Толиб ЁҚУБОВ: Ислом Каримов мероси – Коммунистик тузум ва атамалардан воз кечиш вақти келди
Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари диққатига
1-қисм
(Тарих ва Таклиф)
Ислом Каримов 1989 йил июнида СССР Компартияси Сиёсий бюроси томонидан Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР)нинг давлат раҳбари этиб тайинланганда ўзбек тилини мутлақо билмас эди. У ўқув масканлари мактабни ҳам, институтни ҳам ва, ҳатто, Марксизм – Ленинизм университетини ҳам рус тилида битирган.
Руслаштириш сиёсати авж олган пайтда раҳбарлар орасида рус аёлларига уйланиш мода эди. И.Каримов икки марта уйланди, аёлларининг иккаласи ҳам рус миллати (ёки руслашган, чала рус оила)дан бўлган. Яхши эсимда, руслашган ўзбеклар орасида (бошқа миллатлар орасида ҳам) раҳбарлик лавозимларини эгаллаш осон ва юқори эди.
Ўз миллатининг тилини билмасдан давлатни бошқариш қийин эканини тушунган И.Каримов дарҳол Ўзбекистон Фанлар Академияси А.Навоий номли тил-адабиёт институтининг директори Бахтиёр Назаровни давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказди. Б.Назаров ўзбек тилини чала-чулпа ҳам билмайдиган И.Каримовни бир йил ичида чала-чулпа гапирадиган одам даражасигача олиб чиқди. И.Каримов ўлганига қадар ўзбек тилида чала-чулпа гапиришдан нарига ўта олмади. Унинг ўзбеклар ва Ўзбекистонга нисбатан муҳаббати шу қадар »юқори» эди.
Мен бу гапларни ёш авлод 1989 йилда Москва томонидан Ўзбекистонга қандай шахс раҳбар этиб тайинланганини билиши керак, деган мақсадда ёзмоқдаман.
Ислом Каримов қонун чиқарувчи орган Олий Мажлисга Ўзбекистон Конституциясининг (1992 йил 8 декабрь) 1-моддасини »Ўзбекистон суверен демократик республика» кўринишида қабул қилдиргани мамлакатда демократик ҳуқуқий давлат тузиш мақсади бўлганлигидан эмас, албатта. Ўша пайтда, 90-чи йиллар бошида, ҳамманинг, шу жумладан дунё демократик ҳамжамиятининг ҳам, нигоҳи СССРдан чиққан янги давлатлар қандай сиёсий йўлни танлайди, деган саволга қаратилган эди.
Яхши эсимда, Саудия Арабистони (СА) раҳбарлари ўзларига диндош бўлган Ўзбекистон исломий давлат йўлини танлаши тарафдори эди. СА раҳбарлари амалий қадамларни ҳам қўйишди – икки йил ўзбекистонликлар учун ҳаж сафари бепул бўлди, САнинг Тошкентдаги элчихонаси орқали миллион дона Қуръони Карим бепул тарқатилди, И.Каримов САга сафар қилди, номоз ўқимаса-да, Каъба эшиги унга очилди, у САлик ўзбек бойлари билан йиғин ўтказди ва уларга ўз сармояларини Ўзбекистон иқтисодига киритишни таклиф қилди.
Бироқ, И.Каримов тез орада ниятидан қайтди ва диндор мусулмонларга қарши шафқатсиз уруш очди – қатор диний уламолар ўлдирилди, ўғирлаб кетилганлари бедарак йўқолди, минглаб ёш мусулмон йигитлар қамоққа ташланди. Хуллас, И.Каримов СА раҳбарлари таклиф этган йўлни танламади.
И.Каримов демократик ривожланиш йўлини ҳам танламади, чунки у ашаддий коммунист бўлиб, коммунистик ғоя унинг қон-қонига сингиб кетган эди. СССР коммунистик ғоя устига қурилган давлат бўлиб, унда Ғарб демократиясининг ҳатто »д»си ҳам йўқ эди.
