Она Ватан учун жонини фидо қилган қаҳрамоннинг фарзанди коррупция ва туҳмат қурбони бўлди!

Лазиз Расулов турмуш ўртоғи билан

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга

Барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгувчи ташкилотлар вакилларига

Барча оммавий ахборот воситаларига

Жиззах вилояти, Зомин тумани, Даштобод шаҳри, Улуғбек МФЙ Ал-Хоразмий кўчаси 1-уй 1-хонадондада яшовчи 1954 йилда туғилган фуқаро Расулова Ўразгулдан

Тел (+99891-208-07-40)

“Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси”, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт”, ЎР.К-378, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 44-моддаси, ЖПКнинг 27-моддаси асосида

ШИКОЯТ АРИЗА

Мен Расулова Ўразгул 1954 йилда туғилганман, ёшим 63да. Оғир касалман, қанд диабетнинг инсулинга тобе тури билан касалланганман. Мени ўғлим Лазиз Расулов ҳам қандли диабет касаллиги билан оғрийди. Мен Сизларни мана шу ўғлим Лазизга қарши уюштирилган фитналар, тергов пайтидаги ва суд жараёнидаги адолатсизликлар, айнан қонунларни ҳимоя қилиши керак бўлмиш прокурорларнинг ўзлари ўралашиб қолган таниш билишчилик, қариндош уруғчилик, коррупция жиноятларини хаспўшлаш мақсадида содир этган жиноий қилмишлари ҳақида хабардор қилмоқчиман.

Ўғлим Расулов Лазиз Холмуродович 1979 йил 20 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, ҳуқуқшунос.

У 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини битирган, оилали, 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бор.

Ўғлимнинг отаси Расулов Холмурод Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимида фаолият юритган. Расулов Холмурод Она Ватанимиз учун ўз жонини бериб, хизмат вазифасини бажариш пайтида қаҳрамонларча халок бўлган.

Турмуш ўртоғим ўз хизмат вазифасини бажараётган палласида вафот этган пайтида болаларимни бири бир ёш, иккинчиси икки ёшга кирганди. Мен отасидан бевақт айрилиб, етим қолган болаларимни, ота меҳрисиз, дийдорисиз катта қилдим. Мен беваликни тошдандан қаттиқ нонини еб, минг турли қийинчиликларни бошимдан кечириб, фарзандларимни Ватанга муносиб инсонлар қилиб тарбияладим.

Мени Сиз – Мухтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга мурожаат қилиб, ёрдам сўрашимнинг сабаби шуки, коррупция жиноятига қарши курашгани учун ўғлим адолатсизлик, тухмат ва қийноқ қурбонига айланганлик холати бўйича унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишига амалий кумак беришларингизни сўрамоқчиман.

Ўзбекистондек мустақил, хур ўлкада, демократия сари олға интилаётган фаровон давлатда БМТ Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган 217 А(III) кўрсатмаси орқали қабул қилинган «Инсон Ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси”да, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кўрсатилган ҳар бир инсонни ҳуқуқлари қадрланиши, ҳимояланиши кераклиги ҳақида баён қилинган моддалари ўғлим Лазизга нисбатан умуман қўлланилмади.

Ўғлим ҳақиқатни тик айта оладиган инсонлиги учунгина жабрланди, қатағон қурбонига айланди. Жиззах вилоят прокурори ўринбосари Бектош Сойипов, Зомин тумани ИИБ ТБ терговчиси Комил Амиров, Жиноят ишлари бўйича Янгиобод тумани суди собиқ судяси Элёр Абдувалиев ҳамда унинг котиби Абдумажид Абдуғаппаровлар Лазизни ҳуқуқ ва эркинликларини бузиб, унга нисбатан ғайриинсоний хатти ҳаракатлар содир этиб, унга нисбатан қийноқлар қўлладилар.

Энди бошимизга тушган кулфатлар сабаби ҳақида маълум қилсам:

ЛАЗИЗНИ КОРРУПЦИЯ ЖИНОЯТИГА ҚАРШИ БОНГ УРИШИ

Ўғлим Расулов Лазиз Холмуродович 2013 йилда Зомин тумани электр таъминоти корхонасига ҳуқуқшунос вазифасига ишга қабул қилинди. У ўз фаолиятини давом эттираётган паллада Зомин туман электр таъминоти корхонаси дебитор қарздорлиги 24 миллиард сўмга етиб қолган.

Ўғлим ўз хизмат вазифасини бажариши чоғида, яъни электр энергиядан қарздорлиги энг юқори бўлган ва қарзларини ихтиёрий равишда тўламаган фуқароларни корхона олдидаги қарзини ундириш мақсадида қарзларни мажбурий тартибда ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти Зарбдор туманлараро судига ҳужжатларни тайёрлаб топширади.

Ушбу даъво аризалар судда кўриб чиқиб, суднинг қарорлари қонуний кучга кирганидан кейин ижрочилар қарздорларнинг уйларига қарзларни ундириш учун борганлар. Ана ўшандан кейингина суднинг қароридан норозилик билдирган аҳоли вакиллари Лазизни олдига боришади ва электр энергиясидан қарзлари йўқлигини исботловчи тўлов қоғозларини унга тақдим қилишади.

Аҳоли истеъмолчиларининг ПК (программа контроль) компютер электрон хисоб дастуридаги ҳисоб рақамларига сохта, сунъий қарздорликни юзага келтирувчи № 15 рақами билан бошланувчи 500 000 сўмдан 3 000 000 сўмгача бўлган миқдорда қоидабузарлик далолатномалари туширилганини аниқлаган.

