Мўътабар Тожибоева: Инсон ҳуқуқлари олий қадрият!

e2-p1010066

Улуғбек Бакиров: Мўътабар опа, бугун, 10 декабрь, инсоният тарихидаги 3 та муҳим кун!

Бугун, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигига 68 йил, инсон ҳуқуқи кунига 66 йил ҳамда «Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шавқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи турларига қарши Конвенция» қабул қилинганлигига 32 йил тўлди. Бир сўз билан айтганда, бугун дунёда инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқбонлар куни. Аввало, сизни ва сиз орқали барча ҳуқуқ ҳимоячиларни шу байрамлар муносабати билан табриклаймиз.

Дунёдаги энг машаққатли, энг ҳаловатсиз ва айни дамда энг хавфли касблардан бири бу шубҳасиз ҳуқуқбонликдир. Қолган соҳалардаги инсонлар аввало ўзларининг, оилаларининг, ўз яқинларининг ҳимояси ва фаровонлиги учун ишласалар, айнан, ҳуқуқбонлар ўзлари учун эмас, ўзгалар учун, ўзи танимаган билмаган инсонлар учун ишлайди. Уларнинг ирқи, жинси, миллати, дини, тили, ижтимоий келиб чиқиши, маънавий ва маърифий аҳлоқлари қандай бўлишидан қатъий назар улар инсон бўлганлиги учун уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Ҳатто у душман бўлса ҳам.

Бу борада ҳуқуқ ҳимоячиларини тиббиёт ходимларига, докторларга қиёс қилса бўлади. Шифокорлар учун беморларнинг кимлиги муҳим бўлмагинидек, ҳуқуқбонлар учун инсоннинг кимлиги муҳим эмас. Ҳатто, оғир жиноят содир этган кимсага нисбатан ноқонуний ҳаттти ҳаракатлар қўлланилса, унинг инсоний ҳуқуқи поймол этилса ҳам биринчи бўлиб бонг урадиганлар бу ҳуқуқ ҳимоячилардир. Ҳуқуқбонлик машаққатли лекин шарафли вазифадир.

Мана шу қутлуғ кун муносабати билан ҳамкасбларингизга табрикларингиз!

Мўътабар Тожибоева: Мен бугунги қутлуғ айём билан нафақат ўз номимдан, мен бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилоти номидан, балким ташкилотимиз қошида ташкил этилган ва ҳамкорликда фаолият юритаётган “Қийноқларсиз ҳаёт учун” Ташаббус Гуруҳи, “Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси” ҳамда Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш кенгаши вакиллари ва бошқа ҳамкорларимиз номидан инсон ҳуқуқи йўналишида фаолият юритаётган фаолларни ва инсон ҳуқуқи йўналиши бўйича фаолият юритувчи фаолларни кўллаб қувватлаб келгувчи халқаро ташкилотлар рахбарлари ва вакилларини, журналистларни ва бошқа касб эгаларини инсон ҳуқуқлари куни билан қутлайман. Бунингдек машаққатли ва салмоқли фаолиятни амалга оширишда уларга сабр бардош ва матонат тилаб қоламан.

Шунингдек устозларимиз ва ҳаммаслакларимиз, сафдошларимиз Толиб Ёқубов, Гулчеҳра Нуриллаева, Васила Иноятова, Абдураҳмон Ташанов, Баҳодир Намозов, Дилором Исақова, Сурат Икромов, Гулшан Қораева, Абдужалил Бойматов, Аҳмаджон Мадмаров, Абдусалом Эргашев, Елена Урлаева, Носир Зокир, Фарҳодхон Мухторов, Улуғбек сизни ва сиз сингари сафларимизда туриб инсон ҳуқуқи йўлида жонбозлик кўрсатиб, курашиб келаётган, бу йўлда турли таҳдидлар ва босимларга қарамасдан кураш йўлидан чекинмай келаётган ва исмларини келтирилмаган бошқа кўплаб ҳуқуқ фаоллари, журналистлар, фуқаролик жамияти фаолларини халқаро инсон ҳуқуқлари куни билан қутлайман. Қамоқдаги жасоратли қисматдошларим ҳуқуқ фаоллари ва журналистларни ҳам тезроқ озодликка чиқиб яқинлари бағрини тўлдиришлари тарафдориман.

Толекан Исмоилова, Азиза Абдурасулова сингари сафдошларимиз, ҳуқуқ фаолларини ҳам бугунги байрам билан қутлаш билан биргаликда уларнинг дўстимиз, ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг озодлиги йўлида олиб бораётган жонбозликлари ва жасоратлари учун бошим ерга теккунча уларга таъзим қиламан.

Афсуски Марказий Осиё мамлакатлари ҳуқуқ фаоллари, фуқаролик жамияти вакиллари дунёнинг қайси бурчида бўлмасинлар ўз касбий фаолиятлари сабаб босимларга учрайверадилар, уларга ва оила аъзоларига нисбатан таҳдидлар бир зум бўлсада  тўхтамайди. Мана шундай таҳдидлар ва босимлар сабаб куни кеча касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган Азиза Абдурасуловани тезроқ тузалиб кетиши тарафдориман ва “АЗИЗА ЭЖЕ СОҒ БЎЛИНГ” дейман.

