Россиядаги маҳбус Аброр Ҳидировни ҳимоя қилишни сўраб, Ўзбекистон Президентига қилинган мурожаатлардан кейин уни вазияти янада оғирлашавергани тарихи!
ФАРЗАНДИМИЗ АБРОР ХИДИРОВНИ ТУҲМАТ ҚУРБОНИ БЎЛГАНЛИГИНИ ИСБОТЛАШГА ВА УНИ ОНА ВАТАНИГА ЁРУҒ ЮЗ БИЛАН ҚАЙТИШИГА АМАЛИЙ ЁРДАМ БЕРИНГ ЖАНОБ ПРЕЗИДЕНТ!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси МХХ раисига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раисига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (ОМБУДСМАН)га
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси ИИВ вазирига
Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Зармитан” ҚФЙ, Работ маҳалласида яшовчи фуқаролар (ота-она) Хидиров Яраш, Ҳамдамова Майсара ҳамда Кармана тумани Янгиариқ ҚФЙ, Талқоқ МФЙда яшовчи, Аброр Хидировни рафиқаси Саидова Муҳайёлар томонидан (тел: +998913334394)
БИРИНЧИ ШИКОЯТ АРИЗА
Муҳтарам Президент!
Сизнинг яқиндагина ноҳақ “қора рўйхатга тушиб қолган” ларни саралаш юзасидан адолатли қарор қабул қилиб, амалий ишларни йўлга қўяётганингиздан хабардор бўлиб, умид билан Сизга ушбу мурожаатимизни йўлламоқдамиз.
Бизнинг фарзандимиз – 1979 йилда туғилган Хидиров Аброр Ярашевич яшаб турган жойида иши юришмасдан, оиласи ва фарзандлари билан яшашга жойи йўқлиги сабаб 2011 йилнинг ноябрь ойида Россия давлатига ишлаб пул топиш мақсадида чиқиб кетган эди. Аммо келинимнинг “диний экстремизм» жинояти содир этганликда айбланган акалари, жиянларига қўлланилган қийноқлар ортидан уларни мажбурий тарзда ўғлимизга қарши берган сохта кўрсатмалари ортидан ўғлимиз «қора рўйхат»га киритиб кўйилган.
Ўғлим қонунни бузганлиги ҳақиқат ва биз буни ўзи ҳам, биз ҳам тан оламиз. У биринчи никоҳидаги фарзанди учун тўланиши лозим бўлган алиментдан қарздорлиги гарчанд амалда узилган бўлса-да, ўша даврда ҳали 6 ойгача компьютер назоратидан ўчирилмаганлиги боис Россияга чиқиб кетишида муаммога дуч келгани боис, божхона назоратидан ўтмаган ҳолда Россия давлатига ўтиб кетган.
Айнан шунинг учун унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 223 «Паспорт тизими қоидаларини бузиш» моддасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айблаб, қидирувга берилган.
Аслида 2011-12 йилларда Россия давлати билан Ўзбекистон ўртасида “чегарани бузиб ўтди” деган жавобгарлик ҳали қонун, қоидаларга киритилмаган эди. Халқаро қонунларда агар бирор бир шахснинг ҳаракати ўша ҳаракатни содир қилган пайтида қонунбузарлик деб талқин қилинган бўлмаса, кейинчалик қонун билан у ҳаракат қонунбузарлик деб хисобланган бўлишига қарамасдан жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Шунга асосан Навоий вилояти ИИБ вакиллари томонидан2015 йилда вилоятдаги фарзандимиз Хидиров Аброрга нисбатан қўйилган айблов ғайриқонуний деб хисоблаймиз.
Ўғлимизни диний радикализмда айбланишига келинимизнинг 1992 йилда туғилган жияни Ашрафов Амриддинни 2014 йилда ғайриқонуний тарзда ҳибсга олиб, асли ногирон бўлган бу йигитга вахшиёна қийноқлар қўллаб, ўзига қарши сохта айбловларни тан олишга ҳамда айнан ўзини бу жиноятига алоқадор дея Россияга иш қидириб борганида кўмаклашган Аброрга қарши кўрсатма беришга ҳам мажбур қилинган.
