Толиб ЁҚУБОВ: Демократик дунёда -полиция, Ўзбекистонда – милиция

img_6318

Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари диққатига

3-қисм

»Милиция» атамаси асосан дунёдаги энг репрессив давлатларда ишлатилган (хусусан СССРда ҳам). Барча демократик давлатларда бу атама ишлатилмайди.

СССР коммунистик блокидан ажралиб чиққан Польша, Чехия, Болгария, Руминия, Словакия, Сербия, Хорватия, Словения (ва бошқа) ҳамда СССР парчалангач, мустақилликка эришган Литва, Латвия, Эстония, Молдова, Грузия, Арманистон, Қозоғистон ва, ҳатто, Туркманистон ҳам »полиция» атамасига ўтишди. Россия ва Украинада »полиция» атамаси яқинда жорий қилинди.

Адашмасам, собиқ СССРдан чиққан Ўзбекистон, Тожикистон, Белорусия ва Озарбойжон »милиция» атамаси ҳанузгача кучида турибди – ҳаммаси репрессив мамлакатлар. Қирғизистон »полиция» атамасига ўтиш серхаражат, давлат камбағал бўлгани учун бу ишни кейинга суриб келаяпти.

Ҳуқуқ-тартибот органи ҳисобланган милиция (ва полиция)га давлатнинг ички хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилади. Мамлакатда ички хавфсизлик таъминланса, аҳоли тинч яшайди, одамлар ҳадиксирамай ухлайди, атрофдан болалар кулгуси эшитилиб туради, иқтисод соатдай ишлайди, ҳамма билиб-билиб ўз ишини қилаверади. Бундай ҳолатни демократик давлатларда кузатиш мумкин.

Қизиғи, демократик мамлакатларда ички хавфсизликни таъминлайдиган полиция ходимлари кўча-кўйда кўринмайди – эрталабдан кечгача кўчада юрсангиз ҳам полиция ходимига кўзингиз тушмайди. Бироқ, полиция участкасига телефон қилсангиз полиция машинаси узоғи билан 5 (беш) минутда айтган ерингизга етиб келади. Аҳён-аҳён кўчада биқинига »police» деган сўз ёзилган машинани кўришингиз мумкин, холос.

Нега Ўзбекистон »полиция» атамасига ўтмади? – деган табиий савол туғилади. Бир муҳим фактни кўпчилик билмайди. 90-чи йиллар бошида демократик Ғарб Ўзбекистонни демократия томонга буриш мақсадида катта умидлар билан йирик грантлар ажрата бошлади.

Шундай давлатлардан бири Франция бўлиб, у ўзининг Тошкентдаги элчихонаси орқали ўзбек милициясига форма (устки ва бош кийим ҳамда пойафзал), резина калтак (дубинка) ва бошқа эҳтиёжлар учун Ўзбекистон ҳукуматига катта грант ажратди. »Миннатдор» ҳукуматимиз ўзбек милицияси формасини француз полицияси формасига ҳасан-ҳусандай ўхшаш қилиб тикдирди.

Бошқача айтганда, милицияни кийинтириш ва жиҳозлаш учун ҳукумат бир тийин ҳам харажат қилмади – ҳаммаси текин бўлди. Бироқ, Ўзбекистон »полиция» атамасига ўтмади. Сабаби оддий: СССР пайтида »милиция» сўзи одамларни қўрқувгв соларди, одамлар хархаша қилаётган боласини »Ҳозир сени милицияга бервораман» деб қўрқтишар эди.

Зулмга асосланган ҳар қандай сиёсий тузумда қўрқув халқни итоатда ушлашнинг асосий қуроли ҳисобланади. Бу қурол ишлаши учун, яъни ундан халқ қўрқиб яшаши учун, у демократик давлатлардагидек кабинетларида ўтириб ишлаши ва фақат одамлар чақиргандагина кўчага чиқиши лозимлиги эмас, балки ҳамма вақт кўчада тўда-тўда бўлиб юриши керак.

Ўзбекистонда, айниқса катта шаҳарларда, милиция ходими ўқишга кетаётган (ёки ўқишдан қайтаётган) болалар ва студентлар каби кўча рамзига айланган – қаёққа қарасанг кўзинг милиция ходимига тушади, улар кўчада якка ҳолда эмас, иккитадан, учтадан, …дан бўлиб туришади.

И.Каримовнинг 24 йиллик президентлик даврида жамият равнақи учун ўта зарур бўлган учта асосий: »Милиция тўғрисида», »Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида» ва »Ўзбекистон Республикаси президенти импичменти тўғрисида» деган қонунлар қабул қилинмади.

