Диққат, янги кампания – «Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!» Қийноқ қурбони Илҳом Ибодов ва бошқалар тақдирига бир назар

1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 26 июнни «Халқаро қийноқ қурбонларига ёрдам куни» дея эълон қилганди.

Баёнотида БМТ ҳукуматлар зиммасида қийноқ қурбонларини ҳимоя қилиш вазифаси борлигини эслатган.

Бироқ БМТнинг «Қийноқларга қарши қўмитаси»га кўра, тергов пайтида ва ё қамоқда экан қийноққа тутилган шахслар, агар халқаро ташкилотларни бу ҳақда хабардор этсалар, қатағонларга дучор бўлмоқдалар.

“Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!” кампанияси ҳақида аудиосуҳбат

Чораси ОНА йиғлар, ОНА у! (Хурсанд Ражабова изтироблари)Опубликовано: 17 июнь. 2016 г.https://soundcloud.com/blogsahwii/t9tnafblaa4khttps://www.youtube.com/watch?v=BX49n93jRrchttps://www.youtube.com/watch?v=ElZI2COBcighttps://soundcloud.com/tugyon/chorasiz-ona-yiglar-ona-uhttp://mutabar.org/uz/2016/06/14219Бугунги дастуримиз қийноқ қурбонлари бўлган бухоролик ака-ука Ибодовларнинг аянчли тақдирига бағишланади. Эслатиб ўтамиз, бу туркумдаги эшиттиришларимиз дастурларимизнинг аввалги сонларида эфирга узатилган эди.Уч ой аввал «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига Хурсанд Ражавбовадан қилинган мурожаатдан кейин «Ўтюраклар клуби» бу иш бўйича шу кунгача мунтазам равишда шуғулланиб келмоқда.Ибодовлар тақдирига доир барча материаллар билан ташкилотнингwww.mutabar.org ёки www. jarayon.com ҳамда www.alteruz.infoсаҳифаларида тўлиқ танишишингиз мумкин.Кеча, 16 июнда Хурсанд Ражабова таҳририятимизга яна бир Мурожаат йўллаган. (Мурожаатнома билан тўлиқ тарзда сайтларимизда ёки мазкур эшиттириш давомида тинглашингиз мумкин).Ушбу Мурожаат юзасидан биз Хурсанд ая ҳамда у кишининг қизлари Дилфуза Ибодовалар билан суҳбатлашдик.(Суҳбатни дастур давомида тинглайсиз).

Posted by Мўътабар Тожибоева Мутабар Таджибаева on Saturday, August 20, 2016

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Қийноқларга қарши конвенцияси»ни 142 мамлакат ратификациядан ўтказган бўлса-да, бироқ қийноқларга чек қўйилган, деб айтиш ҳали эрта.

Ўзбекистонда сиёсий қатағон машинасининг гуриллаб ишлашига нафақат 27 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган авторитар ҳукумат ва у ўрнатган диктаторлик режими, балки унинг ғилдиракларини зимдан мойлаётган, геополитик манфаатлар йўлида инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилишига кўз юмаётган кўпчилик сиёсатдонлардан тортиб, тижорий ширкатларгача маънавий айбдор деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатда диний экстремизм ва терроризм хавфи баҳонасида ўзбек ҳалқини қатағон қилиш сиёсатига баъзи бир ғарб сиёсатчилари иккиюламачилик сиёсатини қўллаб келмоқдалар. Зеро, уларнинг маънавий рағбати ва билвосита қўллаб-қувватлови билан қатағон машинаси ҳаракати кун сайин тезлашмоқда. Айнан шунинг учун ҳам 2016 йилнинг 20 июнидан 20 июлигача бўлиб ўтадиган бир ойлик кампаниямизни – «Ким айбдор, навбатдаги ким?!» деб номладик.

Эслатиб ўтамиз, сиёсий қатағон қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2014 йилдан буён ўтказилаётган “Ким айбдор, навбатдаги ким?!” кампаниямизни бу йилгиси – 26 июнь -«Халқаро қийноқ қурбонларига ёрдам куни» муносабати билан қийноқ курбонларининг тақдирига қаратамиз.

Ушбу кампания ташаббускорлари «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, мазкур ташкилот таркибига кирувчи «Қийноқларсиз ҳаёт учун» ташаббус гуруҳи, Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши таркибига кирган бошқа жамоат ташкилотлари ҳамда Европада истиқомат қилувчи бир қатор фуқаролик жамияти фаолларидир.

