Толиб Ёқубов: Мажбурий меҳнат

Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари диққатига

2-қисм

Яна такрорлайман: Аҳолини қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга жалб этиш Ўзбекистонда коммунистик СССР давридан қолган – СССР даврида мажбурий меҳнат оммавий кўринишда эди.

Ўзбекистонда ҳам аҳоли – ишчилар ва хизматчилар, мактаблар маъмурияти ва ўқувчилар, ўрта ва олий ўқув юртлари студентлари оммавий ҳашарларга, кўча супуришдан тортиб пахта теришгача ва, ҳатто, декабрь ойининг ўртасигача кўсак юлишга жалб қилинарди.

Бошқача айтганда, мажбурий меҳнат Ўзбекистонга собиқ коммунистик СССРдан мерос бўлиб ўтди ва у И.Каримовнинг Ўзбекистон президентлиги даврида тўлиқ сақланди. Халқни мажбурий меҳнатга жалб қилишгина эмас, халқни мажбурий меҳнатга ЎРГАТИШ авторитар раҳбар учун алоҳида аҳамиятга эга – мажбурий меҳнатга ўрганган халқ диктатурани сезмайди, унга қарши курашиш уёқда турсин, ҳатто сас ҳам чиқармайди.

Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида давлат мажбурий меҳнатдан воз кеча оладими?

Жавоб оддий: ЙЎҚ, ВОЗ КЕЧА ОЛМАЙДИ!! Сабаби …

АҚШнинг баъзи штатларида пахта етиштирилади ва пахта 100% машина ёрдамида териб олинади. АҚШда пахта етиштириш жараёни Ўзбекистондагига қараганда тубдан фарқ қилади – унумдорликни ошириш мақсадида ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ўғитлаш, томчилаб суғориш, пахта терувчи мукаммал машиналар паркини яратиш, пахта далаларидан пахтани қайта ишлаш корхоналарига ташишни осонлаштириш учун уни терим пайтида тойлаш (ва ҳоказо) АҚШда »ипидан игнасигача» ишлаб чиқилган ва бу системада узилиш, ишдан чиқиш ёки бошқа бахтсиз ҳодисалар юз бермайди. Ўзбекистонда буларнинг бирортаси ҳам кўринмайди:

(а) Ерости шўр сувларни қочириш учун СССР пайтида амалга оширилган дренаж-зовурларнинг аллақачон »кўзи бекилиб» қамишзорга айланиб кетган;

(b) Тошкент трактор заводи (ТТЗ) пахта терувчи машиналарни ишлаб чиқаришни тўхтатганига анча йиллар бўлди. ТТЗ машиналари мукаммал бўлмаса-да, СССРнинг охирги йилларида Ўзбекистонда пахтанинг 60%гача қисми машиналар ёрдамида териб олинарди – ҳозир эса бу улуш 0%гача тушиб кетди; (c) Пахтазорни ўғитлаш ва томчилаб суғориш ҳақида Ўзбекистонда гап ҳам йўқ.

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонга Исроил давлатидан бир гуруҳ мутахассислар келишди ва Жиззах вилояти, Пахтакор туманидаги »Самарқандқудуқ» совхози ерларида пахтазорни томчилаб суғоришни йўлга қўйишди. И.Каримов ҳукумати маҳаллий фермерларга бўлган муносабатини Исроиллик мутахассисларга қўлламоқчи бўлди. Эркин иқтисодга ўрганган Исроиллик мутахассислар бир кечада ватанига кетворишди;

(d) Асосийси – И.Каримов даврида ерни хусусийлаштириш ҳақида гап ҳам бўлган эмас. »Бирлик», »Эрк» ва »Озод деҳқонлар» каби мухолиф ташкилотларнинг ерни хусусийлаштириш зарурлиги ҳақидаги талаблари инобатга олинмади. И.Каримов бориб турган коммунист сифатида »ер – давлат мулки» деган сиёсатда қатъий турди; (е) »Ер ўз эгасини топиши керак!» – бу ўз вақтида И.Каримовнинг севган шиори эди. Бу шиорга учган одамлар ер хусусийлаштирилар экан, деб ўйлашди.