Улуғбек Бакиров: Дунёдаги бугунги инсон ҳуқуқлари вазиятига бир баҳо берсангиз? Бугун дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи қандай?

Мўътабар Тожибоева: Дунё сиёсатчиларининг геополитик манфаатлар йўлида уюштираётган ва олиб бораётган урушлари натижасида қурбон бўлаётган беайб инсонлар, ёш гўдаклару, қарияларни фожеали ўлимларини кўриб туриб чидаш имконсиз. Мана шу геополитик манфаатлар сабаб вайрон бўлган ва бўлаётган шаҳарлар, мамлакатлар, уюм уюм қилиб бериб қўйилаётган, дунё нелигини ҳали тушуниб етиб улгурмай мана шу сиёсатчиларнинг ўйинлари сабаб дунёдан кўз юмаётган гўдақларнинг уволи тутишидан нахотки қўрқмайдилар ўша сиёсатчилар?

Инсониятга қарши содир қилаётган жиноятлари боисидан бутун бошли мамлакатларнинг аҳолиси оммавий қирғин қилинаётгани, тирик қолганлари эса хавфсиз макон излаб дунё бўйлаб сарсону саргардон бўлаётганларида наҳотки ўзларини айбли ҳис қилмайдилар, виждонлари қийналмайди? Ахир уларнинг ҳам фарзандлари, набиралари бордир. Наҳотки улар ўз гўдак фарзандлари ва набираларини бағриларига босганларига ўзлари сабаб дунёдан кўз юмган минглаб гўдаклар ҳам кимларнингдир эркатой фарзанди, набираси бўлганликларини, уларни йўқотишдан дунёсини йўқотгандек бўладиган яқин жигаргўшалари борлигини ўйламасмикинлар! Қани ким таъминлайди бу гўдакларнинг ҳаққи ҳуқуқларини, ким сўрайди уларнинг бевақт хазон бўлган умрлари ҳисобини?!

Мана шу урушлар оқибатида хавфсиз макон қидириб, сарсону саргардон бўлиб ҳавф хатарсиз мамлакатларга қочаётган инсонларни қочқинлик сўраб бош ураётган мамлакатларида “мусулмонмисан, демак террорчисан” деган қарашларнинг, камситишлару, турли босимларнинг қурбонлари бўлаётганликларини унутмаслигимиз керак.

Улуғбек Бакиров: Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятлари ва қамоқда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

Мўътабар Тожибоева: Бизлар мана бир неча йиллардан буён инсон ҳуқуқларини топтаб келган, қийноқларни мунтазам қўллаб келган диктатура режимига қарши курашиб келдик. Каримов ўлимидан кейин мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлишидан умид қилиб турибмиз.

Бугунги кунда нафақат қамоқда қолаётган инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва инсон ҳуқуқи йўналишида олиб борган фаолияти сабаб қамалган журналистларни номларини баралла айтишимиз керак. Уларни қамоқдан чиқармаслик учун тинимсиз жазо муддатлари қўшиб берилаётгани ҳақида бонг уришдан тинмаслигимиз керак.

Мана булар:

l. Муҳаммад Бекжонов — журналист — 1999 йилнинг 15 мартидан буён қамоқда

2. Юсуббой Рўзимуродов — журналист — 1999 йилнинг 15 мартидан буён қамоқда

3. Ғайрат Михлибоев — журналист — 2002 йилнинг 25 мартидан буён қамоқда

4. Азам Фармонов — ҳуқуқ фаоли — 2006 йилнинг 29 апрелидан буён қамоқда

5. Исроилжон Холдоров — ҳуқуқ фаоли — 2006 йилнинг 4 июлидан буён қамоқда

6. Юлдаш Расулов — ҳуқуқ фаоли — 2007 йилнинг апрель ойидан буён қамоқда

7. Солижон Абдурахмонов — журналист — 2008 йилнинг 7 июнидан буён қамоқда

8. Аъзам Турғунов — ҳуқуқ фаоли — 2008 йилнинг 11 июлидан буён қамоқда

9. Дилмурод Саидов — журналист — 2009 йилнинг 22 февралидан буён қамоқда

10. Ғайбулло Жалилов — ҳуқуқ фаоли — 2009 йилнинг 5 сентябридан буён қамоқда

11. Ғанихон Маматхонов — ҳуқуқ фаоли — 2009 йилнинг 9 октябридан буён қамоқда

12. Мехринисо Ҳамдамова — ҳуқуқ фаоли — 2009 йилнинг 5 ноябридан буён қамоқда

13. Зулҳумор Ҳамдамова — ҳуқуқ фаоли — 2009 йилнинг 5 ноябридан буён қамоқда

14. Чўян Маматкулов — ҳуқуқ фаоли — 2012 йилнинг декабрь ойидан буён қамоқда

15. Фахриддин Тиллаев — ҳуқуқ фаоли — 2014 йилнинг 2 январидан буён қамоқда

16. Нуриддин Жуманиязов — ҳуқуқ фаоли — 2014 йилнинг 2 январидан буён қамоқда

17. Барно Худоёрова — журналист — 2015 года йилнинг 30 июнидан буён қамоқда

Бундан ташқари ҳуқуқ ҳимоячиларининг фарзандлари яқинлари ҳам ота-оналарининг фаолиятлари сабаб қамоққа олинганлар ва бугунги кунгача қамоқда қолмоқдалар. 

