Бугун – Абдуманноб Пўлатнинг 65 ёшли юбилейи кунидир!

%d0%b1%d0%b5%d0%b7-%d0%bd%d0%b0%d0%b7%d0%b2%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d1%8f

“Одамий эрсанг, демагил одамий
Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами.”
Алишер Навоий

Бугун – 2016 йилнинг 16 декабрь, муборак жума куни.

Бугун – Ўзбек мухолифатининг намоёндаси, инсон ҳақлари фаоли, йирик олим, фан, жамоат ва сиёсат арбоби, бебаҳо инсон, Ўзбек халқининг забардаст фарзанди Устоз Абдуманноб Пўлат туғилган кун!

Абдуманноб Қаюмович ҳаёт бўлганларида бугун муборак 65 ёшини қарши олган бўларди…

Абдуманноб Қаюмович Пўлат (Пўлатов) 1951 йил 16 декабрида Тошкентда туғилган.

Абдуманноб Пўлат Тошкент яқинидаги Ғишткўприк қишлоғида туғилган. 9-10 синфни қўшни қишлоқда ўқиган ва у ердаги ўрта мактабни “Олтин медаль” билан тугатган.

Тошкент Давлат Университети (физика факультети, 1974 й.да)ни тугатган, шунингдек, Ленинград Университети (физика факультети, 1969-1973 й.)да ҳам таҳсил олган.

Москва Давлат Университети аспиранти (1974-1979 й., Совет Армиясида хизмат: 1977-1978 й.).

Физика-математика фанлари номзоди (МГУ, 1979 й.).

Математика соҳасида Москва Давлат Университети докторанти (1991-1993 й.).

Тошкент Давлат Университети математика факультетининг катта ўқитувчиси, доценти (1981-1991 й.).

Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика Институтининг илмий ходими ва бир вақтнинг ўзида ТошДУнинг Амалий Математика ва Механика факультетида талабаларга сабоқ берган (1979-1981 й.).

1991 йил декабридан 2001 йил ёзигача Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг раиси.

Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати (1988 йил 11 ноябрда Ўзбекистонда ташкил топган) асосчиларидан бири. 1996 йилгача “Бирлик” ХҲ ва унинг Марказий Кенгашининг энг фаол аъзоларидан бири бўлган.

1992-2001 йилларда Вашингтон ҳамда Москвада кичик идоралари ва Ўзбекистонда 3-8 нафар мухбирлари бўлган Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Ахборот Марказини ташкил этган ва раҳбарлик қилган.

1992 йил декабрида, ўзининг биринчи марта сиёсий муҳожират (эммиграция)да бўлган даврида, Бишкек шаҳрида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича йирик халқаро анжуманнинг асосий ташкилотчиси бўлган. А.Пўлатни анжумандан кейин Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси (ИИББ) ходимлари ўғирлаб, олиб кетишган.

Ўзбекистон қамоқхоналарида деярли икки ой тутиб турилгач, “Ўзбекистон Президенти шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлик”да айбланиб 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида Олий Суд ҳукми ўқилган, лекин Амнистия (Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг бир йиллиги муносабати билан 1992 йил августида эълон қилинган Амнистия ҳақидаги Президент фармони)га асосан, Олий Суд залидан озод қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таклифидан кейин 1996 йилдан 1998 йилгача Ўзбекистонга уч марта борган (ўшанда мамлакатда жами олти ойга яқин бўлган), лекин ўшандан бери Ўзбекистондаги ҳокимият унга виза беришни рад этган..

1993 йилдан вафотига қадар, АҚШда (Виржиния штатидаги Спрингфилд шаҳарчасида, Вашингтон шаҳри яқинида) яшаган ва Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан марказий, конструктив, ўртамиёна мухолиф позициясида бўлган.

2001 йилда АҚШ фуқаролигини қабул қилган.

АҚШ Конгрессидаги тинглашларда (1993 йилда) маъруза қилган биринчи ўзбекдир.

Ўзбекистондаги сиёсат ва инсон ҳуқуқлари ҳақида 75 та мақола ва эссе (жумладан, китоблардаги 3 та боб) муаллифи. Улар, асосан, инглиз тилида АҚШдаги махсус нашрларда чоп этилган. Шунингдек, математика соҳасидаги 35 та мақола ва монографиядаги битта боб муаллифидир.

Оилали, уч нафар фарзанди ва уч нафар набираси бор.

Абдуманноб Пўлат оғир хасталикдан сўнг, 2010 йил 21 ноябрда, 59 ёшида АҚШда вафот этган. У АҚШнинг Виржиния штати Фредериксбург шаҳарчасидаги мусулмонлар қабристонига дафн этилган.