Бироқ, коммунист доҳий В.Лениндан бошлаб ҳар қандай коммунист хусусий мулкчиликка тиш-тирноғи билан қарши бўлганини одамлар ҳали тушунмас эди. Халқимизнинг »Қон билан кирган жон билан чиқади» мақоли айнан коммунистларнинг хусусий мулкчиликка бўлган муносабатини англатади. И.Каримовнинг ташаббуси билан »деҳқон» атамаси демократик давлатлар раҳбарлари ва мутахассисларининг қулоғига ёқимли туюладиган »фермер» атамаси билан алмаштирилди.

Ер фермерларга ижарага берилди, »Фермер хўжаликлари тўғрисида» деган қонун ҳам қабул қилинди. Мазкур қонунни ўқисангиз кўнглингиз айнийди – қип-қизил демагогия (лўттибозлик). CCCР пайтида колхозчи ва совхоз ишчисининг сиқиб сувини ичадиган, сўкадиган, урадиган, қамоққа ташлайдиган одам колхоз раиси, совхоз директори ва туман партия комитетининг 1-котиби бўлган бўлса, фермерларни сиқиб сувини ичиш, сўкиш, уриш, қамоққа ташлаш туман ҳокимига юклатилди.

(f) И.Каримов даврида ер эгасини ўзгартирмади, яъни ер давлатники бўлиб қолаверди. Унинг »Ер ўз эгасини топиши керак!» шиори аслида »Ернинг эгаси давлатдир!» дегани экан.

АҚШда ер хусусий мулк ҳисобланади – у сотилиши ҳам, сотиб олиниши ҳам мумкин. Хусусий мулк АҚШ конституциясига мувофиқ даҳлсиз ҳисобланади – уни зўравонлик билан тортиб олишнинг иложи йўқ. Агар, мас., Питер Смитнинг 100 гектар ери бўлса, у ернинг периметри (чегараси) бўйлаб бир неча жойларга »Бу ернинг эгаси Питер Смит, бу ерга рухсатсиз кириш мумкин эмас» каби ёзув битилган тўртбурчак тахтани қозиқ билан тиклаб қўяди.

АҚШда тўппонча ва милтиқ каби қуроллар магазинларда сотилади – сотиб олинган қурол полиция участкасида қайддан ўтказилгач, уни бемалол олиб юриш ёки уйда сақлаш мумкин. АҚШда қуролга болани ёшулли одам билан, оддий одамни қароқчи-каллакесар билан тенглаштирувчи восита сифатида қаралади.

Дарҳақиқат, ёшулли одам олдида бола, қароқчи-каллакесар олдида оддий одам турса, табиий, бола ҳам, оддий одам ҳам ҳимоясиз бўлади – ёшулли одам болани уриши ёки хўрлаши, қароқчи-каллакесар эса оддий одамни талаши ва, ҳатто, ўлдириши мумкин. Бола ва оддий одамда қурол бўлса, ёшулли одам ва қароқчи-каллакесар ўзининг қабиҳ ниятини амалга ошириши қийин бўлади. Америкаликларнинг фалсафаси ана шундай!

XVII-XVIII асрларда, ҳозирги АҚШ ҳудудларига Европа, Африка ва бошқа ҳудудлардан миллионлаб одамлар кўчиб бора бошлаган. Ҳали яхлит давлат бўлиб улгурмаган АҚШда билган номаъқулчилигини қилиш, яъни одамларни талаш, ўлдириш, хона-вайрон қилиш каби разилликлар билан шуғулланган гуруҳлар жуда кўп бўлган – »Ёввойи Ғарб» [Дикий Запад] ибораси ўша пайтлардан қолган атама ҳисобланади.

Қуролланган кўпсонли бундай гуруҳларни йўқ қилишнинг бирдан-бир чораси уларни шафқатсиз отиб ўлдириш керак, деган қарорга келингач, полицияга қароқчи-каллакесарларни йўқ қилишда катта ҳуқуқлар берилади – қисқа тарихий давр ичида қуролли босқинчилар гуруҳлари ҳам, »Ёввойи Ғарб» атамаси ҳам барҳам топади. Ана шу анъана, яъни қурол сотиб олиш АҚШда ҳозиргача сақланган.