Биз Ўзбекистон ҳукумати – диктатура режимининг қурбонларига бағишлаб кампаниямиз давомида ўзбек миллатининг бошига тушаётган кулфатларга лоқайд бўлмаган барчани Ўзбекистонда давом этиб келаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларига «Йўқ!» дейишга чақирамиз!

Ушбу кампания ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи Абдурасул Худойназаров вафот этганига 2 йил бўлганида ўтказилмоқда. Ҳамкасбимиз Абдурасул Худойназаров 2005 йилнинг 21 июль куни сохта айбловлар билан ҳибсга олинган ва 9,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Абдурасул Худойназаров қамоққа олинган пайтидан бошлаб ўзига нисбатан қўлланилаётган қийноқларга дош бера олмай ўз жонига қасд қилиш даражасигача борганди. Худойназаров 2008 йилда жазо карцери, изоляторидаги қийноқларга чидай олмагани боис ўзини осишга уринган, аммо бахтли тасодиф туфайлигина омон қолганди.

Унинг қамоқдалик муддатида бирор марта ҳам амнистия акти қўлланилмаган. Ҳукмда белгиланган жазо муддатининг тугашига озгина вақт қолганида – 2013 йилнинг сентябрь ойида уни қамоқхона ички тартиб қоидаларини бузганликда айблаб, Жиноят Кодексининг 221- моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муддати узайтирилган.

8 йилу 4 ойлик қамоқ жазосини Бекободдаги қамоқхонада, қамоқхона ички тартиб қоидасини бузганликда айблаб, жазо муддатига қўшиб берилганидан кейин Навоийдаги тюрьма режимидаги қамоқхонанинг изоляторида сақланган Абдурасул Худойназаров у ерда хавфли ўсма касаллигининг 4-босқичи, жигар, ўпка, суяк лимфа тугунларига тарқалган саратон касаллигига чалинган. Унга ўз вақтида малакали медицина ёрдами кўрсатилмаган.

Унинг ўлими яқинлашгандан кейингина, 2014 йилнинг 29 май куни Худойназаровни оила аъзоларига эмас, қамоқхона маъмурлари томонидан Тошкент вилояти Онкология диспансерига ташлаб кетилган. Бир палатада ётган беморнинг мобил телефонидан фойдаланибгина Абдурасул Худойназаров ўз оила аъзоларига қаердалиги ҳақида ҳабар беришга улгурган. Абдурасул Худойназаров 58 ёшида, 2014 йилнинг 26 июнь — «Халқаро қийноқ қурбонларига ёрдам куни» жон таслим қилди. У қамоқдаги қийноқлар, ғайриинсоний, аёвсиз ва инсонни камситувчи муомала туфайли орттирган оғир дардлар натижасида ҳаётдан кўз юмди. Агар у тирик бўлганида 13 август куни 60 ёшлик юбилейини нишонлаган бўлардик.

“Ким айбдор, навбатдаги ким?!” деб номланган бир ойлик кампаниямиз давомида инсон ҳуқуқлари ва демократия ғояларини тарғиботчиси бўлганлиги учунгина умри Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларга тутилиб, қамоқ муддатлари тинимсиз узайтирилаётган Самандар Қўқонов, Рустам Усмонов, Муҳаммад Бекжонов, Юсуббой Рўзимуродов, Ғайрат Михлибоев, Азам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Йўлдош Расулов. Солижон Абдурахмонов, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Меҳринсо Ҳамдамова, Чўян Маматқулов, Бобомурод Раззоқовлар ва бошқа сиёсий ва диний маҳкумлар ҳимоясига бағишланади.

Ушбу кампания ўзбек қамоқхоналаридаги минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар, ўзбек махсус хизматлари томонидан қўлланилаётган қийноқлар, ўғирлаб кетишлар, ноқонуний экстрадиция ва қотилликлар қурбонлари хотирасига бағишланади.

