Тадбиркор аёл аросатда, журналист аёл эса қамоқхонада! Қани АДОЛАТ?
Ҳозирги кунда «Журналист – жамият табиби», «Тадбиркор – элга мададкор», «Матбуот – тўртинчи ҳокимият», «Тадбиркор бой бўлса, эл бой бўлур» деган ва бошқа сон-саноқсиз сўзлар бот-бот қулоғимизга чалиниб туради.
Айниқса, Юртбошининг 27-июнь – Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мамлакатимизда фаолият юритаётган журналистларга табриги ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланган нутқи-ю ушбу соҳага оид билдирган бирон-бир фикридан кейин эл орасида журналистлару тадбиркорларга аталган баландпарвоз сўзлар янада болалайди, кенг қулоч ёзади, «лаббайфурушлар» томонидан президентнинг сўзи афоризмга айланади ва шу тариқа ҳаётимизда янги-янги афоризмлар вужудга келади.
Афсуски, пайдо бўлаётган барча янги афоризмлар реал ҳаётда ўз тасдиғини топавермайди. Бунинг натижасида журналист хор, тадбиркор абгор аҳволга тушиб қолади. Сўзимизнинг тўғрилигини исботлашга уриниш мақсадида ўтган 2015 йилда Наманган вилояти Норин туманида рўй берган ва бевосита журналистни хорликка, тадбиркорни абгорликка гирифтор қилган воқеа-ҳодиса ҳақида тўхталамиз.
Раҳбарлар пайтавасига қурт туширган мақола
Журналист Барно Худоёрова ўзи ишлайдиган ва «Huquq qomusi» NTM муассислигида чоп этиладиган «Ҳуқуқ дунёси – Мир права» ижтимоий-ҳуқуқий, бадиий-оммабоп газетасининг 2015 йил 24-апрелдаги 8- (59) сонида «Тадбиркор ҳуқуқлари нега поймол қилинди?» сарлавҳали мақоласини эълон қилди.
Муаллиф ўзининг ушбу танқидий мақоласини Норин туманида фаолият юритаётган тадбиркор аёл Мавлуда Аҳмедованинг таҳририятга ёзган шикоят хатини журналистик текшируви асосида тайёрлади. У журналистик текширув ишларини Президентнинг «2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари», «Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш тўғрисида»ги маърузаларига асосан ўтказди.
Мазкур мақола газетада эълон қилингач, нафақат туманда, шу билан бирга, вилоятда ҳам шов-шувларга сабаб бўлди. Чунки мақолада бевосита Норин тумани раҳбарлари, жумладан, ҳоким Аъзам Султонов, ҳоким ўринбосари Валишер Нуралиев ҳамда туман прокурори Баҳром Юлдашевларнинг мансаб ваколатидан четга чиқиб, тадбиркор аёл Мавлуда Аҳмедовага қарашли «Мавлудабону» хусусий корхонаси томонидан икки йил давомида қуриб битказилган икки қаватли «Маиший хизмат кўрсатиш уйи» биносини ноқонуний тарзда бузиб ташлашга изн берганликлари, енг шимариб ишга киришганликлари ва ҳатто ташаббускор бўлганликлари тўла-тўкис фош қилинди.
Ваҳоланки, бу пайтда ҳали Наманган вилоят хўжалик судининг Ҳал қилув қарори қонуний кучга кириб улгурмаганди. Бундан ташқари, мақолада туман раҳбарларининг ўзбошимчаликлари, уларнинг ўзларидан юқори органлар – Республика Бош прокуратураси, Олий хўжалик суди раёсати, Олий суд раёсати томонидан жорий қиланган қарор ва ажримларга нисбатан бепарво муносабатда бўлганликлари ошкора баён этилди. Бу каби омилларнинг барчаси раҳбарларнинг пайтавасига қурт тушишига олиб келди.
Шу тариқа тумандаги мутасадди раҳбарлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов кабилар мақолада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ўрнига таҳририят муассисига мақолага доир раддия беришни даъват эта, ҳақиқатни ёзган журналистни эса таъқиб қила бошлади.