Хусусий ерини тажовуздан қурол ёрдамида ҳимоя қилиш ҳам »Ёввойи Ғарб» давридан қолган, дейиш мумкин. Бироқ, АҚШда қурол сотишга қарши бўлган одамлар ҳаракати ҳам етарлича кучли. Айниқса XXI-асрда, турли давлат ва нодавлат ташкилотларига террористик ҳужумлар кўпайгач, бундай ҳаракатни жамият томонидан қўллаб-қувватлаш анча фаоллашди.

Нега мен бу гапларни ёзаётирман? Гап ернинг хусусий мулк бўлишининг афзаллиги ҳақида бормоқда. АҚШ каби ерга хусусий мулк сифатида қараладиган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. АҚШнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)и дунё ЯИМининг 20% ташкил этади. Таққослаш учун: Россиянинг ЯИМи дунё ЯИМининг бор-йўғи 1%ини ташкил этади, холос.

Бу – дунёдаги қуруқликнинг 1/7 қисмини эгаллаган, баҳайбат ҳудудга эга бўлган ва чексиз-саноқсиз табиий ресурсларга бой бўлган Россия ва унинг 1/10 ча келмайдиган ҳудудга эга бўлган АҚШнинг ЯИМлари таққослаб бўлмас даражада эканлигини кўрсатади. Аксарият ҳудудларида пахта етиштириладиган Ўзбекистоннинг ЯИМи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Ер хусусий мулк бўдган давлатларда қатор соҳалар бўйича фермерга ёрдам берадиган ташкилотлар мавжуд бўлиб, улар йилнинг бошида фермер билан шартномалар тузишади. Мас., махсус тадқиқод институтлари дунё бозорларини астойдил ўрганиб чиқади ва шартнома имзоланган йилда қандай маҳсулотлар харидоргир бўлиши, қайси давлатларда маҳсулотингизга талаб юқори бўлиши ҳақида ўз прогноз (башорат)ини беради, фермер эса шу прогнозлар асосида ўз ишини ташкиллаштиради.

Прогноз ўзини оқламаса, прогноз берган ташкилот фермерга товон (компенсация) тўлайди. Прогноз тўғри бўлиб чиқса ва фермер катта даромад қилса, у прогноз берган ташкилотга шартномада кўрсатилган маблағни тўлайди. Баъзи ташкилотлар ерни тайёрлаш масаласида ўз мутахассисларини фермерга консультациялар бериш учун унинг ихтиёрига юборади, мутахассислар фермерга янги технологияларни таклиф этади – барча ҳамкорлик ўзаро ишонч асосида олиб борилади.

Эътибор қилинг – давлат фермер ва унинг ҳамкорларининг ишига аралашмайди, давлат фақат улардан солиқларни ўз вақтида тўлашни талаб қилади, холос. Ўзбекистонда 25 йил давомида буларнинг бирортасига қараб битта қадам ҳам қўйилмади.

ХУЛОСА:

Ўзбекистонда ер: 1) хусусий мулк; 2) у даҳлсиз; 3) давлат фермер фаолиятига аралашмайди; 4) фермер етиштирган маҳсулотини давлатга топширмайди, у маҳсулотини эркин бозорда сотади; 5) фермер давлат бюджетига солиқ тўлайди, деган қонун қабул қилиниши керак! ЧУНКИ:

(А) Ерни фермерга хусусий мулк сифатида берилиши коррупциянинг илдизини таг-томири билан йўқ қилади.

(Б) И.Каримовнинг »фермер хўжалиги» системасида эса фермер ҳамма нарсада – солярка (тракторлар учун), уруғ (экиш учун), кимъёвий дори (ерни кўпчитиш, ҳашаротларни ўлдириш учун), сув (экинни суғориш учун), ишчи кучи (ғўзани қатқалоғдан чиқариш, чопиқ ва чеканка қилиш, пахтани териш учун) – давлатга қарам қилиб қўйилгани сабабли мамлакатда коррупция ва зўравонлик ҳакалак отиб кетаверади.

(В) Мажбурий меҳнат ҳеч қачон тугамайди.