Энг қизиғи шундан иборатки, ушбу далолатномалар 2011-2012 йиллар давомида ПК дастурга туширилган бўлиб, аслида бу далолатномалар амалда ёзилмаган ва тузилмаган, фақат ПК дастурга тахминий рақам билан киритилган холос. Ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиққан, суриштирув ўтказган ўғлим бундай актлар рўйхати на туман электр тармоқлари корхонасида ва вилоятда йўқлигини аниқлаган.

Ушбу жиноятни содир қилган Зомин тумани Электр тармоқлари корхонасининг айрим маъсул рахбарлари ва компютер мутахассисининг жиноий қилмишлари ортидан ҳам давлатга, ҳам аҳолига ва корхонага жуда катта миқдорда зиён етказилган. Чунки ушбу сохта далолатномалардаги суммаларни аҳолидан ундириб олинган, бунинг натижасида аҳоли емаган сомсасига пул тўлаган. Чунки бу сохта далолатномалар “акт нарушение” деб расмийлаштирилган ва компютерга киритилган.

Лекин бу истеъмолчилар хеч қандай электр энергиядан фойдаланиш қоидаларини бузмаганлар, бундай “акт нарушение”лар умуман расмийлаштирилмаган, улар хеч қаерда қайдда йўқ. Фаразий рақам 15 билан бошланиб, ўйлаб топилган, бу йўл билан улар электр таъминоти корхонаси дебитор қарздорлигини ёпиш учун сунъий йўлни ўйлаб топишган.

Аҳолининг норозилиги сабаби коррупция жиноятига алоқадорлигини ўз текширувларида аниқлаган сўнг ўғлим Зомин тумани прокурори жаноб Бектош Сойиповга бу ҳақда хабар берган ва бу ғайриқонуний хатти ҳаракатлар юзасидан қонунда кўрсатилганидек текширувлар ўтказиб, қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ушбу коррупция жинояти ҳақидаги корхонанинг қонунларга итоат этилиши устидан назорат олиб борувчи маъсул ходими юрист Лазиз Расулов томонидан тақдим қилинган далиллар ва исботларни қабул қилиб олганидан кейин қонун бўйича ушбу холатларга аниқлик киритиш мақсадида прокурор жаноблари аудитор текшируви ўтказиши керак эди.

Текширув натижасига қараб эса ушбу жиноятни содир қилган корхонанинг вакилларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаст (ўзлаштириш ёки растрата билан давлат мулкини талон-тарож қилиш), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 228-модда (сохта ҳужжатларни таёрлаш) асосида жиноят иши қўзғатилиши ва ўзлаштирилган маблағларни қайтарилиши керак эди.

Лекин прокурор Сойипов жиноят иши қўзғатмасдан, ишни ёпиб юборган. Бу ғайриқонуний хатти ҳаракати билан Сойипов ЖКнинг 205, 241-прим 1 моддасида кўрсатилган жиноятни содир қилган.

Ўғлимни прокуратурага қилган мурожаати юзасидан қонуний текширув ўтказилмасдан, фош қилинган коррупция, давлат мулкини талон тарож қилиш жиноятлари содир этилгани бўйича жиноят иши қўзғатилмасдан, ишни ёпти-ёпти қилиб юборилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасининг 1007 интерактив ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ушбу жиноят ҳақида хабар берган.

Шундан сўнг вилоят прокуратураси ички хавфсизлик бўлими прокурори Музаффар ўғлим билан сухбатлашиб, «Ака аризангиз қонуний хал этилади, хотиржам бўлинг” дея ўғлимни алдаган. Кейинчалик ўғлимга ўша катта миқдордаги суммалар кўрсатиб расмийлаштирилган сохта  далолатномаларни рўйхатдан чиқарилганлиги ҳақида хат бериш билан чегараланган холос. Яъни Сойипов ўз жиноятини яшириш мақсадида бу ғайриқонуний актларни компютер базасидан чиқариш билан чегараланган холос.

СОХТА АЙБЛОВЛАР, ТУҲМАТ, ҲИБС ВА ҚИЙНОҚЛАР

Ўғлимни Республика бош прокуратурасининг 1007 интеректив рақамига телефон қилиб, фош қилинган жинояти бости бости қилингани ҳақида хабар берганидан кейин, юқоридан гап эшитган прокурор Б.Сойипов ўғлимни таъқиб қила бошлаган. Унга қарши сохта айблар билан бўлсада жиноят иши қўзғатиб, қамашга топшириқ берган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принципларидан бири, бу – халқ хокимияти – демократиядир. Турли хил лавозимлардаги рахбар, у хоҳ прокурор бўлсин,  хоҳ бошқа лавозим эгаси, у ҳам халқ ичидан чиққан инсондир.

Зеро Ўзбекистон Республикасидаги юртбошимиз Сиз – Шавкат Миромонович томонидан олға сурилаётган қадрият ва сиёсат, бу халқпарварлик ҳамда инсонийликдир. Лекин оёғи ердан узилган прокурорлар ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб ўғлимни камашди.

Ўғлимнини айби – халқни коррупционер, ўз нафсини ўйлайдиган мансабдорлардан ҳимоя қилиб, адолатни айтганими, ёки ўз вазифасини халол бажарганими?

2016 йилда исмини сир сақлаш шарти билан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларда фаолият юритувчи вакиллари орасидаги виждони поклари «Лазиз ака сизни қамашга Зомин туман прокурори Бектош Сойипов ва Жиззах вилояти прокурори Шуҳрат Акбаровлар команда берганлар. Хозирда 2 нафар ўзларига хизмат қилувчи кимсаларни сизга қарши шикоят ариза уюштиришга жалб қилганлар, эхтиёт бўлинг» деганлар.

