Республика бош прокуратурасининг янги рахбари Ихтиёр Абдуллаев «ЎЙИНИ»

“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
БОШ ПРОКУРОРИ Ихтиёр АБДУЛЛАЕВга
Толиб ЁҚУБОВдан
16, rue Marcel Pajotin, Angers, 49000, France
Tel. +33(0)241667961

АРИЗА

Муҳтарам Бош Прокурор!

бош прокуратура Толиб ака июль

Мен, Франция Республикасида яшаётган Толиб Ёқубов, давлатимизнинг энг юқори лавозимларидан бирига тайинланганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этиш билан бирга, Сизга ўта муҳим бир масала бўйича мурожаат қилмоқдаман. Мазкур масала менинг куёвим (қизим Озода Ёқубованинг турмуш ўртоғи), 29.04.2006да ҳибс этилган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланиб, жиноий ишлар бўйича Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар суди томонидан 15.06.2006да 9 (тўққиз) йилга озодликдан маҳрум этилган Азам Турғунович Фармоновга тегишлидир.

Азам Фармонов 2006 йил июлидан бошлаб ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туман, Жаслиқ посёлкасида жойлашган УЯ 64/71 жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда. Жорий йилнинг 1 майида жиноий ишлар бўйича Қўнғирот туман суди Азам Фармоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси билан айблаб, унга олдинги суд томонидан берилган жазо муддатини яна 5 (беш) йил 26 (йигирма олти) кунга чўзди ҳамда қамоқхонада сақлаш режимини умумийдан қаттиқ режимга ўзгартирди.

Мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддаси (Ҳимоячи) ва жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 07.06.2006да чиқарган, мазкур суд раиси Эркин Хидирбоев томонидан имзоланган ажрими асосида Азам Фармонов (ва жиноий ишнинг иккинчи фигуранти Алишер Караматов)нинг №1-110/2006 жиноий ишида, суд ишюритувида, ҳимоячи сифатида иштирок этганман.

Гарчи Э.Хидирбоев 15.06.2006да тамоман ноқонуний равишда суднинг бошқа ажрими билан мени ҳимоячиликдан четлатган бўлса-да, мен ҳанузгача ҳимоячи мақомимни йўқотганим йўқ ва буни исботлаш қийин эмас [исбот ушбу аризага илова қилинаётган, менинг Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси жаноб Бўритош Мустафоев номига ёзилган назорат тартибидаги шикоятимда келтирилган]. Айтилаётган шикоят жаноб Б.Мустафоевга биринчи марта менинг номимдан, яъни қонуний ҳимоячи номидан 2013 йилда жўнатилди, бироқ жаноб Б.Мустафоевдан жавоб келмади.

Мазкур шикоятни Озода Ёқубова номидан юборилган вариантига Олий Суд шикоятлар ва фуқароларни қабул қилиш бўлимининг бошлиғи Қ.Мамараҳимовдан 2014 йил 24 февралда №13-1169-14 рақамли “Сиз жиноий ишда ҳимоячи бўлиб иштирок этмагансиз, шунинг учун сизнинг шикоятингиз қараб чиқилмайди” қабилида жавоб келди. Худди шу шикоятни учинчи бор “Эзгулик” ҳуқуқбонлик ташкилоти аъзоси Абдураҳмон Ташанов номидан Олий Суд раисига юборилди, бироқ жаноб Б.Мустафоев ўз позициясида “маҳкам турди”, яъни яна жавоб бермади.

Ниҳоят шу шикоят маҳкум Азам Фармоновнинг ўзининг номидан ёзилди ва уни маҳкумга имзо чектириб, унинг имзосини ўз имзоси ва муассаса муҳри билан тасдиқлаб, почта ёки чопар орқали Олий Судга юборишини сўраб УЯ 64/71 ЖИЭМ бошлиғи подполковник Ботир Кенжаевга почта орқали юборилди [почта квитанцияси, хат топширилгани ҳақидаги билдиришнома (уведомление) қўлимизда турибди]. Хат Б.Кенжаевга 2014 йил 12 февралда жўнатилган бўлишига қарамай, ҳанузгача бирор бир жавоб келмади.

Қийинчилик билан бўлса-да, ЖИЭМ бошлиғининг мурожаатимизга жавоб бермаганини тушуниш мумкин, бироқ Олий Суд раисининг мурожаатларимизга жавоб бермаганини тушуна олмадик. Гўё-ки, давлатимизда “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонун йўқдай!

