Қийноқ қурбони Раҳим Ибодов қамоқхонадан Сангородга ўтказилган
Куни кеча Бухоро вилояти Бухоро шахри Элобод кўчаси 15 уйда яшовчи Хурсанд она Ражабова мудхиш бир хабарни эшитиб ўзини қўйгани жой топа олмай қолди. Не эмиш, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани УЯ 63/3 “Товоқсой” Жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган ва соғлиги ёмон бўлишига қарамасдан ғишт заводида ишлаётган Раҳим Ибодов Сангородга ўтказилибди.
Унинг кенжа ўғли Илҳом Ибодовнинг қийнаб ўлдирилиши ортидан мана бир йилга яқинлашмоқдаки онахонни бош уриб бормаган остонаси, ўғлини қотилларини жазоланишларига кўмак беришни сўраб мурожаат қилмаган идораси қолмади.
Оиласининг тиргаклари бўлмиш икки ўғлини туҳматлар уюштириб қамаганликлари ва орадан 28 кун ўтгач тупроққа кўмилган қийноқлардан пажмурда бўлган ўғли Илҳомни мурдаси хали кўз ўнгидан кетмай турган бир пайтида сохта айблар билан қамалиб, қийноқларга солинган ва адолатсиз судловнинг айблов хукми билан 8 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган ўғли Раҳимжонни Сангородга ўтказилганлиги ҳақидаги ҳабар онахонни яна бир бора синдирди.
У бу ўғли Раҳимжонни ҳам қийнаган бўлишлари мумкинлиги, чунки Илҳомнинг ўлимига алоқадор қотилларни жавобгарликка тортишни тинимсиз талаб қилишлари ортидан Бухоро вилоят МХХси вакиллари – қўли қонга ботган қотиллар ўзларининг ҳамтовоғи, ёлланма адвокат Жалил Хожиев орқали МХХнинг жаллодларига қарши харакатларини тўхтатмасалар қамоқда ётган Раҳимга ёмон бўлишини айтиб Ибодовлар оила аъзоларини қўрқитаётгандилар.
Бугун Ибодовлар оила аъзолари Раҳим Ибодовга нисбатан қийноқ қўлланилган – қўлланилмаганлигини аниқлаш ва унинг сангородга олиб ўтилиши сабабларини билдиришларини талаб қилиб Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига қарашли Жазони Ижро Этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев номига шошилинч равишда телеграмма жўнатдилар.
Ушбу телеграммада қуйидагилар баён қилинганди:
Мухтарам Абдукарим Шодиев!
Мен адолатсизлик қурбони бўлган ва бир ўғли қийноқлар остида ўлдирилган, иккинчи фарзанди мустақил бўлмаган суднинг хукми билан 8 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган бир она сифатида давлатнинг ихтиёрида бўлган, УЯ 64/3 “Товоксой” Жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган ўғлим Раҳим Ибодовнинг Сангородга ўтказилгани ҳақидаги хабарни эшитганимдан кейин сизга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман.
Мен бир муштипар онанинг юрагидаги хадиги, хавотирини йўқотиш учун жавоб беринг, менинг ўғлим Раҳимжонга нисбатан яна қийноқ қўлланилдими? Унга қамоқхонадаги “лохмачлар” орқали азоб берилдими? Нега менинг ўғлим Сангородга ўтказилди? Менга ўғлим билан кўришишим ва унинг аҳволини ўз кўзим билан кўриб, хотиржам тортишим учун учрашувга рухсат берасизми? Менга ва оила аъзоларимга ўғлим Рахимжоннинг бугунги вазияти ҳақида ёзма жавоб хати берасизми?
Сизни ва қўл остингиздаги ходимларингизни ҳам мен каби она туққан. Онага фарзанд доғини кўрсатмасин экан! Сиздан ўтиниб сўрайман менга ўғлим Раҳимжон билан учрашишимга рухсат беринг!
Сиздан умид қилиб қолувчи Хурсанд Ражабова”
2015 йилнинг 16 август куни уюштирилган фитна ортидан қамоққа олинган ва 2015 йилнинг 13 сентябригача давом этган узлуксиз қийноқларга солинган Ибодовларнинг кичиги Илҳом Бухоро вилояти Миллий Ҳавфсизлик Хизмати Бошқармасининг Тергов изоляторида, яъни МХХ ертўласида қийнаб ўлдирилган, Раҳим эса Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судининг судяси Ш.А.Тўхтаевнинг 2016 йил 15 февраль кунги айблов хукми билан 8 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинганди.