Лазиз бу хабарни эшитиб, тааъжуубга тушган, хайронлиги ошган. “Қандай қилиб прокурорлар тухмат кампаниялар уюштирадилар? Ахир бу жиноятку!” деган.

Лекин ўғлимни огоҳлантирган танишларини гаплари тўғри бўлиб чиққан.

Бектош Сойибов ўғлимни ҳуқуқшунос эканлиги учун ҳам унга қарши уюштириладиган сохта айбловларда чув тушиб қолишидан чўчигани учун ҳам ўғлимга қарши уюштириладиган фитнада Жиззах вилояти прокурори Шуҳрат Акбаровни ёрдамига таянган.

Шуҳрат Акбаров ўзининг Жиззах вилояти халқига қилган зулми билан жуда яхши танилган шахслардан хисобланади. Ўғлимга қарши уюштирилган жиноий қилмишларни бошида турган Жиззах вилояти прокурори Шуҳрат Акбаровнинг содир қилган турли жиноятлари сабаб Сиз – Шавкат Миромонович Ўзбекистон президент вазифасини бажарувчи лавозимида турган пайтингиздаёқ тушуниб етиб, 2016 йилнинг 16 сентябрь куни Жиззахга сафар қилишингиз чоғида вилоят ҳокими Сайфиддин Исмоиловни ва вилоят прокурори Шуҳрат Акбаровни ишдан олгандингиз.

Айнан мана шу мансабдорларнинг жиноий манфаатдорликлари сабаб, сохта “жабрланувчилар” иштирокида уюштирилган, ўғлимни 2013 – 2014 йилларда “содир этган жиноятлари” ҳақидаги шикоятларга асосланиб уни зиндонбанд этдилар.

Сиз – Президентимиз айтганингиздек бу кимсалар ўзларига берилган хизмат ваколатидан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, истасалар столбани ҳам олиб бориб, жиноятчи дея қамаш ҳуқуқларидан фойдаланганларидек ўғлимни давлат мулкини талон тарож қилиш жиноятига қарши курашгани учун ҳибсга олиб, қамадилар.

2016 йил 16 январь куни терговчи Зомин туман ИИБ ТБ терговчиси Амиров Комил ўғлимга қарши уюштирилган туҳмат шикоятларга асосланиб, ҳибсга олдилар ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а”, “г» бандлари,165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «a» банди, 237-моддаси (ёлғон кўрсатма бериш) 2-қисми «a”, “б», бандларидаги жиноятларни содир этганликда қоралаб, айблов эълон қилдилар.

Жиноят Кодексида бирор бир шахснинг юқори турувчи органга шикоят қилгани учун уни мансабдор шахс томонидан таъқиб қилиниши, босим ўтказилиши жиноят деб кўрсатилган.

Ўғлим ҳибсга олинганидан кейин, ЖПКнинг 228-моддаси талабини бузиб, ўғлим ЖПК 221-моддасига асосан ушлаб турилган шахс бўлсада, ғайриқонуний тарзда эхтиёт чораси қўлланган шахслар билан бирга ушлаб турганлар.

Ўғлим ҳибсга олинган пайтидан бошлаб терговчи Комил Амиров ўғлимга қарши барча сохта ҳужжатларни расмийлашиб, унга нисбатан қийноқлар қўллаган. Амиров аслида Бектош Сойипов билан бир жойдан бўлиб, унинг барча ғайриқонуний топшириқларини сўзсиз бажаргувчи Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори М.Темировнинг жияни бўлади.

Ўғлимни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, Зомин тумани ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақлаган пайтида Лазизни қандли диабет билан оғриши, оч қолиши мумкин эмаслигига қарамасдан, икки сутка ичида унга умуман овқат ва сув бермасдан, оч нахор сақлаганлар, уни ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоблаганлар.

Бундан ташқари терговчи Комил Амиров 2016 йил 17 январь куни оғир аҳволдаги ўғлимга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб, қўлга олинган пайтидан буён оч нахор сақланаётган пайтида ўғлимни терговга чақиртирган. У ит ҳам ейишдан ор қиладиган ювиндини ўғлимга бериб, бунинг эвазига ўзига қарши кўргазма беришга мажбурламоқчи бўлган.

Натижада ўғлимни соғлиги янада ёмонлашиб, қон босими кўтарилиб, инсульт холатига тутишга яқин ходиса бўлиб, йиқилиб тушган.

Айни ўғлимга терговчи Комил Амиров томонидан қилинган ноинсоний қилмиш сабабли аҳволи оғирлашган ўғлимни ҳаётини Зомин туман Тез Тиббий Бўлимдан чақиртирилган шифокор ҳамда ўғлим билан бирга ВСҲнинг камерасида ётган, ишга манфаатдор бўлмаган маҳбусларни тушунтириш хатлари бизда мавжуд.

ЖКнинг 235-моддасида бу қилмишга жиноий жавобгарлик белгиланган. Лекин бу қонунлар негадир юқорида исми шарифлари айтиб ўтилган куч ишлатар тизимлар мансабдорлари ва ходимларига келганда ўз кучини йўқотмоқда.

Ўғлимни қонунни ҳимоя қилиши керак бўлган органлар раҳбарлари томонидан туҳматлар уюштирилиб, қамаганликларини Зомин тумани Даштобод шаҳридаги ҳамма билади. Ким билан гаплашманг “Ҳақиқат учун курашгани учун Лазиз қамалиб кетди” дейдилар.

