Муҳаммадсолиҳ Абутов: 22 йилдан бери қамоқда қолаётган имом
Қўқондаги «Ҳавоқанд» жомеъ масжиди имоми Муҳаммадражаб қори (Махсум ака) расмий исми Тоштемир Нурматов 1994 йил 24 августда аср намозидан кейин қамоққа олинган. Шу ой 24 августда у киши қамалганига роппа роса 22 йил тўлади.
Қисқача қамалиш тафсилотлари:
У кишини олиб кетгани келган милиционерлар Қўқонлик ва Тошкентликлардан иборат гуруҳ бўлган. Улар «Бир соатга бориб келасиз биз билан» деб, имомни масжиддан олиб уни уйига кетишган.
Уйини қисқа муддатда шмон қилиб, граната «топиб» олишган ва шу билан терговга Қўқон милициясига олиб кетишган. Кейинчалик зудлик билан у ердан Тошкентга олиб бориб ИИВ тергов хонасига жойлаштиришган. Орадан бир муддат ўтгач, масжиддаги имомлардан Содиқ қори ва Баҳром қорилар ва мутавалли Маҳмуд акалар қамоққа олинган.
Бу пайтга келиб жомеъ масжид аҳли имомларни ишини адолатли ҳал қилинишини талаби билан масжидда кеча кундуз эътикофда ўтиришган. Аввалига беш юз кишилик бу жамоат бир ой муддат ичида камайиб ярмиси қолган. Шу қолган қисмини, Фарғона вилоятининг турли районларидан олиб келинган маст милиционерлар томонидан куч билан ушлаб масжиддан чиқарилган ва масжид ёпилган.
Орадан бир йилча муддат ўтгач, Муҳаммадражаб Махсум қори Фарғонага олиб келиб, суд қилинган. Бу судда гувоҳ сифатида юз кишига яқин одам иштирок этган. Ўша пайтларда ҳали Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси бўлмагани учун унга совет Ўзбекистони давридаги моддаларга биноан жиноят иши очилган.
1995 йил 1 январидан бошлаб янги кодекс амалда қўллана бошлагач, унинг жиноий иши қайта янги моддаларга алмаштирилган. Асосан у кишига ўз мансабини суистеъмол қилиш моддаси ва ҳалиги милиционерлар ўзлари ташлаб «топиб» олган гранатани ноқонуний сақлаш моддаси ва ҳаказо моддалар қўйилган.
Асосий айбнома чет элликлар берган маблағларни давлат банкида сақламаганлик ва уларни ўзлаштирганлик каби айбловлар қўйилган. Суд жараёнида қатнашганлар гувоҳлигича, бу судда қатнашган гувоҳлар асосан масжидлар қурилишига масъул бўлган кишилар бўлган.
Ўша даврдаги баъзи ижтимоий сиёсий воқеъаларнинг қисқача тасвири:
Ўша Горбачев қайта қуриши йиллари баъзи араб ўлкаларидан турли жамғармалар ва бадавлат шахслар даҳрийлар даврида масжидлари бузилган ва диний саводсиз қолган Ўзбекистон мусулмонларига ёрдам сифатида масжид қуришлари учун маблағлар беришган. Бу маблағлар асосан ўша пайтдаги илмли ва араб тилини биладиган имомлар орқали амалга оширилган.
Муҳаммадражаб Махсум қори ҳам ўша пайтларда шу каби саховатпешалар кўмагида Хавоқанд масжидини қайта таъмирлаган. Шунингдек, эски ташландиқ болалар дам олиш лагерини сотиб олиб. у ерда «Камолон мадрасаси» деб номланган ва талабаларга диний таълим олиш учун ҳамма шароитлар яратилган бир мадрасани ишга туширган. Бу мадрасага Мухторхон домла мудир бўлган. Бу мадраса Ўзбекистон Адлия Вазирлигидан расман рўйхатдан ўтиб, қонуний фаолият қилаётган эди.
Шунингдек, ўша пайтларда чет элликлар берган ёрдам пулларига Фарғона вилоятининг баъзи районларида ҳам масжидлар қурилган. Бу ишларни ҳаммасининг тепасида водийда кўзга кўринган имомлар билан биргаликда Муҳаммадражаб Махсум ака турган эди. Асосийси эса, бу ишлар давлат қонунларига зид эмасди. Бу имомлар қонунга мувофиқ фаолият олиб боришга ҳаракат қилишган. Намангандаги Гумбаз мадраса ва Жомеъ масжиди ҳам ва Андижон Жомеъ мадраса масжиди ҳам ана шулар жумласидандир. Буларнинг бари давлат рўйхатига ўтишга ва қонуний фаолият олиб боришга ҳаракат қилишган.
Лекин, ИАК бошлиқ ҳукумат ўзи ёзиб қўйган қонунларга ўзи амал қилмайдиган ҳукумат эди. Шу сабаб бу ҳукумат қонунга хилоф бўлмаган диний мадрасалар фаолиятига ҳам чек қўйишга ва диндорларни ҳақ ҳуқуқини умуман чеклаб қўйишга киришди. Ва бу манфур мақсадига узоқ йиллик қатағонлар ва Диний Бошқармадаги расмий имомлар кўмагида тўла тўкис эришди. (Эслатма тугади)
Судланиш тарихи:
Ўзбекистон Республикаси Мустақил бўлгач, динга қарши кураш авж олди. Бу кураш водийда қаттиқ бўлгани маълум. 1992 йил бошидан Намангандаги Ислом Лашкарлари ва Адолат гуруҳи тугатилади. Бу гурҳларга алоқадор шахслар аксари қамалади ва имкон топгани чет элларга қочиб кетишади. Кейинчалик Тоҳир Йўлдош Тожикистонга бориб ЎИҲга асос солади. 1993 йилдан Қўқондаги “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотига ҳужум бошланади.