— 1987 йилда «Одамийлик ва инсонпарварлик» уюшмаси тузгани кетидан бутун оиласи билан қатағонга учраган ва 1993 йилда безориликда айбланиб, 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, озодликка чиқиш арафасида сохта айблар билан қамоқ муддати узайтирилган ва 1997 йилда ваҳшиёна қийноқлар қурбони бўлган Қаҳрамон Ҳамидов;

— 2001 йил 11 февралда диний экстремизмда айбланиб ҳибсга олинган ва 28 февраль куни ИИВ ертўласида ваҳшиёна қийноқларга тутилиб, вафот этган таниқли уйғур-ўзбек ёзувчиси Эмин Усмон;

— 2007 йил 24 октябрь куни Қирғизистонда отиб ўлдирилган журналист Алишер Соипов;

— 2011 йилда 24 сентябрь куни Россияда Ўзбекистон ҳукумати қотиллари томонидан отиб ўлдирилган Фуад Рустамхўжаев;

— Ваҳшиёна қийноқлар оқибатида турли муддатларда вафот этган Нўъмонжон Мамасолиев, Хасан Умаралиев, Аҳмадхон Тўрахонов, Содиқжон Джалолитдинов, Шерали Джумаев, Рустам Норбобоев, Шуҳратбек Парпиев, Шокир Орипов, Нуъмон Сайдаминов, Хуршиджон Орипов, Равшан Хаитов, Алимухаммад Мамадалиев, Хусниддин Олимов, Музаффар Авазов, Отамаза Ғофуров, Ориф Эшонов, Нодир Замонов, Шавкат Алимхўжаев, Камолиддин Джуманиёзов, Абдурахим Тошпўлатов, Нозим Мамадалиев, Собиржон Мухторов, Исомуддин Акбаров, Ғиёсиддин Умаров, Зайниддин Асқаров, Абдубанноб Ортиқов, Алимардон Бердиқулов, Абдурахмон Сагдиев, Ҳамидулло Омонов, Дилшод Исхоқов, Хусниддин Оққўзиев, Шавкат Каримов, Абдувохид Абдурахмонов, Тохиржон Жабборов, Самариддин Салохиддинов, Таваккал Хожиев, Қўнғиротбой Оллониёзов, Абдурахим Тўхтасинов ва бошқа юзлаб – минглаб қийноқ қурбонлари хотирасига бағишланади.

2011 ва 2013 йилларда БМТнинг қийноқларга қарши кўмитасининг Қозоғистон ҳукуматидан диний эътиқоди учун босимга учраб мамлакатдан қочиб чиққан Абдусаматов Тоиржон, Акбаров Файзуллоҳ, Бозоров Сухроб, Болтаев Ахмад, Ботиров Шухрат, Ғуломов Мухитдин, Каримов Дилбек, Қосимов Аброр, Қўлдашев Ойбек, Қурбанов Қобилжон, Нуриллаев Бахтиер, Нуриллаев Бахриддин, Остонов Улуғбек, Пардаев Исобек, Сулаймонов Турсунбой, Толипов Сирожиддин, Тўраев Равшан, Турсунов Ҳайрулла, Шарипов Отабек, Шодиев Акмалжон, Хуррамов Сарвар, Умаров Файзиддин, Холбоев Шухрат, Холтураев Олимжон, Хошимов Алишер, Ёқубов Абдуазимхўжаларни Ўзбекистонга топширмаслик талабига бўйсунмасдан Ўзбекистонга топшириб юборилган ва Қўлдашев Суннатиллоҳ, Қўлдошев Суҳроб, Шерназаров Шерзод, Шуҳрат Мусин ва бошқалар адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлиб, қийноқларга тутилмоқдалар. Ушбу намойишда яна бир бора ушбу қочқинлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳимояси учун бонг уришга, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиришга қарор қилдик.

Шунингдек, ушбу кампания 1992 йилда ўғирланган Абдулла Ўтаев, 1995 йил 29 август куни аэропортда ўғирланган Абдували Мирзаев ва Маткаримов Рамазонбек, 1997 йил сентябрь ойида ўғирланган Неъматжон Парпиев, 1998 йилда ўғирланган Тўлқин Йўлдошев, 1999 йил 5 августда ўғирлангана Қосимбеков Камолиддин, 2000 йилдан буён бедарак кетган Хасанов Баҳодир, 2003 йилда ўғирланган Содиқ қори, 2004 йил 16 майда ўғирланган Хусниддин Назаров, 2004 йил 28 майда ўғирланган Оқил Юнусов, 2004 йил 24 июнда ўғирланган Фарруҳ Хайдаров сингари ўнлаб ўғирлаб кетилиб бедарак йўқолганларнинг ҳимояларига ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга бағишланади.

