Ассалом, Наврўз! (адабий-бадиий-мусиқий дастур)
Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон — дилбар Ватаним!
Неча асрлардан буён ота-боболаримиз интизорлик билан кутиб олган Наврўзи айём биз учун нақадар қадрдон, ҳаётбахш ва дилларимизга яқинлигини сўз билан ифодалаш қийин.
Эзгуликнинг умрбоқийлиги, уни на замон эврилишлари, на давр довуллари маҳв этолмаслигига Наврўзи оламимиз яққол мисолдир.
Тарихдан маълумки, жаҳонни жомдек қўлига олишни истаган юнонлар ҳам, босқинчиликни бош мақсад деб билган мўғуллар ҳам, собиқ Шўролар тузуми даврида бу байрамни диний хурофот, эскилик сарқити деб атаганлар ҳам Шарқ халқларининг жонажон байрами- халқимизнинг севимли Наврўзини йўқ қила олмаганлар.
Ҳа, шундай бебаҳо байрамимизни шундай вақт келдики, бизни ундан айирмоқчи бўлдилар, уни биздан тортиб олиб йўқотмоқчи бўлдилар. Аждодлардан мерос колган бу буюк қадриятимиз, суюк Наврўзимиз элимизнинг танти, хақпарвар ва адолатпарвар, одил ва мард инсонларининг ақлу тафаккурлари туфайли, мардона курашлари эвазига яна бизга қайтди!
Бағри кенг Наврўзимиз эса бизни этакларида олиб келган гул-лолалари, бинафшалари билан сийлади, куртакларни юзини очди…
Ҳа, бу шундай яшариш ва покланиш фасли, бу кунлар қутлуғ кунлар, сурурли кунлар. Бу байрамнинг ҳар бир они табаррук, ҳар бир они азиз ва танқис. Мана бугун хам баҳорнинг, Наврўзнинг сўлим нафаси, майин эпкинлари юртимизда кезиб юрмоқда. Барчанинг дилида Янги кунлар, яхши кунлар умиди…
Шу муборак айёмда фасллар келинчаги бўлмиш баҳор байрами, Наврўзи олам билан Сиз азизларимизни чин дилдан табриклаб, хонадонгизга файзу барака, ўзингизга ва барча яқинларингизга соғлик-саломатлик, эзгулик ва поклик тилаб қоламиз!
Баҳорий кайфият ҳар дам, ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!
Юзингиздан кулгу, лабингиздан эса, табассум ҳеч қачон аримасин!
Хонадонгизда фақат тўйлар, яхши кунлар, байрамлар бўлсин!
Ҳаётингизнинг ҳар сониясида баҳорий нафас уфуриб турсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Баҳорингиз муборак бўлсин, азиз юртдошим!
Наврўзингиз қутлуғ бўлсин, қадрли миллатдошим!!!
Fikr bildirish