Ҳуқуқшунос юристлар »ҳуқуқий майдон» [правовое поле] атамасини кўп ишлатишади. Маъноси: давлатнинг ҳар қандай ташкилоти, мамлакатнинг қонун чиқарувчи парламенти шу ташкилот ҳақида қонун чиқармагунча, бу ташкилот ноқонуний ҳисобланади, яъни у ҳуқуқий майдондан ташқарида бўлади – бошқача айтганда бу ташкилотнинг фаолияти, қабул қилган ҳужжатлари (қарорлар, тузилган шартномалар ва ҳоказо) ноқонуний ҳисобланиб, улар сўзсиз бекор қилиниши керак.

Ўзбекистонда прокуратура, суд, божхона, солиқ системаси (ва бошқалар) тўғрисида қонун қабул қилинган ва улар, яхшими-ёмонми, ҳуқуқий майдонда фаолият юргизмоқда. Милиция ва МХХ тўғрисида қонун қабул қилинмаганлиги қандай мудҳиш оқибатларга олиб келганини Жиноят-процессуал кодекснинг 345-моддаси (Дастлабки терговнинг мажбурийлиги) яққол кўсатади.

Мазкур моддага кўра Жиноят кодексининг 150-163, 182, 223, 248-моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича дастлабки тергов МХХ терговчилари, 104-113, 120, 122, 123, 127, 130-135, 137-140, 164-166, 168-174, 176-181, 184, 185, 185-1, 188-192, 213, 214, 222, 224, 226-229, 243, 247-250, 259-263, 266-278- моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича, шунингдек вояга етмаганлар содир этган барча жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ички ишлар терговчилари томонидан олиб борилади.

Бундан ташқари, 167, 244-1, 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича дастлабки тергов ишни қўзғатган орган томонидан олиб борилади.

МХХ ва милиция ҳуқуқий майдондан ташқарида, яъни ноқонуний ташкилотлар бўлгани учун бу давлат органлари қўзғатган жиноят ишлари ноқонуний қўзғатилган дея баҳоланади ва, демак, мазкур жиноят ишларининг барчаси бекор қилиниши, жиноят иши фигуранти сифатида қамалганлар дарҳол озодликга чиқарилиши, оқлаш (реабилитация) амалиёти ўтказилиши, келтирилган моддий ва маънавий зарар қопланиши ҳамда ноқонуний жиноят ишларини қўзғатишда қатнашган барча МХХ ва милиция органлари мулозимлари жазога тортилиши керак.

МХХ ва милиция тўғрисида қонунларнинг йўқлиги минглаб инсонларнинг қамалиб кетишига, қамалганлар оилалари мисли кўрилмаган жисмоний ва маънавий азобларга учрашига ҳамда моддий йўқотишларига сабаб бўлди.

И.Каримовдан кейинги раҳбарларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари МХХ ва милиция масаласида қўядиган дастлабки қадамлари:

1) МХХ ва милиция тўғрисида қонунлар қабул қилиши;

2) камида 25 йил давомида мазкур икки ташкилот қўзғатган жиноят ишларини бекор қилиши;

3) махсус комиссия барча қўзғатилган (бекор қилинган) ишларни қайтадан кўриб чиқиши;

4) Ўзбекистонда милицияни полиция системасига ўтказишидан иборат бўлиши лозим.

Бошқача айтганда мазкур ҳуқуқ-тартибот органларида сифат ўзгариши юз бериши, яъни улар инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи, аҳолини ҳар қандай қўрқитишдан холи бўлган профессионал ходимлардан иборат ташкилотларга айланиши лозим.

Посткаримов раҳбарларда Ўзбекистонни дунё ҳурмат қиладиган ҳуқуқий давлатга айлантириш истаги бўлса, у ҳолда қонун чиқарувчи Олий Мажлис МХХ ва милиция тўғрисидаги қонунлар билан бир қаторда »Ўзбекистон Республикаси президенти импичменти тўғрисида» деган қонунни ҳам қабул қилиши, Сенат эса мазкур учта қонунни тасдиқлаши керак. Сўзсиз, импичмент тўғрисидаги қонун президентликни орзу қилган ҳар қанлай шахсни хушёр тортишга ундайди.

СУД СИСТЕМАСИ

Давлатнинг прокуратура, милиция, МХХ, суд, солиқ инспекцияси, божхона (ва бошқа) кучишлатар органларини тартибласак, суд системаси биринчи ўринда туриши керак.

Сабаби оддий:

СУД ДАВЛАТНИНГ АДОЛАТНИ ТИКЛОВЧИ ОХИРГИ ОРГАНИДИР!

Прокуратуранинг иккита функцияси бор:

1) фуқаро ҳуқуқини ҳимоя қилиш (асосий функция);

2) фуқаро жиноят содир этган бўлса – жазолаш.

