Норин тумани «Президент»ларининг жиноий кирдикорлари сабаб ногиронга айланган тадбиркор аёл фожиаси

Мавлуда Аҳмедова: «Мутасадди рахбарларга “Менинг хужжатларим қонуний. Бузсаларинг Президентимизга арз қиламан ғайриқонуний қилаётган хатти–харакатларинг устидан” десам уларни менга берган жавоблари мени хайратга солди. Бахром Юлдашев ва Аъзам Султоновлар менга “Наманганнинг Президенти бизмиз! Қаерга арз қилсанг қилавер, шикоятингга жавобни барибир биз берамиз” деб устимдан калака қилиб кулишди…»

“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш халқаро ташкилоти рахбари
Мўътабар Тожибоевага

Халқаро матбуотлар журналистларига

Наманган вилоят Норин туман Ҳаққулобод
шахар Зарбдор МФЙ № 25 уйда яшовчи
тадбиркор Мавлуда Аҳмедовадан
телефон № +998913431673

ШИКОЯТ АРИЗА

Мен Жахон ҳамжамиятига, “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқарао ташкилотига, журналистлар ва тадбиркорлар ҳаққи–ҳуқуқларини ҳимоя қилгувчи халқаро ташкилотларга ва дунё журналистларига маҳаллий мансабдорларнинг жиноий кирдикорлари сабаб бор будидан айрилган, хонавайрон бўлган ва ногиронга айланиб қолган собиқ тадбиркор, ишбилармон Мавлуда Аҳмедова сизлардан менинг ҳаққи ҳуқуқларимни тикланишига кўмак беришларингизни, менга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга ёрдам беришларингизни сўрайман.

Шунингдек ушбу шикоят аризам орқали менинг ҳаққи ҳуқуқларимни ҳимоя қилиб ўзи ишлайдиган “Ҳуқуқ дунёси – Мир права» газетасида танқидий мақола чоп қилгани учун 5 йил 4 ойга қамоқ жазосига хукм қилинган журналист Барно Худоёрованинг ҳаққи ҳуқуқларини тиклашга, унинг қамоқдан озод қилиниши ва адолатсиз равишда ўтказилган тергов, суд жараёнларидаги қонунбузилишлар юзасидан текширувлар ўтказиб, Ўзбекистон хукуматидан журналистик фаолияти сабаб уни таъқиб қилган, босимга олган ва ноҳақ қамалишига сабабчи бўлган махаллий амалдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилишига кўмак беришларингизни сўрайман.

Бундан ташқари журналистик суриштируви натижасида қамоққа олинган журналист онасини ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун босимга учраган Барно Худоёрованинг фарзандларини ўз ҳимояларингизни олишларингизни сўрайман.

Мен 1954 йилда Наманган вилояти Норин туманида туғилиб, 40 йил туманда ҳалол меҳнат қилиб, Ўзбекистон кўчасида жойлашган “Маиший хизмат кўрсатиш уйи”да рахбар лавозимда ишлаб, 1995 йилда ўтказилган “Ким ошди савдоси”да иштирок этиб ғолиб бўлгач, 1950 йилда қурилган шу бинони хусусийлаштириб олганман. Мен туманда биринчи бўлиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганман. “Мавлудабону” хусусий корхонаси очганман ва 20 йилдан ортиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келганман.

Ушбу тадбиркорлик фаолиятим ортидан хозирги кунда уйсиз, мулксиз, пулсиз ва соғлигидан буткул айрилганим учун қийналганим, адолатсизлик қурбони бўлганим учун ҳам сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман. Чунки мамлакатдаги хеч бир давлат органи амалдорлари менинг арзимга қулоқ солиб, бузилган ҳуқуқларимни тиклашга қўл чўзмаяпти.

output_7KYGzR

Мен 1995 йили ўзим раҳбар бўлиб ишлаган “Маиший хизмат кўрсатиш уйи” биносини № 2975-сонли ордер асосида ким ошди савдосида хусусийлаштириб олиб, “Мавлудабону” Хусусий кичик корхонасини очиб иш бошлаганман.

