийноқ қўллашда ва Тошкент аёллар колониясида бўлган пайтида, 2008 йил баҳорида мажбуран стерилизация қилганликда айблади. Бу жарроҳлик амалиётининг сабабини шифокорлар ҳам, колония ходимлари ҳам изоҳламаган.
2008 йилнинг июнида озодликка чиққанидан сўнггина билдики, ҳеч қандай тиббий зарурият бўлмаган ҳолда унинг бачадонини олиб ташлашган. Тожибоева ўзига етказилган зарар учун Ўзбекистон ҳукуматидан товон ундириш, уни таҳқирлаш ва қийнашдаги айбдорларни жазолашни талаб қилмоқчи ҳамда ҳисбдаги даврида ва жарроҳлик амалиёти пайтида тузилган барча тиббий ҳужжатларни тақдим қилишни талаб қилишга аҳд қилган.
Тожибоевага оид иш мунтазам равишда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасида эсга олинади. Жумладан, Қўмита Ўзбекистон делегациясининг БМТнинг қийноқларни тақиқлайдиган Конвенцияси бажарилишига оид ҳисоботни кўриб чиқаётганида ҳам тилга олинди.
Бунга жавобан ўзбек делегацияси бошлиғи, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов яна ўзини оқлашга мажбур бўлди, аммо ўзини жуда тажовузкор тутди. Аммо унинг жавоби ҳуқуқ ҳимоячига нисбатан расмий Тошкентнинг нуқтаи-назарини аниқ ифодалайди:
“Мўътабар Тожибоева масаласига келсак. Агар одам нима қилишни ёки кимга мурожаат қилишни билмаса, у турли чўпчакларни ўйлаб чиқара бошлайди. Тожибоева ҳам бундан мустасно эмас. У 2008 йилда аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётганида аёллар онкологик касаллигига учраган. Буни рак дейишади. Унинг ўзи кўзёшини оқизиб, ёрдам беришни илтижо қилган.
Бундай ҳолларда биз ёрдам беришга мажбурмиз, албатта унинг ўзидан рухсат сўралган. Унга нисбатан муваффақиятли тарзда жарроҳлик амалиёти ўтказилди, бунинг учун бир неча марта миннатдорчилигини изҳор қилган. Шартли равишда озод қилинди, даволашни давом эттириш мақсадида четга чиқишга рухсат берилди. Ўшандан кейин ҳар-хил бемаза гаплар бошланди”.
“Фарғона” ахборот агентлиги ҳамкасбларга – TUG’YON радиоси таҳририятига ва Мўътабар Тожибоевага омад тилайди.
Fikr bildirish