БМТнинг қийноқларга қарши кўмитасига Илҳом Ибодовни қийнаб ўлдирилгани юзасидан шикоят топширилганидан кейин Раҳим Ибодовнинг Сангородга ўтказилиши ортида унга нисбатан яна қийноқлар қўлланилган бўлиши эхтимоли борлигини тахмин қилганимиз сабабли БМТнинг қийноқларга қарши кўмитаси махсус маърузачисига Ўзбекистон хукуматидан Раҳим Ибодовнинг тақдири ҳақида оила аъзоларига ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига ҳамда БМТнинг қийноқларга қарши кўмитасига зудлик билан маълум қилишини талаб қилишни сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз: Бухоро вилоят МХХ амалдорларининг ҳар ойда олиб ўрганган тўловлари 2000 АҚШ долларини 5000 АҚШ доллариг кўтарганлари ортидан ўртада келиб чиққан келишмовчилик сабаб Бухоро шахрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келгувчи ака ука Ибодовлар 2015 йилнинг 16 август куни ғайриқонуний тарзда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланиб даставвал 10 суткаданга, кейин 15 суткаданга маъмурий жавобгарликка тортилгандилар.
Шу орада Ибодов Илҳом қамалишларига сабаб бўлган омиллар ва бунинг айбдорлари ҳақида ташқарига яна бир амаллаб хабар чиқариш мақсадида қоғоз қоралаб, 4 вароқдан иборат маълумотни ёзган. Қўлга олинганида айнан маъмурий органлар томонидан тақдим этилган ёлланма адвокат Жумаев Жалилнинг қўлига берган ва бу хужжатни кимга етказиб бериши кераклигини уқтирган. Адвокат бу маълумотни айтилган одамга эмас, жиноятчи амалдорлар қўлига топширган. Янги маълумотни қўлга киритган жиноятчи мансабдорлар Ибодов томонидан жўнатилган маълумотни олиши керак бўлган инсоннинг хонадонига ҳар эхтимолга қарши кечаю кундуз назорат ўрнатганлар.
Хожиев Жалил нафақат адвокатлик ваколатини суисътемол қилган, балким ўз ҳимоясидаги махбусларнинг қонуний ҳаққи ҳуқуқлари бузилаётгани, оёқ ости қилинаётганини кўра била туриб, ўзига ишонч билдириб, ҳимоя қилишидан умидвор бўлган инсонларнинг қийноқларга солишига хисса қўшган. Охир оқибат Илҳом Ибодовнинг ўлимига ўша уни қийнаб ўлдирган қотиллар билан тенг ўша ёлланма адвокат ҳам айбдордир. Хожиев Жалилнинг фақатгина жиноятчи мансабдорлар манфаатини учун ишлаётганини билиш учун оила аъзоларига анчагина вақт кетган. Бу орада Илҳомни қора тупроққа қўйдилар.
Ака–укаларни сохта айбловлар билан маъмурий жавобгарликка тортиб, Вилоят ИИБ ВСХ ертўласига қамаганларидан кейин Илҳомнинг тинчланмаётганидан хавотирланган амалдорлар уни ўлдиришга қарор қилганлар ва унга нисбатан қийноқларни кучайтирганлар.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, авваллари Қоровулбозор туманида жойлашган қамоқхонанинг куратори бўлиб ишлаган Ражабов Равшаннинг кўмаги билан “ўта хавфли рецидевист”лар сақланадиган қаттиқ режимли УЯ– 64/25–ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётган, маъмуриятнинг топшириғи билан қамоқхонадаги махкумларга қийноқ қўллаш билан узлуксиз шуғулланиб келувчи бир неча мартадан судланиб, судларнинг хукми билан “ўта хавфли рецедевист” деб танилган 4 нафар “лахмач”ларни Бухоро вилоят ИИБ ВСХга келтирганлар.