(Г) Мажбурий меҳнатни тугатиш учун янги ҳукумат қишлоқ хўжалигида алмисоқдан қолган коммунистик усуллардан воз кечиши, яъни ер хусусийлаштирилиши керак! Шундагина мажбурий меҳнатга ҳожат қолмайди!

(Д) Иқтисод фанлар доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги И.Каримов пахта етиштириш соҳасини ҳатто СССР пайтидаги даражада ҳам ушлаб тура олмади!

(Е) Ўзбек халқи ҳамда давлатни бошқарадиган раҳбарлар коммунистик ғоя ва коммунистик ишюритув утопия (хомҳаёл) эканини тушуниб етишининг вақти келди!

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТДАН ҚУТИЛИШНИНГ ЯНА БИР ЧОРАСИ

Мен бу чора ҳақида »Пиллачилик» номи остида бир мақола ёзган эдим. Қуйида келтирилаётган лавҳа ўша мақоланинг қисқартирилган бир қисмидир.

Мен иқтисодчи ҳам, сиёсатчи ҳам эмасман (13 йил “Бирлик” халқ ҳаракатининг аъзоси бўлганимни ҳисобга олмаганда). Иқтисодий масалалар бўйича ёзганларим ўзимнинг изланишларим эмас. Мен уларни ҳукумат томонидан тан олинмаган, қўллаб-қувватланмаган ва, ҳатто, И.Каримов даврида қатағон қилинган олимлар ва оддий ақлли одамлардан эшитганман.

Ҳар қандай сиёсий тузум шароитида жамиятнинг у ёки бу соҳасига етакчилик қила оладиган шахслар етарлича мавжуд бўлади. У медицина бўладими, қишлоқ хўжалигими, таълим-тарбия ёки фан бўладими, ҳатто давлатни бошқаришми – фарқи йўқ – бундай одамларнинг бўлиши кимнингдир ирода-хоҳишига боғлиқ эмас. Бир соҳада кўпроқ, бир соҳада камроқ – фарқи шу, холос.

Беш панжа баробар бўлмагандай, ҳар бир соҳада бундай шахслар асосий икки гуруҳга бўлинади: биринчи гуруҳни нияти тоза етакчилар ташкил қилса, иккинчи гуруҳ етакчилар эса нияти бузуқлардан иборат бўлади. Асосий масала шунда-ки, муайян соҳада етакчилик қилиш учун ким олдинроқ отилиб чиқади: нияти тоза одамми ёки нияти бузуғими? Бу айниқса энг катта соҳа-вазифа – давлатни бошқариш соҳасида ўта муҳимдир. Сингапурда шундай одам Ли Куан Ю бўлган.

У давлат бошига келгач, унинг яқин қариндош ва дўстлари бу вазиятдан ўз мақсадларида фойдаланиб қолмоқчи бўлишган. Ли Куан Ю буни сезгач, уларнинг ҳаммасини қамоққа ташлайди ва мамлакатда мисли кўрилмаган ислоҳотлар бошлайди. Сингапур кўп йиллардан бери дунёнинг энг бой ва фаровон давлатларидан бири, дея тан олинади.

СССРнинг қулаши билан боғлиқ силсилалик 1989-90 йилларда Ўзбекистонни бошқариш мақсадида ҳаммадан аввал Ислом Каримов ҳаракат бошлади. Натижада Ўзбекистон хароб, ҳеч ким ҳурмат қилмайдиган мамлакатга айланди. Айтинг-чи, Ли Куан Ю ва Ислом Каримовнинг ниятлари қандай бўлган?

Мақоланинг “ИҚТИСОД” қисмида мен бир ибратли мисолда нияти тоза иқтисодчи ҳақида ёзмоқчиман. Эсимдан сал кўтарилган, 1989 йилмиди ёки 90-чи йилмиди, мен бир ёш (тахминан 30 ёшларда) ўзбек иқтисодчисининг маърўзасини эшитганман.

Бу йигит катта бир йиғин олдида ўша замон учун ўта муҳим бўлган масала – пахта яккаҳокимлиги (монополияси)дан қутилиш йўлини кўрсатиб ҳам, исботлаб ҳам берди. Унинг асосий ғояси Ўзбекистонда пахтадан бутунлай ёки деярли воз кечиб, мамлакатда ипак қурти боқишга урғу беришдан иборат эди.

