13 йилдан ортибдики “Болам!” деб кўз юмиб, “Болажоним тирикмисан?! Садо бер!” дея кўзда ёш билан уйғонаман!

 

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти асосчиси ва Президенти Мўътабар Тожибоевага, ташкилотнинг раҳбари Улуғбек Бакирга

Тошкент шаҳри, Юнусобод туман Хасанбой мавзеси Ҳамкор кўчаси, хозирда Холис кўчаси 2 уйда истиқомат қилувчи Юсупова Шарифа Юлчиевнадан

ИЛТИЖОЛИ ШИКОЯТ АРИЗА

Мен Юсупова Шарифа, ёшим 72да. 3 фарзанднинг онаси, 13 нафар набираларнинг бувисиман.

Сизларга мурожаат қилаётганимни боиси 2005 йилнинг 12 март куни кенжа ўғлим Юсупов Ҳикматжон эрталаб соат 8ларда хонадонимиздан чиқиб кетганича қайтиб келмади. Ўшандан буён йўқолиб қолган фарзандимни доғида адои тамом бўлмоқдаман. Шунинг учун Сизлардан Ҳикматжонимни топишимга ёрдам беришларингизни ўтиниб сўрайман, менга ёрдам қўлингизни чўзинглар!

Бизнинг оиламиз зиёлилар оиласи хисобланади. Мен бутун умримни фарзандларимни тарбиясига бағишладим.1965-1996 йиллар давомида “Қизил Тонг” фабрикасида даставвал оддий ишчи сифатида, кейинчалик Тесктил институтини битириб, тажрибамни ошириб, бош мутахассис лавозимигача кўтарилдим.

Фарзандларимнинг отаси Абдураҳим Юсупов ҳам олий маълумотли, химия фани ўқитувчиси. Турмуш ўртоғим ҳам чорак асрлик умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлаган. Хозирги кунда у киши ҳам нафақадалар.

Бизлар ҳам касбимиз, ҳам ота-оналик маъсулиятини хис қилган ҳолда фарзандларимизни тарбиясига жиддий ёндашганмиз. Бизнинг ниятимиз фарзандларимизни эл юрт корига ярайдиган, она тупроғини қадрига етадиган зиёли инсонлар қилиб вояга етказишдан иборат эди.

Тўнғич фарзандимиз – Юсупова Феруза 1969 йилда туғилган, маълумоти олий, уч нафар қизи ва битта ўғли бор. Тошкент давлат темир йўллар институтини битириб, қурувчи инженер мутахассислигига эга бўлган.

Иккинчи фарзандимиз – Юсупов Шуҳрат 1971 йилда туғилган, маълумоти олий, беш нафар қизи ва битта ўғли бор. Тошкент давлат тиббиёт олийгоҳини битириб, жарроҳлик мутахассислигини эгаллаган.

Кенжа ўғлимиз – Юсупов Ҳикмат 1974 йил 10 октябрда туғилган, маълумоти олий, битта қизи ва икки нафар ўғли бор. У 1997 йилда Тошкентдаги Молия институтини битириб, “Халқаро валюта-кредит муносабатлари” иқтисодчиси мутахассислигига эга бўлган.

Ҳикматжон институтни битирганидан кейин токи 2003 йилгача Туркиядан қандолат маҳсулотлари олиб келиб, Ўрикзордаги “Карвон” бозорида сотар эди. 2003 йилдан бошлаб эса Туркиядан қурилиш моллари олиб келиб сотувчи Маъсулияти чекланган Жамият (МЧЖ)  “Бодур” фирмасини очиб, унда директор лавозимида ишлаган, бир қанча ишчи ўринлари яратган.

Биз фарзандларимиз тарбиясининг муфассаллигига катта эътибор қаратганмиз, эгни–бошларининг тўла–тўкислиги, рўзғоримизнинг бус–бутунлиги билан кибрланмаслик, ғурурланмасдан, оддий инсонлар бўлиб улғайишларини, инсонларнинг дардига малҳам, ғамгинларни ғамхўри бўлиш ўргатиб, катта қилдик. Ҳар бир лаҳза, ҳар бир дақиқада ўзимиз уларга намуна бўлишга, ўрнак бўлишга ҳаракат қилардик.

