Навоийлик оналар фарёди: Шавкат Миромонович бизнинг фарзандларимизни қутқаринг!
Жаноб Шавкат Миромонович!
Бизнинг адолатсиз қурбони бўлган фарзандларимизни ҳимоя қилишингизни сўраб, сизга учрашмоқчи бўлганимиз учун ҳаётимиз хавф остида қолмоқда! Бизларга шикоятбозлик қилаверсанглар қамоқдаги болаларингизга ёмон қиласизлар деб босим қилишяпти. Болаларимизга эса бизларни йўқ қилиш билан айтиб қўрқитишмоқда.
Нахотки сизга, бизнинг Президентимизга ҳуқуқларимизни тиклашга кўмак беришингизни сўраб мурожаат қилишимиз шунчалик хатарли бўлса! Сизнинг қилаётган баёнотларингиз, чақириқларингиз бошқа, вилоятдаги мансабдорларнинг қилмишлари бошқа! Улар сизга хиёнат қилмоқдалар! Улар сиз айтгандек адолатли жамият қуришни эмас, аввалги пайтларгидек ўз хон, кўланкаси майдон бўлишни истамоқдалар! Вазиятни ижобий томонга ўзгармаслиги учун жон жахдлари билан қаршилик қилмоқдалар.
Бизнинг нолаларимизни эшитишингиз учун, фарзандларимизнинг майиб мажруҳларга айлантирган жиноятчи кимсаларни қонун олдида жавоб беришлари учун биз оналар қандай йўл тутайлик?!
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкаёт Мирзиёевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раисига
Навоий вилояти Навоий шаҳри ва Кармана туманида
яшовчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан Тел: (+998982787382)
Мурожаат рақами 44545-s/18
Холатни текшириш коди ab93fcd75b
ШИКОЯТ АРИЗА
(Навоий Вилоят ИИБ масъул ходимлари ва терговчилар Меҳмонов Отабек, Фармонов Мақсуд, Баҳром Қурбонов, Зоҳид Ўроқов, Феруз Рўзиев, Навоий шаҳри ИИБВСҲ собиқ бошлиғи Ҳабиб, унинг ўринбосари Шоҳруз, ходимлари Шуҳрат, Жамшид, Якубов Комил, Ёриев Улуғбек, МХХ ходимлари Дониёр, Қаҳрамон, Лазиз, яқинларимизни калтаклашга буюрган МХХ подполковниги Элбек Хайруллаев, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси А.Усмонов, вилоят суди судьяси Фахриддин Халилов ҳамда Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси Раҳимовнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида)
Муҳтарам Президент! Қонунга зид равишда ҳибсга олиб, ғайриқонуний тарзда жиноятлар содир этганликда айблаб, жиноят иши қўзғатиб, қонунга зид равишда ва бир ёқлама олиб борилган тергов ҳаракатлари якунига асосланиб, олиб борилган адолатсиз суд ҳукмига кўра қамоқ жазосини ўтаётган фарзандларимиз, яқинларимиз Арзиев Ҳасан, Шокиров Одил, Салимов Санъат, Ғайбуллаев Азамат, Сайфуллаев Жамшид, Абдувосит Яхшимуродзодаларни тақдирига эътиборингизни қаратишингизни илтимос қиламиз.
Тергов жараёнларида милиция ходимлари томонидан ваҳшиёна қийноқларга тутилган, бунинг оқибатида қамоққа олинган пайтида мутлоқ соғлом бўлган фарзандларимизнинг соғлигига жиддий путур етканлиги, ногирон, мажруҳларга айланганликларига норозилик билдириб, қийноқ қурбони бўлган фарзандларимизни ҳимоя қилишларини сўраб мурожаат қилмаган идорамиз, бош уриб бормаган остонамиз қолмади.
Лекин бизларнинг тинимсиз йўллаётган шикоятларимизда кўрсатилган важларимизни бирортасини ҳам текширмасдан, фақатгина Республика прокуратурасидан Навоий вилоят прокуратурасига ўрганиб чиқиш учун жўнатилмоқда холос. Бунингдек сансалорликни ҳар бир мурожаат қилган давлат идорасида кўришингиз мумкин. Ахир ўзлари қонунларни оёқ ости қилаётган вилоят амалдорлари қандай қилиб ўзлари содир қилаётган қилмишларини тан олишсин?! Улар албатта шикоятларда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмагани ҳақида жавоб бериш билан чекланадилар холоску.