Совет даврида СССРда бир йилда 40 минг тонна пилла етиштирилган бўлиб, шунинг 30 минг тоннаси Ўзбекистонда, қолган 10 минг тоннаси Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Украинада ишлаб чиқарилган. Мутахассисларнинг гапига қараганда, Ўзбекистонда қуёш радиацияси кучли бўлгани сабабли тут баргида пиллақурти учун зарур бўлган модда сифатли бўлиб, шу сабабли сифат бўйича Ўзбекистонда етиштирилган пилла энг юқори навли бўлар экан.

Пилланинг пахтадан асосий фарқи шунда-ки, пилла қанча етиштирилмасин, унга бир ой, нари борса бир ярим ой астойдил меҳнат қилинади. Пахтага ўхшаб деярли бир йил эмас! Буни ҳамма билади. Иқтисодчининг ҳисоб-китоби бўйича Ўзбекистонда тут дарахти плантациялари уч баробар кўпайтирилса, етиштирилаётган пилланинг йиллик ҳажмини 100 минг тоннага чиқариш мумкин экан.

Барги ипакқуртининг озуқаси бўлган тут дарахти асосан йўл четларида ўсиши, унинг барг массаси 40 минг тонна пилла етиштиришга етиши, пахтадан деярли воз кечишни ҳисобига беҳисоб ер майдонлари бўшаши ва бу ерларнинг бир қисмида тут плантацияларини барпо этиш мумкинлигини ҳисобга олинса, Ўзбекистонда йилига 100 минг тонна эмас, балки 200 ва ҳатто 300 минг тонна пилла етиштириш мумкин бўлади.

Мустақиллик йилларида пиллақурти боқиш даври уркалтак-суркалтак остида ўтадиган бўлиб қолди. Қурт уруғини хонадонларга тарқатадиган одамлар хонадонма-хонадон юришиб, аввал ялиниб-ёлвориб, кейинроқ дўқ-пўписа билан, мажбурлаб 1 грамм, 2 грамм пиллақурти уруғи ташлаб кетар эдилар. Мен бу ахволни ўзим туғилиб-ўсган қишлоғим мисолида яхши биламан. Одамларнинг пиллақурти боқишдан юз ўгириши давлат меҳнатга муносиб ҳақ бермаслигидан эди. Бу лойиҳанинг қандай афзалликлари бор?

Сув миқдори, майдон сатҳи, техника ва ёқилғи тежалиши афзаллиги

Пахта миллионлаб гектар майдонни, қиш давомида яхобсув ҳамда баҳор, ёз ва кузнинг беш ойи мобайнида тинимсиз суғоришга кетадиган сувни талаб қилади. Пилла қурти “сув ичмайди”, тутлар эса ҳатто ташландиқ ерларда, йўл чеккаларида ҳам ўсаверади. Тут плантацияларини суғорган тақдирингизда ҳам ишлатилган сув миқдори пахта етиштиришга сарфланадиган сувдан тенгсиз даражада кам бўлади.

Бундай шароитда асосий ютуқлардан бири – беҳад катта ер майдони бўшайди ва бу майдонни мамлакатнинг яна икки бойлиги учун, яъни сердаромад мевали дарахтлар ва полиз эканларига ажратиш мумкин. Бу ҳолда ер, сув ва ҳаво экологияси сўзсиз соғломлашиши тушунарли бўлса керак. Пахтазорни ёппасига бостириб суғориш барҳам егач, ерости шўр сувларининг кўтарилиши ва бунинг оқибатида ернинг шўрланиши ҳам барҳам ейиши ўз-ўзидан аёндир.

Пахта етиштириш мутлақо ёки деярли бўлмаган шароитда ерни ҳайдайдиган, чигит экадиган, ғўзага ишлов берадиган, терилган пахтани пунктларга ташийдиган техника воситалари, асосан тракторлар ва уларга сарф бўладиган ёқилғига эҳтиёж бўлмайди. Кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида сув муаммоси давлатлараро жанжал даражасига кўтарилмоқда.