Ҳар қандай босим ва пўписаларга парво қилмаган журналистга нисбатан алал-оқибат жиноий иш очилди ва қамоққа олинди. «Маиший хизмат кўрсатиш уйи» биносини қуриш учун ўзи яшаб турган уйи, участкаларини сотиб, камига қарз олиб, 400 000 000 сўмдан кўп маблағ сарфлаган, жуда катта моддий ва маънавий зарар кўрган тадбиркор аросат исканжасида қоврулди, асаб касалига чалиниши натижасида кўриш қобилиятидан айрилди, оёқлари ишламай тўшакка михланиб қолди, ногирон бўлди. Адолат топталди…
Туҳмату бўҳтонлар ғалабаси
Барно Худоёровани қаматтириш учун етарли асос йўқлигидан шубҳаланган амалдорлар эндиликда бошқача «ўйин» ўйлаб топишга муваффақ бўлди. Улар таҳририятнинг иш режаларига асосан, «Соғлом бола йили» дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб чиқиш ва аниқланган ҳолатлар бўйича таҳлилий мақолалар уюштириш мақсадида тайёрланган «Келажакка хиёнат» мақоласининг ёзилиш тарихини гўёки ўрганишга, ундан камчилик топишга киришди.
Мазкур мақола «Тадбиркор ҳуқуқлари нега поймол қилинди?» деб номланган мақоладан 5 ой олдин, яъни 2014 йилнинг 15-ноябрь 22- (49) сонида махсус мухбир Матлуба Исмоилова имзосида эълон қилинган бўлиб, унда Норин туманидаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти танқид қилинган.
Ваҳоланки, таҳририят жамоаси ушбу танқидий мақолани матбуотда эълон қилишдан олдин аниқланган камчиликлар юзасидан чора-тадбирлар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ва Норин туман Халқ таълими бўлими мудирига газетанинг Бош муҳаррири Х.Қодиров номидан расмийлаштирилган ва у имзо чеккак 24.10.2014 йил кунги НQ-69 сонли хат орқали мурожаат қилган ва хатга МТМ мудираларининг тушунтириш хатлари ва фото-лавҳаларини қўшиб тақдим этган. Бундан ҳеч қандай натижа чиқмагач, матбуотда ёритган.
Норин тумани раҳбарлари танқидга учраган 3-, 12-, 23-, 24, 26-, 36-МТМ мудиралари билан ўзаро тил бириктириб, мақола муаллифларидан қасд олиш мақсадида таъқиб қилишни бошлаб юборишган.
Шу тариқа 5 ой давомида ҳеч кимга тишини ёрмаган «жабрдийдалар» амалдорларга батамом «ёрилган». 24-, 26-сонли МТМ мудиралари М.Сайдалиева ва М.Хотамжоновалар Барно Худоёровага муассасага оид камчиликларни ёритмаслик учун 100 АҚШ доллари, 36-МТМ мудираси М.Абдуллаева 200 минг сўм, Янгиқўрғон туманидаги 16-сонли МТМ мудираси М.Ибрагимова ва хўжалик мудири Ж.Миртожиевлар 150 ва 200 АҚШ доллари берганига оид тушунтириш хати ёзиб берган. 3-, 12-, 23-сонли МТМ мудиралари Н.Саримсоқова, М.Соипова ва К.Жўраевалар ҳам турли хил сохта ва бир-бирига зид кўрсатмалар берган.
Судда иштирок этувчилар юқоридаги «жабрдийдалар» ўзларининг тушунтириш хатларини кимларнингдир қистови билан ёзганини, уларнинг гап-сўзлари, юз-кўзларидан аниқ билишган. Энг ачинарлиси, жабрдийдаларнинг сўзлари судда тўғри муҳокама қилинмаган. Суд ушбу «жабрдийдалар»нинг кўрсатмасига таяниб, журналист Б.Худоёровани 5 йилу 4 ойга қамоқ жазосига маҳкум қилган.
«Онамнинг ҳақ ёки ноҳақлигини билолмай андорманман!»
(Журналист Барно Худоёрованинг қизи Шоҳсанам Шуҳратбекованинг фарёди)
2015 йил 30 июнда Норин туман ИИБнинг Тергов бўлимига савол-жавоб қилиш учун чақирилган онамнинг жиноят содир этганлиги исботланмай, суд ҳукми чиқмай туриб, тергов бўлими бошлиғи Акмал Ўролов «Озодлик» радиосига интервью берди ва бу орқали оиламизнинг шаънига жиддий равишда путур етказди.
Бу ҳам етмаганидек, у онамга нисбатан юритилган жиноят ишида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодекси нормаларини жиддий тарзда бузиб, бир томонлама тергов қилиб, онамни жиноят иши билан таништирмай ва жиноят материалларидан нусха бермай, рўй берган ҳолатларни исботламай, имзоларни сохталаштирган ҳолда жиноят ишини кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари Норин туман судига жўнатди.