Бу 1950 йилларда хом ғиштдан қурилган, бир қаватли бино эскириб яроқсиз холатга келди. 2009 йилларга бориб эскириб яроқсиз холатга келган бинони бузиб, ўрнига талабга жавоб берадиган замонавий икки қаватли “Маиший хизмат кўрсатиш уйи” биносини қуришга ва янги ишчи ўринлари яратишга қарор қилдим. Шу мақсадда Норин туман хокими Ў.Эргашевга мурожаат қилдим. Хоким томонидан аризамни ўрганиб чиқиб, 2009 йил 30-март куни № 102-сонли қарор қабул қилиб, “Ер Кодекси”нинг 20-моддасига асосан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 125 кв.м ер майдони берилишини тайинланган.

Ушбу № 102-сонли қарорга асосланиб, хужжатларни Наманган вилоят Архитектура Кенгашига топшириб, “Ўзшахарсозлик ЛИТИ” ДУКдан ижобий хулосаларни олиб, лойиха экспертиза хулосаси №-43, Давлат Экология экспертизаси хулосаси № Р-07-05/14 АПЗ хужжатларини керакли қурилиш ташкилотларини шартномаларини тайёрлаб, 2011 йилда қурилишни бошладим.

Норин туман хокимиятининг “Маиший хизмат курсатиш уйи” биноси қурилишини тезлатиб, 2013 йилнинг апрель ойи бошланишигача қуриб битказиш талабига асосан қурилишни тезлатдим. Тумандаги энг чиройли, барча талабларга жавоб берадиган замонавий, намунавий икки қаватли бинони белгиланган вақтида битказдик ва 2013 йилнинг 5-апрель кунига бинони очишни режалаштирдик.

Бинони қурилиши пайтида мен яшаётган уйимни, участкамни сотиб 400 миллион сўм сарфладим, бор будимдан айрилдим. Хозирги кунда қариндошларимнинг уйида яшаб юрибман. Чунки қуриб битказганим бинони очилишидан бир кун аввал, яъни 2013 йилнинг 4-апрель куни соат 9ларда Норин туман прокурори Бахром Юлдашев, туман хокими Аъзам Султонов ва хокимнинг биринчи ўринбосари Валишер Нуралиевлар бинога келиб, 2013 йилнинг 25-март кун числоси билан расмийлаштирилган № 2/20-272 сонли огоҳлантириш хатини рўкач қилишиб, шахсан Норин туман хокими бошчилигида тумандаги комхоз ишчиларини жалб қилган ҳолда амалини суисътемол қилиб, ваколат доирасидан четга чиқиб, бузиб талон-тарож қилиб ташлашди.

Ҳаққулободлик тадбиркорнинг фожиаси

Улар шу куни мансаб амалларини суисътемол қилиб, мансаб ваколатларидан четга чиқишиб, муштумзўрлик билан куч ишлатиб, шахсан ўзлари бош бўлиб, ўз қўллари билан Наманган вилоят хўжалик судининг 2013 йил 13-март кунги қабул қилган қарори қонуний кучга кирмасдан туриб, суднинг қарорларини менсимай айни ўша кунларда қуриб битказилган икки қаватлик “Маиший хизмат кўрсатиш уйи” биносини ноқонуний бузиб ташлаб, менга қарашли бўлган мулкни талон-тарож қилишди.

Мутасадди рахбарларга “Менинг хужжатларим қонуний. Бузсаларинг Президентимизга арз қиламан ғайриқонуний қилаётган хатти–харакатларинг устидан” десам уларни менга берган жавоблари мени хайратга солди. Бахром Юлдашев ва Аъзам Султоновлар менга “Наманганнинг Президенти бизмиз! Қаерга арз қилсанг қилавер, шикоятингга жавобни барибир биз берамиз” деб устимдан калака қилиб кулишди.

