БМТга мурожаат: «Ҳибсхонада ўлган Ибодов иши тергов қилинсин!»

Парижда жойлашган «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ўтган йил Бухородаги ҳибсхонадан ўлими чиққан 43 ёшли тадбиркор Илҳом Ибодов, ҳамда унинг шу кунларда 8 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган 48 ёшли акаси Раҳим Ибодовларнинг иши бўйича БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига шикоят йўллади.

Раҳим ва Илҳом Ибодовлар 2015 йилнинг 16 августида маъмурий жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олингандилар. Кўп ўтмай ҳибсхонадан Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиққан.

«Ўтюраклар клуби» раҳбари Мўътабар Тожибоева ва Ибодовлар оиласига кўра, ака-ука табдиркорларга ноқонуний ҳимоя (крыша) таъминлаб келган Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари ва Ибодовлар ўртасида келишилган тўлов юзасидан тортишув келиб чиққан ва улар ҳибсга олинганлар.

Ҳибс даврида Раҳим ва Илҳом Ибодовларни тижорат қоидаларини бузиш ва ноқонуний хорижий валюта савдосини ташкиллаштиришда айблашган.

Ака-уканинг оиласи ва омон қолган Раҳим Ибодовнинг суддаги кўрсатмаларига кўра, Ибодовларни мунтазам равишда шафқатсиз калтаклашган ва қийноқлар натижасида оғир жисмоний шикастлардан Илҳом Ибодов 13 сентабрда ҳибсхонада жон берган. Бироқ, бу кўрсатмалар суд томонидан ҳисобга олинмаган ва баъзи суд ҳужжатларида ҳатто қайд қилинмаган.

«Ўтюраклар клуби»да марҳум Илҳом Ибодовнинг мажбуран кўмилишидан олдин олинган бир қатор суратлар ва видео мавжуд.

Франциядаги CENLIBART инсон ҳуқуқлари гуруҳининг мустақил экспертизаси эксперти Нигар Ахмедбекованинг аввалроқ Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Илҳом Ибодов жасади фотосуратларини ўрганиш асосида унинг қийноққа солингани ҳақида хулосага келинган.

Мўътабар Тожибоева Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ушбу ишга эътибор қаратишга ундамоқда.

«Биз БМТ қийноқларга қарши қўмитасини Илҳом Ибодовнинг жасадини қайта тиббий текширувдан ўтказиш, ака-укага қарши олиб борилган жиноий ишларни сохталаштиришда айби бўлган барча расмийларни жиноий жавобгарликка тортиш, Илҳомни қийноққа солган ва ўлдирганларни жавобгарликка тортиш, Раҳим Ибодовга қарши жиноий ишни қайта кўриб чиқиш, уни озод қилиш ва ноқонуний йўл билан мусодара қилинган мулкини қайтариш бўйича Ўзбекистон ҳукуматига мажбуриятни юклашга чақирамиз», – дейилади «Ўтюраклар клуби» мурожаатида.

Қийноқлар

Тожибоева хонимга кўра, ҳуқуқ фаоллари ва Ибодовлар оиласининг тинимсиз қилган талаблар ортидан, Илҳомнинг ўлимидан икки ой ўтгач чиқарилган «Ўлим ҳақидаги гувоҳнома»да Илҳом Ибодовнинг юрак хуружидан ўлганлиги баён қилинган.

«Ушбу гувоҳномада Илҳом Ибодовнинг ўлими сабаби юрак хуружи деб ёзилган бўлсада, Илҳомнинг танаси қийноқлар – куйдиришлар, танасини кесиш, терисини шилиб олиш, танасига бигиз тиқишлар ва бошқа натижасида пайдо бўлган жарохатлар яққол кўриниб турибди», – дейди Тожибоева хоним.

Нигар Ахмедбековнинг Би-би-сига билдиришича, марҳумнинг «ҳатто оёғида арқон билан қаттиқ боғлангани ёки кишан солингани белгилари бор».

«Ўтюраклар клуби»нинг http://mutabar.org/ сайтида Ибодовлардан гўёки пул талаб қилиш, ҳибсга олиш, қийноққа солиш, судга тортиш ва қийноқлар бўйича терговлар ўтказган баъзи бухоролик расмийларнинг исм-шарифлари келтирилган.