Мазкур тергов ҳаракатларининг қонунга зидлигини била туриб тергов органи томонидан ёлланган адвокат Б.Каримов онамнинг ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя қилмади. Онамнинг имзолари сохталаштирилганини била туриб ҳеч қандай эътироз билдирмади.
Суд жараёнида онамнинг тергов пайтида келтирган важларига умуман эътибор қаратилмади. Жиноят ишлари бўйича Норин туман суди судьяси Музаффар Ғофуров тергов ҳужжатлари орасидаги иштирокчилар кўргазмалари бир-биридан кескин фарқ қилишига умуман аҳамият бермади ва 2015 йилнинг 9 ноябрь куни онамни ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари билан айбдор деб топиб, 5 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум килди.
Онамнинг судида иштирок этган жамоатчилик вакиллари суднинг қанчалик даражада адолатсиз равишда ўтганини кўришди, гувоҳи бўлишди ва адолатсиз суд ҳукмини бекор қилишни сўраб Республика Президенти ва Республика бошқарув идоралари раҳбарлари номига мурожаатномалар ёзишди. Аммо барча мурожаатларимиз бесамар кетди.
Суддан кейинги ёллаганимиз адвокат Ботир Сирожев онамга қарши расмийлаштирилган жиноят иши материалларидан кўчирмалар олиб берди. Лекин суднинг айблов ҳукмини сўрашидан олдин онамга нисбатан айблов ҳукми чиқарган судья Музаффар Ғофуровнинг қабулига кириб чиқди-да, айблов ҳукмидан нусха олиб бермай ортига, Тошкентга қайтиб кетди.
Ваҳоланки адвокат Б.Сирожевнинг Тошкентдан Наманган вилоятига келиб-кетиш харажатларини биз ўз зиммамизга олган эдик. Бундан ташқари у билан шартнома тузиб, ордер учун 200 минг сўм тўлаганмиз.
Судья Музаффар Ғофуров Б.Сирожевга онамнинг иши билан шуғулланмаслиги учун пул берганми ёки қўрқитганми билмадик, у судьянинг қабулига кириб чиққанидан кейин ҳеч бир тушунтиришларсиз Тошкентга қайтиб кетди ва шу бугунги кунгача қилган қўнғироқларимга умуман жавоб бермайди. Бир йилдан ортиқ муддатда қамоқда ётган онамнинг айблов ҳукми ҳанузгача қўлимизда эмас.
Биз, фарзандлар онамизни 2015 йилнинг 30 июнь куни, фақат суд залида кўрдик. Онам билан учрашиш имконига мутлақо эга эмасмиз. Онамни ҳимоя қилиш мақсадида республика прокуратураси қабулхонасига бориш истагимдан воқиф бўлган туман ИИБнинг паспорт бўлинмаси ходими Ш.Каримов кўз олдимда паспортимни йиртиб ташлади. Унинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳеч қандай амалий чора кўрилмади, барча мурожаатларим инобатга олинмади ва мен шу кунгача паспортсиз яшашга мажбур бўлмоқдаман.
Бундан ташқари 2 нафар фарзандим ва 14 ёшли синглим менинг қаромоғимда. Ҳеч қаерда ишламайман. Маҳалла қўмитасидан оиламизни қўллаб моддий ёрдам пули берилмайди. Онамнинг қамоқхонада қандай ҳолатда яшаётганидан бехабармиз. Оиламизга қилинган узлуксиз босим ва таҳдидлар туфайли отам бизни ташлаб, бошқа аёлга уйланиб кетди.
Адолатсизликларга барҳам беришни талаб қилиб ёзаётган шикоятларимизга жавоб бермаслик билан бир қаторда, маҳаллий мутассади раҳбарлар бизга нисбатан таъқиб ва босимларни кучайтирмоқда. Хонадонимиз нотаниш кимсалар томонидан ошкорачасига назорат қилиняпти. Норин туман раҳбарлари менга қарши ҳар хил фитналар уюштириб, жиноят иши қўзғатиш ва қамоққа олиш мақсадида сохта айбловлар билан шикоят-аризалар ёзишда давом этмоқда.
Биз шу кунгача бир қатор давлат идораларига шикоятлар ёздик, Омбудсман, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази, Ўзбекистон Республикаси МХХ раисига ёзган аризаларимизда онамга нисбатан қилинган ноинсоний муносабатларни билдирдик.