Даставвал “ўта хавфли рецедивист”лар сақланадиган Қоровулбозор қамоқхонасидан келтирилган Джумаев Рустам, Иноғомов Умид, Сафаров Жамшид ва Иванов Александрларни Рахим ётган камерага киритганлар. Улар Рахимга “Бизларни уканг Илҳомни қийнаб ўлдиришимиз учун олиб келишди. Бизларга шундай буйруқ берилган” дейишган. Бунингдек иқрорликни эшитиб ўзини йўқотиб қўйган Рахим бу жиноятчиларга яна бошлаган ва укасига зиён етказмасликни ялиниб ёлворган. Бу “лахмач”лар эса “Буйруқ катталардан чиққан, уларга айт дардингни” дейишган.
Ҳақиқатан ҳам ВСХдаги қийноқларда Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи Шокир Ўринов ва унинг ўринбосари ҳам бевосита иштирок этганлар, Ибодовларга нисбатан қийноқлар қўллаганлар. Бу 4 нафар “лахмач”ларга ҳар куни Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғининг ўринбосари шахсан ўзи кўчанинг камёб таомларидан, мева–чевалар, озиқ–овқат, сигарет ва бошқа керакли нарсаларини олиб келиб бериб, таъминлаб турган.
“Лахмач”ларни олиб келинганларидан кейин ҳаммасини бирданига ташқарига олиб чиқиб кетганлар ва узоқ муддатдан кейин уларни қайтариб олиб келиб Илҳомнинг ёлғиз ўзи ётган камерага қамаганлар. Шундан кейин улар Илҳомга нисбатан ваҳшиёна қийноқларни қўллашни бошлаганлар. Бошқа пайтларда эса “Лахмач”лардан 2 тасини Илҳомни ётган камерада қолдириб, иккитасини бошқа камераларда сақлаб турганлар. Илҳомни қийнаб, азоблаб холдан тойган бу жиноятчиларга дам бериб, энди Илҳомнинг ёнига қолган иккитасини киритганлар унга азоб беришлари, қийнашлари учун. “Лахмач”лар Илҳомни қўлларини боғлаб аёвсиз калтаклаганлар.
Илҳомни руҳан синдира олмаганларидан ва айтганларини қилдира олмаганларидан кейин амалдорлар бўйруғига асосан “лахмач”лар Илҳомнинг кўзи ўнгида Рахимни калтаклашга, қийнашга тушиб кетганлар. Ибодовларни тинимсиз калтакланишлари, қийноқларга солинишлари эвазига уларнинг иккиси ҳам хушдан кетганлар ва буйраклари ишламай қолган. Уларнинг аҳволи оғирлашиб қолгани сабабли доктор келган ва ака–укаларга муолажа қилганидан кейин улар ўзларига келганлар.
Раҳимнинг аҳволи оғирлашиб қолганидан кейин уни қийнашни бас қилганлар, лекин Илҳомни тинмасдан калтаклайверганлар. Илҳомнинг ўзининг кўзи ўнгида азоблаётганликлари учун ҳам Рахим улар қандай тарзда иқрорнома ёзиб беришга мажбур қилишган бўлса худди шундай тарзда қилмаган жиноятларини қилганлигини тан олиб Иқрорнома ёзиб беришга мажбур бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси катта суриштирувчиси 2–даражали ҳуқуқшунос М.Асланов мана шундай мажбурий тарзда, қийноқлар остида Бухоро вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи номига ўз айбига иқрорлик аризаларини Ибодовларга нисбатан жиноят иши қўзғатишга асос қилиб олган.
Буни М.Асланов томонидан расмийлаштирилган ва имзоланган 780192–сонли жиноят иши бўйича тўпланган хужжатлар тўплами Рўйхати 1–жилдига тикилган 19–рақамли хужжат – Ибодов Рахим ва Илҳомни МХХ Бухоро вилоят Бошқармаси бошлиғи номига ёзган “Ўз айбига иқрорлик ҳақидаги аризалари”ни юборилганлиги ҳақидаги МХХнинг 35/1744–сонли алоқа хати ҳам тасдиқлайди.