1 Абдулло Мадмаров — Марғилонлик ҳуқуқ фаоли Ахмаджон Мадмаровнинг ўғли — 1999 йил 12 апрелдан буён қамоқда

2. Хабибулло Мадмаров —Ахмаджон Мадмаровнинг ўғли — 2000 йилдан буён қамоқда

3. Абдулахат Мадмаров —Ахмаджон Мадмаровнинг жияни —1999 йилдан буён қамоқда

4. Юрий Николаев —ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатованинг ўғли — 2011 йил 2 августдан буён қамоқда.

Шу ўринда яна эслашимиз керакки, марҳум Президент Ислом Каримовнинг жияни ҳуқуқ фаоли ва журналист Жамшид Каримовнинг бугунга тақдиридан ҳеч кимни хабари йўқ. Унинг вазияти юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида хукумат идораларига расмий мурожаатлар қилиш керак деб хисоблайман.

Улуғбек Бакиров: Яқин йиллар ичида озодликка чиққан ҳуқуқ ҳимоячилари ва собиқ сиёсий маҳкумлар кимлар?

Мўътабар Тожибоева: Яқин йилларда қамоқдан 72 ёшга киргандан кейин мухолифатчилар Мамадали Махмудов, Самандар Қўқонов ҳамда 21 йиллик қамоқдан сўнг Мурод Жўраевлар озод қилиндилар.

Ҳуқуқ фаолларидан қамоққа олинган кунидан бошлаб токи ўлгунигача қамоқдаги қийноқлар ҳақида бонг урган Абдурасул Худойназаров қамоқхонада орттирган оғир хасталикдан сўнг 2014 йилнинг 29 май куни озодликка чиқди ва 26 июнь халқаро қийноқ қурбонларини ҳимоялаш кунида вафот этди.

Яқинда “Эзгулик” жамияти вакили ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов амнистия қўлланилиб, озодликка чиқди.

Бу фаолларнинг барчалари ўз соғликларини қамоқхоналарда йўқотганлар ва уларга нисбатан қўлланилган ноинсоний муносабатлар, қийноқлар сабаб уларни соғликларини тиклашлари ва ҳаётга имкон қадар тезроқ кўникма хосил қилишлари учун ҳар томонлама кўмак керак.

Ўзбекистонда биринчи бўлиб инсон ҳуқуқи мактабини яратганлардан – етакчи ҳуқуқ фаоли, 2010 йилнинг 21 ноябрида Америка Қўшма Штатларида вафот этган Абдубанноп Пўлатовни, 2001 йил 15 июнь куни ғайриқонуний равишда хибсга олиниб, 5 июль куни Республика Ички Ишлар вазирлигида ертўласида узлуксиз давом этган қийноқлар натижасида вафот этган ҳуқуқ фаоли Шовруқ Рўзимуродовни эсга олишимиз керак.

Бундан ташқари мен айнан ҳуқуқ фаоли бўлганлиги сабабли бутун умри давомида босимларга таҳдидларга учраб, оғир хасталикдан кейин 2013 йилнинг 4 май куни бу дунёдан ўтган Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев, орадан бир йил ўтиб эса, яъни 2014 йилнинг 4 май куни Москвада жойлашган «Фуқаровий кўмак» қўмитаси қошидаги «Марказий осиёлик сиёсий қочқинларга ёрдам» дастурини олти йил давомида бошқарган ва бошига кулфат тушган ўзбек қочқинлари жонига оро кирадиган фариштадек тааъсурот қолдирган Елена Рябининани эслашимиз керак.

Шунингдек Ўш воқеалари юзасидан миллатдошларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, адолатсизликка қарши бонг урган ва 2014 йилнинг 1 сентябрь куни вафот этган Равшан Ғофуров сингари сафдошларимизни, айнан Ўзбекистондаги қийноқларга қарши тинимсиз курашиб келган ва менинг фаолиятимга чек қўйиш мақсадида босимга учраб, таҳдидлар қилингани оқибатида 2015 йилнинг 30 август куни вафот этган опам адвокат Муҳаррам Тожибоевани хам хотирлашни истардим. Улардек камтарин ва жасоратли инсонларнинг олиб борган фаолиятлари, ҳаётлари бизлар учун ўрнакдир.

Улуғбек Бакиров: Мўътабар опа бундан 8 йил муқаддам, сиз қамоқдан озод бўлганингиздан кейин, аниқроғи 2008 йил 10-декабрь – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги кенг нишонланган куни сиз бошқариб келаётган «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти “Ўта қийин ва мураккаб шароитларда зўравонликни камайтириш ва адолатни ўрнатиш йўлида мардларча олиб борган курашлари ва жасоратлари учун” Франциянинг “Озодлик¸ тенглик¸ биродарлик” деб номланувчи инсон ҳуқуқлари бўйича олий мукофоти билан тақдирлаган эди.

