Ўшлик фаоллар: 2010 йилдаги қирғин сабаблари кўп
Бугунги дастуримиз бундан 6 йил муқаддам Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлиб ўтган қонли воқеаларга бағишланади.
2010 йилнинг 10-12 июнь кунлари Ўшда содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июн воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.
HRW ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 таси ўзбек экани айтилган.
Ўш воқеаларининг 6 йиллиги муносабати билан 10 июнь куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам халққа мурожаат йўллади.
Унда президент ҳозир миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўрилаётганини, кўплаб ватандошлар ўзларини Қирғизистон фуқароси сифатида ҳис қила бошлаганини айтган.
Ўш воқеаларининг 6 йиллиги муносабати билан ўшлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси “Қонун ва тартиб” жамоатчилик фонди раҳбари Иззатилло Раҳматуллаев ҳамда ҳуқуқ фаоли Ҳафизахон Маҳмудовалар билан суҳбатлашдик. Ўша кунги мудҳиш воқеаларни фаоллар ёдга олдилар. (И.Раҳматуллаев ва Ҳ.Маҳмудовалар билан суҳбат)
Fikr bildirish