Биз оила аъзолари Лазизни туҳмат қурбони бўлганлигини билганимиз учун ҳам унинг хеч қандай жиноят содир этмаганлигини исботловчи далилларни йиғиб, бу далилларга ҳуқуқий бахо беришларини талаб қилиб турли идораларга мурожаатлар қилишдан тўхтамадик. Бизларни Лазизни ҳимоя қилишимизга тўсқинлик қилиш мақсадида босимлар, таҳдидлар борган сари кучайиб кетаверди.

Лазиз Тоштурмада сақланаётган пайтида Жиззах вилояти Зарбдор туман прокурори Салохидинов Лазизни олдига кириб, “Оилангдагиларга айт шикоятбозлик қилавермасдан … юришсин, бўлмаса хотинингга қарши ҳам жиноят иши очамиз” деган. Ўғлим унга жавобан “Фарзандларимга ҳам жиноят иши очинглар, Сизларни қудратингиз қанчалик эканлигини тушуниб турибман” деб жавоб берган.

Мен чет эл кинофильмларида – кўпинча италиян, рус кино ижодкорлари томонидан яратилган детектив ва криминаль фильмларда бу каби адолатсизликлар ва унга қарши курашгувчиларни тақдирлари аянчли якун топганлигини кўргандим. Лекин бунингдек ходисалар айнан менинг ўғлимни бошига тушишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 11-моддаси “Қонунийлик” деб аталади. Унга кўра “Судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт. Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади”.

Буюк бобокалонимиз, давлат арбоби, шоир мутафаккир Алишер Навоийнинг Хамса достонида ёзилишича зиндонга ташланган маҳкумларга фақатгина сув билан нон бериб кийнашар экан. Лекин биз инсон ҳуқуқлари кафолатланган 21 асрда яшаяпмиз.

Бундан ташқари БМТ Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси», “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт”да, Конституцияда, ЖПКда тергов пайтида айбланувига қийнаб, азоб бериш, инсон шаъни, қадр-қимматини тўкиш мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Лекин терговчи “Бойчибор” фермер хўжалигида электр энергиядан ноқонуний фойдалангани учун ушбу ф/хга қарши расмийлаштирилган қоидабузарлик далолатномасига чиқарилиши лозим бўлган қайта-хисоб китоб суммасини ўзгартириш мақсадида, Жиззах ХЭТК АЖ мухандиси Алишер Ўраловга ҳамда Зомин ТЭТК мухандиси Тўрабек Турдиевга телефон орқали қўнғироқ қилиб, орқа сана билан сохта далолатнома тузиб келишларини топширади.

Тўрабек Турдиев электромонтёр Д.Эрбўтаев имзосини сохталаштиради ва орқа сана билан далолатнома тузади. Натижада далоланомага чиқарилиши лозим бўлган сумма миқдори камайиб, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига катта миқдорда зиён етади.

Лекин буни билсаларда на Зомин тумани прокуратураси ҳузуридаги СВОЖ ва ЖДЛККК бўлими ходими, на терговчи, на жаноб прокурор Бектош Сойиповлар ЖКнинг 228, 167-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатмасдан, жиноятни яширганлар.

Айбсиз инсонни устаси фаранглик билан тузоққа туширувчи бу кимсалар нега Ўзбекистон қонунчилигидаги тенглик приципини бузиб, айрим шахсларга афзалликлар бермоқда? Бунинг замирида нима ётибди? Қани адолат?

Дастлабки тергов жараёнида терговчи Комил Амировнинг топшириғи асосида суриштирувчи Ф.Сулаймонов ВУХга спиртли ичимлик ичиб кириб, маст холатда, ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, ўғлими куракда турмайдиган сўзлар билан хақоратлаган. Бу холат юзасидан гувоҳларни тушунтириш хатлари бизда мавжуд.

Сирдарё вилояти ИИБга қарашли 13-сонли тергов ҳибсхонасида эса қонун қоидаларга риоя этилади. Қандли диабет билан оғриган ўғлимга кунига 5 махалдан овқат берилиб, ҳууқлари топталмади, яни бу ерда инсон ҳуқуқи тўла кафолатланган. Бу ердаги қонунга итоат этилишида тергов ҳибсхонаси раҳбари О.Садировнинг хизматлари чексиз.

Ўғлимни ишчанлик обрўйига путур етказиш мақсадидаги қилмишларини давом эттириб, терговчи гувоҳ С.Маматқуловни кўрсатмасини қасддан сохталаштирган. Ўзининг гувоҳлик кўрсатмасини қасддан сохталаштирилгани ҳақида С.Маматқулов гувоҳлик беради.

Бундан ташқари жабрланувчи Д.Қаландаров ва ўғлим ўртасидаги юзлаштириш баённомаси терговчи Комил Амиров томонидан қасддан сохталаштирилган. Бу бўйича бизда объектив далил ва ҳужжатлар мавжуд.

Жиноят иши материаллари орасида ўғлимни жиноят содир этганлигини исботловчи бирон бир обеъктив далил, исботлар, яъни аудио, видео ёзув, фотосурат, воқеани кўрган аниқ гувоҳлар мавжуд бўлмасада, терговчи уни прокурорни топшириғига асосан жиноятчига чиқарди.

АДОЛАТСИЗ СУДЛОВ, ҚАЛЛОБЛИКЛАР

Президентимиз Сиз – Шавкат Миромоновичнинг ташаббусингиз билан суд ҳуқуқ сохасига қаттиқ эътибор қаратилиб, далилларни сохталаштирилганлик учун ЖКда янги модда ташкил этилиб, бу қилмишни содир қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш белгиланди. Сиз Тошкент шаҳридаги суд тизимидаги ўзибўларчиликлар, қонунбузарликлар ҳақида фикр билдирганингиздан сўнг Тошкентга қаттиқ эътибор берилмоқда.