Сиз ўша мукофотни Франциянинг ташқи ишлар ва инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича давлат котиби Рама Яда хонимдан Парижнинг Напольен саройида ўтказилган тантанали маросимда қабул килиб олгандингиз. Яъни ўзбекистон хукумати томонидан босимга учраган ва ўзбек судининг хукми билан мамлакатда таъқиқланган сиз асос солган ва раҳбарлик қилиб келаётган «Ўтюраклар Клуби» иккинчи маротаба дунё миқёсида эътироф этилган кун эди ва бу сиз учун жуда ҳам муҳим сана хисобланади албатта.

Бугунчи?! Мана бугун 10 декабрь – сизни қандай хис туйғулар қамраб олган?

Мўътабар Тожибоева: Бугун мен учун жуда ҳам ажойиб бошланди. Ўзбекистонда биринчи маротаба қийноқ қўллашда иштирок этган маъмурий органларнинг ёлланма адвокат”ларидан хисобланмиш Бухоролик адвокат Жалил Хожиевга нисбатан интизомий иш қўзғатилибди. Бир неча кундан буён айнан Ибодовлар масаласида тарқатилган навбатдаги туҳмат ва бўҳтонлар сабаб соғлигим анча ёмонлашиб қолгани учун кечаси ухлай олмасдан аранг уйқуга кетгандим.

Бугун телефон қўнғироғидан уйғониб кетдим, бошимни кўтара олмай ётдим, телефон эса ҳеч тинай демайди, менда эса гўшакни кўтариб жавоб беришга мажол йўқ. Телефон зормонда ҳам ўча қолай демайди. Охири базўр телефонни кўтарсам гўшакнинг нариги томонидан Бухоролик 67 ёшли хожи она Хурсанд Ражабова хурсандлигини яшира олмасдан титраб-қақшаб, йиғлаб бизларни дуо қиляпти. У бугунги олган хабари орқали ҳақиқат қарор топишига, ўғли Илҳомжонни ўлимига сабабчи бўлган Бухоролик амалдорлар ва ўғлининг қотиллари қонун олдида жавоб беришларига умид пайдо бўлганини айтиб бизларни дуо қилиш учун қўнғироқ қилган экан.

%d1%81%d0%bd%d0%b8%d0%bc%d0%be%d0%ba

Улар айнан мана шу бугун, яъни 10 декабрь – “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шавқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр қимматни хўрловчи турларига қарши Конвенция” қабул қилинган куннинг 32 йиллиги кунида Ибодовлар оила аъзолари Бухородаги коррупция жиноятларига қарши курашгани учун Бухоро вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида қийнаб ўлдирилган Илҳом Ибодов ва адолатсиз судлов билан 8 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган Рахим Ибодовга нисбатан уюштирилган сохта жиноят ишларида иштирок этиб, Ибодовларнинг ҳаққи хуқуқлари ва эркинликларини оёқ ости қилинишига, уларга нисбатан ваҳший қийноқлар қўлланишида иштирок этган, «ўз мижоз»ларининг ҳуқуқлари бузилишига муносабат билдирмаган, уларнинг оила аъзоларига маълум қилмаган, оиласидагилар бошқа адвокатни ёллашларига тўсқинлик қилган, Рахим Ибодовни қийноқларга тутилганлигини яширувчи сохта суд тиббий экспертизаси ўтказиш қарори ва ўтказилмаган эспертиза хулосаларини сохта эканлигини била туриб имзо чеккан, кейинчалик Илҳомнинг қотиллари бўлмиш Бухоро вилоят МХХ вакилларининг топшириғи билан адолатни қарор топиши учун курашаётган Ибодовлар оила аъзоларига босим ўтказган ёлланма адвокат Хожиев Жалилни устидан интизомий иш юритишни қўзғатилганлиги ҳақидаги Республика Адвокатлар палатаси раиси Р.Ахмедов томонидан 2 декабрь кунги имзоланган хушхабарни олишибди.

Республика Адвокатлар Палатасининг Бухоро вилоят Адвокатлар палатаси бошқармаси бошлиғи З.Мухаммедова, “Hojiev Jalil Jumaeviсh»” адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Жалил Хаджиев ва Хурсанд Ражабова номига йўлланган ушбу мактубда қуйидагилар баён қилинган:

“Фуқаро Хурсанд Ражабованинг шикоятига биноан Адвокатлар Палатаси Бухоро вилоят худудий бошқармаси томонидан “Hojiev Jalil Jumaeviсh» адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Жалил Хаджиевга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги Адвокатлар палатасида назорат тартибида батафсил ўрганиб чиқилди.

Бу ўрганиш натижаларига кўра худудий бошқарма томонидан фуқаро Хурсанд Ражабованинг шикояти юзасидан хизмат текшируви ўтказиш чоғида йўл қўйилган камчиликлар аниқланганлиги сабабли, мазкур қарор бекор қилиниб, мазкур шикоят бўйича адвокатлар палатасида қўшимча хизмат текшируви ўтказилди.

