Депутат Олимжон Тўхтаназаровнинг ишбилармон Бобур Ҳасанни мамлакатга киритилмагани бўйича Мурожаатномаси
Ўзбекистон республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга!
Муҳтарам Шавкат Миромонович! Сизнинг мамлакатимиз равнақи ва халқимизнинг яхши яшаши учун олиб бораётган ислохотингизларни халқимиз билан бирга бутун жаҳон ҳамжамияти кўриб, билиб турибди. Айниқса, сизнинг чет элларда сарсон бўлиб, билиб-билмай қилган айблари учун ватандан ташқарида юрган ўзбекистонликларни кечириб, она ватанимизга қайтарилишига ва уларни ҳар қандай жазолардан озод этилиб, оиласи бағрида бўлишлари йўлидаги эзгу ишларингиз нур устига аъло нурдир.
Юртимизга чет эл самоядорлари оқими жуда кўпаймоқдаки, бу албатта ватанимиз келажагини ривожланишига ўз хиссасини қўшиши шубхасиздир. Республикамизга яхши ният билан келаётган ҳар қандай инвестор ва меҳмонларга ватанимизнинг эшикларини очиб бердингиз! Бунинг учун сиздан барчамиз миннатдормиз. Чет элда яшаётган ватандошларимиз ҳам Ўзбекистонга – ўзи туғилиб ўсган диёрнинг равнақига ўз хиссаларини қўшиш ниятида эканликлари бизни бехад қувонтирмоқда. Сиз АҚШда бўлганингизда Америкадаги ватандошларни Ўзбекистонга таклиф этдингиз! Сизнинг чақириқларингизга лаббай дея жавоб берган Америкадаги ватандошларимиз ўз бизнесларини Ўзбекистонга олиб кириб, аҳолини иш билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдалар. Шулардан бири Бобур Ҳасандир. Лекин, уни транзит сифатида чегарадан юртимизга қўйишмабди. У Мамлакатимизга кириши таъқиқланганлар рўйхатида экан. У ўзининг видео мурожаатида ҳеч қандай оқимга ёки жиноятга қўл урмагани ва туғилган ватанини севишлигини, Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестия олиб кириб, 12000 минг ишчи ўрни яратишни режалаганлигини, бунинг устида бир неча ойдан буён керакли мутахассислар билан мулоқотлар олиб борганлигини айтди. Мен унинг сўзларидан таъсирландим ва сизга мурожаат қилмоқдаман. Қонун доирасида Бобур Ҳасанни чегарадан ўтказилмаганлигини шафоф текшириш лозим деб ўйлайман. Балки, у собиқ МХҲнинг «қора» рўйхатига тушиб қолгандир. Кўнглида яхши ният билан Мамлакатимизга келаётган бўлса, бажарадиган ишлари самимий бўлса, Ўзбекистонга келса яхши бўларди. Агар Бобур Ҳасан сингари ёш инвесторларни мамлакатга киришларига, ишчи ўринлари яратишларига тўсқинликлар қилинмаса Россия ва ўзга мамлакатларда хор зорликда ишлаб юрган ҳамда Ўзбекистонда иш топа олмай юрган 12000 нафар ёшларимизни иш билан таъминланишларига эришган бўлардик. Албатта бунингдек ижобий ҳаракатлар натижасида ўзга давлатларга иш қидириб кетишларни ҳам олдини олган бўлар эдик. Сиздан Бобур Ҳасан сингари ёш инвесторларни мамлакатга келишларида дуч келаётган тўсқинликларга барҳам беришни ўз назоратингизга олишингизни илтимос қиламан. Олимжон Тўхтаназаров O’zLiDeP аъзоси, Наманган вилоят Кенгаши депутати
Fikr bildirish