Лекин Сизнинг Ўзбекистондаги суд тизимининг инқирозга юз тутганлиги ҳақидаги танқидларингиз Жиззахдаги судларга умуман таъсир қилмаяпти. Уларни ўз фаолиятларини қайтадан кўриб чиқишлари учун Сизни уларнинг жиноий қилмишларини танқид остига олишингизни кутиб яшашимиз керакми ёки ҳақиқат тегирмонини юқоридаги раҳбарлар ўзлари юргизармиканлар?!

Биз хоҳ раҳбар, хоҳ оддий халқ вакили бўлайлик, бир жанатмакон юрт фуқаросимиз, ватандошмиз, буюк миллат хисобланмиш ЎЗБЕКМИЗ. Юртимизни Президентимиздек адолатпарвар инсон бошқармоқда. Лекин Жиззахлик мансабдорлар мана шу юртнинг фарзанди, минг орзу умидлар билан ҳуқуқшунос бўлган, ўз отасининг муносиб издоши бўлмиш ўғлимни сохта айблар билан жиноятчига чиқардилар.

Суд тергови пайтида ҳам ўғлимга нисбатан ғайриқонуний усулларини қўллаб, суд ҳужжатларини қасддан сохталаштириб, бирон исбот, объектив далилсиз ўғлимдан жиноятчига чиқардилар. Бунинг ортидан ўғлим Лазизга ҳам, бошқа оила аъзоларимизга ҳам босимлар ўтказиб, таҳдидлар қилдилар.

Доно халқимиз томонидан «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда чиқади» деган халқ мақоли бежизга айтилмаган. Чунки ўғлимга қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган суд жараёни пайтида бирин кетин кўрсатма бера бошлаган гувоҳлар ҳақиқий холатга ойдинлик киритдилар. Улар ўғлимни ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигини исботлаб гувоҳлик кўрсатмалари бердилар.

Лекин суд пайтидаги уларнинг берган ҳаққоний кўрсатмаларини суд мажлиси котиби Абдуғапаров Абдумажид қасддан сохталаштирган. Бу билан ушбу жиноят ишида ҳақиқатни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилган. У ўз хизмат вазифасидан фойдаланган холатда халақит бериб, жиноятга қўл урган. Суд котибининг жиноий қилмиши, яъни суд мажлиси баённомасини сохталаштириб, уларнинг кўрсатмаларини ўзгартириб ёзганлиги ҳақида ҳар бир гувоҳларнинг тушунтириш хатлари бизда мавжуд.

Суд томонидан гумон қилинувчи ёки айбдорга эхтиёт чораси қўлланилаётганда терговга халақит бермаслиги, гувоҳлар кўрсатмаларини ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги учун ҳам қамоқ эхтиёт чораси қўлланилади.

Лекин «Жиноят иши ҳужжатларини сохталаштириб, қасддан инсонни қамашга уринаётган терговчи, прокурор, судя ва унинг котибига бунингдек жиноий қилмишлари учун эхтиёт чорасини ким қўллайди? Ким ҳақиқатни рўёбга чиқаради?!» деган ҳақли савол туғилиши табиий.

Қонунга биноан суд тарафлар айблов моҳияти ва иш холатлари юзасидан ўз важларини баён қилаётганда уларни музокарасини муайян муддат билан чеклаб қўймаслиги керак.

Собиқ СССР бош прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғи Илюхин «Ўзбеклар иши” деб номланган асарида прокуратура ходимлари Гдлян ва Ивановларнинг ўзбекларга нисбатан ўтказган зулми тўғрисида ёзиб, бир цитатага қаттиқ урғу беради. “Cен биз айтган ҳамма ишни бажарасан, бўлмаса қамоқда чирийсан, оилангни ҳам қамаймиз, судялар бизни айтганимизни қилади».

Бу холат СССР пайтида бўлган. Лекин ханузгача мансаб зўрлиги, эски иттифоқ сарқити юқорида исми шарифлари қайд этилган ходимларда сақланиб қолган ва улар турли жирканч йўллар билан бўлсада ҳақиқатни топтаб, ўз зўрликларини, зулмкорликларини халққа намойиш қилиб келмоқдалар.

Жиноят ишини кўришда суд тергови жараёнида қасддан гувоҳларларнинг кўрсатмаларини суд мажлиси баённомасига киритмай, ҳақиқатни фош бўлишидан чўчиганлари сабабли айрим гувоҳларнинг кўрсатмаларини сохталаштириб, ўзгартирилган.

Аслида қонунга биноан суд мажлиси баённомасини тўғри ва тўлиқ ёзилиши ишни кўраётган суд томонидан назорат қилинмоғи лозим. Ишдаги судланувчининг айбсизлигини намоён этувчи далилларни суд мажлиси баённомасида ёзилмаслиги ёки ўзгартирилиши белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Бугунги кунда суд терговидаги камчиликларни бартараф этиш, воқеанинг реал холатини, ҳақиқатни аниқлаш мақсадида суд терговида стенографик ёзувни юритиш холати қатъий ўрнатилди.

ЖПКнинг 25-моддасида “Суд айблов ёки ҳимоя тарафида турмайди, ҳамда уларнинг бирон-бир манфаатларини ифодаламайди. Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафлар процессуал мажбуриятларини бажаришлари ва берилган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун зарур шароитлар яратиб беради” дейилган.

Лекин Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди судьяси жаноб Элёр Абдувалиев эса ЖПКнинг 455, 457, 463-моддалари талабларини бузиб, тахмин ва гумонларга асосланган холда, суд мажлиси котибининг ёрдамида сохталаштирилган суд мажлиси баённомасига асосланиб буюртма асосидаги қалбаки жиноят ишини қалбакилаштириш жиноятида иштирок этиб, айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтириб, 2016 йил 3-июнь куни туҳмат асосида ўғлим Лазизни жиноят содир этганликда айблаб, 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этишга айблов ҳукми чиқарилган.