Хуллас, шунинг ваъжимиз шундан иборатки диний радикализмга алоқадор хеч қандай жиноятни содир этмаган ўғлимизни айбсиз эканлигини исботлашга амалий ёрдам бериб, уни ўз ота-онаси, оиласи, фарзандлари бағрига қайтиб, Ватанига хизмат қилиб, яшаш бахтидан маҳрум бўлиб келаётгани холатига ҳуқуқий бахо беришингизни сўраймиз.
Муҳтарам Президент!
Фарзандимиз Россияда тиним билмай меҳнат қилиб топган маблағига «Оилам ва фарзандларим билан яшайман» деган яхши ниятлар билан Навоий шаҳридан квартира сотиб олди. Сиздан илтимос, фарзандимиз Хидиров Аброрга нисбатан ноҳақ қўйилган айбловларни олиб ташланишида ҳамда уни оиласига, Ватанига қайтиб, ўз оиласи бағрига тинчгина меҳнат қилиб яшашига имкон берилишида ҳуқуқий-амалий кўмак беринг. Уни вояга етмаган, гўдак фарзандлари ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқдалар. Шўрлик фарзандлари хаттоки отасини олдига бориб, уни дийдорига тўйиб келиш бахтидан ҳам маҳрум қилинганлар. Чунки ИИБ ва МХХчилар томонидан бир йилдирки, қонуний рухсатнома берилмай, уларни ҳуқуқларини поймол қилиб келинаётир.
Аризамга илгарига мурожаатлар илова қилинади.
Хидиров Яраш
Хамдамова Майсара
Саидова Муҳайё
16.06.2017 йил
ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ БЎЛГАН МЕНИ ВА ГЎДАК ФАРЗАНДЛАРИМНИ ҲУҚУҚ ЭРКИНЛИКЛАРИНИ НЕГА РОССИЯ ЧЕГАРАЧИЛАРИ ОЁҚ ОСТИ ҚИЛДИЛАР? БИЗЛАРНИ БУ ҚОНУНБУЗАРЛАРДАН КИМ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?!
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевга,
Оммавий ахборот воситаларига, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига
Кармана тумани Талқоқ МФЙда яшовчи Муҳайё Саидова томонидан
Тел: (+998913334394)
ИККИНЧИ ШИКОЯТ АРИЗА
ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ХИДИРОВ АБРОРНИ ИЧКИ ИШЛАР ТИЗИМИ ҚОНУНБУЗАРЛАРИ ТОМОНИДАН УЮШТИРИЛГАН ТУҲМАТ ВА БЎҲТОНЛАРИДАН ҚУТҚАРИНГ!
Муҳтарам Президент ва Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар раҳбарлари ҳуқуқ ҳимоячилари!
Менинг 1979 йилда туғилган турмуш ўртоғим Хидиров Аброр Ярашевич иши юришмасдан қарзга ботиб қолгани ҳамда доимий яшаш учун уй-жойимиз йўқлиги боис қарзларидан узилиш ва яшашимиз учун уй сотиб олишни ният қилиб, пул топиш илинжида 2011 йилнинг ноябрь ойидан буён Россияда ишлайди.
Турмуш ўртоғимниг ягона айби биринчи оиласидан туғилган 2 нафар фарзанди учун алимент тўламаганида эди. Турмуш ўртоғим биринчи оиласи билан бирга яшаган пайтларида яшаб юрган Навоий шаҳридаги 2 хонали квартирасини собиқ турмуш ўртоғи билан келишган ҳолда фарзандларига ташлаб чиқиб кетганлиги боис, унинг биринчи турмуш ўртоғи ўз ихтиёри билан фарзандлари учун алимент олишдан воз кечган.
Шу боисдан турмуш ўртоғимнинг биринчи оиласи билан ўртасида ҳеч қандай қарздорлиги йўқ эди. Аброр Хидировга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида собиқ турмуш ўртоғининг ёзма розилик хати ҳам бор эди.