Ибодов Рахим Аслановга бунингдек хатти харакатлар қонунга зид эканлигини, уларни бу аҳволга солиниши жиноят эканлигини айтиб, қонунга итоат этишларини сўраб ёлворганида Асланов бу ака укаларнинг иши айнан МХХ идораси рахбарларининг назоратида эканлиги, уларнинг буйруқларига қарши харакат қила олмаслигини, қўлидан ҳеч нима келмаслигини, МХХдагиларни буйруқларини бажаришга мажбур эканлигини айтиш билан чегараланган..
Раҳим ва Илҳом Ибодовларни қийнаб, мажбурлаб ёздирилган “Ўз айбига иқрорлик ариза”ларини тергов органига юборилганлиги ҳақидаги жиноят ишининг 1–жилди 184-вароғида тикилган МХХнинг 35/1744–сонли алоқа хати ҳам тасдиқлаб турибди. Ахир маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганликда айбланиб ВСХда сақланаётган инсонлар нега ўзларидан ўзлари айнан Бухоро вилоят МХХнинг бошқарма бошлиғи номига “Ўз айбига иқрорлик ариза”лари ёзиб бердилар экан, ахир у пайтда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган ҳам эди ва кейинчалик қўзғатилган жиноят иши тергов харакатларини прокуратура органи олиб борган эди.
Мана шундай қийноқлар остида Ибодовлардан Бухоро вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи номига “Бизларнинг чўлда еримиз бор ва у ерда 10 нафар рус миллатига мансуб бўлган йигитлар ишлашади. Биз уларни топшириқларимизни сўзсиз бажаришлари учун калтаклаб турамиз. Бизларни 10 та ховли уй жойимиз ва машиналаримиз бор. Бизларга чет давлатдан ҳар ойда пул юбориб туришади. Биз Рахим, Илхомлар онамиз билан билан хаж сафарига Қирғизистон орқали яширинча йўллар билан ноқонуний тарзда борганмиз” деб ёздириб олишган. Ибодовлар Хажга оналари билан Қирғизистон орқали ғайриқонуний эмас, 2014 йил 18–сентябрь куни Бухоро шахар хокимиятиниг қарори ва шахардаги Масжиди калон томонидан борганларини айтганларида улар айтганидек тарзда ёзишни талаб қилганлар.
Илҳом Ибодовнинг ўлимидан кейин 10 нафар рус йигитларини уриб, қийнаб ўзларига қарашли чўлдаги ерларида ишлатишлари, чет давлатлардан пуллар келиб туриши, 10 та ховли ва қатор қатор енгил автомашиналари борлиги, шунингдек Хажга ғайриқонуний тарзда борганликлари ҳақидаги иқрорликлар ўз–ўзидан йўқ қилинди. Жиноят иши материаллари ичида ҳам булар баён қилинган бирор вароқ хужжат тиркалмаган.
Қамоқхонанинг 4 та лахмачидан қийноқ қўллашда фойдаланилди ва улардан 2тасигина қўллаган қийноқлари учун 3 йилдан қамоқ жазосига хукм қилиндилар. Асосий қотиллар эса ҳамон амал курсисини эгаллаб ўтирибдилар.
Джумаев Рустам Бабаевич – 1972 йил 10–ноябрда Андижон вилоятининг Мархамат туманида туғилган, фуқаролиги мавжуд бўлмаган. Қамоққа олингунча Тошкент вилояти Олмалиқ шахри Ибн Сино кўчаси 79–уй, 14–хонадонда яшаган.
Рустам Джумаев уч марта судланган. Учинчи марта ЖИБ Тошкент вилоят судининг 2011 йил 9–март кунги айблов хукмига кўра ЖКнинг 97–моддаси 2–қисминининг “ж, и, п” бандлари билан ва 227–моддаси 2–қисмининг “в” банди билан, ЖКнинг 59–моддасига асосан 22 йилга озодликдан махрум қилинган ва шу Кодекснинг 34–моддасига асосан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган.
Олдинлари наркотик моддалар истеъмол қилиш, сотиш ва бошқа моддалардаги жиноятларни содир қилган бўлса охирги марта ЖИБ Тошкент вилоят судининг 2011 йил 9–март кунги хукми билан қотиллик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб 22 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган. Унинг озодликка чиқиш муддати суд хукмига кўра 2033 йилга тўғри келарди.
Инагамов Умиджон Абилджанович – 1970 йил 26–апрелда Тошкент шахрида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий маълумотли, қамалгунча Тошкент шахар Чилонзор тумани Гулистон кўчаси 31–уй 61–хонадонда яшаган.