Муҳтарам Бош Прокурор!

Тўрт одам (хусусан мен) томонидан Олий Суд раиси номига юборилган шикоятда Азам Фармоновнинг (А.Караматовнинг ҳам) мутлақо айбсиз экани исботланган ва бу исбот учун жиноий иш материалларидан учта ҳужжат –

1. Жиззах вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, юстиция маслаҳатчиси Қ.А.Маллаевнинг 29.04.2006 да жиноят иши қўзғатиш ва тергов ҳаракатларини олиб бориш ҳақидаги чиқарган ҚАРОРИ;

2. Жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб қилиш ҳақида Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг катта терговчиси, подполковник Б.Кодировнинг 16.05.2006 да чиқарган ҚАРОРИ

3. Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 15.06.2006 да чиқарган ҲУКМИ етарли – четдан бирор бошқа ҳужжат жалб қилиш шарт эмас.

Мен исботни такрорлаб ўтирмайман – у, юқорида айтганимдай, жаноб Б.Мустафоев номига ёзилган шикоятда батафсил келтирилган.

Мен қуйида

1. 2006 йил 29 апрель эрталаб тахминан соат 730 да, вилоят касалхонаси рўпарасидаги, Катта Ўзбек Трактининг Гулистон-Тошкент трассаси бўйлаб Гулистон шаҳрининг Тошкент кўчасида жойлашган автобус бекатида Жиззах вилоят прокуратураси ва милицияси ходимлари томонидан Азам Фармонов ва Алишер Караматовни УШЛАШ БЎЙИЧА ТЕЗКОР ТАДБИР ЎТКАЗИЛМАГАНини;

2. 2006 йил 29 апрель, эрталаб тахминан соат 730 да, вилоят касадхонаси рўпарасидаги, Катта Ўзбек Трактининг Гулистон-Тошкент трассаси бўйлаб Гулистон шаҳрининг Тошкент кўчасида жойлашган автобус бекатида “жабрланувчи” Ўктам Маматқулов томонидан “товламачилар” Азам Фармонов ва Алишер Караматовга ПУЛ БЕРИШ ФАКТИ БЎЛМАГАНини;

3. Милиция ходимларининг Азам Фармонов ва Алишер Караматовни УШЛАШ АМАЛИЁТИ 2006 йил 29 апрель куни эрталаб соат 700 ва 730 лар орасида ГУЛИСТОН шаҳрининг ТУРЛИ НУҚТАЛАРИДА ЎТКАЗИЛГАНини;

4. Азам Фармонов ва Алишер Караматов ушлангандан кейингина жиноий иш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш: (1) Ўктам Маматқуловнинг Азам Фармонов ва Алишер Караматовга пул бериши ва (2) Азам Фармонов ва Алишер Караматовни ушлаш ВЕРСИЯЛАРИНИ ТЎҚИШ иши бошланганини айтиб ўтиш билан чегараланаман, холос.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 524-моддаси (Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш)да фуқароларнинг мурожаатлари, …, янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатишга сабаб бўлади, дейилади. Шу моддада “Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш ҳуқуқига прокурор эга” дейилган.

Демак,

(I) Мен, Озода Ёқубова, Абдураҳмон Ташанов ва, гарчи УЯ 64/71 ЖИЭМ бошлиғи Б.Кенжаев айби билан адресатга етиб бормаган бўлса-да, Азам Фармонов томонидан Олий Суд раиси жаноб Б.Мустафоев номига юборилган шикоятдан – уни ё жаноб Б.Мустафоевнинг ўзи, ё Олий Суднинг бирор судьяси ўқиб чиққан бўлса – №1-110/2006 жиноий ишида янги очилган ҳолат мавжудлигини пайқаш қийин эмас. Табиий саволлар туғилади: Нега давлатнинг энг нуфузли лавозимларидан бирини (Олий Суд раиси лавозимини) эгаллаб турган шахс буни пайқашга ҳаракат қилмаган? Ўз ташаббуси ёҳуд билмасдан пайқамаганми ёки сиёсий буюртма бўлганми? Олий Судда ишлайдиган ходимларнинг барчаси олий даражадаги юристлар эканини ҳисобга олсак, олдинги саволга жавоб ягонадир – сиёсий буюртма бўлган!

