Шоҳсанам Шуҳратбекова: Онамни ҳимоя қилишга ҳамиша шайман!

SAM_2198

«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева номига Наманган вилояти Норин туманида яшаган ва «Ҳуқуқ дунёси  – Мир права» газетасида махсус мухбир лавозимида фаолият олиб бориб, 2015 йилнинг 30 июнь куни ғайриқонуний равишда хибсга олиниб, айнан журналистик фаолияти сабаб 5 йил 4 ой муддатга қамоқ жазосига хукм қилинган журналист аёл Барно Худоёрова ва унинг ҳимояси учун курашгани боис махаллий рахбарларнинг босимига учраётган оила аъзоларини ҳимоя қилишни сўраб шикоят аризаси юборилганди.

Ушбу шикоят аризасига биноан Барно Худоёрова унинг оила аъзоларини, фарзандларини ҳимоя қилишга қарор қилган ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева ва ташкилот билан ҳамкорлик қилгувчи журналистлар томонидан атрофлича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бугун ана шундай журналистик суриштирув натижасида онасининг ҳимояси учун курашаётган қизи Шоҳсанам Шуҳратбекова билан қилинган суҳбатини сайт ўқуқчилари хукмига хавола қиламиз.

– Шоҳсанам, аввало, онангиз, журналист Барно Худоёрованинг қамалишига оид тафсилотлар ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

– Онам Барно Худоёрова 30 йилга яқин телекоммуникация соҳасида ишлаб, кейинчалик «Huquq qomusi» NTMмуассислигида чоп этиладиган «Ҳуқуқ дунёси — Мир Права» газетасига мухбир лавозимига ишга қабул қилинган.

Орада ҳеч қанча вақт ўтмай ушбу газетанинг Бош муҳаррири лавозимига тайинланган ва мазкур лавозимда қамалгунча ишлаган. Онамнинг қамалишига «Ҳуқуқ дунёси — Мир права» газетасининг 2015 йил 24-апрелдаги 8- (59) сонида эълон қилинган «Тадбиркор ҳуқуқлари нега поймол қилинди?» деб номланган танқидий мақоласи сабаб бўлди.

Онам ўзининг ушбу мақоласида Наманган вилояти Норин туманида узоқ йиллардан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, адолатсизликка рўбарў келган ишбилармон аёл Мавлуда Аҳмедованинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан. Яъни, «Мавлудабону» хусусий корхонаси томонидан икки йил давомида муҳташам ва кўркам қилиб қуриб битказилган ва айни пайтда ишга туширилиш арафасида турган икки қаватли «Маиший хизмат уйи» биносининг тумандаги мутассади раҳбарлар ташаббуси билан ноқонуний тарзда бузиб ташланиши тафсилотлари ёритилган. Туман ҳокими, ҳоким ўринбосари, туман прокурорининг мансаб ваколатидан четга чиқиб иш тутгани аёвсиз танқид қилинган.

Мазкур мақолани ўқиган амалдорлар таҳририят муассисига мурожаат қилиб, мақола юзасидан зудлик билан раддия беришни талаб қилган. Аммо ҳақиқатни юзага чиқариш истагида бўлган онам туман раҳбарларининг ҳар қандай дашному пўписаларига парво қилмай, газетада раддия эълон қилмади. Бунинг натижасида онамга нисбатан тақиб ва тазйиқлар кучайди.

Туманимиз амалдорлари ўйлаб-ўйлаб ахийри онамга нисбатан туҳмат ва бўҳтон уюштиришга киришди. Улар «Тадбиркор ҳуқуқлари нега поймол қилинди?» мақоласидан онамни қаматтиришга асос бўла оладиган ҳодиса топа олмагач, қарийб ярим йил илгари матбуотда эълон қилинган «Келажакка хиёнат» мақоласига қарши хуруж уюштирди.

