ЕХҲТнинг Тошкентдаги вакили Жон Мак Грегор ҳақми ёки Париж Олий судининг судяси Джоел Бойерми? Қай бирига ишонайлик?!

%d0%bf%d0%be%d0%b7%d0%be%d1%80-%d0%b2%d1%81%d0%b5%d1%85-%d0%b8%d0%bc
Хурматли фикрдошлар, сафдошлар!
 
Биз, «Ўзбекистон Фуқаролик Жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгашига жамланган «Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва бир қатор нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек Ғарб давлатларида яшаётган фуқаролик жамияти вакиллари, ўзбек халқи тақдирига бефарқ бўлмаган бошқа мамлакатлар фаоллари биргаликда БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, Фридрих Эберт жамғармаси рахбариятларига мурожаат қилиб, шу йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро анжуманда қатнашиб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича ёлғон фикрларни баён қилиб маърузалар қилган, ўзбек миллатининг тақдири билан ўйнашаётган, режим қурбонларини ҳақорат қилган уларнинг вакиллари Стефан Приснер, Анатолий Ковлер, Жон Мак Грегор, Хенриетте Кифер ва Амзулиан Рифаиларни ўзбек миллати вакилларидан кечирим сўрашларини талаб қилишга қарор қилдик.

Биз барчамиз жам бўлиб уларга қарата: “ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ АЯНЧЛИ ТАҚДИРИ УСТИДАН КУЛИШНИ БАС ҚИЛИНГ” деб баралла хайқирайлик!
 
 
Стефан Приснер – БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили;
 
Джон Мак Грегор – ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори;
 
Анатолий Ковлер – Европа Иттифоқининг Вена комиссияси вакили;
 
Хенриетте Кифер – Фридрих Эберт жамғармасининг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси минтақавий вакиласи;
 
Профессор Амзулиан Рифаи – Индонезия Омбудсмани 
Айниқса ЕХҲТнинг Тошкентдаги лойиҳалар координатори Джон Мак Грегор Ислом Каримовни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш соҳасининг йирик намояндаси бўлганлиги ҳақида башорат қилишга уялмаган.

Хўш жаноб, Жон Мак Грегор Ислом Каримов сиз айтгандек бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини соҳасининг йирик намояндаси бўлган бўлса унда Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова Тиллаеванинг Париждаги Rue89 нашри ва унинг журналисти Огюстин Скалберт устидан судга киритган даъво аризасини атрофлича кўриб чиқиб, 2011 йил 1 июлда Париж Олий судининг судяси Джоел Бойернинг Ислом Каримовни диктатор деб аташни қонунийлаштирган қарорига қандай муносабат билдирасиз?

Париж Олий судининг 2011 йил 1 июль кунги Ислом Каримовни диктаторлигини қонунийлаштирган қарори

Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг коорупцион жиноятлари ҳақида бир қанча мамлакатларда жиноят ишлари қўзғатилгани, нуфузли халқаро ташкилотларнинг  мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммолари ҳақидаги баёнотлари, БМТнинг қийноқларга қарши кўмитаси, ишчи гуруҳи экспертларининг хулосалари, муносабатлари, ғарб матбуотларида чоп этилаётган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилиш ҳолатлари, мамлакатда қийноқлар кенг кўламлиги, Марказий осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон сиёсий ва диний маҳкумларни қамоқда сақлаш бўйича энг олдинги қаторда эканлигини наҳотки билмайсиз?

Сизлар фаолият юритувчи халқаро институтлар ғоялари – демократия, инсон ҳуқуқи сингари мақсад вазифаларини амалга оширишга хисса қўшгани учунгина йиллар давомида босимларга учраётган фуқаролик жамияти вакиллари, қамоқларда қолаётган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг аянчли тақдири наҳотки сиз жаноблар ва хонимларни виждонига таъсир қилмаса? Наҳотки қамоқхоналарда қийнаб ўлдирилган, баданлари пажмурда холатдаги мурдаларни оилаларига топшириб, зудлик билан кўмишни талаб қилинаётган қийноқ қурбонларининг асосий қисми диний маҳкумлар эканлиги сизнинг уйқунгизни бехаловат қилмаса?