(II) Ўзбекистон Республикасининг Сиз бошқараётган ҳозирги Бош прокуратурасида сиёсий буюртма асосида ишлайдиган ходимлар йўқлигига умид қилган ҳолда, Сиз Бош Прокурор сифатида №1-110/2006 жиноий ишида янги очилган ҳолат бўйича иш юритишни қўзғатишни ўз ишончли сафдошларингизнинг бирига топширасиз, деган ҳам умидим бор.

Муҳтарам Бош Прокурор, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 524-моддасига асосланиб Азам Турғунович Фармоновга нисбатан Жиззах вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, юстиция маслаҳатчиси Қ.А.Маллаев томонидан 2006 йил 29 апрелда қўзғатилган №1-110/2006 жиноий ишида янги очилган ҳолат бўйича иш юритишни қўзғатишни СЎРАЙМАН.

ҲУРМАТ ва ЭҲТИРОМ ила

№ 1-110/2006 жиноий ишида ҳимоячи сифатида иштирок этган Толиб ЁҚУБОВман.

ИЛОВАЛАР:

1. Жиззах вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, юстиция маслаҳатчиси Қ.А.Маллаевнинг қарори;

2. Жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб қилиш ҳақида Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг катта терговчиси, подполковник Б.Кодировнинг 16.05.2006 да чиқарган қарори;

3. Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 07.06.2006 да чиқарган ажрими;

4. Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 15.06.2006 да чиқарган ажрими;

5. Жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг 15.06.2006 да чиқарган ҳукми;

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси Б.Мустафоев номига Толиб Ёқубов томонидан ёзилган шикоят”.

бош прокурор жавоби

2015 йил сентябрининг бошида Тошкентдан, Бош прокуратурадан жавоб келганда мен дастлаб кўзларимга ишонмадим.       Ё Аллоҳ! Ё Пири Баҳовуддин! Ўзбекистонда ҳақиқатан ижобий ўзгаришлар бўлмоқдами?! Охири бахайр бўлсин!

Менга № 12/23-15-445 рақамли, 2015 йил 13 августда юборилган ҳамда Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи У.У.Муҳаммадиев имзолаган жавоб хати келди.

Аризани юбориш ҳақида, деб номланган жавоб хати қуйидаги икки жумладан иборат ва у Сирдарё вилояти прокурори, адлия маслаҳатчиси Я.М.Очиловга юборилган:

Фуқаро Т.Ёқубов ва бошқаларнинг А.Фармоновга нисбатан бўлган жиноят ишини янги очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриб чиқиш ҳақидаги аризалари кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Натижаси ҳақида муаллифларга хабар беришингиз сўралади.

Бош прокуратурадан жўнатилган менинг аризам Сирдарё вилояти прокуратурасига 3 (уч) кунда етиб борган, деб ҳисобласак, аризам етиб борганига роппа-роса 1 (бир) йил бўлди. Бироқ, ҳанузгача жавоб келгани йўқ!

Биринчи “ғалаба”дан руҳланиб мен Бош прокурор И.Абдуллаев номига куёвимнинг иккинчи (2015 йил 1 май) жиноят иши № 156673 бўйича ҳам шикоят ёздим (12 ноябрь 2015 йил).

2015 йил 12 ноябрьда жўнатилган шикоятимга 5 декабрьда жавоб келганидан билиш мумкин-ки, менинг шикоятим Бош прокуратурага узоғи билан 12 (ўн икки) кунда, яъни 24 ноябрьда етиб борган.

Шикоятим Нукус шаҳрига узоғи билан 4 (тўрт) кунда, яъни 28 (йигирма саккиз) ноябрьда етиб боришини ҳисобга олсак, шикоятим салкам 9 (тўққиз) ойдан бери Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида ётибди – жавоб йўқ!

Ифлос ишларни қилиб юрган бир одамдан иккинчи одам ўша ишларни ўрганиб такрорласа, ўзбеклар буни оддийгина қилиб: “Фалонча “а” қилган, тугунча уни босган” дейишади. Наҳотки, Рашитжон Қодиров “а”сини Ихтиёр Абдуллаев босган? Шундай бўлса, ҳали Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди!

Кутавериб кўзим тўрт бўлгач, мен 2016 йил 23 майда Бош прокурор И.Абдуллаевга охирги хатимни ёздим.