80-чи йиллар охири ва 90-чи йиллар бошида коммунистик истибдодга қарши СССРда бошланган халқ ҳаракатларига И.Каримовнинг қарши чиқиши, коммунистик ғоя, СССР коммунистик давлат сифатида сақланишига тарафдор эканлиги ва Москвага содиқлигини ҳеч бўлмаганда унинг ушбу ҳатти-ҳаракатларидан англаш мумкин:
(а) 1991 йил 5 майда И.Каримов »Известия» газетаси мухбири Д.Орловга интервью беради. Эътибор қилинг – ўша пайтда СССРнинг қатор республикалари аллақачон ўз мустақиллигини эълон қилишган эди. Мухбирнинг »Сиз Ўзбекистоннинг мустақиллиги тарафдоримисиз ёки СССРни сақлаб қолиш тарафдоримисиз» деган саволига И.Каримов »Биз СССРдан чиқмаймиз, биз унга катта қийинчиликлар билан эришганмиз» деб жавоб берди;
(б) Шу санадан 3,5 ой ўтгач, И.Каримов 1991 йил 19 август куни Москвада уюштирилган (ГКЧП – Государственная комиссия по чрезвычайным ситуациям) давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлади. ГКЧП раҳбарлари айнан СССРни сақлаб қолиш учун давлат тўнтаришини уюштиришган эди. Давлат тўнтариши 21 августда бостирилади. Шундан 10 кун ўтгач, И.Каримов шоша-пиша Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилди;
(в) И.Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон депутатлар делегацияси Москвада ўтказилган СССР халқ депутатлари съездларида ўзини СССРпараст эканини шармандаларча намойиш қилди, коммунистик тузумга қарши мардонавор курашган академик Андрей Сахаровни ўзбекистонлик депутатлардан бири ҳақорат қилишига йўл қўйди;
(г) Ўзбекистон аҳолиси 1995 йил 1 апрельга қадар СССР Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаровий кодекси, Фуқаровий процессуал кодекси ва бошқа кодекслар асосида яшади, СССР Жиноят ижроия кодексининг қўлланилиши эса 1997 йилгача давом этди;
(д) И.Каримов 1992 йил 16 январьда Тошкент студентлар шаҳарчасида студентларнинг тинч норозилик намойишини оттириб ташлади. Худди шундай хунрезликлар Бўка, Паркент, Наманган, Денов шаҳарларида ҳам содир этилди. 2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида бўлган хунрезлик эса тарих саҳифаларига қора ҳарфлар билан ёзилди.
СИЁСАТ
Битта одам учун тузилган конституция Авторитар Конституция (АК) дейилади. АКга демократик қадриятлар номига киритилади, бироқ унга амал қилинмайди. СССР Конституцияси ҳам АК бўлиб, у И.Сталин учун тузилгани ҳаммага маълум. АК давлат бошлиғига турли манипуляция (кўзбўямачилик, лўттибозлик)ни ишлатган ҳолда истаганча айни лавозимда қолишига имконият яратади. АҚШ Конституциясида »АҚШ фуқароси икки муддатдан ортиқ президент лавозимини эгаллаши мумкин эмас», деб ёзилган ва бу муддатни чўзишнинг имкони йўқ.
Ўзбекистон Конституцияси »Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас» деб ёзилгани И.Каримовга 24 йил президент лавозимида ўтиришга имкон яратди. Гарчи Конституцияда президентлик муддатини референдум орқали узайтириш мумкин, деган ибора бўлмаса-да, И.Каримовнинг президентлик муддати икки марта референдум ўтказилиб чўздирилди. Ушбу ҳикмат тарихдан маълум: »Ҳокимият инсонни айнитади, мутлоқ ҳокимият эса мутлоқ айнитади» [Власть извращает человека, абсолютная власть извращает абсолютно]. 27 йиллик ҳукмдорлик И.Каримовни мутлоқ айнитди.
И.Каримов 2000 йилда президент лавозимига даъвогар бўлмаганда, Ўзбекистонда эса ҳақиқий демократик тузум бўлганда эди, Андижон отилмаган, ўзбеклар Қирғизистонда қирилмаган, қўни-қўшнилар билан ёнқўшнилик алоқалари узилмаган, Ўзбекистон яккамахов давлатга айланмаган, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Комитети (ИҲК) йиғилишларида ва ЕҲХТнинг йиллик мажлисларида Акмал Саидов Ўзбекистондаги вазият ҳақида қип-қизил ёлғонни гапира олмаган, минглаб ёш йигитлар сиёсий ва диний мотивлар билан қамалмаган бўлишига мен мутлақо аминман.
Конституция ҳар қандай давлат ҳаётида ўта муҳим ҳужжатдир. У давлат ва халқнинг ҳақиқий юзини кўрсатади. И.Каримов Конституциясидан воз кечиш вақти келди, чунки у давлатнинг ҳам, ўзбек халқининг ҳам халқаро демократик ҳамжамият олдида юзини қора қилиб турибди. Аҳолиси Марказий Осиёда энг катта бўлган Ўзбекистон ривожланган давлатлар билан ҳисоблашишга, ҳамкорлик қилишга, демократик қадриятларни тан олишга маҳкум – ривожланишнинг бошқа йўли йўқ. Хусусий мулкчиликга кенг йўл очиш ва унинг даҳлсизлигини амалда таъминлаш ривожланишнинг асосий омили эканини Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари тушуниб етишлари керак.