Яқинларимизга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўллашни ташкил этган ва бу ваҳшийликларда иштирок этган Навоий вилоят ИИБ масъул ходимлари ва терговчилар Меҳмонов Отабек, Ёриев Улуғбек, Фармонов Мақсудлар ҳамда Баҳром Қурбонов, Зоҳид Ўроқов, Феруз Рўзиев, Навоий шаҳри ИИБВСҲ собиқ бошлиғи Ҳабиб, унинг ўринбосари Шоҳруз, Шуҳрат, Жамшид, Якубов Комил, ва ўзини МХХ ходими деб таништирган Дониёр (тиши йўқ), Қаҳрамон, Лазиз каби бир гуруҳ ходимлар, ҳамда бизнинг яқинларимизга нисбатан қийноқлар қўллашга топшириқ берган МХХ подполковниги Элбек Хайруллаев каби асл ваҳший жиноятчилар гўё ҳеч нима кўрмаган ва бўлмагандек ўз жиноий қилмишларини давом эттириб келмоқдалар.
Ўтган йил якунида қилган маърузангизла «Судлар ҳали-ҳамон адолат қарор топадиган масканга айланмади. Халқ судлардан норози. Ҳаммаси эски тос, эски ҳаммом. Бу соҳадаги ислоҳотларни қатъий ва изчил давом эттирамиз. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга халқнинг ўзи баҳо беради. Уларга бўладиган қатъий талаб халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир», деганингизга қарамасдан Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси А.Усмонов, вилоят суди судьяси Фахриддин Халилов ҳамда Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси Раҳимовлар вилоятдаги куч ишлатар тизимлар мансабдорларининг жиноий қилмишларидан кўз юмиб, жабрдийларнинг зиёнига ҳукмлар ўқишни давом этирмоқдалар.
Мутабар Таджибаева, [19.03.18 18:25]
Нима учун бизлар – Ўзбекистон Республикасининг оддий фуқаролари, бу жиноятлар содир этаётган мансабдорларнинг жиноий қилмишлари ҳақида ҳар қанча бонг урмайлик, бизларни овозимизни этишувчи инсон топилмаяпти? Нега бу жиноятчилар гуруҳи вакиллари қонун олдида жазога тортилмаяптилар? Республики миқёсидаги уларнинг раҳнамолари шунчалик кучлимики, уларнинг жиноий қилмишларига яраша жазоланишларидан қутқариб келмоқда? Наҳотки бу жиноий унсурларнинг раҳнамолари Президентимиз Шавкат Миромоновичданда қудратли бўлсалар?!
Бундай саволларни беришимиз табиий албатта!
Уларнинг жиноий қилмишларига яраша жазоланмасликларини Республика миқёсида ким таъминлаб турибди? Бу жиноий гуруҳ вакилларининг ишонганлари ким?
Бу каби формали жиноятчи зўравонларнинг жиноятларини Республика миқёсида қўллаб –қувватлаётган кимсалар бугунги кундаги хукуматнинг сиёсатига қарши боришга қўрқмайдиган даражада қудратлими?
Яқинларимизга нисбатан қўлланилаётган ноинсоний муносабатлар, уларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар қачонгача давом этади?
Биз жабрдийда муштипар оналар фарзандларимизнинг янада азобларга солинишлари, уларга нисбатан адолатсизлик содир этишни давоми эттиришларига қачонгача дош берайлик?
Эшитишимизча, бу қонунбузар мансабдорларнинг кўпчилиги яқинларимизга нисбатан содир этган адолатсизликлари, ваҳшиёна қийноқлари натижасида бўйнига қўйдирилган соҳта айбловлар ортидан юқори лавозимларга кўтарилиб, унвонлари ошганмиш.
Муҳтарам Президент! Аслида бу каби мансабдорлар ўз қонунбузарликлари ортидан халқни ҳукуматга, Сизнинг мамлакатимизга одилоналик билан олиб бораётган сиёсатингизга нисбатан ишончини йўқотиб, нафрат уйғотишига сабаб бўлаётирку.
Бу билан ИИБ, МХХ, суд-ҳуқуқ тартибот органлари вакилларига нисбатан нафратни кучайтириб, бундай шарафли соҳани булғаётирларку!
Токи бу каби жиноятчи мансабдорларга нисбатан қонуний чора қўлланилмас экан, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва адолатли қарорлар чиқарилиши амалда исботланмайди! Шундан булар ўз соҳасига касбига иснод келтирганлиги учун қонун олдида жавоб беришлари шарт деб ўйлаймиз.