Фарзандларимиз тарбиясида Отам – Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, бир неча орденлар соҳиби бўлган Дўстмуҳаммедов Йўлчи буванинг ўрни беқиёс. Набиралари тўпланди дегунча отам уларга Она Ватан тупроғини немис фашистларидан ҳимоя қилиш қанчалик қимматга тушганини, бу урушда қанчадан қанча қуролдош дўстларидан жудо бўлганлигини минг алам ва изтироб билан хикоя қилиб берарди.

Отамни уруш ҳақидаги, бири-биридан ташвишли, бири-биридан фожеали бўлган тақдирлар ҳақидаги хикоялари фарзандларимизни Ватанимиздаги тинчликни, хотиржамликни қадрига етиб катта бўлишларига туртки бўлган десам адашмайман.

Фарзандларимиз эсли хушли, одобли аҳлоқли инсонлар бўлиб вояга етдилар. Қизимизни турмушга узатдик, ўғилларимизни бирин кетин уйладик. Бирин-кетин дунё юзини кўраётган набираларимиз бағримизни тўлдириб, ҳаётимизни шодиёналарга айлантириб боравердилар.

Аммо! Аммо!…

Бундан кейинги сўзларни ёзиш мен учун минг азоб. Бўлиб ўтган фожеани баён қилишим учун юрагимнинг қони сиёҳдонни тўлдиради.

Ҳикматжон 1998 йилда турмуш қурди ва йиллар давомида уч нафар фарзанднинг отасига айланди.

Қизи Абдураҳимова Софияхон Ҳикмат қизи 2000 йилнинг 19 сентябрь куни туғилган

Ўғли Абдураҳимов Муҳаммад Амин Ҳикмат  ўғли 2003 йилнинг 26 март куни туғилган

Кенжа ўғли Абдураҳимов Абдуллоҳ Ҳикмат ўғли 2005 йилнинг 7 март куни туғилган.

Ҳаммаси ўғлим Ҳикматни учинчи фарзанди Абдуллоҳ дунёга келиши арафасида бошланди.

2005 йилнинг февраль ойида ўғлим Ҳикматни МХХ ТБ терговчиси Чоршанбиев Ғулом диний эътиқоди учун босимга учраган дўстлари, танишларига қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича сўроқ қилиш учун терговга чақирганлигини, ўғлимни дўстлари, танишларини устидан олиб борилаётган бу тергов ҳаракатига ўзини жалб қилинаётганидан жуда ҳам хавотирда эканлигини айтганди.

Шунингдек МХХ идорасига ўғлимни терговга чақирган пайтларида у хизмат юзасидан сафарда эди ва айтилган муддатга бора олмаганди. Шунинг учун сафардан қайтганидан кейин менга “Агар уйга МХХ терговчиси Чоршанбиев Ғулом телефон қилиб, мени қидирса унинг номерини ёзиб олинг, мени қидирган экан, уни олдига боришим керак” деб айтган эди.

Бундан ташқари у турли хил шубхали кимсалар автоуловларда ўзини кетидан кузатиб юрганликларини, улар автоуловлар номерларини тинимсиз равишда ўзгартириб юрганликларини, ўзини суратга ва видеотасвирга олаётганларини ҳам сезганлигини айтиб, буни сабабини тушуна олмаётганини айтганди. Танишларининг айтишича Ҳикматжонни қамоқдаги мазлумларнинг яқинларига бераётган хайри эхсонларини байтулмол дея талқин қилаётган бўлишлари мумкин эмиш.

Қандай қилиб, боласини устига кийими йўқ, ёки онасини даволатишга пули йўқ, қамоқхонадаги яқинини холидан хабар олишга имконияти йўқ мазлумларга берилган моддий ёрдамни “байтулмол” тўлови деб расмийлаштириш мумкин бўлса?!  

2005 йилнинг 7 май куни Ҳикматжонни турмуш ўртоғи Зулҳуморни кўзи ёриди, учинчи фарзанди дунёга келганидан ўғлимни боши осмонларга етди. Оиламизга яна бир жажжи инсон қўшилгани қувончи билан яшаётган бир пайтимизда бизни хонадонимизни қора булутлар ўраб олди.

Ўша кунларни ҳар куни ҳар дақиқада эслайман, эслайманда оҳ ураман, юрагим титраб, қўлларим жонсизланиш холатига келсада, болам дея юрагимдан отилиб чиқаётган нола асло тарк этмайди мени.