Шунга қарамай, турмуш ўртоғим аэропортдан “қарздорлигинг бор, алимент тўламаяпсан экан” деб уни қайтарганлар.
Аброр Хидиров ортига қайтиб, департаментдан ҳеч қандай қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома олган ва аэропортдагиларга тақдим қилган. Лекин унга рухсат беришмаган.
Қарзларимиз кўплиги ва ҳақдорлар сўрайвериб холи жонимизга қўймаганлари сабабли божхона ходимларининг кўмагида Россияга чиқиб кетишга эришган. Шундан буён ҳеч бир муаммосиз ишлаб келаётганди, мен фарзандларим билан бирга турмуш ўртоғимни олдига ҳеч қандай муаммосиз бориб ҳам келгандик.
Бу орада 1992 йилда туғилган жияним Амриддин Ашропов ҳам оила қуриш учун маблағ топиш илинжида Россияга бориб, бироз муддат ишлаб келди.
Жияним Амриддин Россиядан қайтиб келганидан бир қанча муддат ўтгач, аниқроғи 2014 йилнинг 8 август куни тўсатдан тонг сахар 6.00да жиянимнинг уйига қуролланган ички ишлар тизими ходимлари бостириб кириб, қонунга зид равишда тинтув ўтказдилар.
Тинтув пайтида жиянимни уйидан қонунга зид бирор нарса топа олмаганларидан кейин уни сохта айблар билан, яъни Карманада маъмурий органлар ҳомийлигида аҳлоқсизликлар қилиши билан танилган “Чомпа” лақабли “аёл”ни ҳақорат қилганликда айблаб, 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортишди.
Энг қизиғи шундаки Навоий вилоятидаги маъмурий органлар билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган “Чомпа” исмли барзанги аёл маъмурий жарима ёки маъмурий қамоққа олинадиган Навоий вилоятиликлар ишида доимий тарзда “жабрланувчи” ролини ижро этаркан.
(Биздан изоҳ: Ушбу “Чомпа”ни ўз вақтида мустақил журналист Дилдора Боймуродова ҳам, бошқа бир пайтда Ички Ишлар идораси биноси ичида Дилдорани акаси Зайниддин Худойназаров ҳам “ҳақоратлагандилар”. Ушбу “Чомпа” хонимни “ҳақоратлаганликлари” учун маъмурий жазога тортилгандилар.
2012 йилнинг 8 декабрь уни мустақил журналист Дилдора Боймуродовани Тошкентда ўтказилиши режалаширилган “ОШ” тадбирига боришини олдини олиш мақсадида “Чомпа” ўзининг 2 нафар шериклари билан Дилдорага ва унинг вояга етмаган қизи Суннатова Камолага хужум уюштириб, калтаклашганди.
Кейин эса Дилдора Боймуродова “Чомпа”ни ҳақоратлади деган айб билан уни маъмурий жавобгарликка тортиб, унга энг кам ойлик ҳақини 5 баробари миқдорида жарима солган эканлар.
Орадан 4 йил ўтиб, 2016 йилнинг ноябрь ойида Дилдорани акаси Зайниддин Худойназаровни суҳбатлашиш учун дея, ИИБ идорасига олиб борганлар ва ИИБ биноси ичкарисида вилоятдаги маъмурий органларни ҳомийлигидаги ва уларга “беминнат” хизмат қилгувчи “Чомпа” лақабли “хоним”ни ҳақоратлаганликда айблаб, 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.
Ногирон ва кам таъминланган оила вакиласи ҳисобланмиш Дилдора Боймуродова “Чомпа”ни ҳақоратгани учун катта суммада маъмурий жаримага тортилган бўлса, Сирожиддинни Маъмурий қамоқдалик пайтида Зайниддинни зиммасига ўта оғир жиноятларни, яъни диний радикализм, терроризмда айблаш мақсадида унга вахшиёна қийноқлар қўллаганлар.)
Жияним маъмурий қамоқдалик пайтида унга кийим кечак, озиқ овқатлар киритиш учун қилган барча аракатларимиз зое кетди.