Ушбу кампания доирасида ўтган йилнинг 13 сентябрь куни Бухоро вилоят МХХ Тергов изоляторида МХХ ходимлари томонидан кўлланилган ваҳшиёни қийноқлар қўлланиши натижасида вафот этган Бухоролик ишбилармон тадбиркор Илҳом Ибодовнинг фожиали тақдирига алоқадор кўплаб маълумотларни, далиллар ва ҳужжатларни интернет нашрлари орқали эълон қилишга қарор қилдик.

Чунки, МХХ амалдорларининг мажбурлови асосида ҳар ойда тўлашга мажбур бўлиб келаётгани 2000 доллардан миқдорни 5000 долларгача оширганликларига норозилигини билдириб, пора беришни тўхтатиши ва керакли ҳукумат идораларига мурожаат қилиши ҳақида ўз фикрини билдиргани учун ўлдиришга қарор қилинган Илҳом Ибодов ва унинг акаси Раҳимни 2015 йилнинг 16 август куни гўёки милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва майда безориликда айблаб, МЖКнинг 183–моддаси ва 194–моддаси 1–қисми билан 10 суткадан қамоқ жазоси тайинлаганлар.

Бухоро вилоят ИИБ ВСХда сақланаётган Илҳом ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга МХХ амалдорларининг жиноятлари ҳақида шикоятлар ёзишни давом эттираётгани сабабли Бухородаги «ўта хавфли рецидивист» маҳкумлар сақланадиган қаттиқ режимли УЯ– 64/25–ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётган, маъмуриятнинг топшириғи билан қамоқхонадаги маҳкумларга қийноқ қўллаш билан узлуксиз шуғулланиб келувчи бир неча мартадан судланиб, судларнинг ҳукми билан “ўта хавфли рецедевист” деб танилган 4 нафар “лахмач”лар Джумаев Рустам, Иноғомов Умид, Сафаров Жамшид ва Иванов Александрларни Бухоро вилоят ИИБ ВСХга келтирганлар. Улар Раҳим ва Илҳом Ибодовларни 2015 йил 10 сентябрь кунигача узлуксиз қийнаб келганлар. Чунки, 26 август куни маъмурий қамоқ жазоси тугаган кунида эса Ибодовларни қайта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда, яъни ИИБ ВСХ ички тартиб қоидаларини бузганликда айблаб, 15 суткадан маъмурий қамоқ муддатлари узайтирилган.

Маъмурий қамоқ жазоси тугагунча ака-ука Ибодовларни қийнаб амалга оширилмаган жиноятларни содир қилганликни тан олиб, барча талаб қилинган нарсаларни ёзиб бериш, шунингдек, бўм-бўш қоғозларга имзо чекиб беришга мажбур қилинганлар. 10 сентябрдан 12 сентябргача МХХнинг вакиллари Азим Юнусов, Баҳодир, Инъом исмли ходимлари ва Умид исмли милиционер Илҳомнинг ўлгунигача азоблаб, қийнаганлар.

Илҳом Ибодовни қийнаб ўлдирилишида асосий айбдор ва сабабчи бўлган амалдорлар ўз лавозимларида ўтирибдилар ва ўз жиноятларини давом эттириб келмоқдалар. Уларнинг жиноятларини яшириш мақсадида Республика миқёсидаги барча давлат органлари амалдорлари Ибодовнинг ўлимига сабабчи бўлган амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилишларини талаб қилиб мурожаат қилаётган унинг яқинлари, оила аъзоларига нисбатан босимларни давом эттирмоқдалар.

Ушбу кампания доирасида “Мустақил Ўзбекистонлик тадбиркорнинг фожиали тақдири” деб номланган Илҳом Ибодовнинг қийнаб ўлдирилиши жиноятига алоқадор маъмурий органлар амалдорларининг жиноий кирдикорларини фош қилгувчи ҳужжатли туркум радио эшиттиришлар эфирга узатишга қарор қилганмиз. Ушбу ҳужжатли радиоэшиттиришда Ўзбекистондаги суд тизими, адлия тизими ва бошқа тизимларнинг жиноятлари ҳақида хикоя қилинади.

Шунингдек, Мустақил Ўзбекистонда турли йилларининг июнь, июль ойларида қийнаб ўлдирилган фуқароларнинг тақдирларига бағишланган махсус эшиттиришлар тайёрланади.