Ушбу мақолада тумандаги бир қатор мактабгача таълим муассасалари фаолиятига оид камчиликлар ёритилган эди. Туманимиз раҳбарлари танқидга учраган МТМ мудиралари билан ўзаро тил бириктириб онамдан қасд олиш йўлига ўтди. Шу тариқа мақола эълон қилингандан то шу кунгача таҳририятга ва унинг ходимларига нисбатан ҳеч қандай шикоят қилмаган «жабрланувчилар» ўз тилларига эрк беришди. Бунинг натижасида онам порахўрга айланди. 6 та МТМ мудиралари онамга ва ҳамкасби Матлуба Исмоиловага 100, 150, 200 АҚШ доллари, 200 минг сўм пора берганлигини «илгари сурди». Туҳматчиларнинг ушбу кирдикорлари туфайли онам ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 2-қисмининг «а» ва «в» бандлари билан 5 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилди.

– Жавобингиздан онангизнинг қамалишига «Ҳуқуқ дунёси – Мир права» газетаси саҳифаларида эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолаларига боғлиқ ҳодисалар, туман амалдорлари ва мансабдор шахслар ҳамда бир қатор мутасадди ташкилотлар фаолиятини холис танқид қилгани сабаб бўлгани ойдинлашди. Демак, шундай экан, бизнингча, бу борада ушбу таҳририят муассиси ва жамоаси ноҳақлик қурбони бўлган онангизни ҳимоя қилишда сукут сақламаслиги керак. Бу жараён реал ҳаётда қандай кечмоқда? Онангизнинг ҳамкасблари ҳақиқат юзага чиқишига ёрдам беряпдими?

– Суд бошлангандаёқ онам ўз-ўзини ҳимоя қила олишига астойдил ишонганди. Энг аввало, терговчилар тергов жараёнида онамни жиноят иши билан таништирмади. Иш материалларидан нусха бермади. Агар ҳаммаси қонун доирасида олиб борилганда онам ўзига нисбатан сохталаштирилган жиноят иши материалларининг қалбаки эканини фош қилган ва суд айблов ҳукмини чиқара олмаган бўларди.

Терговчи ва судья ўзларининг бу каби хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-, 29-, 30-, 35-, 43-, 44-, 67-, 116-моддаларини қўпол равишда бузишди. Онамнинг судида иштирок этган жамоатчилик вакиллари, жумладан, ҳамкасблари ҳам суднинг адолатсиз ўтганига гувоҳ бўлдилар.

Суд ҳукмини бекор қилишни сўраб президент ва республика бошқарув идоралари раҳбарлари номига мурожаатнома ёздилар. Ҳозир эса ҳамма ўз ташвиши билан банд. Улар Ўзбекистон шароитида ҳақиқатни юзага чиқаришдан умидини узган. Аммо мен, ёлғиз ўзим онамнинг ҳимояси йўлида ҳамон курашяпман ва курашавераман.

– Барно Худоёрова қамалгандан кейин ҳаётларингизда қандай воқеалар содир бўлди?

– Онам қамалгач, кенг дунё кўзимга тор бўлиб кўриниб кетди. Ҳар бир гапирган гапимизу, босган қадамимизни ўйлаб гапириб, босишимизни, ҳеч бир инсоннинг дилига озор бермаслигимизни қайта-қайта уқтиришдан чарчамаган онамнинг жиноятчи дея тилга олиниши қалбимда кимларгадир нисбатан нафрат алангасини алангалатди. Ҳар қандай адолатсизликларга қарши курашиш истагини пайдо қилди.