Кенжа набирам Абдуллоҳ туғилганини бешинчи куниси келинимни ва набирамни туғруқхонадан олиб чиқишга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. Набирамни йўқлаб келгувчи меҳмонларга ширинликлар улашиш мақсадида эрта тонгдан ошхонадан чиқмай турган бир палламда эрталаб 8ларда ўғлим Ҳикмат тезлик билан ЗАГС (Фуқароларни кириш ва чиқишларини рўйхатга олиш бюроси) идорасига бориб, Абдуллоҳ учун туғилганлик гувоҳномаси олиб келишини, кейин биргаликда туғруқхонага боришимизни айтиб, яхши кайфият билан уйдан чиқиб кетди.

ЗАГС идорасига кетаётгани учун ўғлим ўзини ва келиним Зулҳуморни паспортини ва туғилганлик гувоҳномаси олишга керакли бўлган барча ҳужжатлар жамламасини ҳам олиб кетди…

Шу бўйича ўғлим қайтиб келмади…

Ханузгача остона хатлаб кўчага чиқиб кетаётган ўғлимни “Онажон дуо қилиб туринг, ишларим тезроқ битсин. Туғилганлик гувоҳномасини олиб келишим билан Абдуллоҳни олиб келиш учун туғруқхонага борамиз. Сиз тайёр бўлиб туринг”… дея жилмайган нигоҳи ҳамон кўз ўнгимда, ҳудди кинолентадек муҳрланиб қолган…

Шу бўйи ўғлимдан умуман дарак бўлмади. Унинг мобил телефонига қилган қўнғироқларимизга телефон аппарати ўчирилган деган хабардан бошқа нарса эшитмадик. Ишхонасидагилар билан боғланганимизда ўғлим йўқолган куни, яъни 12 март куни кундуз соат 12ларда ишхонасига телефон қилиб “Мен бир икки кун ишда бўлмайман, шаҳардан ташқарига чиқиб кетяпман, телефоним ҳам ишламайди” деб огоҳлантирганини айтишганди ишхонасидагилар.

Кейинчалик бир нечта номаълум кимсаларни ўғлимни қўлига кишан солиб, машинага солиб олиб кетганларини кўрган гувоҳлар ҳам топилди.

Ўғлимни шубҳали тарзда йўқолиб қолгани ҳақида, уни топишга кўмак беришларини сўраб бош уриб бормаган идорамиз, дардимизни достон қилмаган амалдор қолмади.

Ўғлимни ёру – дўстлари, узоқ–яқинлари, тенгқур дўстлари, тадбиркорликдаги сафдошлари билан биргаликда Ҳикматжонни сўраб, қидириб бормаган остонамиз қолмади. Аммо ўғлимни изи топилмади.

Кейинчалик ўғлимни танишлари, дўсти ёрлари Ҳикматжон биринчи йўқолганлардан эмаслигини, унгача 2004 йилнинг 16 май куни Тошкентдаги Тўхтабой масжидининг собиқ имоми, таниқли уламо Обидхон қори Назаровнинг ўғли Ҳусниддин Назаров тўсатдан ғойиб бўлганлигини, орадан 12 кун ўтиб, 2004 йилнинг 28 май куни ўғлимни таниши Оқилжон Юнусов Қибрайдаги ҳовлисидан машинасида чиқиб кетганича қайтиб келмаганини, у йўқолганига 26 кун бўлганида, яъни 24 июнда Оқилжон Юнусовни дўсти, Ҳикматни таниши Фаррух Ҳайдаров ҳам айни шу тарзда ғойиб бўлганини, ўғлим Ҳикматни ғойиб бўлишидан икки кун аввал эса Фаррух Ҳайдаровнинг ҳайдовчиси изсиз ғойиб бўлганлиги ҳақида хабарлар топиб келишди.

Диний билим эгаси бўлган Оқилжонни ва Фарруҳни хурмат қилган ўғлим уларнинг маслаҳатига кўра баъзида адолатсизлик қурбони бўлиб, зиндонларда азоб чекаётган сиёсий қатағон қурбонларининг оила аъзоларига моддий кўмаклар бериб, қўлидан келганича ҳомийлик қиларди.

Ўғирланган пайтида 32 ёшда бўлган Оқилжон Юнусов билан ўғлимнинг йўқолиши бир хил уюштирилганлигини ҳам ўша пайтда билдик.