Уларнинг жавобларига изоҳнинг хожати йўқ. Шу воқеадан кейин битта кўзим кўрмай, оёқларим ишламасдан қолган, кўрпага михланиб қолганман, асаб касаллигига чалиниб. Бахром Юлдашевни гапларини ўйлаб, “Республика бош прокурори ҳам, Республиканинг бошқа бошқарув органлари рахбарлари ҳам Бахром Юлдашевни олдида ожиз эканлар” деган хулосага келиб, гапирган гапларига ишонишга мажбур бўлдим.

Улар бу ноқонуний хатти–харакатлари билан мени мулкимни аппеляция судида ҳимоя қилиш ҳуқуқимдан махрум қилишди. Шу қонунбузарликлар юзасидан Наманган вилоят хокимига, вилоят прокурорига, вилоят Адлия Бошқармасига ва бошқа бошқарув органларига шикоят аризалар билан мурожаатлар қилдим. Лекин улар шикоят аризаларимда келтирган важларимни қонунга биноан адолатли текширувдан ўтказиб, адолатни ўрнатишга қилган талабларимга умуман эътибор бермадилар. Шунда тушундимки Норин туманидаги мутасадди амалдорлар вилоятдаги бошқарув идоралари рахбарларини оғзиларини мойлаб, овозларини чиқмайдиган, лом–мим дея олмайдиган холатга келтириб кўйишлари хақиқатлигига тушуниб етдим.

Нахотки Норин туманидаги қонунбузар амалдорларнинг танобларини тортиб қўядиган, қонунларга итоат этишга мажбур қиладиган куч ва қудратга эга бўлган инсонлар мамлакатимизда топилмаса? Нима учун бунингдек қонунбузаро амалдорлар камбағалларнинг, тадбиркорларнинг мулкларига тажовуз қиладилар? Оддий халқ вакилларини бу амалдорлардан ҳимоя қилган журналистларни қамоқларга тиқадилар ва уларнинг оила–аъзоларига босимлар ўтказадилар? Уларни мана шундай жиноятларни содир этишлари учун қўйилганмилар бу лавозимларга?

output_nFGRuB (1)

Адолат қидириб бош урмаган жойим қолмади. Ҳеч ким дардимга қулоқ тутмади. Охири тумандаги “Ҳуқуқ дунёси – Мир права” таҳририятига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Шу газетанинг махсус мухбири Барно Худоёрова мени дардларимни эшитиб, журналистик суриштирувлар ўтказиб, қонун мен томондагилини тушуниб газетанинг 2015 йил 24-апрель кунги № 8 (59) сонида “Тадбиркор ҳуқуқлари нега паймол қилинди?” сарлавҳали танқидий мақола чоп этди.

Бу мақолада Норин туман хокимининг № 586-сонли қарорига асосан Наманган вилоят хўжалик судининг 2013 йил 13-март кунги қарорига кўра “Мавлудабону” хуқуқий корхонасига қарашли икки қаватли “Маиший хизмат кўрсатиш уйи”ни бузиб, 30 кун аппеляция шикоятига мухлат берган бўлишига қарамасдан, мен корхона рахбари Мавлуда Аҳмедова 2013 йилнинг 8-апрель куни аппеляция шикояти бериб, 2013 йилнниг 2-май кунида суд ишни кўриб чиқиб, 2013 йилнниг 13-мартдаги қарорини ўзгартиришсиз қолдириб, қарорни қонуний кучга киритди.

Туман хокими Бахром Юлдашев ҳамтовоқлари ва ўринбосарлари билан биргаликда 2013 йилнниг 4-апрель куни, яхни хали суд қарори қонуний кучга кирмасдан туриб шахсан ўзи бошчилик қилиб уч йил мобайнида бор маблағларимни сарфлаб қурган бинони бузиб, мулкларимни талон–тарож қилиб, мени аппеляция судида мулкимни ҳимоя қилиш ҳуқуқимдан маҳрум қилишди.