Юқорида қайд этилган қўшимча хизмат текшируви натижаларига кўра “Hojiev Jalil Jumaeviсh» адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Жалил Хаджиевнинг харакатларида адвокатура тўғрисидаги қонун хужжатлари ва Адвокатнинг касб этикаси Қоидалари талаблари бузилганлиги аниқланди.

Шу муносабат билан Сизга, “Hojiev Jalil Jumaeviсh» адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Жалил Хаджиевга нисбатан ўтказилган қўшимча хизмат текшируви материаллари, адвокат Жалил Хаджиевга нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун жўнатилмоқда.

Натижаси ҳақида мурожаат муаллифига ва Адвокатлар палатасига 2016 йил 30 декабрь кунига қадар маълумот беришингиз сўралади.

Илова 290 вароқда”.

Бу янгилик Ўзбекистон шароитида биринчи  марта дуч келинаётган янгиликдир. Биринчи марта қийноқ қурбони бўлиб, ваҳшиёна қийноқлар қўлланилгани натижасида қилмаган жиноятларини қилганлигини тан олишга мажбур бўлганини баён қилганида, ёлланма адвокатнинг жиноятлари ҳақида баён қилганида судьялар қулоқ тутмаган, бу жиноий хатти харакатларга ҳуқуқий баҳо бериб зудлик билан ажрим чиқариш ўрнига қийноқ қурбонини жиноятчи дея уни узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинган бир пайтда ўша маҳкумдан ҳақиқий ҳолат бўйича фикрларини баён қилишни сўралиши, ўша маҳкумнинг берган кўргазмаси асосида ёлланма адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғатишга қарор қилиниши – бу Ўзбекистон шароитида тасаввур қилиш мумкин бўлмаган янгиликдир. Бу янгилик Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари устивор мамлакатлар сафига қўшилиши мумкинлигига умид уйғотадиган янгиликдир. Бугун мени куним шундай хурсандчилик билан бошланди.

Улуғбек Бакиров: Ўзбекистонда ва хорижда ўзбекистонликларга дахлдор қанча ҳуқуқбонлик ташкилотлари бор? Уларнинг фаолиятини қисқача изоҳлаб ўтсангиз?

Мўътабар Тожибоева: Мен бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилоти кўплаб инсон ҳукуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Айниқса бош қароргоҳлари Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро Федерацияси, Чегара билмас мухбирлар, шунингдек АСАТ (Христианлар қийноқлар қарши) ташкилоти билан нафақат яқиндан ҳамкорлик қиламиз, балким узлуксиз равишда мамлакатдаги вазиятлар юзасидан мухокамалар қилиб келамиз. Бундан ташқари Ўзбекистон ичкарисидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан “Эзгулик” жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

Сиз сўраган ўзбекистонликларга даҳлдор ҳуқуқбонлик ташкилотлари қанча эканлигини аниғини билмайман. Чунки бугунги кунда айнан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимояси билан шуғулланганлиги айтилаётган, лекин ўзбек жамоатчилиги бехабар бўлган “Петиция” ва “Платформа” номли ташкилотларини ҳалқаро жамғармалар томонидан молиялаб келингани ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек 2012 йилда Перуда, Брюсселда ва Парижда Ўзбекистондаги қийноқ қурбонлари ҳимоясига бағишланган фотокўргазмалар ўтказишни режаланган “Ижод ва Инсон ҳуқуқи” (Творчество и права человека) номли лойиҳа ҳам бўлган экан.

Лекин бу ташкилотлар ва лойиҳалар қайси йўналишларда ишлаганлар, ўзбек жамоатчилиги вакиллари нотаниш бўлган бу ташкилотлар қандай йўллар билан молияланиб келганлар, бу саволларга жавобларни олганимиздан кейингина айтишимиз мумкин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига қарши курашгувчи ташкилотлар сони қанчаю, шу муаммолар юзасидан фаолият юритишни режалаб, ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиб, жамғармалар томонидан молияланиб келаётган аслида фаолияти йўқ бўлган ташкилотлар қанча.

Чунки 13 йиллик тарихга эга бўлган ва Ўзбекистондаги ягона давлат рўйхатидан ўтган “Эзгулик” жамиятини номи бору ўзи йўқ “Бирлик” мухолифат партиясига алоқадорлигини баҳона қилиб 2010 йилдан буён жамғармалар томонидан молияланмасдан келмоқда.

2000 йил 17 январда ташкил этилиб, бугунги кунгача фаолиятини давом эттириб келаётган мен бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини эса ҳуқуқ фаоли Сухроб Исмоилов билан жамғарма вакиллари ўртасидаги келишмовчилик, аниқроғи тушунмовчилик сабабли, яъни Сухроб Исмоиловнинг менинг ташкилотим билан ҳамкорлиги сабабли 2014 йилда бизнинг ташкилотни қора рўйхатга киритиб қўйганликларини маълум қилишганди.