Бизни Амриддинни аҳволидан хавотирланишимизга сабаб бор эди албатта. У туғма нуқсон билан туғилган бўлиб, бир оёғи иккинчи оёғидан анчагина калта эди ва шу сабабли икки марта оғир жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди.
15 суткалик қамоқдалик пайтида Амриддинга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўллаб, ногирон оёғининг тагига дубинкалар билан тинимсиз уриб, ўзлари истаган ҳужжатларга, оқ қоғозларга имзо чекиб беришига мажбур қилганлар.
Айни шу қийноқлар қўллаётган пайтларида Амриддинни Россиядаги мехнат муҳожирлиги пайтида турмуш ўртоғим жиянимга яхши ойлик маош тўлайдиган иш топиши учун мени турмуш ўртоғим кўп ёрдам берганди.
Жиянимни иш қидириб Россияга борганида турмуш ўртоғим асосий кўмакчи бўлганлигини уни сўроқ қилиш пайтида билган маъмурий органлар вакиллари энди жиянимни турмуш ўртоғим Аброр Хидировга қарши кўрсатма беришга ҳам мажбурлай бошлаганлар. Қийноқларга дош бера олмаган ярим жон жияним уларнинг барча талаб қилган ҳужжатларига ўқимасдан, ўқиб-уқимасдан имзо чекиб беришга мажбур бўлган.
Шундай усул билан жиянимдан олинган қоралов кўрсатмасидан кейин турмуш ўртоғим ашаддий, хавфли жиноятчи сифатида ИББчилар томонидан қидирувга қўйилди. Жияним эса адолатсиз судлов ҳукми билан 8 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Шунча йиллар давомида фарзандларим ўз отасини бирор марта ҳам кўрмадилар. Фарзандларимни отасини кўргилари келаётгани ҳақидаги илтижолари юрагимни эзиб, турмуш ўртоғим билан фарзандларини кўриштириб келиш учун қилган Россияга боришга қонуний рухсатнома олиш учун бориб келишга қилган мурожаатларим йиллар давомида қаноатлантирилмасдан келди.
Хаттоки ўтган 2017 йилнинг бошида Россияга бориб келиш учун рухсатнома олишга ИИБ идорасига топширган паспортимни қонунга зид равишда узоқ муддатлар қайтариб берилмади, қайтариб берилмаслигини сабабини тушунтирмадилар ҳам.
Узоқ оворагарчиликлардан сўнг охири шу 2017 йилнинг июль ойида фарзандларим билан Россияга бориб келиш учун қонуний рухсатнома олишга эришдик. Шундан кейин 26 июль куни 2 нафар гўдак фарзандларим, қизчам ва ўғилчам билан бирга кундуз кунги соат 11.30да Бухоро шаҳри аэропортидан Москвага учдик. Москванинг Домодедово аэропортига бориб қўнганимизда аэропортдаги чегара хизмати ходимлари бизни шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатларимизни қўлимиздан олди, лекин қайтариб бермади.
Шу куни эрталаб 6да уйдан чиқиб кетганмиз, чарчаганмиз, қорниларимиз оч, болаларимнинг бирини ҳарорати кўтарилган, медицина хизматига муҳтож эдик.
Мени болаларим билан махсус хонага олиб кирдиларда, у ерда бир нечта чегара хизмати ходимлари бизга ўзларини таништирмасдан, сўроқ қилишлари сабабини тушунтирмасдан, мени қонунга зид равишда сўроқ қила кетдилар.
Улар бизни олиб кирилган кабинетдагилар бири олиб бири қўйиб саволлар бериб, саволларига тезлик билан жавоб беришга мажбур қилишар “Кимни олдига келяпсан? Нима мақсадда келяпсан? Турмуш ўртоғингни чақир, шу ерга келсин, шунда сизларни қўйиб юборамиз. Ўзбекистондан сизларни масалангиз бўйича бизга махсус хат бор” қабилидаги гапларни такрорлардилар.