Иноғомов Умид 6 марта судланган ва охирги ЖИБ Тошкент шахар судининг 2014 йил 16–декабрь кунидаги суд хукмига кўра ЖКнинг 168–моддаси 2–қисмининг “а, б, в” бандлари, 168–моддаси 2–қисмининг “б” банди, 25, 28, 211–моддаси 2–қисми “а, б” бандлари ва 211–моддаси 2–қисмининг “а” банди билан айбли топилиб, 7 йил муддатга озодликдан махрум қилиниб, ЖКнинг 34–моддасига асосан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган ва 7 йилга қамоқ жазосига тортилган. Унинг қамоқдан озод бўлиш муддати 2021 йилга тўғри келган.
Хўш нима учун бу ўта хавфли рецидивистлар жазони ўтаётган жойлари Қоровулбозор қамоқхонасидан Бухоро вилояти ИИБ ВСХга олиб келинганлар?
Нима учун улар айнан ака–ука Ибодовларга ғайриқонуний равишда хибсга олиниб, маъмурий қамоқ жазоси берилганидан кейин, яъни 20–август куни олиб келинганлар?
Нима учун бу ўта хавфли рецидивистларни Тергов изоляторида эмас, вақтинчалик сақлаш хибсхонасига, яна маъмурий жавобгарликка тортилган фуқаролар билан битта камерага қамаганлар?
Кейинчалик Илҳомнинг вафотидан кейин Ибодовлар оила аъзоларининг тинимсиз шикоятларидан кейингина, яъни Илҳом Ибодов қийнаб ўлдирилганидан 2 ойдан сўнггина нима учундир Қоровулбозор қамоқхонасидан олиб келинган махкумларнинг ҳаммасига эмас, фақатгина Умид Иноғомов ва Джумаев Рустамларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган холос. Қоровулбозордан олиб келинган Ибодовларни ваҳшийларча қийноқлар қўллаган ўта хавфли рецедивистлар Сафаров Жамшид ва Иванов Александрларни бирор хужжатда эслашмади ҳам.
Иванов Александр йўғон гавдали ва бутун баданлари тотилировка билан бежаб ташланган важохатли кимса эди. Унинг ва шериги Сафаров Жамшидлар ҳам ўз жиноий қилмишлари учун жавоб беришлари керак эди аслида.
Бу ўта хавфли рецедивистларни атайлаб Ибодовларни қийнаш ва Илхомни ўлдиришига иштирок этишлари учун Коровулбозор қамоқхонасидан олиб келиб маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланган, бу айблар суднинг қарори билан эмас, шунчаки Илҳомни йўқ қилишга қарор қилган амалдорлар манфаати учунгина Вилоят ИИБ ВСХга қамалган Рахим ва Илҳом Ибодовлар билан бир камерада қўйилиши Ўзбекистон Республикаси қонунларига зиддир.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27–июлда қабул қилинган ва 2011 йилнинг 26–августида Сенат томонидан тасдиқланган Республика Президенти Ислом Каримов томонидан 2011 йил 29–сентябрь куни № ЎРҚ–298 рақам билан имзоланган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни”нинг 41 – “Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни камераларда алоҳида-алоҳида жойлаштириш” моддасида “Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни камераларда алоҳида–алоҳида жойлаштириш уларнинг шахсини ва психологик жиҳатдан мослигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда бир–биридан алоҳида сақланади ва камераларга жойлаштирилади:
Жиноий жавобгарликка биринчи марта тортилаётган шахслар илгари озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланган шахслардан алоҳида сақланади.
Қуйидагилар бошқа ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлардан алоҳида сақланади:
ўта хавфли рецидивистлар; маҳкумлар…” дейилган.
Айни шу кунларда эса Илҳом ҳам Рахим ҳам ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар эмас, ғайриқонуний бўлсада маъмурий ҳуқуқбузарлар эдилар холос. Уларни ўта хавфли рецедистлар билан битта камерага қўйилишларини сабаблари биттагина холос – Ибодовларни қийнаб, улардан ўзлари истаган тарздаги иқрорлик кўргазмаларини олиш ва Илҳомни ўлдириш бўлган.
