Улуғбек Бакир: Фактлар, рақамлар, кузатишлар (2-қисм) Европада тунги клублар ва ичиш-чекиш қандай? Норвегия ва Ўзбекистон
ЕВРОПАДА ТУНГИ КЛУБЛАР ВА ИЧИШ-ЧЕКИШ ҚАНДАЙ? НОРВЕГИЯ ВА ЎЗБЕКИСТОН
23.08.2018
Улуғбек Бакир
19 август куни шу мавзудаги мақоламнинг биринчи қисмини нашр қилганимдан кейин кўплаб хат ва хабарлар олдим.
Биринчи қисмда Европада, хусусан, Норвегияда тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар олди-сотдиси бўйича тартиб-қоидалар ҳақида батафсил ёзгандим. Ўқимаганлар мана бу манзилга ўтиб, ўқишлари мумкин: https://www.facebook.com/ubakirov/posts/1866008460164599?__tn__=K-R
Бугун мазкур мақоламнинг давомини эътиборингизга ҳавола қиламан.
Демак, II қисмнинг бўлимлари:
1. НОРВЕГИЯ: РЕСТОРАН ВА АЛКОГОЛЬ
2. НОРВЕГИЯ: ТУНГИ КЛУБЛАР
3. ЎЗБЕКИСТОН: ТАМАКИ ВА АЛКОГОЛЬ. КЕЧА ВА БУГУН.
НОРВЕГИЯ: РЕСТОРАН ВА АЛКОГОЛЬ
Ресторан ва тунги клубларда ароқ, виски каби кучли спиртли ичимликлар нархи жуда қиммат. Масалан, 50 граммлик стакандаги виски 8-9 доллар атрофида.
Эътибор беринг: ярим литрли виски “Vinmonopolet”да 35 доллар бўлса (1-қисмга қаранг), ресторан ва тунги клубда 50 грамми 8-9 доллар. Винони ярим бокали ҳам шу атрофда: 8 доллар.
Шунинг учун ресторан ва тунги клубларга борганлар кўпроқ пиво ичади. Қолган ичимликлар ҳам қиммат, ҳам миқдори бир қултум. Хуллас, ҳамма ҳам ичолмайди. Чўнтак кўтармайди. Кейин турли кўринишдаги спиртли коктейллар ҳам бор. Уларнинг алкоголь даражаси анча паст, тури ҳам кўп.
Ресторанда алкоголни мижозга олиб бориш учун официант 20 ёшдан паст бўлмаслиги керак. Иш берувчи шуни текшириб ишга олади. Назоратчилар сони ва тури кўп. Улар истаган вақтида бостириб кириб келади. Пора олмайди, зудлик билан чора кўриб, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб юборади. Ҳамма улардан ўлгудек қўрқади, ваколати ва кучи катта.
НОРВЕГИЯ: ТУНГИ КЛУБЛАР
Норвегияда тунги клублар ҳам ўзига хос.
Тунги клублар ҳар куни ишламайди. Жума, шанба ва байрам тунларида ишлайди. Якшанба ёпиқ, чунки душанба ҳамма ишга, ўқишга бориши керак.
Ёш чеклови: 20 ёш.
Тартиб: эшик олдида кўплаган соқчилар ҳар бир кишини текшириб, қўлига (кафтини орқасига) муҳр босиб киргизади.
Кириш пуллик: бир кишига энг ками 100 крона (10 АҚШ доллари).
Иш вақти: 23:00 – 03:00.
Ташқи кўринишидан оёғида туролмайдиган даражада маст бўлиб, ўзини назорат қилолмайдиганлар ичкарига қўйилмайди.
Клубга ҳар қандай кўринишдаги емак ва ичимликлар, пичоқ каби предметлар, катта сумкалар олиб кириш мумкин эмас. Бундан ташқари, юзи ва бош қисми турли нарсалар билан ўралган кишилар ҳам киритилмайди. Ҳамма жойда видеокузатув қўйилган.
Тунги клублар ичида ҳам чекиш мумкин эмас. Махсус жойда чекилади. Ташқарига кириб-чиқишнинг ҳам тартиби бор. Чиқсангиз, яна текшириб киритиласиз. Айрим жойларда ташқари (кўча)га чиқиш тақиқланган.
Бино ичида ва ташида соқчилар жуда кўп ва улар махсус кийимда юришади.
Соқчилар алоҳида ташкилотлар орқали клубларга график орқали юборилади. Улар худди полициячилар каби махсус ўқув курсларда тайёрланган мутахассислардир. Кўчадан тўғри келган одам ишга олинмайди.