Мени болаларим билан қонунга зид равишда 8 соатдан ортиқ ушлаб туришди. Бу орадан қўлимдаги мобил телефонимни ҳам тортиб олиб қўйишди. “Телефонингни эрингга қўнғироқ қилиб, бу ерга етиб келишини айтишинг учунгина берамиз. Эрингдан бошқа хеч кимга қўнғироқ қилмайсан” деб туриб олишди. Телефонимдан адвокатга қўнғироқ қилишимга умуман рухсат беришмади.
Кейин “Паспортингда камчилик бор экан, турмуш ўртоғингни чақиртир, шу ерга келиб сани рафиқам деб тан олса, кейин қўйиб юборамиз” дейишга ўтишди. Қолаверса, биринчи фарзандларимни паспортларини текширувдан ўтказишганди ва уларни папортига “кирди” деган муҳр босилиб, мени паспортимни болаларимникидан кейин текширганлари боис мени паспортимга “кирди” муҳри босилмади. Мен қолиб, қандай қилиб жуда ҳам ёш бўлган гўдак фарзандларим кириши мумкин? Ҳали чегарадан кириб улгурмай туриб мен қандай қилиб қонунбузарликка йўл қўйишим мумкин ахир?
Бу орада совуқда фарзандларим оч-наҳор қийналиб, ўғилчамни истимаси янада кўтарилиб, аҳволи ёмонлашаверди. Бу орада икки маротаба тез тиббий ёрдам чақирилиб, ўғилчамга тиббий ёрдам кўрсатишди.
Мени болаларим билан 8 соатдан ортиқ ушлаб ўтиришларида уларнинг талаби битта эди: Турмуш ўртоғим ўз оёғи билан уларни олдига келиши ва улар қўйган тузоққа тушиши керак эди. Чунки улар турмуш ўртоғимни чақиришга розилик бермаганимдан кейин “Фарзандларингни ташлаб кетавер, отаси келиб биздан олиб кетади. Фақатгина сен депорт қилиндинг, болаларинг эмас” деб ҳам кўришди.
Охири ҳеч бир асоссиз, сабабини бизга тушунтирмай, таржимон жалб қилмасдан, яширин тарзда “Россия миграция қонунчилигини бузгани учун” деган айблов билан тўғридан тўғри Ўзбекистонга учадиган самолётга билет олиб, самолётга чиқиш арафасидагина паспортимизи қўлимизга қайтариб бериб, “учала паспортимизни ҳам олдим”, деб расмийлаштирилган мана бу ҳужжатга имзо чекасан” деб қўлимга қоғоз тутишди.
Мен биринчидан ўғилчамни аҳволи оғирлиги, иккинчидан рус тилини яхши тушунмасамда шошилтирганлари учун уларни менга тутқазган ҳужжатларини ўқимасдан, буни нима ҳужжат эканлигини тушунмасдан туриб имзо чекиб беришга мажбур бўлдим.
Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида менинг ва фарзандларимнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз асоссиз равишда топталди. Мени ростдан ҳам «Россия миграция қонунчилигини бузганим учун» депорт қилишган бўлса нима сабабдан тушунтиришмади қаерда қандай қоидабузарликка йўл қўйганимни? Қайси айбим учун гўдак фарзандларим билан 8 соатдан ортиқ муддат гаровда ушлаб туришди?
Агар мен “Россия миграция қонунчилигини бузган” бўлсам нима учун мени ишимни қонунга асосан судда кўришмади? Нима учун суднинг қарорисиз мени айбдорга чиқаришди? Бу каби саволларимга кимдан ва қаердан аниқ жавоб олишим мумкин?
Биз она болалар шу қадар хавфли жиноятчи эдикмики ҳаттоки олдимизга ёлланган ҳимоячимиз киритишмади? “Текширувдан ўтишяпти, ҳозир қўйиб юборамиз, киришади олдингизга” дея адвокатни ҳам алдашган. Адвокатни мен билан учрашишига йўл қўймасдан “Фақатгина эринг келса қўйиб юборамиз сизларни” деб гаровда ушлаб туришга нима ҳаққи бор эди уларнинг?
Наҳотки Россия давлатида ҳам демократия бўлмаса, инсон ҳуқуқлари аёвсиз топталса?