Расмий «муносабат»

Би-би-си Ибодовлар ишини тергов қилган, ва сўнгра Илҳом Ибодовнинг ўлими сабабларини ҳам тергов қилган терговчи Расул Йўлдошев билан боғланишга муваффақ бўлди.

Расул Йўлдошевдан Ибодовлар иши бўйича муносабат билдириши сўралганда, у аввало Би-би-сининг телефон орқали мурожаат қилаётганига ишонмаслигини айтди. Ибодовлар иши бўйича савол қайта сўралганда, гўшакни қўйиб қўйди.

Би-би-си мазкур иш бўйича Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига ҳам боғланди, аммо ҳеч қандай муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Ибодовларнинг синглиси Дилфузанинг даъво қилишича, айнан Расул Йўлдошев 25 ноябрда уни ва унинг онасини прокуратурага чақиртириб, Илҳомнинг ўлими борасида ўзи олиб борган тергов ҳужжатларини уларга кўрсатган. Дилфузанинг айтишича, ҳужжатга киритилган жасаднинг сурати акаси Илҳомники эмасди ва унда ҳеч қандай дўппослаш ё қийноқлар аломати йўқ эди.

Бу сурат Дилфуза ва унинг оила аъзолари Илҳом ўлган куни олган сурат ва видеолардан буткул фарқли эди.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Илҳомни ўлимидан олдин уни тергов қилган терговчи Расул Йўлдошевга унинг ўлими сабабларини ҳам тергов қилиш ваколати юклангани ноқонунийдир.

Ибодовларнинг онаси Хурсанд Ражабованинг «Ўтюраклар клуби» сайтида чоп қилинган видеолавҳада айтишича, оилага тазйиқ ва босимлар давом этаяпти. Хусусан, оилага тегишли дўконлар ва мулклар мусодара этилган. «Икки келиним ва саккиз набирамни пенсиямга боқиб ўтирибман», – дейди онахон.

Тўловлар

Ака-ука Ибодовлар Бухоро шахридаги «Ситора» автомобиль бозори худудида жойлашган савдо павильонларидан сотиб олинган ва ижарага олинган №153, №154, №172 ва №173 сонли савдо дўконларда фаолиятларини юритиб келганлар.

Ибодовлар оиласи кўрсатмаларига кўра, МХХ амалдорларидан бири Бухоро вилоят МХХ бошқармасига ишга келганидан кейин Илҳомнинг бериши керак бўлган пораси миқдорини одатий 2000дан 5000 долларга оширган.

Илҳом савдо яхши бўлмаётганлиги сабабли тадбиркорликдан топаётган даромадининг асосий қисмини унга бериб боришини бас қилиши қарорини айтган дейилади.

Босим остига олиниши ортидан Илҳом мазкур амалдор ва унинг шерикларини қарши компромат маълумотларга эга эканини айтганида, амалдор уни ўлдиришини айтиб таҳдид қилгани даъво қилинади.

Фаолларга кўра, Илҳом Ибодов ва унинг акаси Раҳим Ибодовлар «майда безорлик ва ҳокимият вакилларига қаршилик қилиш»да айбланиб, баённома тузилиб қамоққа олинганлар ва узлуксиз равишда тазйиқ ўтказилиб улардан ўз айбига иқрорлик аризалари олинган ва мазкур аризалар асосида айб эълон қилинган.

Судланувчи Раҳим Ибодов суд мажлиси жараёнида кўрсатмалари суриштирувчи ва терговчи томонидан ёзилгани, ҳамда у бу кўрсатмаларни ўқимасдан туриб имзо қўйганини, аслида ўзи бундай жиноятларни содир этмаганини айтгани қайд этилган.

«Бир ўғлимни ўлдиришди. Ўлган ўлди. Лекин, энди бошқа ўғлимни озод қилишсин. Унинг айби йўқ», – дейди видеолавҳада Ибодовларнинг кекса онаси Хурсанд Ражабова.

БМТга мурожаат – Ҳибсхонада ўлган Ибодов иши тергов қилинсин!

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.