Илҳом Ибодовнинг ўлимидан кейин оила аъзолари Рахим Ибодовнинг ҳам қийноқ қурбони бўлганлиги ҳақида турли давлат идораларига шикоятлар билан мурожаатлар қила бошлаганлар. Шунда шикоятларни ҳаққоний текшириш, шикоятлар ёзилган Республика маъмурий органлар вакиллари томонидан комиссиялар тузиб укаси Илҳом Ибодовнинг қийнаб ўлдиришининг гувоҳи ҳисобланмиш Рахим билан учрашиб, ундан ҳақиқатни аниқлаш ўрнига маъмурий органлар вакилларининг жиноятларини яшириш мақсадида бу шикоятлар айнан мана шу қийноқ иштирокчиларига жўнатиш билан чекланганлар.
Қийноқлар ва қотиллик жиноятини содир қилган МХХ вакиллари Юнусов Азим, Баходир ва Иномларнинг қилмишларини яшириш учун ва ўзининг Ибодовларга алоқадор қалбаки жиноят ишининг фош бўлишидан қўрққан Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Юлдаш Расулов ўзи ишлайдиган прокуратура ва МХХ вакилларининг жиноятларини изларини яшириш учун ҳам қалбаки хужжатларни расмийлаштиришни давом эттирган.
Биринчи ўринда Илҳом Ибодовнинг ўлимидан кейин ака ука Ибодовларга нисбатан очилган жиноят иши тергов харакатларини давом эттирган терговчи Юлдаш Расулов бир пайтнинг ўзида, яъни ноябрь ойидан бошлаб Бухоро вилоят ИИБ ВСХда Илҳом Ибодовга қийноқ қўллаган ўта хавфли рецидивистларга нисбатан очилишга мажбур бўлинган тергов харакатини ҳам олиб борган. Расул Юлдашев ўзи фаолият юритиб келаётган прокуратура тизимидаги қалбакиликларни, қотиллик жиноятига шерикликни яшириш мақсадида жиноятга қўл урган.
Ҳудди шу мақсадда ёлланма адвокат Жалил Хожиевнинг “беминнат хизмат”ларидан фойдаланиб, 29 сентябрь кун билан расмийлаштирган Ибодов Рахимга нисбатан суд тиббий экспертизаси тайинлаш ва унинг баданларида қийноқ излари бор йўқлигини аниқлаш учун чиқарган қалбаки қарорни сохталигини била туриб, бу ёлланма адвокат ўзи ва шерикларининг жиноятларини яшириш мақсадида 2015 йилнинг 28 ноябрь кунги муддат билан расмийлаштирилган “Айбланувчи Рахим Ибодовни ва уни ҳимоячисини экспертиза тайинлаш қарори билан таништириш Баённомаси”га айбланувчи Рахим Ибодов қарор билан танишишдан воз кечганлигини тасдиқлаб, имзо чеккан.
Бу қарорнинг сохталиги шу билан аниқланадики, ушбу қарор 29 сентябрь куни қабул қилинган бўлса Рахим Ибодовнинг ўша пайтдаги оиласи томонидан ёлланган адвокати Икром Ражабовни эмас, оила вакиллари томонидан четлатилган ёлланма адвокат Жалил Хожиевни бу процессуал харкатда иштирок этишга жалб қилинган. Иккинчидан “29 сентябрь кунги қарор билан нима учун орадан 2 ой ўтганидан кейингина таништириляпман?” деб савол берадиган адвокат эмас ўзларига қарашли адвокат орқали Рахим Ибодовга нисбатан қийноқ қўлланилмаган деган муждани бермоқчи бўлганлар.
Рахим Ибодов 2016 йилнинг февраль ойида бошланган суд жараёнида жиноят иши материаллари орасига тикилган уни суд тиббий экспертизадан ўтказиш қарори ҳам, ушбу қарор билан таништириш баённомаси ҳам, ушбу қарорга асосан суд тиббий экспертизасидан ўтказилганлиги ҳақидаги хулоса ҳам қалбаки эканлиги, ҳеч қандай экспертизадан ўтказилмаганлиги ҳақидаги кўргазмаларини суд инобатга олмаган.