Сизлардан илтимос, менинг ва фарзандларимнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмак беришларингизни, ғайриқонуний тарзда оёқ ости қилинган ҳуқуқларимизни ҳимояланишини таъминлашда ҳуқуқий-амалий кўмак беринг.
Саидова Муҳайё Ашраповна 28.07.2017 йил.
Диққат!!! Қуйидаги маълумотларни сақлаб олинг:
Мурожаат рақами:
191981-s/17
Мурожаат ҳолатини текшириш коди:
175f2e63e3
Муҳайё Саидованинг 2017 йил 28 июль кунги Президент порталига қилган шикоят аризасидан 10 кун ўтиб, аниқроғи 8 август куни унинг турмуш ўртоғи – 38 ёшли Аброр Хидировни Ўзбекистонда диний мотивлар билан қидирувга берилгани важи билан Москвада қўлга олинди. Кейинчалик бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
АБРОР ХИДИРОВНИ ҚОНУНГА ЗИД РАВИШДА ҲИБСГА ОЛИНГАНИ ОРТИДАН ОИЛАСИДАГИЛАРНИ ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА ҚИЛГАН МУРОЖААТЛАРИДАН КЕЙИН ВАЗИЯТ ЯНАДА КЕСКИНЛАШГАН!
ФАРЗАНДИМИЗ ХИДИРОВ АБРОР ЯРАШЕВИЧГА НИСБАТАН ҚЎЙИЛГАН ҒАЙРИҚОНУНИЙ АЙБЛОВЛАРДАН ХАЛОС ЭТИБ, УНИ ФАРЗАНДЛАРИ ВА ОИЛАСИ БАҒРИГА ҚАЙТИШИГА ҲУҚУҚИЙ, АМАЛИЙ КЎМАК БЕРИБ, АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИНГ ЖАНОБ ПРЕЗИДЕНТ!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси МХХ раисига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раисига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (ОМБУДСМАН)га.
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси ИИВ вазирига
Қизилтепа тумани “Зармитан” ҚФЙ, Работ маҳалласида яшовчи фуқаролар, Аброр Хидировни ота-онаси Хидиров Яраш, Ҳамдамова Майсара ҳамда Кармана тумани Янгиариқ ҚФЙ, Талқоқ МФЙда яшовчи Аброр Хидировни рафиқаси Саидова Муҳайёлар томонидан
Тел: (+998913334394)
УЧИНЧИ ШИКОЯТ АРИЗА
(1979 йилда туғилган ўғлим Хидиров Аброр Ярашевичга нисбатан ноҳақ қўйилган айбловлардан халос этиб, уни фарзандлари ва оиласи бағрига қайтишига ҳуқуқий-амалий кўмак бериб, адолат қилишингизни сўраб)
Муҳтарам Президент!
Ўғлимиз Хидиров Аброр Ярашевичнинг Навоий вилояти ИИБ ва МХХчилари томонидан қатор йиллардирки аёвсиз топталиб келаётган ҳуқуқларини ҳимояланишини сўраб Сизга ва бошқа Республика бошқарув органларига тинимсиз равишда мурожаатлар йўллаб келмоқдамиз.
Айниқса, Сизнинг мамлакатимизда халқпарварлик, адолатпарварлик ва ғамхўрлик билан олиб бораётган сиёсатингизга ишониб ундаги Адолатдан умидвор бўлиб, янада кўплаб шикоятлар йўлладик. Аммо бирортасига ҳам адолатли ечим ола олмаяпмиз.
Ўғлимизнинг ортидан унга ноҳақ юклатилган қатор ноҳақ бўҳтону айбловлар орқали келиним ва унинг икки нафар ҳали вояга етмаган фарзандлари азият чекишаётир.
- 7 йилдирки невараларим отасини кўрмай яшайди.
- Келинимга тинимсиз равишда вилоят ИИБ ходимлари Зоҳид Ўроқов, Баҳром Қурбонов, Кармана туман ИИБ ходими Абдусаломов Достоннинг айтишича, МХХ ходими Сахатов Жасурлар (Навоий шаҳридаги 4-сонли мактабнинг ёнида яшайдиган 85 Д 474 ДА оқ нексияда) томонидан руҳий босим ва тайзиқлар ўтказилиб келинди.