Уни қуйида келтирмоқдаман.

Менинг куёвим Азам Фармонов 2006 йил 29 апрель куни хибсга олинди ва у ЎзР ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланди. 2006 йил 15 июньда жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳар судининг ҳукми билан 9 (тўққиз) йилга озодликдан маҳрум этилди. 2015 йил 1 май куни у Қорақалпоғисто Республикаси, Қўнғирот туман суди томонидан иккинчи марта судланди –  бу сафар у ЎзР ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан айбланди ва унинг жазо муддати 5 (беш) йил 26 кунга чўзилди.

Биринчи суд бўйича 2015 йил 24 июнида мен ЎзР Бош прокурори номига ариза ёздим ва жиноий ишда янги очилган ҳолат мавжуд эканлиги туфайли жиноий иш қўзғатишни илтимос қилдим.

Менга №12/23-15-445 рақамли, 2015 йил 13 августда юборилган ҳамда Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи У.У.Муҳаммадиев имзолаган жавоб хати келди.

Аризани юбориш ҳақида, деб номланган жавоб хати қуйидаги икки жумладан иборат ва у Сирдарё вилояти прокурори, адлия маслаҳатчиси Я.М.Очиловга юборилган:

Фуқаро Т.Ёқубов ва бошқаларнинг А.Фармоновга нисбатан бўлган жиноят ишини янги очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриб чиқиш ҳақидаги аризалари кўриб чиқиш учун юборилмоқда.

Натижаси ҳақида муаллифларга хабар беришингиз сўралади.

Хато қилмасдан айтиш мумкинки, мазкур хат Бош прокуратурадан Сирдарё вилоят прокуратурасига узоғи билан 4 (тўрт) суткада етиб борган, яъни менинг аризам Сирдарё вилояти прокуратурасига етиб борганига 9 (тўққиз) ойдан ошди. Қўзғатилган ҳар қандай жиноят ишида тергов ҳаракатларига муайян ва чекланган муддат ажратилади –  буни прокуратуранинг ҳар бир терговчиси яхши билади ва улар менинг ўргатишимга муҳтож эмас.

Табиий савол туғилади:

Нега 9 ой ўтишига қарамасдан А.Фармоновнинг биринчи (№ 1-110/2006) жиноят ишида янги очилган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилдими ёки қўзғатилмадими масаласи номаълумлигича қолмоқда?

Ажабо, наҳот-ки бу оддий масалани ҳам Республика Бош прокурори ёрдамида ечиш керак?.

ответ генпрокуратуры

Мен куёвимнинг иккинчи (2015 йил 1 май) жиноят иши № 156673 бўйича ҳам муҳтарам Бош прокурорига шикоят ёздим (12 ноябрь 2015 йил).

Бу сафар ҳам менга Бош прокуратурадан жавоб келди (5 декабрь 2015 йил).  № 24/12-15-9950 рақамли жавоб хатида менинг шикоятим Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, адлия маслаҳатчиси И.А.Палвановга юборилгани айтилади ва унда ушбуни ўқиш мумкин:

Для производства проверки и принятия мер направляется обращение Якубова Т.

Прошу организовать тщательную и всестороннюю проверку всех приведенных доводов.

О результатах прошу сообщить заявителю. Второму адресату для сведения.

ПРИЛОЖЕНИЕ: на 4+1 листах.

Начальник отдела писем и обращений граждан, советник юстиции   Амиров Ш.Ш.

“Ўзбекистон почтаси” акционерлик жамиятининг маълум қилишича ҳар қандай хат Тошкентдан Нукусга узоғи билан 7 (етти) кунда етиб боради.  Демак, Бош прокуратуранинг №24/12-15-9950 рақамли хати муҳтарам И.Палвановнинг 12 декабрда қўлларида бўлган ва, демак, етиб борганига 4 (тўрт) ой бўлди. №12/23-15-445  ва №24/12-15-9950  хатларда назарда тутилган икки жиноят ишини таққосланса ер билан осмонча фарқни кўриш мумкин: тергови муҳтарам Я.Очиловга юклатилган жиноят ишининг салмоғи анча оғир, чунки янги жиноят иши қўзғатилади, мен юборган шикоят ва ҳужжатлар ўрганилади, тергов ҳаракатлари олиб борилади ва ҳоказо.