Адолатсиз судлов ҳукми ва ажримларидан норози бўлиб давлатнинг турли идораларига шикоят аризалар ёздик. Ўғлим ҳам ўзига нисбатан содир этилган қонунбузарлилар, қийноқларга тутилганиги ҳақида ёзди. Лекин ижобий натижа йўқ, бирор бир давлат идораси бизни шикоятларимизда кўтарилган муаммоларни адолатли тарзда ўрганиб чиқмади. Энди бошимизни қайси бир тошга уришимизни, кимдан нажот сўрашимизни билмай қолдик.

Бизлар туҳмат ва тайзиқлар қурбони бўлганимиз учун Сиз – Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ёрдам олиш илинжида, Сизнинг ҳимоянгиз остига кириш мақсадида Сиз томондан ташкил қилган виртуал қабулхонага бир неча марта шикоятлар билан мурожаатлар қилдик. Лекин шикоят аризаларимиз футбол тўпидек турли томонга тепилиб, айнан бизларни ҳуқуқларимизни оёқ ости қилган Жиззах вилоятидаги мансабдорлар қўлига бориб тушмоқда ва ҳуқуқларимизни бузилиши давом этмоқда. Жиноят ишини назорат тартибида чақириб олиб, қонунларни оёқ ости қилинганлигига эътибор қаратиш талабимиз бажарилмаяпти.

Хуллас Президентимизнинг судлардаги адолатсизликларга, қонунбузарликларга чек қўйиш ҳақидаги чақириқлари чақириқлигича қолиб кетмоқда.

Жиноят ишлари бўйича суд ҳукмлари ва қарорлари, ажримлари қонунийлиги ва асосли эканлигини назорат тартибида текшириш, қонунийлик ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашнинг қўшимча кафолати, одил судлов сифатини оширишнинг самарали воситаси хисобланади.

Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, хали юртимизда назорат инстанцияси судлари биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан йўқ қўйилган хатоларни тузатиш юзасидан муайян ишларни амалга ошираётгани йўқ.

Жиноятга оид шикоят, аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши билан дарҳол ёки уч суткадан кечиктирмасдан, жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлиги ва асослар етарли эканлигини бевосита ёки суриштирув органлари ёрдамида текшириш зарурати бўлган тақдирда ўн суткадан кечиктирмасдан кўриб чиқилиши лозим.

Ушбу муддатлар жиноятга оид хабар олинган пайтдан то жиноят ишини қўзғатиш ёки жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарилгунча қадар бўлган вақтни ўз ичига олади.

Бугунги кунда Сиз – Президентимизнинг қатъий танқидингиз асосида Тошкент шаҳридаги бир неча терговчи, прокурор ва судяларга жиноят ишларини расмийлаширишда ва судда кўришда қўйган жиддий хатолари учун уларга қонуний чоралар кўрилди.

Бухородаги тадбиркор Илҳом Ибодовни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, уни “лохмачлар” ёрдамида қийнаб, Бухоро вилоят МХХ ертўласида азоблаб ўлдирган 6 нафар МХХ мансабдорлари ва Бухоро вилояти ИИБ ВСҲда Илҳом ва Раҳимни азоблаган 4 нафар “лохмачлар” 14 йилдан 18 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Тошкент шахар ИИББ 1-сонли тергов ҳибсхонада (Тоштурмада) “лохмач” маҳкумлар орқали бошқа маҳбусларга нисбатан жисмоний қийноқлар қўллаган ва бошқа жиноий қилмишлара содир этган бир нечта МХХ вакиллари ва тергов ҳибсхонасининг тезкор ходимлари аниқланди ва улар жиноий жавобгарликка тортилдилар.

Лекин бизнинг Жиззах вилоятимизда хали ҳамон эски ҳаммом, эски тос. Президентимизнинг мамлакатда амалга ошираётган ўта жиддий ўзгаришлари Жиззахдаги мансабдорлар учун умуман таъсир қилаётгани йўқ. Улар Ўзбекистонда ижобий ислоҳотлар содир бўлиши тарафдори эмаслар.

Энг ачинарлиси Сиз – Президентимиз қачонки қайси сохага ёки қайси худудга эътибор қаратиб, кескин танқид остига олмагунингизгача ўша соха ёки ўша худудда ижобий ўзгаришлар бўлмаяпти. Адолат, демократия фақат оддий халққа ва Президентимизгагина керак эмаску! Бир ёқадан бош чиқариб юртбошимизга ҳамнафас бўлиб, халқни мушкулини енгиллатиш керакку!

ҒАЙРИҚОНУНИЙ АППЕЛЯЦИЯ СУДЛОВ ЖАРАЁНИ

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқи – юзага келган гумон, қўйилган айбни рад этиш ёки жавобгарлик ва жазони юмшатиш учун унга қонун билан берилган процессуал имкониятлар (восита ва усуллар) йиғиндисидир.

ЖПКнинг 522-моддасида ишни кўраётган суриштирирувчи, терговчи, прокурор ва судя жиноят ишига оид жиноий суистеъмолчиликка йўл қўйган бўлса суд ҳукми назорат тартибида бекор бўлиши ёки ўзгариши белгиланган.

Биринчи инстанция суди томонидан гувоҳларнинг ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари суд котиби томонидан сохталаштирилиб, фақат айбловга қаратилганидан ўғлим ўз норозилигини билдириб аппеляция шикояти ёзди.