Юнусов Оқилжон Азизжонович ҳам йўқолиб қолишидан 3–4 кун илгари кетидан қандайдир машиналарда  номаълум кимсалар кузатиб юрганлигини айтиб, оила-аъзоларига бу холатдан хавотирга тушаётганини маълум қилган. Онаси унинг намозхон ҳалол бола бўлгани учун хавотирда бўлган.

Юнусов Оқилжон 2004 йил 28 май куни эрталаб соат 11-00 лар чамаси Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Қибрай шахарчаси, Ўқитувчи кўчаси, 70-уйдан онаси Рахбархон Абдуазимовага тегишли бўлган давлат рақами 30 J 82 40 2109 ВАЗ русумли автомашинада чиқиб кетганича қайтиб келмаган.

Оила аъзолари, қариндош–уруғлари, таниш–билишлари қидирмаган жой қолмаган, касалхоналар, ўликхоналару, милиция участкалари қолмаган.

Оқилжонни онаси Рахбархон Абдуазимова у йўқолиб қолганидан кейин ўғлини 188-87-70 рақамли уяли телефонига тинимсиз қўнғироқлар қилаверган. Ўғли бедарак кетганининг олтинчи ёки еттинчи куниси шу рақамга телефон қилганида, ўғлини телефонидан бегона эркак жавоб берган.

Юнусовни онаси ўзини тутиб тура олмай, йиғлаб юборган ва  «Бу телефон боламники эди, ўзи қани?» — деб сўраганда, у киши: «Бу рақамни мен кеча «Юнител»дан сотиб олдим», — деб жавоб берган. “… Уч–тўрт кун ичида қандай қилиб бировга тегишли бўлган рақамни сотиб олиш мумкин? Бу телефон менинг ўғлимга қарашли бўлган, ўғлим қаердалигини айтинг», деса, бегона эркак телефонни ўчириб қўйибди. Шу тахлитда телефон яна 3–4 кун ишлаб турибди, кейин яна ўчириб қўйишган экан.

Бир йиллик муддат ичида изсиз ғойиб бўлганларнинг бешинчиси бўлган мени ўғлим Ҳикматжон бошқа изсиз ғойиб бўлган Хусниддин, Оқил, Фарруҳ ва унинг хайдовчиси каби бедарак кетди ва бугунги кунгача уларни бирортасини ҳам на тирик эканликларини, на ўлик эканликларини билмаймиз.

Ўғлим 12 март куни уйдан чиқиб кетганича қайтиб келмаганидан кейин биз Юнусобод туман ИИБ идорасига бориб ўғлимни йўқолиб қолганини айтдик ва уни топишга ёрдам беришларини сўрадик.

Орадан уч кун ўтиб, яъни 15 март куни кундуз соат 11ларда уйдаги телефон рақамимизга қўнғироқ бўлган. Гўшакни кўтарган турмуш ўртоғим гўшакни нариги томонидагиларни  “Ҳикмат гапир, гапир деяпман” деб бақираётганларини, ўғлимни эса “Нимани гапираман? Нимани гапираман?” дея, титроқ овоз билан дод солаётгани овозини эшитган. Бир неча дақиқа давом этган бундай мулоқотлардан дадаси ўғлимиз Ҳикматжонни тергов қилаётганларини тушуниб етган.

Лекин нима учун бизни уйимизга қўнғироқ қилиб, уни қийнаётганларини эшиттирдилар, нима учун бизларга ўғлимни бўйнига қўйилаётган айбни тан олмаётганлигини эшиттирдилар, бу бизга қоронғу. Балким ўғлимга “Мана сенга қўлланилаётган қийноқларни ота онанг эшитяптилар. Уларни бундай азобдан қутқариш учун биз айтган жиноятларни содир қилганингни тан ол” демоқчи бўлганмилар, бу бизга қоронғу.

Бизларга боламни тергов қилинаётганини билдириб, уни овозини бизларга эшиттириб туриб, кейин изсиз йўқ қилишлари асло мумкин эмас. Ахир мени ўғлим ҳаёти давомида бирор бир қонунбузарлик содир этмаган бўлса, муқаддам судланмаган, ҳеч қандай ғайриқонуний оқимларга қўшилмаган, олий маълумотли, зиёли, саккизтадан ўнтагача ишчи ўрни яратган ишбилармон, тадбиркор бўлса.