Ўзбекистон суди хукми билан таъқиқланган ва халқаро мукофотлар совриндори хисобланмиш бизнинг ташкилотни шундай бебурд баҳоналарни рўкач қилиб молиялашдан бўйин товлаб келган бир пайтларида ўзбек жамоатчилиги бехабар бўлган ва интернетда ушбу ташкилотларнинг фаолиятлари ҳақида бирор бир маълумот топиш имконсиз бўлган бу “ташкилотлар”ни молиялаб келиниши бағоят ғалати.

Мана шундай номи бор, ўзининг мавжудлиги мавҳум бўлган, 2014 йил 12 январда Францияда давлат рўйхатидан ўтгани айтилаётган қийноқ қурбонларига кўмак берадиган CENLIBART номли ташкилот ҳақида хабар топдим. Нуфузли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорлик қилиб келинаётгани айтилаётган бу ташкилот ҳақида ҳам интернет нашрларида бирор бир маълумот олишнинг имконияти умуман йўқ. Бу ташкилотга қандай усул билан мурожаат қилиш мумкин, бу ташкилотни кимлар бошқаради барча барчаси мавҳум.

Ушбу мавҳум ташкилотнинг суд мед эксперти дея талқин қилинаётган вакили аслида инсониятнинг руҳиятига боғлиқ касалликни даволовчи шифокор эканлиги, унинг қийноқ қурбонлари юзасидан берган хулосаси қийноқ қўлловчиларни жазолашни талаб қиладиган ҳуқуқни берадиган юридик хужжат бўла олмаслиги, бунингдек ҳуқуқни берувчи мутахассислар лицензияга эга бўлган суд тиббиёт экспертлари бўлиши шартлиги ҳақида эшитганим учун Азарбайжон Ички Ишлар Вазирлигига қарашли шифохонада ишлаган ва кичик лейненант унвонига эга бўлган Нигар Ахмедбековага у фаолият юритувчи ташкилот ва ўзининг мутаҳассислиги ҳақида маълумот беришини сўраб ёзма равишда мурожаат қилганимда ундан таҳдидларга тўла ҳақорат қилган ва мени уни шантаж қилаётганликда айблаб, хаттоки “МХХнинг агенти бўлишинг мумкин, сен ҳуқуқ фаоли эмас шаллақисан” дея тавқи лаънатлар билан берилган жавобни олдим холос.

Ҳаттоки бу ташкилот эксперти билан ҳамкорлик қилган нуфузли ташкилотлар вакиллари ҳам ушбу шифокорнинг мутахассислиги аслида қандай эканлигини айта олмаяптилар. Улардан баъзиларининг вакиллари нуфузли ҳалқаро ташкилот номига доғ туширадиган даражада менга, менинг ташкилотим ва менинг ҳамкорларимга туҳмат қилишгача, бизларга қарши ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғонларни тарқатишдан ҳам ўзини тиймагани CENLIBART ташкилотига бўлган қизиқишимни янада кучайтирди. Тўғри, менга қарши ёлғонлар ва туҳматларни тарқатган нуфузли ташкилот вакилига мени ва ташкилотимни қораловчи маълумотларни тарқатгани юзасидан изоҳ беришини, ёки тарқатган маълумотини ҳақиқат эканлигини исботловчи далилни тақдим қилишини талаб қилганимдан кейин у тарқатган ёлғон маълумотлари учун кечирим сўради ва унга етказилган ёлғон хабарларни ҳақиқийлигини текширмай туриб тарқатганлиги учун хижолатли вазиятга тушиб қолганлигини тан олди. Дарҳақиқат уни шармандали холатга тушиб қолиши мумкинлигини била туриб ҳам, CENLIBART ташкилоти бўйича олиб бораётган мониторингимга халақит бериш учун уни шу ёлғонларни тарқатишига эришган кимсаларнинг қилган харакатлари ғоят шубҳалидир. Афсуски бу ташкилотга алоқадор янгиликларни тарғиб қилган “журналистлар” ҳам бу ташкилот ҳақида бирор бир маълумот хабар бера олмаганлар.

Бу ташкилотнинг ҳақиқатан ҳам фаолият юритгувчи ташкилотми йўқлигини аниқлаш бағоят муҳимдир.

2010 йилда Қозоғистонда хибсга олинган 30 нафардан ортиқ Ўзбекистонлик қочқинлар ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топшириб юбориш хавфи туғилган пайтида Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларидан ташкил топган «Қозоғистондаги ўзбек қочқинларини қутқариш қўмитаси»ни ташкил қилиб ушбу қочқинларнинг ҳимояси учун кечаю кундуз харакат қилгандик. Шунда ушбу қочқинларни ҳимояси билан шуғулланиш учун адвокатларга тўлашга атига 5000 АҚШ доллари топиш керак бўлиб қолди.

Ушбу қўмита вакиллари бўлмиш Толиб ака Ёқубов ва Обид қори Назаровлар ташаббуслари билан Сорос жамғараси вакили Алишер Илҳомовга мурожаат қилиб ушбу жамғарма томонидан 5000 АҚШ доллари ажратилишига кўмак беришини илтимос қилдик. Алишер Илҳомов ўртача ҳар бир қочқинни ҳимоя ҳуқуқларини таъминлашга сарфланадиган 150 доллардан, жаъми 5000 АҚШ долларини жамғарма томонидан ажратиш имконияти йўқлигини айтиб жавоб берганди.

