“ЭЗГУЛИК”: Кўмак беролмасангиз, халал берманг!

Пресс-релиз № 15. 30.07.2016 йил

IMG_2013

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ўша пайтдаги амалдаги раиси аралашуви билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2003 йилнинг 19 мартида расман рўйхатга олинган.

АҚШнинг Озодлик уйи (Freedom House) Тошкент ваколатхонасида жамоатчиликка тақдим қилинган ҳуқуқ ҳимоячи жамияти йилларнинг суронли, бўронли даврларини бошдан кечирди. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида қатор ҳисоботларни тақдим қилди. Халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар томонидан олқишланди.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ҳокимияти органларининг томоғидаги суяк ўлароқ таъқиб-у босимлар остида ҳам келди. Лекин шунга қарамай ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Жамият Марказий бошқаруви ҳамда вилоят бўлимларининг офисларига ҳар куни ўнлаб, юзлаб фуқаролар мурожаатлар билан келади. Жамият фаолиятининг ўзаги бўлган инсон ҳуқуқлари борасидаги объектив ҳисоботлар ана шу мурожаат ва изланишларнинг маҳсулидир.

Шу йилнинг 20 июль куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/48-муассаса (Навоий вилояти Зарафшон шаҳри)да жазо муддатини ўтаётган Муҳаммад Бекжон билан учрашди.

17 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг ҳолидан хабар олиш ва уни жамоатчиликка етказишни кўпчилик олқишлар билан кутиб олди, аммо маҳкумнинг саломатлиги яхшилиги, унинг ўз аҳволи ҳақида илиқ гапларни айтгани айрим ҳасмкабларимизни беҳузур қилди.

Жумладан, Фарғона.Ру сайтига интервью берган Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари Ассосиацияси деб номланувчи халқаро ташкилотнинг раҳбари Надежда Атаевага “Эзгулик”чиларнинг колониядаги маҳкумлар билан учрашуви, юмшоқ қилиб айтганда, ёқмади. Яъни, Ўзбекистон ҳукумати, гўё “Эзгулик” фаолларига сиёсий маҳкумларни бориб кўришни атай уюштиришган ва бу билан мамлакатни танқид остига олаётган халқаро ҳамжамиятнинг оғзига урмоқчи. Яъни, ҳукуматнинг сиёсий мақсади мавжуд ва ҳуқуқ ҳимоячилари унинг ноғорасига ўйнамоқда.

Надежда хонимнинг иддаосича, Муҳаммад Бекжоннинг аҳволи ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаётганидек, яхши эмас. Унга турма маъмуриятининг муносабати жуда ёмон, ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Атаева хоним таъкидлаётгани каби Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ ҳимоячиларига колонияларда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувларга рухсат беришидан манфаатлари бордир. Зеро, нафақат Ўзбекистон ҳукумати, балки бошқа авторитар ҳукуматлар ҳам бемақсад иш қилмайди.

Аммо бу учрашувлар учун “Эзгулик”нинг қанча ҳаракат қилгани, халқаро ташкилотлар кўмагига таянганини Надежда хоним ва бошқа беҳузур бўлаётган ҳамкасбларимиз билмаганида бу таъналар бунчалик оғир ботмасди. Эзгуликчиларни маданиятсизликда ҳамда HRW, AI ташкилоти вакилларига пул талаб қилиб қичқирганликда айбламаган бўларди.

Юқоридаги номи зикр этилган ташкилотлар “Эзгулик” билан кўп йиллар ҳамкорлик қилишларига қарамай хатларига, мурожаатларига жавоб беришни ўзларига раво ҳам кўрмай арзон баҳоналар билан чекланишди.

Фарғона.Ру нашрига келсак, Кислов жанобларига “Эзгулик” раҳбари билан мулоқат қилиш малол келганми, ёлланма тарафдорлари хизматидан фойдаланиб, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташрифини шубҳа остига оларкан, унинг аввалбошдан бу масалада ўз қараши борлигини таъкидлаш керак. Яъни Ўзбекистон ИИВнинг Жазони ижро этиш бошқармаси ташрифга рухсат берган куниёқ берилган илк хабарда “Эзгулик”ка рухсат тегишининг сайт маъмуриятига ёқмаганини пайқаш мумкин. Надежда Атаева билан уюштирилган суҳбат мақола ҳам ана шу кайфиятнинг маҳсулидир.

Ташкилотининг тайини бўлмаган, ўзи эса Ўзбекистондан минглаб километр узоқда яшаётган кимсанинг фикри албатта “Эзгулик”чиларнинг аҳдини синдира олмайди. Жамиятимиз тўхтовсиз мурожаатлар, ҳаракат ва мулоқотлар орқали ҳамкасбларимиз ҳолидан хабар олиш ишини давом эттиради, ҳатто бу кимларгадир ёқмаса ҳам.

Бизнингча, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳкумларни аёвсиз қийноқларга солса, уларнинг мурдалари пайдар-пай келиб турса, турмага кириш учун на “Эзгулик”, ва на халқаро ташкилотларга рухсат тегмаса, Надежда Атаева кабиларнинг ҳисоботлари залворли чиқиб, унинг ўзи жаҳон ҳамжамиятининг назаридан бир зум тушмаса ва ҳатто хоним Нобель мукофотларига сазовор бўлса, вазият уларнинг кўнглидагидек бўларди. Мана гап қаерда!

Афсуски, биз ҳам бормиз, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, курашаверамиз, курашаверамиз. Биринчи имкон туғилиши билан дўстларимиз, ҳамкасбларимиз ҳолидан хабар оламиз, уларнинг ташлаб қўйилмаганини, уларнинг озодлиги учун курашаётганинизни етказамиз. Атаева каби жонкуяр, меҳрибон ва ғамхўр дўстларимизнинг саъй-ҳаракатлари хусусида ҳам уларга сўзлаб берамиз.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.