Ушбу бўлиб ўтган воқеани айтиб, яна милиция идорасига бош уриб борганимиздан кейин ўғлимни йўқолганлиги ҳақида жиноят иши қўзғатилди.

Лекин негадир ўғлимни қийнаётганларини ва ўғлимни аянчли овозини эшитилган пайтдаги телефон қўнғироғи қаердан бўлганлигини аниқлашларини сўраб қилган мурожаатларимиз оқибатсиз қолдирилди. Агар ўшанда бизнинг хонадонимизга қаердан қўнғироқ қилинганлигини аниқлаганларида эди балким Ҳикматжоним бугун бағримда бўлармиди?!

Маҳаллий идоралардан токи Республика миқёсидаги идоралар мансабдорлари ёзган шикоят аризаларимизга қониқарсиз жавоблар бериш билан чекландилар холос.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман ИИБ ТБ терговчиси, лейтенант Б.А.Джўраевнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туман Ҳокимиятига 2005 йилнинг 12 сентябрь кунги ёзган алоқа ҳатида қуйидагиларни баён қилган:

“1974 йилда туғилган Юсупов Ҳикмат Абдураҳимович 2005 йилнинг 12 март куни эрталаб соат 8ларда ўзининг яшаш жойи Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Хасанбой мавзеси, Ҳамкор кўча 574-уйидан Амиржонова Марғуба Абидовнага тегишли бўлган ишончнома орқали бошқарадиган давлат рақами 30Е 6067 Нексия ДОНС русумли автоуловида чиқиб кетиб, ҳозирги кунгача қайтиб келмаган.

Мазкур холат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 2005 йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 137-моддаси 1-қисми билан 0\05-2652 сонли жиноят иши қўзғатилиб, келгусида тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИБ ТБсига юборилган.

Юнусобод туман ИИБ ТБ терговчиси лейтенант Б.А.Джўраев томонидан жиноятни очишга қаратилган барча тергов ҳаракатлари олиб борилган. Аммо бедарак йўқолган фуқаро Ҳикмат Юсупов ва фуқаро Марғуба Амиржоновага тегишли бўлган НЕКСИЯ-ДОНС русумли автоуловнинг топишни имкони бўлмади.

Мазкур жиноят иши 2005 йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 364-модда 1-қисмига асосан ҳаракатдан тўхтатилган…”

Ўғлимни тақдиридан хавотирланиб, тушкун вазиятда юрган палламизда, аниқроғи 2005 йилнинг декабрь ойи бошларида ўғлимдан хушхабар келди. Ўзини Бекободлик Бахтиёр деб таништирган шахс ўғлим Ҳикматни номидан ёзилган хатни кўтариб келиб қолди.

Ушбу хат Ҳикматжон номидан акасини номига ёзилган бўлиб, унда қуйидагилар ёзилганди:

“Ассалому алайкум Акажон!

Саломатмисизлар? Адам, она, саломатмилар? Мен ҳам яхшиман. Насиб озгина қолди, оқланишим керак. 1-хатимда (1000 $) бир минг сўм “қоғоз” бериб юборинг деб ёзгандим. Шу одамдан ўшани бериб юборасиз. Бу хат тўртинчи хат. Бундан олдин учта хат ёзганман. Бу одам ҳаммасини билади, тушунтиради, ўзиз гаплашасиз.

Мендан кўп хавотир олманглар яна озгина қолди оқланаман, қутиламан иншоолоҳ.

Хайр ҳаммага салом!!!

02.12.2005 йил

Телефон 1250618 уй.

Бекободлик Бахтиёр шу одамни исми.”

Бизни хонадонимизга ташриф буюрган ва ўзини Бахтиёр деб таништирган кимса ўғлим Ҳикматни Бекобод томонлардаги ҳибсхоналардан бирида сақланаётганлигини ва бизга ёрдам беришини айтган эди. У келтирган хатда кўрсатилган сумма 1000 АҚШ долларини унга бериб юбордик ва бизларга ўғлим ҳақида кўпроқ маълумотлар келтиришини, бизнинг саломимизни ўғлимга етказишини илтижо қилиб сўрадик. Лекин биздан пулни олиб кетганидан кейин, у кимса умуман бизни олдимизга қайтиб келмади, йўқ бўлиб кетди.