Бу гуруҳ асосчиси Қаҳрамон Ҳамидов ва унинг укалари ва бошқалар қамалади. Шу йили Ўзбекистон Мудофаа Вазири генерал Аҳмедов раҳбарлигидаги ҳарбийлардан бир қисми қуроллари билан келиб, «Камолон мадрасаси»ни ўраб олишади. Улар икки соат ичида барча талабаларга Мадрасани ташлаб чиқиб кетишларини ва акс ҳолда солдатлар куч билан чиқаришини айтиб таҳдид қиладилар. Мадрасадагилар тезда тарқалишади. Ҳарбийлар мадрасага кириб эгаллаб олишади. Кейинчалик у ер ҳарбий қисмга айланади.
Бу ишларни МХХ бошчилигида навбатма навбат амалга ошираётган ҳукумат куч ишлатар тизимлари Муҳаммадражаб қорини ҳам қамашга таёргарлик кўришаётганди. Ўзига бўлаётган тазйиқлардан қочиб, имом бир муддат Қирғизистонга кетади. Лекин, у ердан қайтиб келгач, 1994 йил 24 августда қамоққа олинади.
Судда эса, у кишига алоқаси бўлган ва масжидлар қурилишида қатнашган кишилар гувоҳликка чақириладилар. Бу гувоҳлар имомни дин йўлида холис яхши ишлар қилганлигига ва ҳеч қандай ғайриқонуний иш қилмаганлигига гувоҳлик берадилар. Лекин, шунга қарамай бу ишни кўраётган судя МХХ топшириғига биноан у кишини 11 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқаради.
Иккинчи марта судланиш:
1995 йилдан бошлаб Муҳаммадражаб қори жазо муддатини ўташ учун Қаршидаги зонага жўнатилади. У пайтларда зоналарда у кишига нисбатан муассаса раҳбарияти ва маҳбуслар яхши муомалада бўладилар. Кейинчалик, 1999 йилги Тошкентдаги портлашлардан кейин, у кишини Тоштурмага олиб келиб, «Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилоти вакиллари билан бирга қайта тергов қилиб, Жиноят Кодексининг 159 моддаси, 244 ва 241 моддаларни қўйиб 20 йилга озодликдан маҳрум қилишади.
Ўша пайтда йигирматача киши битта жиноий ишда айбланиб, судланади. Уларга 1990 йилдан 1993 йиллар орасидаги фаолиятлари учун янги Жиноят Кодексидаги моддалар қўйилиб судланади. Бу умуман на маҳаллий қонунга ва на халқаро мезонларга ва на соғлом ақлга мувофиқ бўлмаган ҳодиса эди. Сабаби, ҳукумат буларни ўша пайтда қамай олмаганига аламидан энди қамаётганди.
Лекин, улар бу кунги моддаларда кўрсатилган жиноятларни қилмагандилар. Аммо, орадан бир йилча ўтгач, бу маҳкамани қайта кўриб чиққан Ўзбекистон Олий Суди унинг «Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотига алоқадорлиги иддао қилинган моддаларни судда етарли далил ва исботлар билан тасдиқланмагани учун олиб ташлаб, муддатини камайтиради.
Кейин, имомни яна бошқа – Навоийдаги 46 сонли зонага этап қиладилар. Камина у кишини ўша зонада кўрганман. Лекин, у киши у ерда кўп турмади. 20 кишилик махсус этапда мен ва Махсум ака биргаликда Сангородга борганмиз. У ердан бизни ажратиб, турли бўлимларга ётқизишган. Кейинчалик мен яна Навоий 46 зонага қайтдим. Махсум ака бошқа зонага этап бўлди.
Шу пайтдан бошлаб ўтган йиллар ичида у киши билан бирга қамалган Баҳром қори ва Содиқ қорилар ва мутавалли Маҳмуд акалар озодликка чиқишди. “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилоти раиси Қаҳрамон Ҳамидов 1998 йилда Сангородда вафот этади. Унинг укаларидан Баҳодир ва Фарҳод Ҳамидов ҳалигача қамоқда қолмоқда. Бошқа укалари озодликка чиққан. Муҳаммадражаб қорини муддати тугаганда яна муддат қўшиб турилибди. Унинг яқинлари унинг ёнига бориб турганлари маълум. Аммо, яқинлари у ҳақида бирорта маълумотни ташқарига чиқаришмайди. Бугунги кунда у кишининг қанча муддати қолгани ва қайси зонада жазо ўтаётгани бизга маълум эмас.
Хулоса:
Муҳаммадражаб қори ўзбек турмасида энг узоқ қолаётган диний маҳбусдир. Бугунги кунда у кишидан кўпроқ қамоқда ўтирган ягона сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновдир.
Бошқа бир узоқ муддат ўтирган сиёсий маҳбус Мурод Жўраев ўтган йил 24 йиллик жазо муддатини ўтагандан кейин озодликка чиқарилганди. Бу каби узоқ муддатлар қамоқда ўтирган маҳбуслар дунёнинг бошқа қайси давлатида мавжудлигини мен билмайман. Бу инсонлар тақдири шубҳасиз ИАК бошлиқ диктатура режимининг нақадар ноинсонийлигини яққол кўрсатиб туради.
Биз инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлардан бу маҳбуслар тақдирига эътибор қаратишларини ва уларнинг ҳаддан ташқари узоққа чўзилган жазо муддатларини янада узайтирилаётганига халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратишларини сўраб қоламиз.
………..
Муҳаммадсолиҳ Абутов.
06.08.2016.
Fikr bildirish