Бироқ, прокуратура адолатни тикловчи охирги инстанция (орган) эмас. Милиция, МХХ, суд, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа органлар ҳам худди шундай!

Фуқаро адолат излаб милиция, МХХ, суд, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа органлар эшигини қоқавериши, бироқ адолатни топа олмаслиги мумкин.

Авторитар давлатларда, хусусан Ўзбекистонда, айнан ана шундай ҳолат кузатилади. Охир-оқибат фуқаро судга мурожаат қилади.

Адолатни тикловчи орган суд эканини ҳатто IV-асрда яшаган Римлик файласуф Августин Аврелий ҳам тушунган – унинг »Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади» деган ҳикмати ҳозиргача кучини йўқотган эмас.

Узоқ йиллар давомида биз Ўзбекистонда ушбу тартибни кузатдик:

МХХ, прокуратура, милиция, солиқ инспекцияси, божхона, …, суд! Яъни, суд бизнинг кўз ўнгимизда МХХ, прокуратура, милиция, солиқ инспекцияси, божхона (ва бошқа) каби кучишлатар органларининг югурдаги сифатида гавдаланди.

Ушбу мақолани ёзаётганимда мен Ўзбекистон Республикасининг »Судлар тўғрисида» қонунини яна бир бор кўздан кечириб чиқдим. Ўқисангиз мазза қиласиз! Кўнглим озиб кетмаслик  учун фақат иккита моддани келтиришга кучим етди, холос.

Мана улар:

»3-модда. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади»!

»4-модда. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловниамалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади»!

Таажжуб, демократик давлатларда прокуратура, полиция, миллий хавфсизлик хизматлари, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа кучишлатар органлари ҳақида гап кетганда биринчи навбатда мазкур ташкилотларнинг оддий фуқарога нисбатан одиллиги ва барча фаолиятини қонунлар асосида юритишлари эътиборга олинади.

Юқорида келтирилган 3-моддадаги »фақат» сўзига қараганда Ўзбекистоннинг прокуратура, милиция, МХХ, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа кучишлатар органларига одиллик хос хусусият эмас экан! Одиллик фақат судга хос хусусият экан!

4-модда »вааще» супер модда – ундаги »фақат» сўзи прокуратура, милиция, МХХ, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа кучишлатар органларида қонунларга умуман бўйсунмаслик даражасида ишлашлари мумкинлиги таъкидланмоқда!

Яшшавор, ўғлон!

Кулмайлик, заҳархандалик қилмайлик – аслида шундай! Бир нарсани қўшиб қўйишимиз керак – судлар ҳам аксарият ҳолларда қонунларга умуман бўйсунмаслик даражасида ишлайдилар! Буни, масалан, мен ўз оилам мисолида кўрдим.

Мен 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевга куёвим Азам Фармонов масаласида икки марта ариза ва шикоят билан мурожаат қилдим.

Биринчисини Бош прокуратура Сирдарё вилояти прокурори Я.М.Очиловга »Фуқаро Т.Ёқубов ва бошқаларнинг А.Фармоновга нисбатан бўлган жиноят ишини янги очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриб чиқиш ҳақидаги аризалари кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Натижаси ҳақида муаллифларга хабар беришингиз сўралади» хати билан, иккинчиси эса Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.Палвановга »Для производства проверки и принятия мер направляется обращение Якубова Т. Прошу организовать тщательную и всестороннюю проверку всех приведенных доводов. О результатах прошу сообщить заявителю. Второму адресату для сведения. ПРИЛОЖЕНИЕ: на 4+1 листах» хати билан жўнатилган.

Биринчи шикоятим Сирдарё вилояти прокурорига етиб борганига 1 (бир) йил-у 3 (уч) ойдан, иккинчи шикоятим эса Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.А.Палвановга етиб борганига 8 (саккиз) ойдан ошди. Бироқ жавоб йўқ!

Бу – қонунга [»Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» қонуни] бўйсунмаслик бўлмаса, »қонунга бўйсунмаслик» иборасини қандай таърифлаш керак?

Аслида, Ўзбекистонда Президент аппаратидан тортиб то Олий Мажлис ва Сенатгача, барча кучишлатар органлари ва барча ҳокимликларгача бўлган давлат структуралари қонунларни уч пулга ҳам олмай ишлашлари ҳозир ҳаммага маълум. Бу – барча авторитар сиёсий системаларнинг касаллигидир.

Умид охирги нафасгача тирик туради. Умид эса посткаримов раҳбарлардан – улар аста-секин барча юқори давлат идораларида, барча кучишлатар органларида, барча ҳокимликларда қонун устиворлигини ўрнатишади.

Судларда эса – биринчи навбатда!

(Давоми бор)

https://www.facebook.com/talib.yakubov/posts/909320892503133

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.