*****
Устозимиз Абдуманноб Пўлат вафот этганида кўпчилик сафдошларимиз каби қалбим ларзага келиб, мана бу сатрларни ёзиб, “Ҳаракат” веб-саҳифасида эълон қилгандим:

“Озодлик Мактаби (Устозимиз Абдуманноб Пўлат хотирасига)

Кунлар келиб, Домланинг ёрқин хотираси қаршисида бош эгиб, Ватандан олисда, муҳожиратда, мана шундай оғриқли нома ёзаман, деб, сира ўйламаганман. Аслида, бир мен эмас, ҳеч ким бундай ўйламайди ҳам.

Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва сиёсатдаги биз-ёшларнинг Устозимиз-Абдуманноб Пўлат Халқимиз озодлиги йўлида бутун умрини фидокорона бахш этди. Бу алдамчи дунё ўзи шундай, эртами, кечми барча учун ўлим ҳақ экан. Кимдир 80-90 йил умр яшаб, ўзидан ўзганинг корига ярамасдан ўтиб кетаркан. Яна кимдир қисқа умри асносида нафақат бугунги авлод, балки келгуси авлод равнақи учун ҳам муносиб, хайрли амаллар қилишга улгурар экан. Дунё тарихида бундай олийжаноб инсонлар кўп ўтган. Шукрларким, ҳозир ҳам шундай инсонлар бор, келажакда ҳам бўлғусидир. Зеро, бу инсонлар борки, олам мунаввар. Домла-Абдуманноб Пўлат шундай Комил Инсон эдилар.

Домланинг таъзиясига бағишлаб, кўплаб ОАВ ёзмоқдалар. Домланинг яқин сафдошлари, атоқли давлат ва жамият арбобларимиз ёзаётган хотиралари ёшлар учун катта сабоқдир. Камина “Бирлик” партияси ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларининг ёш авлоди вакили сифатида айтишим керакки, Домланинг ёрқин ва ўчмас хотираси ҳамиша қалбларимизда абадий яшайди. Устоз йўлининг давомчилари биз-ёшлармиз. Домла орзу қилган умидларини, иншоллоҳ, рўёбга чиқаражакмиз. Ватанимиз-Ўзбекистон зулмдан озод бўлгай. Зотан, тундан кейин тонг отгуси муқаррар.

Устоз нафақат етук сиёсатчи ва фаҳрли ҳуқуқ ҳимоячиси эдилар, балки, қалби қуёш, меҳри дарё бўлган ажойиб дилкаш инсон эдилар. У кишидан биз-ёшлар кўплаб нодир билимларни – сиёсатнинг нозик жиҳатларини, дипломатия ва педагогика санъатини, нафосат тарбиясини ва энг муҳими, инсонийликнинг сержило қирраларини ўргандик. Устоз яратган бебаҳо МАКТАБнинг ўқувчилари ҳали кўп замонлар Ватанимиз фаровонлиги йўлида муносиб хизмат қилажак. Домланинг ШАРАФЛИ ҳаёти ва фаолияти ҳар бир Ўзбек ўғлони учун ўрнак ва намунадир.

Яқин ўтмишимиздаги улуғ боболаримиз Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Қодирий, Авлоний, Вали Қаюмхон, Боймирза Хайит каби халқимизнинг забардаст ва комил фарзандлари каби Устозимиз-Абдуманноб Пўлат ҳам тоабад Ўзбекистон тарихида шонли қолажак.

Ўзбек халқи АБДУМАННОБ ПЎЛАТдек асл фарзандини ҳеч қачон унутмайди.

Жойингиз жаннатдан бўлсин, азиз УСТОЗ! Сизнинг буюк хотирангиз қаршисида ҳамиша бош эгамиз…

Улуғбек Бакир, Норвегия.
Пайшанба, 2 декабрь, 2010 йил.”

*****
Бугун – Устозимиз Абдуманноб Пўлатнинг 65 ёшли юбилейи муносабати билан барчамизни – Ўзбекистон Халқини, Ўзбекнинг ватанпарвар фарзандларини, мухолифатдаги сафдошларимиз, ҳуқуқ ҳимоячилари, фан, сиёсат ва жамоат арбоблари, хусусан, у кишининг яқинлари ва оила аъзоларини, ушбу МУБОРАК КУН билан чин қалбимдан табриклайман!

Зеро, жаноб Абдуманноб Пўлат каби Ўзбек Халқининг забардаст фарзанди туғилган кун – барчамизга байрам кунидир!

Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азизлар!!!

Камоли эҳтиром ила,

Улуғбек Бакиров

16 декабрь, 2016 йил.
Норвегия.

Изоҳ: Мазкур мақола ёзилишида ёзувчи ва журналист Шуҳрат Аҳмаджонов асарларидан кенг фойдаланилди. (У.Б.)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.