Қудрат Бобожон: Андижон қирғини унутилмайди! (Ғалабанинг 71 ва Андижон қирғинининг 11 йиллигига)
Бугунги эшиттиришимизда Швециядан мустақил журналист Қудрат Бобожон иштирок этдилар. Бугунги дастуримиз Андижон қирғинининг 11 йиллигига бағишланди.
Дастуримиз аввалида, барча юртдошларимизни ва миллатдошларимизни фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги билан чин дилдан табриклаймиз!
Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1,5 миллион ўзбекистонлик фронтга кетган. Улардан ярим миллиони ортга қайтмаган.
Ҳозирги кунда ўзбекистонлик уруш фахрийларидан икки мингдан зиёди ҳаёт. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.
“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 2300дан кўпроқ уруш фахрийси қолган.
Кўпчилик уруш қатнашчиларининг ёши тўқсондан ошган. Сўнгги ўн йил ичида уларни сони тўрт баравар камайгани айтилади.
Бундан ўн йил аввал Ўзбекистонда 16 мингдан ортиқ уруш фахрийси бўлган.
Ўзбекистон раҳбарияти 9 майни ҳарбий қудрат намойиши сифатидаги СССР анъанасидан 1990 йилларнинг охирида воз кечди.
Бу кунда нафақат уруш ва фронт ортида, балки яқин йилларда ҳам дунёдан ўтган яқин инсонларни хотирлаш, кекса кишиларга эътибор қаратиш куни сифатида ўтказиб келинади.
Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳар ва туманида урушда ҳалок бўлган инсонларнинг исмлари ёзилган зарҳал лавҳлар ташкиллаштирилган, мотамсаро она ҳайкаллари қаршисида уруш келтирган жафолар хотирланади.
Ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида Президент Ислом Каримов Тошкентдаги мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўяди ва фахрийлар ҳамда журналистлар билан мулоқотда ички ва ташқи сиёсатга доир ўз фикрлари билан ўртоқлашади.
8 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан гапираркан, Президент Каримов 1941-1945 йиллари Ўзбекистон мислсиз бағрикенглик намунасини намойиш этганини, 1 миллион гўдакларни, кекса ва аёлларни боқиб олиб, бошпана берганини урғулаган.
Журналистлар Президент Каримовнинг уруш номини Ўзбекистон расмий матбуоти учун аташ мажбурий қилинган “Иккинчи Жаҳон уруши” деб эмас, “Улуғ Ватан уруши” дегани, 9 майни Хотира ва қадрлаш куни билан бирга фашизм устидан Ғалабанинг 71 йиллиги деб атаганига эътибор қаратганлар.
Фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги билан яна бир бора табриклаймиз! Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!..
Fikr bildirish