Лекин қўлимизда қолган ва ўша кимса ўғлим Хикматдан дея олиб келган хатини суд хатшунослик экспертизасидан ўтказдирдим. Экспертлар бу хатни ўғлим ўз қўли билан ёзганлиги ва хатдаги иккита имзолар ўғлимга тегишли эканлигини аниқлаб беришди.

Ҳикматжонни изига зор бўлиб юрган пайтимизда, аниқроғи 2007 йилнинг бошларида ўғлимни танишларидан бири Тошкентда Ёқутхон исмли хижоб ўраб юрадиган бир кучли адвокат аёл борлигини, ўша аёл хаттоки диний айбловлар билан қамалган қўшиқчи Озодбек Назарбековни ва бошқа анчагина таниқли маҳкумларни ҳам қамоқдан озод қилишига эришганлигини айтиб, ўша адвокатдан ёрдам сўрашни тавсия қилиб қолди. Биз ўша танишимиз, ўғлим ва мен адвокат Ёқутхон билан учрашдик.

Ёқутхон асосан Ўзбекистон Республикаси МХХ идорасида олиб борилаётган терговларда қатнашишини, МХХдаги барча мансабдорларни яхши танишлигини, ўғлимни топишда албатта кўмак беришини айтди. Унинг мақтаниб айтишига қараганда охирги пайтларда асосан Гвардейскийдаги МХХ идорасига қарашли тергов изоляторидаги терговларда адвокат бўлиб қатнашаётган эмиш.

Ёқутхон ўғлимни қидиришда кўмакдош бўлишга ваъда қилди ва энди у билан биргаликда қайтадан давлат идораларига шикоят аризалар расмийлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга, Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси Рустам Иноятовга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодировга, Тошкент шахар прокурорига, Тошкент шахар ИИБга ўғлимни топиб беришга амалий ёрдам беришларини сўраб шикоят аризалар билан мурожаатлар қилдик.

Биз икки йилга яқин Ёқутхон билан биргаликда ўғлим Ҳикматни қидирдик. Шу орада Ёқутхон ўғлимни тириклигини ва у маълум бир муддатдан сўнг уйга ўзи кириб келишини айтиб, бизларни ҳар вақт тинчлантирарди. Ва хаттоки Ўзбекистон Республикаси МХХ Тергов бошқармаси бошлиғи, адлия подполковниги О.Х.Масобировни танишини ва ундан ўғлимни сўраб билиб беришини айтиб, бизларни тинчлантирган.

Шундай кунларнинг бирида Ёқутхон ўғлимни қаерда эканлигини аниқлаганини хабарини олиб келди. Уни аниқлашича ўғлим Ҳикматжон Республика МХХсининг Тергов Бошқармасига қарашли ертўлада сақланаётган эмиш. Ўғлимга алоқадор жиноят ишини тепасида Республика МХХ Тергов бошқармаси бошлиғи Масобиров турибди экан. Ёқутхон Масобиров билан ўғлим масаласида гаплашибди экан.

Шундан кейин Ҳикматжоним билан дийдорлашиш илинжида яна сарсон кеза бошладик. Лекин ўғлимни бизга кўрсатишмас ва уни МХХ ертўласида эканлигини рад қилгувчи жавоблар беришни давом эттирардилар.

Хаттоки 2007 йилнинг 14 май куни № 30/10-92 рақам билан айнан Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Тергов бошқармаси бошлиғи, адлия подполковниги О.Х.Масобировнинг имзоси билан ўғлим Ҳикмат Юсуповни МХХ Тергов ҳибсхонасида эмаслиги ва унга нисбатан МХХ Тергов бошқармасида хеч қандай маълумот йўқлиги ҳақида маълум қилинган хат олдик.

Шунда мен Ёқутхонга “Масобиров сизга ўғлимни терговини олиб бораётганини аниқлаб, билиб келдингиз. Энди эса айнан мана шу Масобиров номидан ўғлимни МХХ тергов ҳибсхонасида эмаслиги ва унга нисбатан МХХ тергов бошқармасида ҳеч қандай маълумот йўқлиги ҳақида маълум қилинган хат олдик. Агар ўғлим ўлган бўлса жанозасиз ётмасин, сир сақламасдан айтаверишсин ўғлим тирикми, ўликлигини” деб илтижо қилдим.