Улар суд департаменти вазифасини ўзларига олиб, икки қаватли мухташам бинони бузиб, вайрон қилишда бош–қош бўлишди. Вахоланки суд департаменти ҳам суднинг қарори қонуний кучга кирмасдан туриб ўзга бир инсоннинг мулкини бузишга, талон–тарож қилишга ҳақли эмас. Улар суднинг қарори қонуний кучга кирганидан кейингина, ижро варақаси уларнинг қўлига келиб тушганидан кейингина харакат бошлайдилар.

Маҳаллий амалдорлар эса ўзларининг бу хатти–харакатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси 2-қисмидаги жиноятни содир этдилар. Яъни ваколат доирасидана четга чиқиш, суд қарорларини менсимай бажармаслик жиноятларига қўл уришди. Уларнинг жинояткорона хатти–харакатлари ҳақида мана шу газетадаги танқидий мақолада рўйи рост баён қилинганди.

Лекин ўзини Президент деб таништирган мутассади рахбарлар хозирги кунгача туманда хохлаган ишларини қилиб юришибди. Буларга на Конституция моддалари, на қонунлар ва на Президенти Фармонлари таалуқли эмаслигини улар кўп маротаба Норин халқига кўрсатиб келмоқдалар.

Дархақиқат мухтарам Президентимизнинг 2015 йил 15-май кунидаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ўқиб “Ҳақиқат бор эканку, бизни хукуматимиз ҳимоя қилар эканку” деб қувондик. Лекин бизнинг қувончимиз узоққа чўзилмади. Чунки Президентнинг бу фармони бошқа Фармонлари каби бизнинг тумандаги рахбарларга тааълуқли эмас экан. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Конституцияни, Президент Фармонларини назар писанд қилмасликлари сабаблари нимада? Нима учун уларнинг қонунларга зид жиноий хатти–харакатларига чек қўя оладиган куч йўқ мамлакатимизда?

Ахир ушбу Фармоннинг биринчи бандини иккинчи сўзбошисида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун давлат, ҳуқуқни мухофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ошириш, жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш кўрсатилган бўлсада Президентимиз томонидан давлатимиз янаям ривожланишини ўйлаб тадбиркорларга шароитлар яратиб берилаётган бир вақтда Наманган вилояти Норин туманида ушбу Фармонни менсимасдан, унинг аксини исботламоқчи бўлган рахбарларнинг кирдикорларига ким жавоб беради, уларни танобини ким тортади?

Бу қонунбузар мутассади рахбарларни назорат қилиб, жиноий қилмишлари учун жавоб беришга мажбур қиладиган ташкилот ёки муассаса борми? Ёки улар истаганларини қилаверадиларми? Уларга хукумат томонидан шундай ваколат берилганми? Олий Мажлисга биз сайловчилар томонидан ишонч билдириб сайлаб қўйганимиз Олий Мажлис депутати Акмал Рахмонов ҳам бу жиноятчи амалдорларга қўшилиб, қонун ижросини талаб қилган фуқароларга, журналистларга нисбатан шантаж, таҳдид қилиш билан шуғулланиб келмоқда.

У Норин туман хокимининг биринчи ўринбосари Валишер Нуралиев билан бирга газета тахририятига бориб, “Ҳуқуқ дунёси – Мир права» газетасида чиққан “Тадбиркор ҳуқуқлари нега паймол қилинди?” номли танқидий мақолага зудлик билан раддия беришларини, акс холда ушбу масала билан шуғулланган журналистларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитишган. Депутатнинг ваколати тадбиркорларни, фуқароларни ва журналистларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмасми? Биз эса аксига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бу жиноий гуруҳ вакилларининг шантажларига қулоқ тутмаганларидан кейин тахририят вакиллари ва журналистларга нисбатан хужумларни бошлаганлар. Жумладан журналист Барно Худоёровага нисбатан 2015 йилнинг 15-июнь куни сохта “жабрланувчилар”нинг шикоятларига таяниб жиноят иши қўзғадилар ва 30-июнь куни уни қамоққа олдилар. Адолатсиз равишда ўтказилган тергов ва суд жараёнлари натижасида Барно Худоёрова ўзининг коррупция жиноятини фош қилгувчи танқидий мақоласи учун 5 йил 4 ой муддатга қамоқ жазосига хукм қилинди.