- Сизнинг номингизга тинимсиз йўлланган шикоятлар ортидан ўтган 2017 йилнинг 26 июль куни келиним ва невараларимга Россия давлатига ўғлимни кўриб келиши учун қонуний тартибда рухсат берилдию, аммо МХХ ва ИИБчилар россиялик ИИБчилар билан ўзаро тил бириктиришиб фитна уюштириб, гўдак фарзандлари билан Москвага учган келиним Россия давлати чегарасидан кириб улгурмасдан аэропортни ўзиданоқ асоссиз равишда мутлақо қонунга зид тартибда “депорт қилиндинглар” деган сохта важ билан 8 соат мажбурий ушлаб турилгандан кейин яна мажбурий тартибда Ўзбекистонга қайтариб юборилган.
- Шу воқеа бўлиб ўтганидан бир неча кунлар ўтганидан кейин, аниқроғи 8 август куни ўғлимни Россияда тинчгина яшаб ишлаб келаётган уйидан ноҳақ айбловлар билан қўлга олиб, ҳанузгача қамоққа сақлаб келишаётир.
- Юқоридаги ҳолатларнинг руҳий босим ва тайзиқларнинг ортидан келиним саратон хасталигига чалиниб, тўшакда қолиб кетди. Ҳали вояга етмаган невараларим эса на ота ва на она тарбиясидан ҳам маҳрум бир ҳолатда қолаётир.
- Ўғлимни ортидан Қизилтепа туман ИИБда фаолият юритиб келаётган 1981 йилда туғилган Шаропов Миржонни ҳам сен Аброр Хидировга шериксан, деган сохта айблов билан 2014 йилда вазифасидан ноҳақ озод этишди. Куёвим ишсизликда яшаб келаётир.
Муҳтарам Президент! Юқоридаги ҳолатларнинг барчаси биз кекса ота-оналарни ва бегуноҳ ҳали гўдак бўлган невараларимизни азобга қўяётир. Бутун оиламиз ана шу биргина ўғлимизга қилинаётган адолатсизликлар ортидан азият чекмоқда.
Тўғри, ўғлимизнинг ягона айби чегарадан ўтганида қонунбузарликка йўл қўйгани паспортида бироз камчилиги борлигида эди. Бу ҳолат наҳотки жиноят саналса? Бу ҳолат учун қонунда белгиланган тартибда жарима тўланиши лозим бўлса тўлайлик!
Фақат ва фақат унга ноҳақ қўйилган “террорчи, диний-экстремистик гуруҳларга аъзо бўлган!” қабилидаги жавоб хатларида қайтарилаётган ноҳақ айбловлардан халос этинг! Ўтиниб сўраймиз Сиздан ўғлимга адолат қилинг!
Муҳтарам Президент! Сиз биз халқ учун жуда кўп ғамхўрликларни амалга оширмоқдасиз. Аммо қуйи органлар эса ҳали ҳамон «ЭСКИ ҲАММОМ – ЭСКИ ТОС!» қабилида иш юритишдан бир лаҳза тўхташмаётир.
Келиним саратон хасталигидан азоб чекаётир, невараларим эса қаровсиз қолиб кетмоқда. Ўғлимизни бўҳтонлардан қутқариб бағримизга қайтишига ҳуқуқий-амалий кўмак беринг.
Наҳотки, икки гўдак невараларим ўғлим келиним бутун бошли бир оиланинг тақдири ҳеч кимни ташвишга солмаса? Наҳотки республика мутасаддилари томонидан адолатли ўрганилмаса ўғлимизни барча иш ҳужжатлари?
Муҳтарам Президент Сиздан ўтиниб сўраймиз ва аризамизга илгари мурожаатларимизни ҳам илова қиламиз амалий кўмак беринг бизларга Адолат қилинг Муҳтарам Президент, Адолат қилинг!
Хидиров Яраш
Ҳамдамова Майсара
Саидова Муҳайё
07.03.2018 йил.
Fikr bildirish