Орадан бироз вақт ўтганидан кейин Ёқутхон Масобиров унга ўғлимни тирик эканлигини, ўлмаганлигини, тирик одамга жаноза ўқитилмаслигини ва албатта вақти соати келганида Ҳикматни ўзи бағримизга қайтишини айтгани хабарини келтирди бизга.

Мана шу ваъдани берилганига ҳам ўй йилдан ўтиб кетди.

Бу орада, аниқроғи 2007 йилнинг 31 май куниси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси Тошкент шахар ИИБ ЖҚ ва ТҚКБ бошлиғи подполковник Ш.А.Абдужабборов имзо чеккан, ўғлим Ҳикматни уларни рўйхатида йўқлиги ва мени Юнусобод туман ИИБга мурожаат қилишим ҳақидаги тавсияномасини олдим.

Орадан 10 йил ўтиб, 3 апрель 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига ариза ёздим. Бу ариза Ички Ишлар Вазирлигига, у ердан Тошкент шахар ИИБга, у ердан Юнусобод туман ИИБга жўнатилди, яъни бу шикоят аризамиз ҳам ҳеч қандай натижа бермади.

21 июль 2017 йил куни Тошкент шахар Юнусобод тумани Ички Ишлар Бошқармаси хузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси, катта лейтенант М.У.Санақуловдан мазкур жиноят иши тергов натижасига кўра ҳаракатдан тўхтатилганлиги ва жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқишим мумкинлиги ҳақида хабарнома олдим.

Мана 13 йилдан ортибдики ҳамон фарзандининг бир оғиз сўзини, овозини эшитишга зор бўлган онанинг дардига малҳам бўлгувчи куч йўқ. Тунларни кунга, кунларни тунга улаб, мени Ҳикматжонимни айби нимада эди, нега уни аввал МХХ идорасига терговга чақирдилар, кейин эса ўғлимни МХХга умуман чақиртирилмаганлиги, унга алоқадор ҳеч қандай иш очилмаганлигини билдириш билан чегараландилар.

Туғруқхонадан олиб чиқилиши керак чақалоғига туғилганлик гувоҳномаси олиш учун уйимиздан шодон чиқиб кетган ўғлимни изсиз ғойиб бўлиши тасодифий эмаслигини хис қилиб юрагим ларзага тушади. Ўғлим бирга йўқолган ўғлимни ва келинимни паспортлари ҳам йўқолгани важидан отасининг изсиз ғойиб бўлишидан 5 кун аввал туғилган набирам Абдуллоҳга орадан 5 ой ўтганидан кейингина туғилганлик гувоҳномаси олишга эришдик холос.

Отасини бағрида бирор дақиқа бўлсада эркаланиш насиб этмаган набирам бугун 13 ёшга кирди. Тили дада деган сўз билан чиққан, лекин ҳамон отасининг дийдорига тўйиш, уни бағрига босиб, “Дадажон энди сиз ҳеч қаерга кетмайсиз! Мени ёнимда бўласиз энди Отажон!” дея хайқириш орзусида яшаётган набирамни орзу армонларини рўёбга чиқаришга кўмак беришларингизни ўтиниб сўрайман.

Мана шундай руҳий азоблар гирдобида яшар эканман Ҳикматжон ўғлимнинг ота дийдорига тўймаган уч нафар кўнгли ўксик  фарзандларини мўлтираган кўзларига тикилиб, уларнинг ўксик кўнгилларига малҳам топа олмаётган ўчмас олов ичида ёнаётган Онанинг сўзларини мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевга етказишга кўмакчи, ўғлим Ҳикматжонни тўрт мучаси соғ холатда оиласи бағрига қайтиб келишига амалий ёрдам беришларингизни илтижо қилиб сўрайман.

Агар болам тирик бўлмасачи?!….

Унда нега боламни мурдасини қайтариб бермадилар бизга?! Нима учун мусулмон фарзанди Ҳикматжонимни жанозасини ўқишимизга, мусулмончилик қонун қоидаларига таяниб кўмишимизга йўл бермадилар?!

Мени ўғлим қандай оғир жиноят содир этган эдики, фарзандлари, яқинлари учун унинг қабрини зиёрат этиб, қурьон тиловат қилиш ҳуқуқимиздан маҳрум этишди?!…

Сизларга хурмат ва эхтиром билан бағри қон она Юсупова Шарифа.

19 август 2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan