Ўҳшаш тақдирлар, ёҳуд ХХ асрнинг зиндонда қолаётган бошқа асирлари қачон озод қилинадилар?
1940 йилнинг 12 декабрида туғилган, Эврил Турон тахаллуси билан танилган, 2008 йилда “Ўлмас қоялар” романи француз тилида китоби чоп килинган таниқли ёзувчи, Мамадали Маҳмудов сохта айбловлар билан 1994 йил 3 мартда қамоққа олиниб, 1996 йилнинг 6 август кунигача қамоқда бўлган.
1999 йил 19 февралда эса Мамадали Махмудов ўғирлаб кетилиб, бир ярим ой давомида унга номаълум бўлган жойда, қўлларига кишан солинган холатда сақлаб, шахсан Ички Ишлар Вазирининг ўринбосари Сайфулла Асадов ва бошқарма бошлиғи Алишер Шарофиддинов, бугунги кунда Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ички Ишлар вазирлигидаги юқори лавозимга кўтарилган Алишер Эргашевлар ҳамда улар томонидан ёлланган лахмачлар томонидан узлуксиз қийноқларга солинган.
Айни шундан кейин 1999 йил 19 февралдаги Тошшкентдаги портлашларда айбдор дея топилиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.
2013 йилнинг 19 февраль куни белгиланган жазо муддатини тўлиқ ўтаб бўлган 72 ёшли Мамадали Маҳмудов озодликка чиқарилмаганди. Уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 – моддаси – «Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» да айбдор деб топиб, яна 3 йиллик жазо муддати қўшиб берилганди.
Қамоқ муддати чўзиб берилганидан 60 ой ўтгач, яъни 2013 йилнинг 19 апрель куни Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ жазоси бекор қилиниб озодликка чиқарилди.
1945 йилда туғилган, ўзининг чорак асрлик умрини ўзбек зиндонида ўтаган, Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқонов давлат бдюжетини талон тарож қилиш айби билан 1992 йилнинг 2 июнь куни хибсга олинган ва бир ярим йил мобайнида Республика МХХ ертўласида сақланган, сохта айбловлар билан тўлдирилган жиноят иши судда бир томонлама кўриб чиқилиб, 1993 йилдаги айблов хукми билан 20 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинганди.
2014 йилда озодликка чиқиши кутилаётган Самандар Қўқоновга қамоқхона ички тартиб қоидаларини бузганлик айби билан жиноят иши қўзғатилиб жазо муддати узайтирилган ва қамоқдан озод бўлиш муддати 2016 йил 6 октябрга белгиланганди.
6 октябрь куни Самандар Қўқоновни навбатдаги қамоқ муддати тугагани сабабли уни озодликка чиқиши хабарини интиқиб кутаётган яқинларига Самандар Қўқонов жазо муддатини ўташ даврида муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларни мунтазам бузиб келгани учун 2016 йил 07 октябрь куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси 2 қисми «б» банди ва 60-моддаси билан 3 йил 5 кунга озодликдан маҳрум этилганлиги ҳақида хабарни олганлар.
Навбатдаги хукм ўқилганидан 46 кун ўтиб эса, яъни 24 ноябрь куни Самандар ака озодликка чиқарилди.
Кўриниб турганидек ҳар икки қария ва таниқли сиёсий маҳкумлар Ислом Каримов ёки Шавкат Мирзиёевнинг химмати сабабли эмас, уларга қўшиб берилган жазо муддатлари ортида жахон ҳамжамятининг кескин танқидига учраганликлари учунгина Мамадали Маҳмудовни ва Самандар Қўқоновни озод қилдилар.
Қамоқда қолаётган сиёсий маҳкумлар рўйхати янгиланди, янгиланган рўйхатда 20 асрнинг асирлари рўйхатда қолмоқдалар.
Бу рўйхатнинг бошида 1994 йилдан, яъни 22 йилдан буён қамоқда қолаётган Қўқондаги “Ҳавоқанд” тарихим масжиди имоми Тоштемир Нурматов (Муҳаммадражаб Маҳсум Қори) турибди;
Кейинги навбатда 1998 йилдан буён қамоқда қолаётган банкир Рустам Усмонов;
1999 йил 17 февралда қамоққа олинган ва 2010 йилда қамоқхонада ўлганлиги ҳақида миш миш тарқалган, “Акромийлар” диний оқими йўлбошчиси дея айтиладиган Акрам Йўлдошев;
Шунингдек 1999 йилнинг 15 март куни Украинадан тутиб Ўзбекистонга топширилган журналистлар Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов борлар.