Биз мана шундай саволлар қўшилган ва унга имзо чеккан фаолларнинг исми шарифлари киритилган баёнотни ва «Ўтюраклар Клуби» ИҲҲҚХТ архивида сақланаётган Ислом Каримовни диктатор деб аташни қонунийлаштириб берган Франция судининг қарорини Женевага БМТ бош котибига, Варшавага ЕХҲТ раҳбариятига, Брюсселдаги Европа Иттифоқига, Германиядаги Фридрих Эберт жамғармасига, шунингдек уларнинг Тошкентда фаолият юритаётган вакиллари Стефан Приснерга, Джон Мак Грегорга, Анатолий Ковлерга, Хенриетте Киферга ҳамда Индонезия Омбудсмани профессор Амзилиан Рифаиларга буюртма хатлар орқали жўнатишга ҳам қарор қилганмиз.

Шунингдек уларга 27 йиллик Ислом Каримов яратган диктатура режими жиноятлари ҳақида ҳикоя қилгувчи, лекин молиявий имкониятлар чеклангани боис ҳамон чоп қилиш имкониятига эга бўлмаган Мўътабар Тожибоеванинг «Қийноқлар ороли асираси», Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг «Цемзавод – ЖИЭМ 64/46», «Ҳазон бўлган умрлар» асарларининг печатланган варианти ҳамда Евгений Дьяконовнинг «В зоне Уз» асарларини ўрганиб чиқишлари ва хулоса қилишлари учун жўнатиш лозим деб топдик.

Бундан икки кун аввал Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг «Саҳвий» радиосида бўлиб ўтган давра сухбати уюштириб, бу халқаро ташкилотлар вакилларининг иккиюзламачилик сиёсати ҳақида атрофлича муҳокама қилдик. Шу жараёнда Ўзбекистон фуқаролик жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш кенгаши вакили Муҳаммадсолиҳ Абутов ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг раҳбари Абдужалил Бойматовлар томонидан ушбу холат бўйича юқорида номлари тилга олинган халқаро ташкилотлар вакилларидан изоҳ талаб қилиш кампаниясини кучайтириш масаласини мухокама қилдик. Давра сухбати якунида улар томондан киритилган таклифи ортидан имзо тўплашга келишдик ва имзо тўплаш жараёни бошланди.

 

Ушбу ташаббусни биринчилардан бўлиб устозимиз Толиб Ёқубов, журналист, “Туғён радиоси муҳаррири Улуғбек Бакиров, мустақил тадқиқодчи, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, “Қийноқларсиз ҳаёт учун ташаббус гуруҳи раҳбари Моҳира Ортиқова, Россиядаги ўзбекларнинг “Ватандош” жамияти раиси Усмон Баратов, демократик мухолифат вакили Мирза Анвар Хамидов, Ўзбекистондаги виждон тутқунларини озод қилиш кўмитаси раҳбари Баходир Намозов, мустақил журналистлар Улуғбек Хайдаров, Камолиддин Йўлдош, Шуҳрат Аҳмаджонов, Ғофуржон Йўлдошев,  Евгений Дьяконовлар, мустақил мухолифатчи, сиёсатчи Намоз Нормўмин, “Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўмитасининг Украинадаги вакили Назира Қаршиева, Украинадаги “Смерч” Фуқаролик шакллантириш гуруҳи (Гражданское Формирование ,,Смерч,,) вакили Шавкат Муҳаммад, Андижон фожеаси гувоҳларидан бири, ўша пайтдаги Андижонлик ҳуқуқ фаоли Лутфилла Шамсиддинов, фаол Вадим Авакян, Россиядаги “Ёрдам” Ҳуқуқий Маслахат Маркази (Консультативный центр “Помощь”) директори, “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари Маркази вакили Бахром Хамроев, диний фаол Бахром Қориев, мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Фарҳодхон Мухторов, шунингдек Ўзбекистон хукумати қатағони қурбонлари ва қўли қонга ботган режим жаллодларининг портретларини чизган Қозоғистонлик машҳур рассом Канат Ибрагимов ва Қозоғистонлик мустақил журналист, “Муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўмитаси” фаоли Рустам Майтановлар қўллаб қувватлаб, имзо чекишди.