Ўғлим Лазиз биринчи инстанция судида суд мажлиси баённомаси сохталаширилганлик холати аппеляция судида қайтарилмаслиги учун суд хукми юзасидан ЖПКнинг 27, 492 прим 2-моддаси асосида апелляция инстанцияси ишни одилона кўриш мақсадида суд мажлисини баённомасини стенографик ёзув орқали расмийлаштиришни сўраган. Шунингдек аппеляция суди кўрилиши жараёнида шахсан ўзини ва адвокатини иштирокини таъминлашларини сўраб, ёзма тарзда илтимоснома билан мурожаат қилган.

Лекин апелляция суди биринчи инстанция судида йўл қўйилган қўпол хатоликларни кўриб чиқиб, ҳуқуқий бахо бериш ўрнига, ўғлимни шахсан ўзи ва адвокати иштирокида суд жараёнини ўтказиш, ҳамда маҳкама жараёни пайтида суд мажлиси баённомасини стенограмма усулида юритиш ўрнига, ўғлимни ҳимоя ҳуқуқини ўта қўпол равишда бузиб, на ўғлимни, на унинг адвокатини иштирокисиз аппеляция судлов жараёнини уларнинг иштирокисиз ўтказганлар.

Аппеляция судлов хайъати ўғлимни ЖПКнинг 46, 479-моддаси 3-қисмидаги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17-сонли қарор талаблари ва ЖПКнинг 24, 64-моддаларидаги ҳимоя ҳуқуқини бузди.

Чунки аппеляция судлови жараёнида ўғлимни шахсан ўзини ва адвокатини иштирокисиз, яширин тарзда ўтказиб юборганлар. Бу билан ўғлимни ва уни адвокатини Лазизни умуман ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигини исботлаб бериш ҳуқуқларидан маҳрум қилганлар.

Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди томонидан ишнинг ҳимоячи иштирокисиз кўрилиши жиноят процессуал қонун талаби жиддий бузилиши хисобланади.

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРНИ БУЗИЛИШИ ЮЗАСИДАН ЁЗИЛАЁТГАН ВА СУВГА ЧЎКТИРИЛАЁТГАН ШИКОЯТЛАР

Кўпинча биз давлатга қарши чиқувчи кимсаларни четдан, Суриядан ёки бошқа давлатлардаги айрим шахслардан излаймиз. Лекин кимни ҳақ, кимни ноҳақ эканлигини кўра-била туриб, Ўзбекистон Республикаси номидан адолатсиз, уйдирмаларга асосланган ҳукм чиқариб, Ўзбекистон Республикаси номига доғ тушириб, судьялик лавозимини эгаллаш пайтидаги қилган қасамёдига ҳиёнат қилаётган, инсонларни давлатга, қонун устиворлигига бўлган ишончини ўлдираётган Абдувалиев Элёрдек судянинг ҳаракатларидан ҳам изласак бўладику!

Исботини топмаган, прокуратура амалдорларининг жиноий кирдикорларини фош бўлиб қолишида тасодифий иштирокчи бўлиб қолган ўғлимни келажаги синдирдилар. Уни 2 йилдан ортиқ умри қамоқда ўтди. Соғлиги яна ёмонлашди. Ўзи севган касбидан айрилди. Оиласидагилар, мен, турмуш ўртоғи, фарзандлари минг азобларни бошимиздан ўтказдик.

Босимлар, таҳдидлар остида хавотир билан яшадик. Хаттоки шундай кунлар бўлдики ёшгина набираларимга ейишлари учун нон топиб бера олмаган, ёш гўдакларни оч қорин билан ухлатишга уринишларимиз гўдакларни нон сўраб фарёд уришлари билан якунига етди.

Ҳақиқат учун курашгани учунгина биргина ўғлим эмас, унинг гўдак фарзандлари ҳам отасининг ҳақиқати учун қўшилиб жазоландилар, азоб тортдилар. Бундай зулмни қандай кечириш, унутиш мумкин? Мени ўғлим ва набираларимга зулм қилган кимсаларни фарзанди йўқми? Қани инсонийлик?

Нима учун Жиззах вилоятидаги терговчи ва прокурорларнинг жиноий қилмишлари устидан берган шикоят аризаларимиз яна айнан шуларни ўзига жўнатилаверди? Нима, Республика миқёсидаги мансабдорлар вилоятлардаги жиноятчи кимсаларни жиноий қилмишлари устидан ёзилган шикоятларни айнан ўша қонунбузарларни ўзларига жўнатилиши янада оғирроқ қонунбузарлик эканлигини билмасмидилар?

Яқинда биз яна адолатсизлик, разолатга юз тутган Жиззах вилоятидаги прокуратура мансабдорлари ва Жиноят ишлари бўйича суд тизимларидаги қонунбузарликлар ҳақида Республика бош прокуратурасига юборган навбатдаги шикоятимизни бош прокуратура мансабдорлари Жиззах вилоятидаги айнан шикоятда номлари келтирилган қонунбузар мансабдорларга жўнатилибди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати тўғрисида”ги 445 сонли Қонуннинг 25-моддасига кўра бирор бир мансабдорнинг устидан шикоят тушса, бу шикоят ўша мансабдорга, ёки у ишлаётган идорага жўнатилиши мумкин эмас. Ҳақиқатан ҳам қонунларни оёқ ости қилган мансабдор қандай қилиб ўзи содир этган қилмишларни тан олади ва фуқароларнинг ўзи томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклайди? Ахир бош прокуратуранинг бу усули шикоят қилган жабрдийдаларни ҳуқуқларини янада бузилишига, босимларга учрашларига шароитлар яратиб бердику!

