Жаҳонгир Муҳаммад: Солиқнинг кучи (Бўлган воқеа)
Дўстим дея олмайман, аммо яқин танишим бор. Ёши бир жойга етиб қолди. Орада бир келиб, «Кеннойи бир ош дамласинлар” дейди.
Илгари менга қўшилиб Каримовни сўкарди, ҳозир Мирзиёевни сўкади. Сабабини сўрасангиз, жавоби аниқ, “диктаторнинг боласи ҳам диктатор” дейди. Танийсизми, десам, танимайди, планларини биласизми, десам, билмайди. Аммо шундай сўкадики, ёнингизда бола чақангиз бўлса, ер ёрилса, рози бўласиз.
Бу сафар келганида “дипломат”лик қилдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Трампдан бошлаб, Путинга қадар етиб бордик.
Кейин:
– Нега кеннойини олиб келмаяпсиз? – дедим.
– Айтгандим, шекилли, кўнмайди, Амриқонгда нима қилaман, дейди. – Шунинг учун топганманда бу урусни.
У анчадан бери бир урус аёл билан яшайди. Аммо яхши аёл. Уни тоғу тошларга, сайру саёҳатларга олиб боради. Танишим ҳатто машина ҳайдашни ҳам билмайди. Орада кимнинг уйида боғбонлик-соғбонлик ишлари чиқиб қолса, бориб ишлайди. Бўлмаса “элликта”ни отиб, ётгани ётган.
Интернетни ҳам билмайди. Унга битта саҳифа очиб бергандим, ўша жойга ёзиб туради. Саҳифани очганимизда “болаларимга гап тегиб қолмасин” деб ўз исмини ёзмаслигини айтгaнди, унга лақаб қўйиб бергандим, ҳалига қадар ўша лақаб билан ёзади.
Ёзганлари эшакнинг думига илинмайди, аммо отникига илинади, деб хурсанд.
– Болалар, невараларни чақиринг, – дедим яна “дипломат”лик билан.
– Биласизку, улар ҳам келишни исташмайди. Болалар ўзлари билан ўзлари. Лекин иккита неварам олийгоҳда, шуларнинг контракти менинг бўйнимда.
– Қойилман, нафақадан орттириб, невараларни ҳам ўқитаяпман, – денг.
У бирдан очилиб қолди.
Кимдир Авропада ноҳукумат ташкилот очибди. Унга ҳукуматни танқид қилиб турсангиз бас, дебди. Ўша ташкилотдан келадиган “евро”ни олиб, долларга алмаштириб невараларига юбораётганни айтди.
Мақтаб қўйдим.
– Ватанга қайтмайсиз эканда, – дедим кейин.
– Қайтсам мендай чолни ким ишга олади? Пенсия ҳам бермайди. Чунки ватанда ҳам ёлчитиб ишламаганман. Ҳозир бу ерда пенсиям бор, устига боягидан топиб турибман, – деб жавоб қилди у.
– Бугунги ҳукуматни сўкиб турганингиз шундан экан-да, – деб гапнинг дангалини айтиб юбордим.
Жаҳли чиқиб, оламни бузади, деб ўйлагандим, йўқ, парвойига ҳам келмади:
– Агар сўкиб турмасак бўлмайди. Ишим шу. Вазифа. Шунинг учун ойлик беради,- деди.
Уни тушундим. Чой ичиб, хайрлашдиk. Аммо эртасига қарасам, исмимни айтмасдан мени танқид қилиб ёзибди.
Нима эмиш, уни чойга чақириб, янги ҳукуматни мақтаган эмишман.
Бироз жаҳлим чиқди. Лекин ўзимни босдим. Сим қоқдим.
Ўзи очилди яна:
– Кўнгилга олмайсиз, Авропадаги бошлиқ сўраганди, нима қилишни билмай, исмингизни ёзмасдан танқид қилдим.
— Мен мақтаганим йўқку сизга. Хоиндан олиб, хоинга солиб сўкибсиз.
– Сўкиш ҳали олдинда, – деди у товушини хириллатиб.
Энди жаҳлим чиқди.
– Авропадан келган пулдан солиқ тўлаяпсизми? – дедим дангалчасига.
Товуши ичига тушиб кетди. Жимлик… Жимлик… Кейин телефон «тиқ» этиб ўчди. Солиқ тўламаслик жуда ёмон. Бир сонияда нафақаси худди товуши кесилгандай кесилади.
Бугун кўрсам, саҳифани ёпиб қўйибди. Демак, нафақат интернетни, балки кўп нарсани ўрганибди.
Жаҳонгир Муҳаммад
https://www.facebook.com/jahongir.muhammad/posts/10154841694546042
Fikr bildirish