Мамлакатга сув келадиган асосий дарёлар Аму ва Сир йилдан йилга саёзлашиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги асосан пахтачиликка қаратилган Ўзбекистон вақти келиб бу соҳани ўзгартиришга, тўғрироғи, ундан қисман воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Сувга зориқмаслик йўлларидан бири эса қишлоқ хўжалигини айнан пиллачилик, деҳқончилик ва боғдорчиликка йўналтиришдир.

Меҳнат ва вақтнинг кескин тежалиши афзаллиги

Пахтачиликка қараганда пиллачиликда сарфланадиган меҳнат ва вақт ўн, балки юз баробар кам бўлишини исботлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Пилла қурти боқишда ҳамма операциялар (тут шохларини кесиш, новдадан баргларни ажратиш, баргларни пиллақурт қўйилган сўкичаклар узра яйратиб чиқиш, пиллақурти пилла ўраши учун шувоқли даста босиш ва ҳатто дастадан пиллани териш)ни механизациялаш қийин эмас.

Пиллақурти боқишда аҳолини ташвишлантирадиган бир жиҳат шу-ки, илгари мамлакатда пиллақурти боқиладиган махсус бинолар қурилмаган ва бунинг учун оилалар бир ойга ўз яшаш хоналарини бўшатишга мажбур бўлганлар.

Иқтисодчининг айтишича, пиллақурти боқиш учун махсус бинолар қурилгани афзал: биринчидан, бу биноларда иссиқлик режимини бир меъёрда ушлаб турувчи электр мосламалар ўрнатиш мумкин (ипакқурт иссиқлик ўзгаришига жуда таъсирчанлиги, ҳаво ҳарорати тасодифан пасайиб кетганда қуртлар қирилиб кетиши эҳтимоли катта бўлиши ҳаммага маълум).

Пилла кампанияси ўтгач, бўш турмаслиги учун мазкур бинолардан пилла, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ёки сақлаш омборлари сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлиги ўз-ўзидан аён. Бундай биноларнинг қурилиши оилаларни ўз уйларини қурт боқиш учун бўшатиш азобидан халос қилади.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг бўлмаслиги афзаллиги

Ўзбеклар учун бу проектда энг буюк афзаллик болалар меҳнатининг бўлмаслигидир, болалар ғўза чопиғига ҳам, пахта теришга ҳам, пилла боқиш ва теримига ҳам жалб қилинмайди – болалар мактабда бўлади. Бир пайтлар ўзбеклар баланд бўйли, серқомат одамлар бўлгани ҳақида ёзилган манбаълар бор. Ҳозирги пайтда бу параметрлар бўйича ўзбеклар кўп халқлардан орқада – ўзбек болалари таборо майдалашиб бормоқди.

Мол боқувчи халқлардан фарқли ўлароқ ўзбек пахтакори йил давомида энгашиб ишлайди: ер чопади, ғўзани ўтдан тозалайди, чеканка қилади, пахта теради ва ҳ. Бу жисмоний ҳолат одамда ўзига хос зеҳният, қуллик психологиясини шакллантиради. Ноэркин жамият шароитида, ҳукумат томонидан болаларни пахта майдонига ҳайдаб чиқариш, хўрлаш, нормал овқат ва сувдан маҳрум қилиш бу психологияни чуқурлаштиради. Пахта монополиясини йўқ қилиш ўзбек болаларини қуллик психологиясидан қутқариш йўлларидан биридир.

Иқтисодий афзалликлар

Мен айтаётган иқтисодчи ўша маърузасида қатор рақамлар ва жадваллар воситасида 100 минг тонна пиллани мамлакатнинг ўзида қайта ишлаб, чет эллардан энг илғор ипак ип йигириш машиналарини сотиб олиб, ипак иплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, улардан рақобатбардош матолар, кийим-кечак ва бошқа буюмларни ишлаб чиқариб, уларни дунё бозорига киритиб даромад қилинса, бир гектарга ҳам пахта экмасдан Ўзбекистон эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мумкинлигини исботлаб берди.