output_Y17mVq

Бунинг натижасида бизга нисбатан тақиб ва босимлар кучайди. Атрофимизда яширин назоратчилар кўпайди. Мен алал-оқибат маҳаллий раҳбарларнинг ҳар хил тақибларига бардош бера олмаганим туфайли, гарчи катта гуноҳ иш бўлса-да, ўз жонимга қасд қилишгача қўл уришга мажбур бўлдим. Жорий йилнинг 11-июнь куни кеч соат 21-00 да 40 дона Димедрол ва 30 дона Трамбапол ичдим. Аммо тез ёрдам ходимлари ўз вақтида етиб келиб, ҳаётимни сақлаб қолди. 2016 йилнинг 11-июнь кунги реанимация бўлими мудири У. Ўрмонов ва терапевт Муҳаммедовалар томонидан расмийлаштирилган 4141-172-545-сонли «Касалхонада беморнинг тиббий баёни» ва «Қабулхона врачининг ёзуви»да «Бемор ўз жонига қасд қилиш учун димедрол таблеткасидан 40 дона, транбапол таблеткасидан 30 дона ичган. Синглиси шошиб тез тиббий ёрдам чақириб, бўлинмага олиб келинди. Ҳолати оғир, хушида эмас…» деб ёзилган ва «Ўткир заҳарланишнинг оғир даражаси» деб ташҳис қўйилган бўлса-да мени жонимга қасд қилишга мажбур қилган амалдорлар устидан на жиноят иши ва на текширув ўтказилди. Аксинча шу воқеадан кейин тақиб ва босимлар янада кучайди.

– Эндигина 24 ёшга тўлишингизга қарамай бир қанча кўргуликлар – адолатсизлик, туҳмат, бўҳтон, ҳар хил тақибу тазйиқларни бошдан кечиришингизга, ҳақиқатни юзага чиқариш учун бир неча амалдорлар билан курашишингизга тўғри келибди. Ана шундай курашлар жараёнида нималарни қалбан ҳис қилдингиз?

– Ҳақиқатни юзага чиқариш осон эмас экан. Адолатга фақат курашиш эвазига эришиш мумкиндек. Мен барибир курашдан қолмайман. Онамнинг нечоғли жиноятчи эканини билиш йўлидан қайтмайман. Агар онам айбдор бўлса, айбига яраша жазосини олсин, қонун олдида қилмишига яраша жавоб берсин. Айбдор бўла туриб қамалганида тақдирга тан берардим. Аммо айбсиз бўлса-чи? 5 йиллик умрини ҳавога совуришини асло ҳазм қила олмайман…    

– Шоҳсанам, онангизни охирги марта қачон кўрдингиз, айни пайтда ундан хат-хабар олиб турасизми?

– Онамни сўнгги марта 2015 йил 30 июнь куни суд залида кўрдим. Ҳозирги кунда онам билан учрашиш имконига мутлақо эга эмасман. Аёллар қамоқхонасида сақланаётган онамни бориб кўриш учун қўлимда паспортим йўқ. Ўзбекистонда яшаб туриб, ватанимиз пойтахтига асосий ҳужжатсиз бора олмаймиз. Паспортимни Норин туман ИИБ ходими Ш. Каримов қасддан йиртиб ташлаган. Паспортга доир муаммолар ҳам кўп ишларни ҳал қилишимга кескин тўсиқ бўлмоқда. Бундан ташқари 2 нафар гўдак фарзандларим ва 14 яшар синглим менинг қарамоғимда. Ҳеч қаерда ишламайман.

Маҳалла қўмитаси оиламизнинг оғир аҳволини инобатга олиб, моддий ёрдам пули бермайди. Онам бир сония ҳам кўз ўнгимдан кетмайди. Қамоқхонада қандай кун кечираётганини ўз кўзим билан кўргим келади. Оиламизга қилинган бетиним таҳдид ва босимлар туфайли отам бизни ташлаб, бошқа аёлга уйланиб кетган.

– «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига мурожаат қилганингизнинг боиси нимада? Мазкур ташкилот ва унинг раҳбари Мўътабар Тожибоевадан нималарни кутяпсиз?

– Ўзбекистондаги ташкилотлардан ҳеч қандай амалий ёрдам ололмаганим туфайли «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига мурожаат қилдим. Улардан, шахсан, ташкилот раҳбари Муътабар опа Тожибоевадан умидим шуки, онам Барно Худоёрова ишига оид адолатсизликка барҳам беришда менга елкадош бўлса, ҳақиқатнинг ғалаба қозонишига биргаликда эришсак.

Аҳрор АЗАМАТ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.