ЖАЗОЛАНМАГАН ЖИНОИЙ ҚИЛМИШЛАР ЯНГИ ЖИНОЯТЛАРГА АСОС БЎЛАДИ

Ўғлим Лазизни адолатсизлик қурбони бўлишига сабаб бўлган, Жиззах вилоятида қонун устиворлигини таъминлашни зиммасига олган, қонун ҳимоячиси ниқобига яширинган бу жирканч кимсаларнинг яна бошқа жиноий қилмишлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Зомин тумани собиқ прокурори Бектош Сойипов 2016 йилнинг феврал ойида қуйидаги жиноятни бости бости қилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205 – ва 241-прим 1-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этган:

Зомин тумани Электр таъминоти корхонасининг собиқ раҳбари Акбар Эшонқулов ўз қўл остида фаолият юритувчи ҳомиладор бўлган ходима Норқулова Гулнорани нафсониятига тегиб, бошқалар олдида ҳақорат қилган. Натижада Норқуловани соғлиги кескин ёмонлашиб, унинг ҳомиласи тушиб қолади.

Акбар Эшонқуловнинг ғайриқонуний хатти ҳаракатлари юзасидан, яъни ўзига нисбатан содир қилган ҳақорат қилиш жинояти ортидан раҳбарини хали туғилмаган фарзандининг қотилига айлангани учун ушбу жиноий қилмиши учун уни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб Норқулова Гулнора Зомин туман прокуратурасига шикоят ариза билан мурожаат қилган.

Лекин жаноб прокурор Сойипов Акбар Эшонқуловнинг жиноий қилмишларини яшириш мақсадида ўғлимни қурбон қилганидек туғилмаган гўдакнинг қотилига айланганлик жиноятини ҳам бости бости қилган.

Чунки Эшонқулов ва Сойиповлар азал азалдан яқин оғайнилар ва бир бирларини жиноий қилмишларини яшириб, қўллаб келганлар.

Эшонқуловнинг жиноий қилмиши сабаб нобуд бўлган бу гўдак ота онасининг орзиқиб кутаётган фарзанди эдику. Балким бу гўдак дунёга келганда Ўзбекистон нуфузини дунёга таратган инсон бўлиши мумкин эди.

Ана энди муҳим савол ўз ўзидан туғилади:

Эшонқуловнинг биргина шу шикоят ариза келтириб ўтилган ва хали тилга олинмаган коррупцияга алоқадор жиноий қилмишлари учун нега қонун олдида жавоб бермади?

Зомин тумани аҳолисининг қонун ҳуқуқ ва эркинликларини оёқ ости қилиб келган прокурор Сойипов шунча жиноий қилмишларидан кейин нима учун Жизаах вилояти прокурори ўринбосари лавозимига кўтарилди?

Қани адолат, қани қонун устиворлиги?!

Ахир биз ҳақиқат ва адолат қарор топишига ишонч туғилган, жиноятчилар амал курсиларида эмас, жазони ижро этиш масканларидан жой оладиган замонга кирмадикми хали ҳам!

Хуллас кўриб турганингиздек бизнинг Жиззах вилоятимизда инсон қадри бир пул бўлиб, таниш-билишчилик, уруғ аймоқчилик, қариндош-уруғчилик ниҳоятда авжига чиққан.

Мамлакатимизда кўп йиллар давомида халқни қийнаб келган айрим ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар мансабдорлари Сиз – Президентимизнинг ҳақиқатни аниқлаш, қонун устиворлиги таъминлаш каби одил сиёсатингиз, прокуратура ва бошқа тизимларни порахўр ва коррупционер кимсалардан тозалаш каби ташаббусларингиз натижасида Жиззах халқининг қонини ичаётган бу қонхўрлардан тозалашни ўз назоратингизга оласиз ва жиноий қилмишлар содир этган кимсалар қандай лавозимларни эгалламасинлар қонун олдида жавоб берадилар, юқоридаги зулмкорларга қонун асосида чоралар кўрилади деб умид қиламан.

Яна ишончсизликка кўмаман ва бор овозим билан «Нахотки биз яшаётган она диёримизда, ватанимизда бизни қийнаётганларга чора йўқ?” дея надомат чекаман.

Мухтарам Президентимиз, мухтарам ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар!

Ушбу шикоят аризамда келтириб ўтилган важларимизни шахсан мени ўзимни ва ўғлим Лазизни иштирокимизда ўрганиб чиқиб, Сизларга тақдим қиладиганимиз исбот далиллар билан танишиб чиқиб, уларга ҳуқуқий бахо беришингизни сўраймиз.

Қолаверса ушбу шикоят аризамизда келтирилган важларимизни Республика Олий суди раиси Козимжон Комилов шахсан ўз назоратига олиши ва ўғлимга нисбатан қўзғатилган ва суднинг чиқарилган адолатсиз ҳукмини жиноят иши билан кўриб чиқиш учун чақириб олишини, пала партишликка йўл қўймаган ҳолда, ҳар бир важларни жиддий ўрганиб чиқиб, ушбу жиноят ишини яратилишидан, ўғлимни келажагини синдиришдан асосий мақсадлари не бўлганлигини ўрганиб, ушбу фитнани уюштирган, иштирок этган барча айбдор шахсларга қонуний чора кўриб, ўғлимни бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тикланишига амалий ёрдам беришларингизни ўтиниб сўрайман.

Сизлардан умид қилиб қолувчи, бағри қонга тўлган, ўз халқи учун жонини фидо қилган қаҳрамоннинг беваси, адолатсизликка қарши ўз сўзини айтгани учун қатағонга учраган малакали ҳуқуқшуноснинг онаси Расулова Ўрозгул.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.