%d0%bb%d0%be%d0%bb%d0%b0-%d0%ba%d0%b0%d1%80%d0%b8%d0%bc%d0%be%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d1%83%d0%b4%d0%b8 
Эсингизда бўлса, UNICEFнинг Тошкентдаги ваколатхонаси рахбари Жан-Мишель Дельмотт, UNESCOнинг Тошкентдаги ваколатхонаси рахбари Хорхе Иван Эспинал, шунингдек Тошкентдаги Европа Уйи рахбари Пьер-Поль Антуниссенслар Франция суди жараёнида Лола Каримова Тиллаевани ҳимоя қилиш мақсадида қўллов хатлари қилиб берганликлари Каримова хонимнинг адвокати Антуан Жермен (Antoine Germain) томонидан ошкор қилиниб, судга тақдим қилинганди.
 

Шунингдек, адвокат Антуан Жермин томонидан судга тақдим қилинган ҳам Ўзбекистоннинг UNESCOдаги элчиси, ҳам «Сен етим эмассан» жамғармасининг асосчиси ва рахбари бўлмиш Лола Каримова Тиллаевага Европа Комиссияси томонидан 3,7 миллион евро молиявий қўмак ажратилаётганлиги ҳақидаги маълумотномаси ошкор бўлганидан кейин Еврокомиссия рахбари Мануэл Баррозу жамоатчиликка тушунтириш беришга мажбур бўлганди.

32 миллионлик ўзбек халқимиз, миллатдошларимиз бошига тушган шунча йиллик диктаторлик тузумидан халос бўлиш ёки яна узоқ йиллар шу ботқоқда қолиб кетишимиз ўзимизга, сўзларимизга, қатъиятимизга боғлиқ.

Шунинг учун ҳаққи ҳуқуқлари йиллар давомида топталиб келган, яна топталиши давом этаётган ўзбек миллати вакилларининг ҳаққи ҳуқуқлари бузилаётганини, қамоқхоналарда асосан сиёсий ва диний маҳкумларга нисбатан қилинаётган босимлар, уларга нисбатан қўлланилаётган қийноқларни, адолатсиз суднинг хукмлари билан қийноқ қурбонларининг азобларини, ўлдирилишларини, ўзбек қамоқхоналаридан тинимсиз диний маҳкумлар мурдалари чиқаётганлигини кўриб кўрмаётган бу кимсаларга ўз сўзимизни айтайлик.

Токи улар ўзбекистоннинг янги хукуматига ялтоқланиш ўрнига сиёсий ва иқтисодий ислохотларни амалга ошириш, мамлакатдаги қалтис холатда турган сиёсий ва ижтимоий вазиятни юмшатиш мақсадида жиддий қадамларни қўйишларини талаб қилсинлар, жумладан: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан ноҳақ қамалган ва узоқ йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётган бир неча минглаб сиёсий, диний махкумлар, қийноқ қурбонлари ва адолатсиз судлов қурбонларини оқлаб, уларни зудлик билан қамоқлардан озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари масалаларини ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан махсус Давлат комиссияси тузиш сингари таклифларимизга уларга етказсинлар.

1953 йилда Сталиннинг ўлимидан кейин мамлакатда сиёсий ўзгаришлар Сталин қатағони қурбонларини оқлаш билан бошланганди. Зероки Ислом Каримов қатағони қурбонлари Сталин қатағони қурбонларидан кам азоблар тортмадилар.

Бу ташаббусни қўлланг ва имзо чекишга шошилинг азиз миллатдошлар!

Ушбу мурожаатномада номлари тилга олинган жаноблар ва хонимларга микрофон тутиб, биз санаб ўтган саволларга жавоблар беришларини талаб қилишни, уларнинг жавобларини жамоатчиликка етказишни миллатдошларимиз тақдирига бефарқ қолмаган журналистлардан сўраб қоламиз
 
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари
Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.