Муҳтарам И.Палвановга жўнатилган хатда эса Қўнғирот туман суди (судья Д.Разов) чиқарган ҳукми қанчалик қонун (ЎзР ЖПК)га тўғри келиши ёки тўғри келмаслиги ҳақида бораётир, холос. Қўнғирот туман судининг судьяси Д.Разов чиқарган ҳукм нафақат қонунга хилоф, балки ўта бебурд экани яққол кўриниб турибди.

Тушунтираман:

Мен бир қатор суд жараёнини кузатганман. Турли ҳудудларда бўлиб ўтган иккита суд жараёнида икки судья судланувчиларни битта қонун (модда)га кўра айблашмоқда – бироқ уларнинг айблови бир-биридан тамоман фарқ қилди!

Такрорлайман: судлар турли ҳудуд ва турли вақтда ўтказилди, судьялар ҳар хил одамлар, ҳар иккала судда судланувчиларга битта модда билан айблов эълон қилинган! Бироқ, судьяларнинг судланувчиларни айблаши икки хил – тамоман бир-бирига зид ва иккаласи ҳам ғирт ёлғон! Судланувчиларнинг юридик билими йўқ, улар судьянинг ёлғон гапираётганига эътироз билдира олмаяпти, ҳимоячи (адвокат)лар эса мум тишлаб ўтиришибди! Бошқача айтганда, ҳар иккала судда судьялар, қишлоқ тили билан айтганда, “ОЛИБ ҚОЧИШАЯПТИ”. Ҳар иккала суд “олиб қочиш” билан ўтди, ҳар иккала суддаги судланувчилар узоқ муддатга қамалиб кетишди.

Судья Д.Разов чиқарган ҳукмнинг бебурдлиги шунчалар равшан-ки, унинг бебурдлигини кўрсатувчи ЎзР ЖПК 51-моддасининг 6-қисмини “олиб қочиш”нинг асло имконияти йўқ!

Дарҳақиқат, мазкур модданинг мазкур қисмида: “Давлат айбловчиси қатнашган судда ҳимоячи қатнашиши ШАРТ” дейилган! “Давлат айбловчиси қатнашган судда ҳимоячи қатнашиши МУМКИН” дейилганда эди – бемалол “олиб қочиш” мумкин бўларди.

51-модда каби моддаларни БИР ВАРИАНТЛИ моддалар дейиш мантиқли.

2015 йил 1 май куни ўтказилган Қўнғирот туман судининг иштироқчилари кимлар бўлган?

Мана улар: раислик қилувчи судья – Д.Разов, суд котиби – Б.Тлеуберганов, давлат айбловчиси М.Давлатқиличев, айблов томоннинг гувоҳлари:  Давлатов Пархат Сапарбаевич, Абдимажидов Абдибет Алеутадинович, Джумагулов Суйишбек Тлегенович, Юсупов Дилшод Турамуратович, Торемуратов Собит Оташевич (барчаси УЯ 64/71 жазони ижро этувчи муассаса ходимлари) ва судланувчи Азам Фармонов. Ҳимоячи иштирок этмаган!

ХУЛОСА: Агар муҳтарам И.Палванов (ёки қўлостидаги бирор прокурор) Қўнғирот туман суди судьяси Д.Разовнинг 2015 йил 1 майда менинг куёвим А.Фармоновга нисбатан чиқарган ҳукми билан астойдил танишса эди, мазкур ҳукмни БЕКОР ҚИЛИШдан бошқа қарор қабул қила олмас ва ҳукмни бекор қилишга ярим соат вақт кетган бўлар эди.

Муҳтарам И.Палванов, 5 (беш) ойдан бери нимани кутмоқдасиз?

Муҳтарам Бош прокурор!

Мен Сизнинг номингизга ноҳақдан узоқ йиллар қамоқда сақланаётган куёвим Азам Фармонов масаласида иккита шикоят ёздим – иккаласига ҳам Бош прокуратурадан жавоб олдим. Бу ҳолат илгари Ўзбекистонда кузатилмаган. Бу – жиддийми ёки ўйинми?

23 май 2016 йил”

ЖАВОБ  КЕЛМАДИ.

Янги Бош прокурорнинг менинг ариза ва шикоятимга жавоб бергани ўйин экан!

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.