Амалдаги Конституцияда халққа берилган эркинлик ва амалдаги бебурдликни ўнлаб моддаларда кўриш мумкин. Мас., 28-моддада »Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир» дейилади.
Мазкур модда оддий тилда айтганда, очликдан ўлаётган одамга бир тишлам нон бериб: »Бу бир тишлам нонни ейишинг мумкин, лекин ютмайсан, акс ҳолда жазоланасан» деган иддао билан теппа-тенгдир. Бу модда совет давридан қолган, И.Каримов президентлиги даврида оғишмай амалга оширилиб келинаётган ПРОПИСКА ва ОВИР институтларини ҳимоя қилишдан бошқа нарса эмас.
ПРОПИСКА – моҳиятан советлар томонидан фуқарони маълум бир жойга »михлаб қўйиш», уни доимий назорат остида ушлаб туриш учун киритилган эди. Ҳимояланмаган ҳар қандай инсон зулмдан қочади – инсон табиати шундай! И.Каримов эса бошдан-бош мамлакат аҳолисини доимий зулм исканжасида ушлаб туришни ўз сиёсатининг марказига қўйган эди. Буни – одамлар, аҳоли қочиб кетмаслиги учун қилинган бўлса керак! Прописка эса одамни бир жойга »михлаб қўяди» – паспортингда прописка бўлмаса қочиб бўпсан!!
ОВИР (Виза ва қайдлаш бўлими) эса дунёда Ўзбекистон ва Шимолий Қурия давлатларидагина яйраб-яшнаб турибди, холос. Баъзи мамлакатлар раҳбарлари: »Биз дунёда энг ривожланган АҚШ, Буюкбритания, Франция, Германия, Япония ва Сингапурга тенглашмоқчимиз» дея фахрланишади, Ўзбекистон раҳбарлари эса мамлакат дунёда тенги йўқ зулмкор Шимолий Қурия билан бир сафда эканидан уялишмайди.
Мамлакат ҳудудида инсонлар ва товар (маҳсулот)нинг эркин ҳаракати давлат қанчалик эркин эканининг ўлчовидир. Прописка ҳукм сурган давлатда эса эркинлик ўлчови = 0 бўлиб, у на ривожланишга ва на халқаро обрўга олиб боради. Прописка мамлакатнинг ривожланиши ва халқаро обрўсини бир марта ўлдирса, ОВИР эса чалажон мамлакатни тамоман ўлдиради.
И.Каримов мамлакат ривожланиши ва халқаро обрўсини атайлаб = 0 қилишга ҳаракат қилди – у Ўзбекистонда нафақат коммунистик СССРдан қолган прописка ва ОВИРни сақлаб қолди, балки мамлакат ҳудуди (йўллари)ни блок-постлар билан ҳам тўсиб қўйди – бу амалиёт ҳатто Шимолий Қурияда ҳам бўлмаса керак! Воқиф одамларнинг айтишича, уруш кетаётган Украинада блок-постлар сони Ўзбекистондаги блок-постлар сонидан 10 баробар кам экан. Уруш кетаётган Украинада давлат идоралари темир панжаралар билан ўралган эмас, дейишди воқиф одамлар. »Зато бизда тинч, осмонимиз мусаффо!» дея қичқиришмоқда ўзбекистонлик троллар, Украина эса, уруш кетаётганига қарамай, эркин ва ривожланган давлатлар сафига киришга интилмоқда.
Прописка ва ОВИРни юритадиган МХХ ходимлари катта »левый» даромаддан мосуво бўлсалар-да, Ўзбекистоннинг янги ҳукумати бу икки архаик (даққиюнусдан қолган) давлат сиёсатилан зудлик билан воз кечишлари керак.
ИҚТИСОД
1913 йилгача чор Россиясида 2 миллиондан ортиқ хусусий ер эгаси бўлган деҳқонлар ўз хўжаликларига эга бўлиб, улар етиштирган дон маҳсулотлари нафақат Россиянинг ўзини, балки бутун Европани ҳам бўғдой билан таъминлар эди. 1-жаҳон уруши даври (1914-1917 йиллар)да Россияда деҳқон хўжаликлари таназзулга учради. Ҳукумат ва халқ олдида »Нима қилиш керак?» деган савол кўндаланг бўлди. Турли сиёсий оқимлар ва партиялар ўз программаларини таклиф этишди.