Муҳтарам Президент!
Сиз Бухоролик тадбиркорларга нисбатан содир этилган хунрезликлар бўйича 16 февраль кунги Бухорода қилган маърузангиздан кейин ўша қонунга зид равишда ҳибсга олиб, қийноқлар қўлланилган ака ука тадбиркорлар Раҳим ва Илҳом Ибодовлар тақдирини кузатиб бормоқдамиз.
Илҳом Ибодовни қийнаб ўлдирган МХҲ вакиллари, Барбос лақабли милиция ходими, ғайриқонуний тергов ҳаракатлари олиб борган Бухоро шахар прокуратураси терговчиси ҳибсга олингани, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзгатилгани ҳақидаги хабарларни умидворлик билан кузатиб бормоқдамиз.
Ҳаттоки Ибодовларни соҳта айблар билан ҳибсга олиб, уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаб, маъмурий қамоққа тортган судларнинг қарорлари Республика бош прокурори ўринбосари томонидан протест киритилиб, бекор қилингани ҳақида ҳам эшитдик. Умид қиламизки Илҳомнинг ўлимига сабабчи бўлган барча мансабдорлар бошқалари каби қонун олдида жавоб берадилар.
Бизларнинг ҳам сабр косамиз тўлиб бораяпти дардимизни тинглайдиган инсон йўқлигидан. Сиздан илтимос, бизнинг фарзандларимиз тақдирига ҳам бефарқ қараманг! Бизларнинг фарзандларимизга нисбатан содир этилган хунрезликларни тўлиқ очиб ташлашга, адолатни юзага чиқаришга Сиз ўз хиссангизни кўшинг! Бизларга ҳуқуқий кўмак беринг ҳақиқатни ошкор этилишига!
Юқорида номлари тилга олинган мансабдор шахсларнинг хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда, фарзандларимизга нисбатан қўллаган қуйидаги ғайриқонуний қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришларига эришишимиз учун ўз ёрдамингизни аяманг:
1. Фарзандларимиз томонидан содир этилмаган жиноятларни содир этганликда айблаганликлари;
2. Аёвсиз калтаклаб, қуйидаги жисмоний қийноқлар қўллаш ортидан содир этмаган жиноятларини содир этганликни тан олиб, имзо чекишга мажбур қилинганлик – Электрошок, жинсий аъзосига баклажка осиб уриш, товонига дубинка билан калтаклаш, оёқ қўлларидан тўрт томонга тортиб арқон билан боғлаб осган, бошига қоп кийдириб калтакланиш ҳолатлари:
3. Ҳасан Арзиевнинг умуртқа поғонаси бел қисмини синдириш оқибатида уни фалаж ҳолга келтирилиши ва малакали медицина ёрдами кўрсатилмаганлиги;
4. Санъат Салимовга нисбатан жинсий органига кучли қийноқлар ортидан гемотома ва варикоз каби ҳолатларини юзага келганлиги ва унга ҳам малакали медицина ёрдами кўрсатилмаганлиги;
5. Ғайбуллаев Азаматга нисбатан эса чап кўзи кўрмай қолиш даражасида бош мияга кучли жароҳат етказилиши олиб келган, лекин унга ҳам бошқалар каби малакали тиббий ёрдам кўрсатилгани йўқ.
6. Санъат Салимов ҳам худди Бухоролик Ибодовлар сингари даставвал, 2015 йилнинг ёзларида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган дея сохта айблар билан 10 суткалик маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, ташқи дунёдан маҳрум қилинган пайтида, яқинлари билан мулоқот қилишга, адвокат ёллашга йўл бермасдан, узлуксиз қийноқлар қўллаб, шу маъмурий қамоқ муддати ичида содир этмаган жиноятларни зиммасига олишга мажбур қилиб, имзо чектиргандилар. Санъат Салимовни 10 суткалик маъмурий қамоқ жазосига тортилганини оиласидагилардан сир сақлашган.
Санъат Салимовни маъмурий қамоқ жазосига тортилгани ҳақида хабар топган оиласидагилар Санъатни қидирганларида «Ўғлингиз маъмурий қамоқ жазосини ўтаб, аллақачон уйга кетган» деган ёлғон гапиришган. Лекин Санъат уйга қайтмаган. Кейинчалик маълум бўлишича адолатсиз суднинг ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинибди. Лекин суднинг ҳукмини бизларга беришмаяпти.