Бу ўтган асрдан буён тутқунликда сақланиб келаётган, кўпчилигининг тақдири номаълум қолаётган диктатура режими асирларини, виждон тутқунларини қачон озод қиладилар?
Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги хукумат сиёсий ислоҳотларга қадам қўйгани йўқ хали!
Бухоро вилоятининг собиқ хокими Самойдин Хусейновнинг жиноий қилмишлари ҳақида ўз вақтида кўплаб материаллар эълон қилинганди. Бухоролик тадбиркор Солих Абдухайровни мол мулкига, қимматли қоғозларига эга чиқиш мақсадида уни ўзини ва вояга етмаган ўғилларини ҳам қаматиб, Бухоро вилоят телевидениесида, газеталарида қоралов кампанияларини олиб борганди.
Абдухайровлар оила аъзоларини ҳимоя қилиш учун Бухорога ташриф буюрганимиздан кейин Толиб ака Ёқубов ва менга қарши тухмат кампанияларни ҳам амалга ошириб, ўша пайтдан удумга кирган номи бору, ўзи йўқ, фамилияси бору, сурати йўқ бўлмиш троллари номидан тухмат мақолалар чоп қилинганди.
Бугун мана шу кимсани, яъни Самойдин Хусейновни янги хукумат оқлабди, уни номини хурмат билан тилга олинибди, ишга жойлаштирилибди.
2006 йилда молиявий жиноятларда айбланиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, Тошкент шахрининг собиқ хокими Козим Тўлагановга лавозим берилибди.
Шулар орасида чорак асрлик умрини ўзбек зиндонида ўтказган Самандар Қўқоновни озод қилибди.
Хўш, Самандар Қўқоновни оқлаб бирор калима сўз айтдими бу хукумат амалдорлари? Нима учун биз Самандар аканинг озод қилингани учун ўзбек хукуматига раҳмат айтишимиз, мисол келтириб Шавкат Мирзиёевни тарғиб қилишимиз керак. Асло бундай қилмаслик керак.
Бу хукумат қамоқларда қолаётган ўнлаб сиёсий ва минглаб диний маҳкумларни оқлаш ва уларни озодликка чиқариш учун бир қадам қўйгани йўқ хати. Биргина Самандар Қўқоновни озод қилгани, Бобомурод Раззоқовни озод қилгани сиёсий ислохотларга қадам қўйганини белгиси эмас.
Самойдин Хусейнов ва Козим Тўлагановларнинг хукмида уларнинг давлатдан ўмарган маблағлари миқдори билан Жаслиқ қамоқхонасида 10 йилдан ортиқ муддатдан буён сақланаётган ҳуқуқ фаоли Азам Фармоновнинг «ўзлаштирган» суммаси, учинчи бора жазо муддати узайтирилган Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов сингари қамоқда қолаётган журналистлар ва ҳуқуқ фаолларининг суд хукмида кўрсатилган «ўзлаштирган» суммаларини бир солиштириб кўришни ўзи кифоя қилади.
Ҳақиқий жиноятчилар оқланибди, қўлланилмоқда экан, нима учун демократия ғоялари учун инсон ҳуқуқи учун курашгани сабаблигина қамоқларда қолаётган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари ва диний экстремизмда, терроризмда айбланиб қамоқларда қолаётган минглаб диний маҳкумлар оқланмайдилар, озодликка чиқарилмайдилар?
Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги хукумат сиёсий ислоҳотларни бошласин, сиёсий режим қурбонларини оқласин ва қамоқдаги қурбонларни озод қилсин, ёки шу мақсадда биринчи қадамни қўйсин ана шунда ислоҳотлар бошланишига ишонамиз ва Мирзиёевни тарғиботига биз ҳам қўшиламиз.
Мўътабар Тожибоева
Собиқ сиёсий маҳкум
Fikr bildirish