Жумладан:

2000 йил 2 июнь куни Бувайда туман ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Шавкат Одилов уриб ўлдирган Фарғона вилояти Бувайда тумани Жалоёр қишлоғида яшаган Шокир Орипов тақдири;

2013 йилнинг 14 июнь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилган Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Чордара қишлоғида яшаган Ҳусниддин Оққўзиев тақдири;

2001 йилнинг 15 июнь куни ҳибсга олиниб Республика Ички Ишлар Вазирлиги ертўласида ваҳшийларча қийнаб ўлдирилган ва оила аъзоларига мурдаси 2001 йилнинг 5 июль куни топширилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти вакили, Олий мажлис депутати Шовруқ Рўзимуродов тақдири;

18 июнь 2014 йилда қамоқхонада қийнаб ўлдирилган «Ҳизб ут-Таҳрир» етакчиларидан деб ҳисобланган Абдураҳим Тўхтасинов тақдири.

Шунингдек, ушбу кампания доирасида бир нечта қийноқ қурбонлари масаласида қийноқ ташаббускорлари, иштирокчилари ҳамда қийноқ қўллаш жиноятлари ҳақидаги шикоятларда келтирилган далилларни кўра-била туриб кўз юмган лоқайд амалдорларнинг исми фамилиялари ва лавозимларини, шунингдек, ушбу мансабдорларнинг жиноятларини фош қилгувчи хужжатлар тўпламини ҳам интернет нашрлари орқали эълон қилишни режалаганмиз. Бунингдек рўйхатлар қийноқ қурбонлари Мўътабар Тожибоева, Қаюм Ортиқов, Илҳом Ибодов, Хусан Рўзиев ва бошқа қурбонлар ишларига алоқадор ҳужжатларда акс этган.

Ўзбекистон ҳукуматининг юқоридаги каби қайд этилган жиноий ҳаракатлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этишига жавоб бериш муддати чексиз, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасида бу сингари жиноий ҳаракатлари ҳар қандай муддатдан қатъий назар жиддий суриштирувга муҳтождир. Халқаро институтлар эса, ҳар йил инсон ҳуқуқлари қурбонлари ҳақида фақатгина гапириш минбарига айланиб қолмаслиги керак.

Ушбу кампания доирасида Ўзбекистонда сиёсий қатағонига учраган инсонлар, шунингдек қийноқ қурбонлари бўлган инсонлар тақдири, уларнинг ўлимлари сабаблари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида уларга дахлдор хотираларни, архив ҳужжатларини, бадиий асарлар, шеърлар, фото, аудио ва видео материалларни қуйидаги интернет нашрларида:

http://mutabar.org;
http://jarayon.com;
http://alteruz.info

шунингдек, қуйидаги ижтимоий тармоқлар саҳифаларида:

https://www.facebook.com/Mutabar;
https://www.facebook.com/groups/alterUZ.info;
https://www.facebook.com/jarayoncom;
https://www.facebook.com/groups/AlterUZ;
https://twitter.com/fieryheartsclub;
https://twitter.com/jarayoncom;
http://ok.ru/fieryheartsclub;
https://plus.google.com/101174812197519494155/posts/p/pub; https://plus.google.com/u/0/100878925440934371506/posts/VCZwhu1PgKn эълон қилиб борамиз.

Қолаверса, ушбу кампания асносида туркум радиоэшиттиришлар ҳам ташкил этилади, қатағон ва қийноқ қурбонларининг тақдирига бағишланган эшиттиришлар “Туғён” радиоси – http://SoundCloud.com/Tugyon ва Youtube.com/channel/TUGYONда намойиш қилиб борилади.

Бугунги кунда Ислом Каримов режими қатағон машинасини ҳаракатдан тўхтатиш, ҳеч бўлмаса, унинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш мақсадида, халқимиз бошига тушган бу улкан кулфатга бефарқ бўлмаган барча ватандошларимизни, мухолифот вакилларини, фуқаролик жамияти фаолларини Ислом Каримов режими қийноқ қурбонларини хотирлаш ва ҳимоялаш бир ойлиги “Ким айбдор, навбатдаги ким?!” шиори остида ўтказиладиган кампанияда фаол иштирок этишга чақирамиз!

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти

«Қийноқларсиз ҳаёт учун» ташаббус гуруҳи

Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси

Ўзбекистон Фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши

20 июнь 2016 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.