Коммунистлар доҳийси В.Ленин эса 1917 йил октябридаги давлат тўнтариши уюштиришидан олдин »Завод ва фабрикалар – ишчиларга!, »Ер – деҳқонларга!»» шиорларини илгари сурди. Давлат тўнтариши натижасида ҳокимият бошига келган В.Ленин ўзининг биринчи декрети билан хусусий мулкчиликни бекор қилди – деҳқонлардан ерни, хусусий завод ва фабрикаларни эса мулк эгаларидан тортиб олди. Россияда хусусий мулкчилик тугатилди, ер, завод ва фабрикалар »давлат» деган мавҳум, на қўли, на оёғи, на кўзи ва на қулоғи бор бир маҳлуққа топширилди.
Россияда РСДРП(б) [В.Ленин тузган ва бошқарган Россия социал-демократик ишчи (большевик)лар партияси]дан бошқа сиёсий партиялар ва уларнинг нашрлари таъқиқланди. Тез орада Россияда фуқаровий уруш ва очарчилик бошланди – миллионлаб одамлар ўлдирилди, халқ хўжалиги яксон бўлди. Россияда К.Маркс ғояларини амалда қўллаган В.Ленин янги иқтисодий сиёсат [НЭП – новая экономическая политика], яъни хусусий мулкчиликка йўл бериш сиёсатини олиб боришга мажбур бўлди.
ХХ-асрнинг 30-чи йилларида СССРда И.Сталин томонидан қишлоқ хўжалигида коллективлаштириш, яъни ерга хусусий мулкчиликни бекор қилиб, деҳқонларни колхоз [»коллективное хозяйство» – коллектив хўжалик]ларга уюштириш сиёсати олиб борилди ва бу аксилинсон, аксилхалқ сиёсати СССР парчаланганча давом этди. Ер давлат тасарруфида бўлган совхоз [»советское хозяйство» – совет хўжалиги]лар эса колхозлардан ҳам илгари, 1918 йилдан бошлаб тузила бошлаган эди.
Аҳолисининг салкам 70%и қишлоқ шароитида яшайдиган Ўзбекистонда давлат бошига келган И.Каримов давлат зулмига асосланган самарасиз, коммунистик СССРдан қолган ер сиёсатини бир неча йиллар давом эттирди, у ерни халққа бергиси келмади, ерни давлат мулки сифатида сақлаб қолди. Бироқ, бу сиёсат узоққа чўзилиши мумкин эмас эди. И.Каримов ўзининг катта ички қаршилигига қарамасдан советларнинг колхоз ва совхоз системасидан воз кечишга мажбур бўлди. Бироқ у ич-ичидан коммунист бўлиб, »давлат мулки»дан бошқа мулк формаларини тан олмас эди.
Нима қилиш керак? Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган ер, уруғ, ўғит, ёқилғи, техника, кимъёвий дори ва бошқа ресурсларни давлат тасарруфидан чиқармасдан, »колхоз» ва »совхоз» сўзларини ишлатмасдан бирор бошқа иқтисодий система яратиб бўлармикин? Нега бўлмасин – бўлади! Сенга иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги илмий унвон ва илмий даража бекорга берилмаган-ку! Атрофингдаги кўзингга малайларча тикилиб »Нима қилайлик, хўжайин? Буюринг!» дея қўл қовуштириб туришганини кўрмаябсанми? Академик кўп ўйлаб ўтирмай »фермер хўжалиги» деган иқтисодий системани ўйлаб топди ва уни қишлоқ хўжалигига жорий қилди – сих ҳам куймади, кабоб ҳам, яъни ер давлат мулки бўлиб қолаверди, айни пайтда қишлоқ хўжалигида бир тийинга қиммат янги иқтисодий система яратилди.
Бироқ, негадир қишлоқ хўжалигида »болалар меҳнати» ва »мажбурий меҳнат» атамалари пайдо бўлди. Бу атамалар И.Каримовга СССР давридан таниш эди – у КомПартиянинг Қашқадарё вилояти 1-котиби лавозимида ишлаганида совет шанбалик (субботник)лари ва мажбурий меҳнатнинг бошқа турлари авжида эди – кўча супуришдан тортиб пахта теришгача бўлган мажбурий меҳнат оммавий равишда корхоналарнинг ишчи ва хизматчилари, мактабларнинг маъмурияти ва ўқувчилари, олий ва ўрта таълим ўқув юртларининг студентлари гарданига юклатилган эди. Мажбурий меҳнат ҳақида батафсилроқ фикр юритайлик. Шундай қилиб …
(Давоми бор)
https://www.facebook.com/talib.yakubov/posts/909322775836278
Fikr bildirish