Кейинчалик Ибодовлар оиласига берган ҳуқуқий қўмагимиз билан ўз ҳимоясидаги беайб тадбиркорларни қийноқларга солиб, сохта айблар билан жиноий жавобгарликка тортишларига, Илҳомнинг эса қийнаб ўлдиришларида иштирокчи бўлган ёлланма адвокат Хожиев Жалил устидан қилинган шикоятларга Алдия Вазирлиги тизимидаги мансабдорлар қониқарсиз жавоб бериш билан чегараландилар.
“2015 йилнинг 16 августидан 20 августигача ака ука Ибодовларни Бухоро вилоят ИИБ ВСХда Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқармасининг Жиноят қидирув ва Терроризмга қарши курашиш бошқармасининг “Барбос” лақабли инспектори (унинг исми Умид бўлиши мумкин), Бухоро вилоят Миллий Ҳавфсизлик Хизмати Бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Рустам Азимов, шунингдек Бухоро вилоят Ички ишлар Бошқармаси бошлиғи Шокир Ўринов ва унинг бизга исми шарифи номаълум бўлган ўринбосари, бундан ташқари Бухоро вилоят МХХ бошқармаси вакиллари Юнусов Азим ва Иномлар қийнаб, ёлғон кўргазмалар беришга мажбурлаб азоблаганлар.
Ибодовларни ВСХга қамаганларидан кейиноқ Илҳом сақланаётган якка кишилик камерага “Барбос” кириб борган ва унинг қўлига кишан солиб, қийнай бошлаган. Унинг кетидан камерага кириб борган Бухоро вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келган МХХ полковниги Рустам Азимов Илҳомдан ўзига таниш бўлган юқори лавозимда ишлайдиган амалдорларга пора олишларида воситачилик қилганликни тан олиш ва улар айтган амалдорларга жиноят иши қўзғатиш учун уларнинг жиноятлари ҳақида кўргазмалар беришга мажбур қила бошлаган.
Илҳом уларнинг ғайриқонуний талабларига буйсунмаганидан кейин “Барбос” билан Рустам Азимовлар бирин кетин Илҳомни қийнай бошлаганлар ва энди уларнинг қўлидан тирик чиқмаслигини айтиб калтаклашни давом эттирганлар. Илҳомга босим ўтказиш мақсадида Рахимни, Рахимни бўм бўш қоғозларга имзо чекишга мажбур қилиш мақсадида Илҳомни тинимсиз қийнаганлар.
Укасини ўлдириб қўйишларидан ва улар айтганидек оила аъзоларини, қари онасини ва вояга етмаган қизларини диний эстремизмда айблаб, қамашларидан, уларга ҳам шунингдек азоблар беришларидан қўрққан Рахим Ибодов бўш қоғозларга ва унга имзо чекиш учун берилган қандайдир хужжатларга қарамасдан, ўқимасдан имзо чекиб беришга мажбур бўлган. Ўзини қийнашларига дош берган Илҳом ҳам акаси Рахимни ўзининг кўзи ўнгида қийнашларига дош бера олмай, акасини қийнашларини тўхтатишлари учун бўш қоғозларга ва олдиндан расмийлаштириб қўйилган жиноятларига иқрорлик кўргазмаларига ўқимасдан туриб имзо чекиб беришга мажбур бўлган.
Шундай қийноқлар қўлланилиши натижасида аҳволи оғирлашиб, хушидан кетган ака ука Ибодовларни хушларини ўзларига келтириш ва қийноқларни давом эттириш мақсадида тез тиббий ёрдам чақирганлар. Тез тиббий ёрдам шифокорлари Ибодовларнинг жигарларига оғир жарохат етказилгани сабабли аҳволлари оғирлашганини айтиб, Ибодовларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатганлар.
Рахим Ибодовнинг жигарига ёмон шикаст етгани учун ундан қон кела бошлаган ва унинг аҳволи оғирлигини хисобга олиб, вафот этишидан хавотирланганлари сабабли унга қўлланилаётган қийноқларни бироз пасайтирганлар. Лекин уларнинг талабларига бўйсунмасдан, ёлланма адвокатга ўзи ва акасининг қамоққа олинганлари сабаби ва уларга қўлланилаётган қийноқлар ҳақида шикоят ёзиб, айтган одамига олиб чиқиб беришини сўраб ёлланма адвокат Жалил Хожиевга берганидан кейин адвокат Илҳомнинг шикоятини айтилган манзилга эмас Ибодовларни қийноқларга солаётган МХХ вакилларига берганидан кейин Илҳомни ўлдиришга қарор қилганлар ва бунинг учун қалтис қадамни қўйганлар.