Кейинчалик, ушбу қора рўйхатдалиги сабаб бўлиб, Санъат Салимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, қийноқлар асосида қилмаган жиноятини яна тан олишга мажбур қилинган. 2015 йилдаги суднинг алодатсиз ҳукми билан у 7 йилга озодликдан маҳрум этилган ва ЖИЭМда жазо муддатини ўтаб келмоқда.
Лекин Санъат Салимовга нисбатан содир этилган ғайриинсоний қилмишларга қарши она қандай индамай туради? Санъат Салимовга нисбатан содир этилган қонунбузилишлар, унга нисбатан қўлланилган қийноқларни содир этган мансабдорларга қонуний чора кўришни сўраб қилаётган мурожаатимиз натижасида терговчи Меҳмонов Отабек томонидан Санъат Салимовга нисбатан янгитдан жиноят иши қўзғатилиб, адолатсиз суднинг ҳукми билан 2015 йилдан буён қамоқда ётган Санъатга яна бир ой муддатга қамоқ жазоси қўшилди.
2017 йилнинг 16 декабрь куни Санъат Салимов билан учрашган терговчи Меҳмонов ғайриқонуний тарзда маҳкум Отабек Салимовга қарши Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси, 1-қисми, «б» бандига асосан жиноят иши қўзғатган.
Тергов ҳаракати ўтказиш учун пайтида Санъат Салимовга терговчи Мехмонов Отабек “Бу онангни шикоятбозлиги учун! Токи онанг шикоятбозликни тўхтатмас экан сени умринг қамоқда чирийди” деб унга ваъда берган.
Санъат Салимовни амнистия инсонпарварлик актидан фойдаланиб, озодликка чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, бу йўл билан ўз жиноий қилмишларини сир сақланган ҳолда қолишидан манфаатдор бўлган куч ишлатар тизимлардаги жиноятчиларнинг шериги бўлмиш Меҳмонов Отабек Салимовга қарши сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатган.
2018 йилнинг 14 март куни Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судида бўлиб ўтган суднинг айблов хукмига асосан Санъат Салимовга қарши қўзғатилган жиноят ишига асосан 7 йиллик қамоқ жазосига бир ой қўшиб берилди. Ушбу бир ойлик қамоқ жазоси қўшиб берилганлигининг асосий сабаби, юқорида айтиб ўтганимиздек Санъат Салимов узоқ муддат қамоқда қолади ва вилоятдаги куч ишлатар тизимдаги жиноятчилар ўз қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришдан қутилиб қоладилар.
Муҳтарам Президент!
Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида номлари келтирилган мансабдор шахслар томонидан яқинларимизга нисбатан қўлланилган қийноқлар, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлганликлари, фарзандларимиз яқинларимизни адолатсиз суднинг ҳукми билан қамоқ жазосига ҳукм қилинганлариклари юзасидан шикоятимизни ўз назоратингизга олишингизни ўтиниб сўраймиз.
Айни пайтгача ҳам аёвсиз, жисмоний қийноқлар қўлланиши ортидан ногиронга айланиб қолган бўлишларига қарамасдан, уларга малакали медицина ёрдами кўрсатмасдан, мамлакатдаги Жазони Ижро Этиш Муассасаларида жазони ўтаб келаётганликларини ҳисобга олиб, уларнинг тақдирига эътибор қаратиб, уларни беайб эканликларини аниқлаш учун махсус комиссия тузишингизни сўраймиз.
Олиб борилган текширув натижасида фарзандларимиз, яқинларимизни қамоқлардан озод этиб, уларни коррупцион гуруҳлар қурбони бўлганликларини тан олишни, уларни соғликларини тиклаш ва ҳуқуқларини тўлиғича тикланишини, шунингдек уларнинг устидан ноинсоний муносабатларда бўлган куч ишлатар тизимлари вакиллари, судяларнинг жиноий қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришларига эришимизни шахсан ўзингиз кўмакдош бўлишингизни тилаб қоламиз.
Жабрдийдалар оилалар вакиллари номидан:
Абдувосит Яхшимуродзоданинг онаси Восиева Барно;
Санъат Салимовни онаси Тангатарова Дилшода;
Шокиров Одилни отаси Шокиров Омон;
Сайфуллаев Жамшидни онаси Рўзиева Матлуба;
Хасан Арзиевни онаси Арзиева Инобат;
Азамат Ғайбуллаевни турмуш ўртоғи Маннонова Моҳичеҳра.
Fikr bildirish