Мен маҳаллий раҳбарларнинг менга нисбатан ўтказаётган босимлари, таъқибларига, адолатсизликларига дош бера олмай, гарчи ўта оғир гуноҳ бўлса-да, ўз жонимга қасд қилишга шайландим.
Жорий йилнинг 11 июнида тахминан соат 21-00 да ўз жонимга суиқасд қилиб, 40 дона Димедрол ва 30 дона Трамбапол ҳапдорисини истеъмол қилдим. Аммо тез ёрдам ходимлари ўз вақтида етиб келиб, ҳаётимни сақлаб қолишди. Жонимга қасд қилишимга мажбур қилган амалдорлар устидан на жиноят иши ва на текширув ўтказилди. Аксинча ана шу воқеадан кейин менга нисбатан таъқиб ва босимлар янада кучайди.
Мен онам Барно Худоёровага нисбатан адолатсизликларга барҳам берилиши, оила аъзоларимизга нисбатан ҳар қандай босимларга чек қўйилиши, онамнинг озодликка чиқарилиши учун курашяпман ва ҳақиқат юзага чиққунча курашавераман. Бу йўлда менга кўмак беришларингизни сўрайман”.
P.S. Мана, элга мададкор бўлмиш тадбиркорни ҳимоя қиламан, дея қандай кўйга тушган журналистнинг, келажагимиз ворислари тақдирига бефарқ бўла олмаган ва камчиликларни рўйи-рост ёзган «тўртинчи ҳокимият» вакилининг, онасини ҳимоя қиламан, деб чорасиз кўйга тушиб қолган қизнинг аҳволи билан танишдингиз.
Айтингчи, ҳақиқатни юзага чиқариш учун нима ва кимга мурожаат қилиш керак?
Наҳотки, жонажон Ўзбекистонимиз бошбошдоқликлар мамлакатига айланиб кетган бўлса?!
Биз адолат қарор топишидан ва мутассади ташкилотларнинг журналист Барно Худоёровага оид жиноят иши билан яқиндан танишиб чиқиб, адолатли ҳукм чиқаришга кўмак беришидан астойдил умидвормиз.
Ахрор Азамат
Журналис опамизни кизларига сабир берсин маслахатим РОС КИДИРМА ДУНЁДАН ДУСТ КИДИРМА ДУНЁДАН БУ ДУНЁ ЁОЛГОНЧИ АДОЛАТ ИЗЛАСАНГИЗ УЗ ХАЁТИНГИЗ ИЗДАН ЧИКИБ ТОПГАНИНГИЗ ХАКИКАТ КИМАТГА ТУШИШИ МУМКИН УЗИНГИЗНИ ОЙЛА АЗОЛАРИНГИЗНИ ХАЁТИНИ ХАФ ОСТИГА КУЙМАНГ ФАХИМ ФАРОСАТЛИ КИЗ ЕКАНСИЗ »
МЎТАБАР ТОЖИБОЕВА , ХАЙРУЛА ХАМИДОВЛАРНИ БИР КАНЧА ХУКУК ФОЛАРИНИ ХАЁОТИГА НАЗАР СОЛИНГ НИМАГА ЕРИШДИ УЛАР ХАКИКАТНИ ГАПИРГАНДИ УЗГАЛАРГА ЁРДАМ БЕРГАНДИ ОКБАДА НИМАГА ЕРИШДИ БИЛА ТУРИБ ЧУГНИ БОСИШ ГАЛАБАГА ИШОНЧ БУЛМАЙТУРИБ ЖАНГА КИРИШ КУШИНГА КАРШИ БИР УЗИНГИЗ КУРАШМОКЧИМИСИЗ МАГЛУБЯТ АНИК БУЛГАН КУРАШДАН ГАЛАБАНИ УМИД КИЛАЯПСИЗМИ ЯХШИЛАБ УЙЛАБ КУРИНГ ОНАНГИЗНИ ЯНАДА КИЙИН АХВОЛГА СОЛИБ КОШ КУЙАМАН ДЕБ КУЗ ЧИКАРМАНГ ОНАНГИЗ КИСКА МУДАТА ОЙЛАНГИЗГА КАЙТСА КЕРАК ТАЙНЛАНГАН ЖАЗШО УНЧАЛИК ОГИР ЕМАС ЕКАН ВАЗЯТНИ ЯНАДА КЕСКНЛАШТИРМАНГ! Дустона маслахатим хозир замон шунака буни бутин жахон куриб турибди натижаси салбий аянчли галабадан манфатли ижобий яакун топадиган маглубят яхши масми ОМАД ЁОР БУЛСИН