Ибодовлар масаласида чоп қилиинган материалларда баён қилганимиздек Рахим ва Илхом Ибодовлар икки марта маъмурий тартиббузарликда айбланиб, 16 августдан бошлаб то 10 сентябргача жаъми 25 суткалик қамоқ жазога тортилганлар. Шу маъмурий жазо муддатини ўташ пайтларида уларга нисбатан қўлланилган вахшиёна қийноқлар натижасида Бухоро вилояти МХХ бошқармаси бошлиғи номига “Ўз иҳтиёри билан айбига иқрорлик аризаси”ни ёзишга мажбур бўлганлар.
Бухоро вилоятидаги тадбиркорларни эркин ишлашларига доимий тўсқинлик қилиб келган ва тахдидлар орқали тинимсиз поралар олиб келаётган маъмурий органларда катта лавозимларни эгаллаб ўтирган погонли жиноятчиларни фош қилишга бел боғлаганини ошкора айтгани учун ҳам ўлдиришга хукм қилинган Илхомни азоблаб ўлдириш мақсадида Бухородаги “Қоровулбозор” қамоқхонасида махсус топшириқ билан олиб келинган ўта хавфли рецидевист “лахмачлар” Умид Иноғомов, Рустам Джумаев, Сафаров Жамшид ва Иванов Александрларни қонунга зид равишда Бухоро вилояти ИИБ бошқармаси ВСХ (Вақтинчалик сақлаш Хибсхонаси)га Ибодовлар ўтирган камераларга жойлаштирилганлар.
Бу ўта хавфли рецивистларни 20 августдан бошлаб 10 сентябргача ака ука Ибодовлар билан, асосан Илҳом Ибодов билан битта камерага ёлғиз ўзини қамаганлар ва 4 нафар “лохмач”лар Илҳомни узлуксиз қийнаганлар, хўрлаганлар, тахқирлаганлар.
10 сентябрдан 12 сентябргача, яъни Ибодовларни МХХнинг ертўласига олиб ўтганларидан токи Илҳомни қийнаб ўлдургунларича Бухоро вилоят МХХ вакиллари Юнусов Азим, Ином ва Баходирлар Илҳомнинг камерасида унга инсон зоти чидаб бўлмайдиган азобларни берганлар, қийнаб деворларга ирғитганлар, товонларига тагига бигиз тиқиб, баданларини моматалоқ қилганлар.
Аслида Ибодовлар оила аъзолари бир неча ойлардан буён мен ва менинг ташкилотим билан ҳамкорлик қилаётгани ва маълумотларни, хужжатларни тақдим қилганликлари учун мен билан ҳамкорликка чек қўйиш талаби билан ўша ёлланма адвокат Джумаев Жалил орқали Ибодовларнинг синглиси Дилфуза Ибодовага босим қилганлар, акасининг қотилларидан кечирим сўрамаса қамоқда қолаётган акаси Рахимга ёмон бўлиши ҳақида айтиб қўрқитган.
Ушбу талабга кўнмаганидан кейин кечки сменадан ишдан қайтаётган Дилфузани ойнаклари қорайтирилган ва номерсиз машинада бир нечта фуқаро кийимидаги кимсалар кузатиб юрганлар. Машинадан бири чиқиб келиб Дилфуза билан қадамма қадам унинг уйигача эргашиб борган. Ўша пайтда Дилфуза ўша кимса ўзини бўғишга ёки пичоқ санчиб ўлдиришга имкон пойлаяпти деган ҳаёлга бориб жуда ҳам қўрқиб кетган. Шундан буён унинг ва Рахимнинг турмуш ўртоғининг ишдан қайтишларини кечаси 2гача қари ва касалванд онаси набираларини ҳам ухлатмасдан олиб ўтиради ва ва набиралари билан катта йўл бўйига чиқиб келини ёки Дилфузани кутиб уйга олиб келадиган бўлганлар.
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари
Fikr bildirish