Мазкур лойиҳа амалга ошишининг ягона шарти сифатида иқтисодчи ҳар бир килограмм етиштирилган пилла учун меҳнаткашга бозор нормалари даражасида ҳақни ўз вақтида тўлашни лозимлигини айтиб ўтди. Мустақиллик йилларида ҳукумат ва аҳолининг пиллага муносабати қандай бўлди? Бу масалага мен юқорида қисқача тўхталдим. Пиллачиликда замонавий ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги ҳукумат, тўғрироғи пилла мафиясининг хаёлига ҳам келган эмас.

Ипакқурти боқиш масаласида совет ва мустақиллик даврларини таққосласак, ипакқурти боқиш кўлами ер билан осмонча фарқ қилади. Менинг ёшлик пайтларимда қишлоғимизнинг деярли барча хонадонида пиллақурти боқилар эди. Албатта, совет даврида мажбурий меҳнат амалда бўлганини ҳисобга олсак, ҳондонларнинг бир қисми бу иш билан мажбуран шуғулланган бўлса керак.

Бироқ, кекса отахон ва онахонлар ёшларга: “Пилла бир ойлик иш, бир ой кўз юмиб очгунча ўтиб кетади, бир ой қаттиқ меҳнат қилсанг, мўмайгина ҳақ оласан, бир ёнинг бут бўлади” дея ўгит қилишар эди. Пилла териш пайтида пилласи етилган хонадонга атрофдаги барча хонадонлар бола-чақаси билан ҳашарга чиқар эди. Мустақиллик йилларида аҳолининг пиллачиликка муносабати тубдан ўзгарди. Пилла мафияси пилла топширган одамларга ҳақини йиллаб тўламади. Бор-бора одамлар пиллақурти боқишдан бош торта бошлашди. Ҳукумат қўрқитиш йўлига ўтди, бу ҳам кўнгилгидай натижа бермади.

Одамлар бир бирига: “Пилла қурти олавер, ҳеч бўлмаганда ўтинликка шох-шабба йиғиб оласан-ку!” дейдиган бўлишди. Охирги чора сифатида ҳукумат бу вазифани фермерлар гарданига юклади. Оддий хонадондан фарқли фермернинг йўқотадиган нарсаси кўп, уни ҳукумат бир зумда хонавайрон қилиши мумкин. Шундай қилиб Ўзбекистонда пиллачилик соф репрессив сиёсат гирдобига тушди. Табиий, бундай шароитда бу соҳа ривожланишнинг энг орқа сафларида бўлиб қолаверади.

Дунёда ким қанча пилла етиштиради?

Интернетнинг хабар беришича ҳозирги пайтда пилла етиштиришда энг илғор давлат Хитой бўлиб, у йилига 500 минг тонна пилла тайёрлайди. Бу – дунёда етиштириладиган пилланинг 70% дир. Иккинчи ўринда Ҳиндистон – бу мамлакатда бир йилда 125 минг тонна пилла ҳосили олинади. Ўзбекистон бу қаторда учинчи ўриндадир – унинг йиллик “улуши” 22-25 минг тонна. Бразилия ва Вьетнам каби “пиллакор” мамлакатларда бор-йўғи, мос равишда, 14 минг ва 13 минг тонна пилла етиштирилади, холос.

Дунёда пиллачилик билан шуғулланадиган мамлакатлар 40 тагача боради. Мато тўқишга тайёр ипак ипини энг кўп сотиб оладиган мамлакат Италия, киши бошига энг кўп ипакли мато “истеъмол” қиладигани Япония, дунёда энг кўп ипак мато ва кийим сотиб оладигани эса АҚШ экан. Ва ниҳоят, ҳозирги пайтда дунё бозорида 1 (бир) kg пилла ипининг нархи $32 эканини айтиб ўтсак зиён бўлмайди. Бошқача айтганда, ипак, ундан тўқилган ва тикилган буюмларнинг дунёда бозори “чаққон”лиги шўбҳасиздир.

Демак, Ўзбекистон ўз иқтисодини асосан пиллачиликка қаратса ютса ютали, асло ютқазмайди. СССР даврида Марғилон ипак матолар тўқиш фабрикаси машҳур эди. Унинг маҳсулотларини ўзбек хотин-қизлари ҳам севиб харид қилишарди. Қаёққа қараманг устида атлас либос лов-лов товланган хотин-қизларга кўзингиз тушарди.