Унинг ҳимоячи учун курашаётган яқинларига, фарзандларига нисбатан эса босимларни кучайтириб юбордиларки, натижада Барнонинг турмуш ўртоғи Шухратбек Худоёров фарзандларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Қизи Шухратбекова Шохсанамнинг онасининг ҳимояси учун курашларига чек қўйиш мақсадида унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитдилар ва унинг Республика давлат идораларига қилаётган тинимсиз шикоятларига чек қўйиш мақсадида Норин туман паспорт бўлинмаси ходими Ш.Каримов орқали Шохсанамнинг паспортини йиртиб ташладилар.

Бунингдек босимларга дош бера олмаган Шохсанам боқувчисиз қолган синглиги Шохиста Худоёрова ва 2 нафар гўдак фарзандлари ҳам кўзига кўринмасдан ўз жонига қасд қилишгача бориб етди.

Норин туман хокими Аъзам Султоновнинг № 586-сонли қарорига эътибор берадиган бўлсак, бу қарорда “Икки қаватли “Мавлудабону” кичик корхонасига қарашли “Маиший ҳизмат кўрсатиш уйи” биносини бузиб, ўрнига коттедж стоянка ва икки қаватли 8та маиший хизмат кўрсатиш ва савдо бинолари курилиши керак” деб ёзмоқда. Мантиқ қани?! Икки қаватли янги қуриб битказилган биномизни бузиб, ўрнига эса кўзга кўринмас бир қаватли музқаймоқ дўкони қурмоқчи. Буни биздан – тадбиркорлардан ўч олиш, уларни йўқ қилиш деб тушунайликми ёки устимиздан кулиб мол–мулкимиздан айирган жиноятчи кимса деб билайликми?

Туман хокими биномизни бузиб ташлаб, ўрнига қурилган музқаймоқ дўконидан қандай наф кўрди эканки бу музқаймоқ дўкони фаолиятини давом эттирмокда.

Барно Худоёрова газетада чоп қилган “Тадбиркор ҳуқуқлари нега паймол этилди?” номли танқидий мақоласидан кейин ушбу мақолада номлари баён қилинган қонунбузар амалдорлар томонидан таъқиб ва босимларга учраб, 2013 йилнинг 30-июнь куни сохта айбловлар билан қамоққа олинди. Унинг қамоққа олинганидан 5 ой ўтганидан кейин эса, яъни 2015 йилнинг 16-ноябрь куни ушбу танқидий мақола асосида ёзилган тадбиркор Мавлуда Аҳмедованинг шикоят аризаси асосида Республика бош прокурорининг ўринбосари Х.А.Халимов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсатига назорат тартибида Протест киритилди.

output_LQ9fVL

Ушбу Протестда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик Просессуал Кодексининг 86 моддаси 4-банди бузилганлиги сабабли Наманган вилоят хўжалик судинниг 2013 йил 13-мартдаги қарори ва Вилоят хўжалик судининг 2013 ймил 2-май кунги аппеляция ажримини бекор қилиш талаб қилинган.

Республика бош прокуратурасининг киритган Протести асосида Республика Олий Хўжалик судининг раёсатида 2015 йилнинг 29 декабр кунида кўриб чиқиб, 02/17 сонли қарори билан Наманган вилоят хўжалик судинниг 2013 йил 13-мартдаги қарори ва Вилоят хўжалик судининг 2013 ймил 2-май кунги аппеляция ажримини бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш учун биринчи инстанцияга жўнатишга қарор қилган. Лекин ушбу қонунбузарликларни содир қилган тумандаги бирор–бир амалдорга қонуний чора кўрилмади.

16.11.2015. Бош прокуратура протести

Агар қонунбузар амалдорлар ҳақ бўлсалар унда нега улар қурилишни бошлаган пайтимда мени тўхтатишмади? Нега бинони пойдеворини қуриш пайтимда, бино деворини кўтарганимда, бинонинг томини ёпганимда тўхтатишга, қурилиши битмаган бинони бузишга харакат қилишмади? 2011 йилдан буён қурилаётган биномизни бузиб ташлар эканлар нега қурилишни тезлик билан тугатишимизни талаб қилдилар? Бинони қуриб битказиш учун бор будимдан, бойлигимдан айрилганимда, уй–жойларимни сотиб сарфлаганимда, соғлигимни йўқотганимга, бугунги кунда қариндошларимнинг қарамоғида қолганимга нима учун ҳеч ким эътибор қаратмаяпти?

Туман хокимининг № 586-сонли қароринниг иккинчи бандида менга қарашли бинони бузиб ўрнига коттедж автостоянка қурилиши кўрсатилган бўлиб, шу қарорнинг тўртинчи бандида “Маиший хизмат кўрсатиш уйи” биносини бузиб, бўшаган ер майдонини туман хокимининг захирасига қайтарилиши ҳақида ёзилган.

Нима учун мен қуриб битказган биноим ўрнига кўзга кўринмас бир қаватли музқаймоқ дўконини қуриляпти? Нима сабабдан менга қўлимда қонуний хужжатлар бор бўлишига қарамасдан менга қурилиш қилиш мумкин эмаску, бошқаларга мумкин? Мантиқ қани бу ерда? Нима учун Наманган вилоят хўжалик судининг 2013 йил 13-март кунидаги хал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан туриб биноимни ноқонуний бузиб ташлаб, талон–тарож қилгани тўғрисила хеч ким бу қонунбузар амалдорлардан ҳеч ким жавоб талаб қилмаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасини қўпол равишда бузиб туман рахбарлари туманда хохлаган жиноятларини қилишяпти. 2012 йил 31-октябрда мен бехабар холатда № 638-сонли қарор билан Норин туман хокими менга қарашли “Мавлудабону” хусусий кичик корхонам фаолиятини тугатяпти. Шунга асосан Наманган вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қиляпти ва хўжалик суди бу ғайриқонуний даъво аризани қаноатлантиряпти.

Яна ҳам қизиғи шундаки Республика Бош прокурори ўринбосари Х.А.Халимов ЎзР.ХПКнинг 8-моддаси 4-бандини асос қилиб протест қиритганидан кейин туман хокими Аъзам Султонов ва прокурор Бахром Юлдашевлар ўз манфаатларини ўйлаб, ўз жиноятларини изини яшириш мақсадида яна менга билдирмасдан, менга хабар бермасдан 2016 йилнинг 30-январь кунги № 54-сонли қарори билан “Мавлудабону” корхонасини яна қайтадан тиклаб қўймоқдалар. Фуқаролик судларида кўрилиши керак бўлган ишларни қонунга зид равишда хўжалик судида кўриляпти ва ғайриқонуний қарор ва ажримлар чиқариляпти.

Бугунги кунгача Республика бош прокуратурасинингг Протести ва Республика Олий хўжалик суди раёсати Ажримлари, қарорларини Наманган вилоятидаги ва Норин туманидаги амалдорлар умуман бажармаяптилар. Менга етказилган моддий, маънавий зарарларни қоплашни, бузилган ҳуқуқларимни тиклашни ҳеч ким ўйламаяпти. Шунинг учун ҳам сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Биз тадбиркор ва журналист аёлларни Наманган вилояти Норин туманидаги қонунбузар мансабдорларидан ҳимоя қилинглар.

Хурмат билан
Мавлуда Аҳмедова

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.