“Эзгулик» фаоллари Жаслиқ қамоқҳонасида Азам Фармонов билан учрашдилар!
Пресс-релиз № 16, 21.08.2016 йил
2016 йилнинг 19 август куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова ҳамда жамият фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли (Жаслиқ посёлкаси) муассасасида мамлакат фуқаролик жамияти вакилларидан бири Азам Фармонов билан учрашдилар.
Учрашув чоғида ҳуқуқ фаоллари ҳамкасбининг бугунги аҳволи, ўй-кечинмалари ва соғлиғи билан қизиқишди. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар томонидан унинг озодлиги учун уюштирилаётган петициялар хусусида сўзлашишди.
Азам Фармоновнинг сўзларига кўра, айни кунда унинг соғлиғи яхши аҳволда, қамоқхона маъмурияти ва ходимлар томонидан руҳий ва жисмоний қийноқлар мавжуд эмас. У сўнгги маротаба 3 ҳафта муқаддам жазони ижро этиш муассасасининг тиббий бўлимида ошқозон гастрити хасталигидан даволанган ва ҳозирда ўзини яхши ҳис қилмоқда, ҳамда соғлиқ билан боғлиқ шикоятлари йўқ. Руҳан тетик, ўзининг таъкидлашича, қамоқхонада узоқ муддатдан буён ўтирганига қарамай депрессия ва руҳий тушкунликка тушган эмас.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова учрашув давомида Азам Фармоновга ҳамкасб дўстларининг саломини етказиб, унинг озодликка чиқиши ва фарзандлари олдига қайтишидан умидвор эканини айтди. “Сизни озод қилишларини сўраб, бир муддат тин олганимиз йўқ. Хоҳ мамлакат ичида бўлсин, хоҳ ташқарисида мутасадди идораларга илтимосномалар, мурожаатлар киритиб келмоқдамиз. Буни менимча мунтазам учрашувларга келиб турган оилангиз аъзолари орқали билиб турган бўлсангиз керак” деди Васила Иноятова.
Журналист Абдураҳмон Ташанов эса Азам Фармоновга: “Сизга нисбатан руҳий, жисмоний қийноқлар мавжудми? Бу саволни бераётганимнинг боиси ўтган йилларда халқаро Интернет тармоғида сизнинг қийноқларга тутилаётганингиз ҳақида кўплаб материаллар чиқди…” дея мурожаат қилди.
Ўз навбатида Азам Фармонов: “Мен бу ерга келган пайтимдан бери аҳвол бутунлай ўзгарган. Ҳозир шароит ёмон эмас, аммо қамоқ ўз номи билан қамоқ. Уйга қайтишни, болаларим билан бирга яшашни ўйлайман….” деб жавоб берди.
Учрашув сўнгида қамоқхонадаги шароитдан шикояти йўқлигини маълум қилган Азам Фармонов “Ўз манфаатларимни ҳимоя қилиб, юқори инстанцияларга шикоятлар ёзганман. Менинг ишим борасида воқеалар, кимнинг нима ҳаракат қилаётганидан рафиқам Озода Ёқубова орқали яхши хабардорман. Вазият ўзгаряпти, озодликка чиқишдан умидворман. Сизлар билан учрашишимнинг ўзи вазиятнинг яхши тарафга ўзгараётганига ишора” дейди.
Айни пайтда Азам Фармоновнинг жиноят иши бўйича жамоатчи ҳимоячи бўлган журналист Абдураҳмон Ташанов Жаслиқдаги учрашувлардан сўнг Қорақалпоғистон прокуратураси, Олий суди ҳамда Ички ишлар вазирлигига кириб, шикоят ва илтимосномалар топширди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати
Fikr bildirish