Ўзбек атласи фақат Ўзбекистонда эмас, анаънавий пилла етиштирадиган мамлакатларда ҳам машҳур эди. Ипак матолар энг табиий маҳсулот (ипакқурти тут баргини истеъмол қилиб, ўз организмида етиштирган ипак моддаси) бўлгани учун бўлса керак, ипак матолар, хусусан марғилон атласи, дунё аёлларининг севимли кийимлиги бўлиб қолаверади.

Пиллачиликни ривожлантириш пахтачиликдан бутунлай воз кечиш деганими?

Фикримча, пахтадан тамоман воз кечиб бўлмайди. Пахтанинг ўз ўрни бор: медицинани пахтасиз тасаввур этиш қийин, эркакларни шойи либосда кўриш эришли, билишимча Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам эркакларни шойи матолардан узоқ бўлишга, кўпроқ дағал матолардан тикилган кийим кийишга даъват қилганлар. Ўзбекистоннинг иқлими шароитида эркак кишининг пахтали оқ матосидан тикилган кўйлак кийиши айни муддаодир. Одам гигиенасининг ажралмас қисми бўлган сочиқ ҳам пахталик бўлгани маъқул.

Иқтисодни пиллачилик томон буриш ҳам бир зумда бўладиган иш эмас – бунга йиллар кетиши аниқ. Пилла етиштириладиган махсус, кўпфункционал биноларнинг оптимал вариантларини ишлаб чиқиш, уларни қуриш, аста-секин тут плантациялари сатҳини кенгайтириш, пилла етиштиришдаги барча операцияларни бажара оладиган машиналарни лойиҳалаш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, пилла ва пахта етиштирадиган ҳақиқий, эркин, мустақил фермерлар синфини шакллантириш, мазкур фаолиятларнинг меъёрий-ҳуқуқий қонунларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий қилиш – анча-мунча вақтни талаб қилади.

Асосийси, мен мақола бошида айтиб ўтган ёш, холис, узоқни кўра биладиган иқтисодчилар мамлакатда ҳали сақланиб қолган бўлса, уларни уюштириш, давлат томонидан уларга илмий ва амалий ишлар қилиш учун барча шароитларни яратиш, улар мазкур лойиҳанинг жамият ривожига тенгсиз катта ҳисса қўшишини халқ орасида оммавий ахборот воситалари ёрдамида тарғиб қилишлари учун имкониятлар бериш лозим бўлади.

Мақолани ёзишим давомида мен бир таниш фермер билан боғландим ва унинг фикрини сўрадим. Танишим мақола ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва ўзининг таклифини киритди. У тут плантациялари ташкил қилишда тутлар орасини 4 метр қилиб экиш ва плантацияни деҳқонларга бўлиб бериш керак, деди. Тутлар шу тариқа экилса, улар орасида полиз экинлари экиш имконияти бўлади, деди у.

Унинг фикрича деҳқон плантация нормал ривожланиши учун жавобгар бўлиши, тутлар орасида эса полиз экинларини етиштириши, даромадидан давлатга солиқ тўлаши, етиштирган маҳсулотини ўзи сотиши, плантация яқинида ўзига кичик бир хонадон ёки шийпон қуриши ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Битта катта плантация бўлиб берилган бир неча деҳқонларга кичик бир ширкатга бирлашиш, ўз маҳсулотларидан консерва, қуритилган қовун ва мевалар, турли шарбатлар ва бошқа неъматлар тайёрлаш учун мини-завод қуриш, тайёр маҳсулотни чет элларга чиқариш ва бошқа имтиёзлари берилиши керак.

Яна такрорлайман. Янги ҳукумат Ўзбекистонни ривожланган давлатлар сафига олиб чиқмоқчи бўлса, у коммунистик СССР ва ашаддий коммунист И.Каримовдан қолган эски иқтисодий сиёсатдан кескин воз кечиши керак.

(Давоми бор)

https://www.facebook.com/talib.yakubov/posts/909321565836399

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.