Лекин айни шу пайтда, яъни 2010 йилнинг 4 май куни Брюсселда бўлиб ўтган «Андижон фожеасининг 5 йиллиги»га бағишланган халқаро анжуманга асли Қўқонлик бўлган, Европага семинарга келиб шу ерда қолиб кетишни ният қилган тил адабиёт ўқитувчиси, лингвист Абдуназаров Умидни Андижон ўликхонасининг «паталогоанатоми» дея талқин қилиб, ушбу Андижон фожеаси «қурбони» билан видеороликдан тортиб, ёлғонлардан иборат бўлган хисоботлар ҳам тайёрланганди. Энг ачинарлиси, ўлим билан юзлашиш хавфи турган ҳаққоний қочқинлар учун 150 доллардан маблағ топа олмаган Сорос жамғармаси соҳта қочқин учун биз сўраган 5000 АҚШ долларидан бир неча баробар маблағни сарфлаганди Андижонлик «Патологоанатом» учун. Сарфланган маблағлар эвазига яратилган видеороликни Андижон фожеасининг 5 йиллигини нишонлаш учун йиғилган халқаро ташкилотлар, ҳалқаро матбуотлар вакилларига намойиш қилиб уларнинг ҳам қулоқларига лағмонлар илинганди.

Наҳотки булар инсон ҳуқуқи муаммолари мавжуд бўлган мамлакат бўйича фаолият юритишда ёлғонлар ишлатиш фақатгина хукуматларга қўл келишини, энг ашаддий душманга қарши курашда ҳам ҳақиқат биринчи ўринда туриши, инсон ҳуқуқлари фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ва шахслар ўз фаолиятларини шаффоф ва ошкоралик руҳида юритишлари зарурлигини билишмаса!

Улуғбек Бакиров: Янги Ўзбекистон президентига инсон ҳуқуқларига бўйича таклифларингиз?

Мўътабар Тожибоева: Энг аввало Шавкат Мирзиёевни мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида амалга оширмоқчи бўлган дастурини амалда бажариши, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш йўлида изчил фаолиятни йўлга қўйишини тилаб қолардим. Агар адашмасам 2002 йилда Фарғона вилоятида мана шундай ташаббус бошланганди. Акмал Саидов ва унингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилгувчи нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам Фарғонада бошланган бу ташаббусни қўллаб қувватлагандилар ва Республика миқёсига кенгайтиришни режалангандилар. Кейинчалик фуқароларнинг ҳуқуқий билими ошиб боришидан қўрққан мансабдорлар бу ташаббусни бўғиб ўлдиргандилар.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятига ижобий ёндашиш, амалга оширилиши керак бўлган бир қанча муҳим йўналишларга жиддий қадамлар қўйиш, энг аввало сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш ва Каримов режими томонидан қамоқларга ташланган сиёсий ва диний маҳкумларни қамоқдан озод қилиш, уларни оқлаш масалалари устида ишлайдиган давлат махсус комиссияси тузиш учун Президент фармони чиқарилиши керак. Бунингдек таклиф ва мулоҳазаларни бугунги Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон хукуматига бир неча марта тақдим қилдик. Бу киритган таклифларимизга ижобий муносабатда бўлинишидан умид қиламиз албатта.

Масалан шу йилнинг сентябрь ойида Варшавада бўлиб ўтган ЕҲХТнинг навбатдаги анжумани доирасида Ўзбекистон хукуматига тақдим қилиш учун “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва Ўзбекистон Фуқаролик жамияти “Муқобил Ўзбекистон” мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан тайёрланган баёнотлар ушбу анжуман доирасида Ўзбекистон хукумати вакиллари ва ЕХҲТга аъзо давлатлар вакилларига тарқатилганди.

Шундай баёнотлардан бири “Маъмурий қамоқлар Ўзбекистондаги систематик қийноқ усулларидан бири” деб номланганди. Ушбу баёнотда беайб инсонларнинг зиммасига ўта оғир жиноятларни қўйиш мақсадида уюштириладиган маъмурий қамоқ жазога тортиш масаласини хукумат доирасида мухокама қилишни таклиф қилгандик. Ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбланиб, қамоқ жазосига хукм қилинган фуқаролик жамияти вакиллари, диний маҳкумлар ва қийноқ қурбонларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилишидан олдин уларни маъмурий қамоқ жазосига тортиб, ташқи дунёдан ажратиб қўйиб, уларги нисбатан ўша ноинсоний қийноқларни қўллаш натижасида уларнинг содир қилмаган жиноятларини зиммаларига олишларига мажбур қилиниш ва бунингдек маъмурий қамоқ пайтида қамоқхоналардан қийноқлар қўллайдиган махсус маҳкумларни келтирилиши ҳақида рад қилиб бўлмайдиган исбот далиллар билан баён қилгандик.

