К.Раббимов: Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби К.Алламжонов биринчи марта Фейсбук тармоғида тўғридан тўғри чиқиш қилди
Бугун, 02-апрел куни, Ўзбекистон Президентининг матбуот-котиби Комил Алламжонов биринчи марта Фейсбук тармоғида тўғридан-тўғри чиқиш қилди ва унга келиб тушган бир қанча масала юзасидан фикр билдирди.
Ижтимоий тармоқлар ривожланиб бораётганига кўп йиллар бўлсада, шу пайтга қадар Ўзбекистон ҳокимияти ўта ёпиқ, консерватив ҳолатда бўлиб келди, уни жамоатчилик фикри мутлақ қизиқтирмади ҳисоб.
Лекин, Ўзбекистон янги ҳокимияти дунё стандартларидаги легитимлик асосида фаолият олиб бориш қанчалик муҳим эканлигини тушиниши кўриниб бораяпди.
Энди, матбуот котиби Комил Алламжоновнинг бугунги чиқишига қисқа фикрларимни билдирсам.
Биринчидан, чиқишдан олдин муносабат билдириш учун танлаб олинган масалалар юзасидан фикрлар жамлаб олинмаган. Фикрлар аниқ-тиниқ эмас, котибнинг кўп марта тутилиши – тузатилиши керак бўлган нуқсон.
Бир томондан фикр билдиришдаги ўта эҳтиёткорлик, бошқа томондан, сўзлар ва жумлалардаги ғализлик анча юқори. Шунингдек, Президентнинг матбуот котиби шевада эмас, соф ва гўзал адабий тилда гапириши лозим бўлади.
Иккинчидан, Президентнинг матбуот котиби – бу барча давлат органларининг матбуот котиби эмас. Президентнинг матбуот котиби жойлардаги вилоят ҳокимиятларининг хато ва камчиликлари учун, минтақалардаги нуқсонлар учун шарх бериши – масъулиятни Президентга расмийлаштириш ҳисобланади. Бу сиёсий хато.
Президентнинг матбуот котиби, фақат Президентнинг позициясини, президентлик институти ваколатлари доирасида шарҳлаши лозимб бўлади. Бугунги чиқишда котиб кўпроқ жойлардаги вилоят ҳокимликлари матбуот котиби ролини ўйнади.
Президентнинг матбуот котиби ФБ тармоғида тўғридан-тўғри чиқиш қилиши – ижобий ҳолат. Ҳокимиятнинг барча поғоналарида, айниқса, Президент девони ва бошқаруви имкон қадар очиқ, шаффоф ва жамоатчилик билан доимий мулоқотда бўлиши – ҳуқуқий, демократик давлатчиликнинг шартларидан бири.
Бу жузъий камчиликлар – мени шахсий қарашларим, маслаҳатларим.
Лекин, асосийси – Ўзбекистон ҳокимияти шаффофлик ва жамоатчилик билан доимий мулоқотда бўлиш томон яна бир қадам ташлади.
Эндиги қадам – матбуот котибининг янада юқорироқ профессионализм даражасида вазиятни тез-тез шарҳлаб боришидир.
Fikr bildirish