Орадан бир ой ўтган Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Суд – ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 43 сонли Фармонида мамлакатда маъмурий судларнинг ташкил этилиши ҳақида гап кетган. Умид қиламанки янгитдан ташкил этиладиган Маъмурий суд тузилмаларида фаолият юритувчи судьялар МҲХ, прокуратура, Ички ишлар тизимларига жиноят ишлари судларнинг судьялари даражасида қарам бўлмайдилар.

Ислом Каримов вафотидан сўнг Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жуда қисқа муддат ичида амалга оширилган ижобий ишларни қўллаб қувватлайман. Қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни тикланиши, 4 декабрда бўлиб ўтган Президентлик сайловидан кейиноқ 27 та давлат сайёҳлари учун виза режимини бекор қилиши ҳам Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлардан биридир.

Елена Урлаевага пикет ўтказишга расмий рухсат берилиши ва қийноқ қўллашда иштирок этган ёлланма адвокатнинг устидан интизомий иш қўзғатилиши Ўзбекистон шароитида ҳеч қачон бўлмаганди. Бундай янгиликлар бизга келажакка умид билан қарашимизга, мамлакатимизда инсон ҳуқуқи қадрланадиган кунлар яқинлашаётганига ишонишга туртки бермоқда.

Лекин иккинчи томондан хавотирлар ҳам йўқ эмас:

Масалан: Сталиннинг ўлимидан кейиноқ унинг тахтини эгаллаган шогирди Хрушчевнинг илк амалга оширган муҳим амалларидан бири Сталин даврида қамалган сиёсий маҳкумларни озод этиб, барча қатағон қурбонларини оқлашга фармон бериш бўлганди.

Бугунги кунда Каримов замонида қатағон қилинган саноқли инсонларнигина оқланганини эшитяпмиз. Каримов замонида саҳна юзини кўришдан умидини узган санъат аҳли, таниқли ижодкорлар бирин кетин саҳнага қайтяптилар.

Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балким собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида ҳам сиёсий ва диний маҳкумлар сони билан кўпчиликни ташкил этади. Лекин журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, муҳолифатчилар ва диний эътиқоди сабаб «террорчи»ларга, диний «радикал»ларга айланиб қамоқларга тиқилган ва қийноқларга тутилаётган бир неча минглаб сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига хали эътибор қаратилгани йўқ.

Асло «Секин асталик биланда» дея кўрманг.

Ўзбекистондек йирик мамлакатда сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини беришлари мумкин бўлган малакали, виждонли мутахассислар, ҳуқуқшунослар етарли. Қамоқнинг бир куни ҳам, бир дақиқаси ҳам қамоқдир. Буни ўзбек қамоқхонаси азобларини тортиб кўрган инсонларгина хис қила оладилар холос.

Мен Ўзбекистонда Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистондек оғир ҳолатдаги мамлакатни бошқаришни ўз зиммасига олгани, 4 декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолибликка эришгани билан табриклайман. Тўғри бугунги кундаги Ўзбекистон сайловларини демократик сайловлар деб айта олмаймиз. Лекин бу йилги сайловда бир қанча мамлакатларнинг журналистларига сайловни кузатишларига ўтган сафарги сайловлардек тўсқинлик қилинмагани ҳам катта ижобий ўзгаришдир. Каримов замонида кўлида фотоаппарат билан юриш бомба ёки граната кўтариб юришдек хавфли саналарди.

Биз демократия ғояларини тарғиботчилари ҳисобланмиш Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари Ўзбекистондаги бошланган ижобий ўзгаришларга тўғаноқ бўладиган ҳар қандай кучларга қарши курашишимизни ва бу йўлда хукуматга ҳаммаслак эканлигимизни яна бир бора билдириб қўйишни лозим топдим.

Келажакка хадик билан қараш жуда кучли.

Шерали Жўраев “Баҳор ҳам келади, баҳор алдамас” номли қўшиғида шундай куйлайди:

“Ишонишиб қишнинг илиқ кунига
Баъзи бир дарахтлар куртак ёйибди.
Айёр қиш ўраниб баҳор тўнига
Соддалар остига чуқур қазибди…”

Ўзбекистон хукуматининг бугунги харакатлари қишнинг илиқ куни бўлмасин, бизлар алданиб қолмайлик дея янги президент Шавкат Мирзиёев ва у бошқараётган хукумат амалдорларига инсоф ва имон тилайман биринчи ўринда. Йиллар ўтиб «Биз Каримов вафотидан кейин бошланган ижобий жараёнларга ишониб алданибмиз» дея афсус чекмаслигимиз учун ва Мирзиёевни ҳам диктатор дея атай бошламаслигимиз учун маддоҳлик қилишдан уялмаётган ўзбек зиёлилларига – шоиру, ёзувчиларга ва хаттоки халқаро институтлар вакилларига маддоҳликни йиғиштириб қўйишни ва хақиқатни кўзига тик қарашни, мамлакатдаги вазиятнинг ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлгувчи сиёсий ислоҳотларни бошлашларини хукуматга таклиф қилувчилар сафига қўшилишларини сўраб қоламан.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.