Умуман, Европада, ҳатто пол ювиш учун ҳам кўчадан одам олинмайди. Ўша ишни олдин қилиб, тажриба ортирган ёки тайёргарликдан ўтган киши керакли ҳужжатлари билан ишга қабул қилинади. Бир сўз билан айтганда, ҳар қандай ишга мутахассис бўлмаган одам қабул қилинмайди.
Соқчилардан ташқари, тунги клублар атрофида полициячилар пиёда ва турли катта-кичик транспортларда тўп-тўп бўлиб, “изғиб” юришади. Бир гап бўлса, зудлик билан чора кўради. Полиция ҳар қандай жойга бостириб кира олади. Шахсий уй ва бошқа шу каби жойлар мустасно, уларга киришнинг алоҳида қонун-қоидалари бор.
Тунги клублар ичида ўтирадиган ўриндиқлар: диван, стол-стуллар жуда кам. Бу ерга асосан, ёшлар рақс тушиш учун келади. Ўтириб гаплашиш ёки овқатланиш учун келмайди. Бунинг учун бошқа махсус жойлар бор.
Тунги клубларда овқат ва бошқа турдаги емаклар сотилмайди. Баъзи жойларда кичик-кичик егуликлар сотилиши мумкин.
Барча кўринишдаги ичимликлар барда сотилади. Бардаги ишчилар ҳам кўчадан келиб қолмайди. Улар ҳам курсларда ўқиб, сертификат олиб, кейин ишлайди. Бар иши ҳам бутун бошли бир институт.
Мусиқачи “диджей”лар ҳам мутахассислар. Овоз кўчайтиргич жиҳозлари ҳам инсон саломатлигига зиён қилмайдиган даражада қилиб белгиланган. Уни ҳам алоҳида назоратчилари бор.
Кимдир маст бўлиб, жанжал кўтарса ёки ўзини назорат қилолмаса, соқчилар ташқарига олиб чиқиб, полицияга “лутфан” “туҳфа” қилади. Полициянинг эса, панжарали машиналари “ҳозиру нозир” кутиб туради, шундайларни.
Клуб ёпилгандан кейин мижозлар уй-уйларига тарқаб кетгунча полициячилар кузатиб туришади.
Тунги клубларга ёшлардан ташқари, ёши катталар ҳам боради. Бу ерда бугун ичиб-чекиб, рақс тушган одамлар эртаси куни яна ишига, ўқишига кетаверади. Ҳеч ким, ҳеч кимни маънавиятсизлик, аҳлоқсизликда айбламайди. Тартибни бузса, катта жарима ёки қамоқ билан жазоналади.
Тунги клуб ва дискотекалар фоҳишахона жойлари ҳисобланмайди.
Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, шунча йиллар ичида ҳали бирор марта кўча-кўйда ичиб олиб, думалаб ётган одамни учратмадим. Иш пайтида ва умуман, кундузлари оғзидан спиртни ҳиди келган одамни ҳам кўрмадим. Ёки Ўзбекистондаги каби ҳар бир шаҳарда “тунги капалаклар” саф тортиб, катта йўллар четида “клиент” кутиб турганлигини, ёхуд фоҳишаларнинг махсус бозорлари борлигини ҳам кўрмадим.
Умуман, европаликларнинг, жумладан, норвегларнинг зеҳнияти, дунёқараши ва маданияти, тамоман, ўзбекларникидан катта фарқ қилади. Фоҳишалик билан булар қачон, қаерда шуғулланишади, биров билмайди. Ҳар ҳолда кўчаларда сезмайсиз, кўрмайсиз. Менимча, бунга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Сабаби, ҳар ким хоҳлаган одами билан яшаб кетаверади. Никоҳ, тўй, ота-онадан ижозат сўраш каби удумлар буларда йўқ, деса ҳам бўлади.
18 ёшдан кейин кўпчилик ёшлар ота-онасидан ажралиб чиқиб кетади: ишлайди, ўқийди, армияга кетади ва ҳ.к.
У ёғига давлатнинг турли туман дастурлари ва қўлловлари билан “катта” бўлиб олишади. Давлат бу йўналишда жуда қаттиқ ва унумли ишлайди. Минг хил ташкилот ва институтлар бор. Моддий таъминоти яхши. Ҳеч ким уйсиз, оч ва ялонғоч, қаровсиз қолмайди. Бу қонунан мумкин эмас.
Ғўр ёшлар анча тўхталиб, босар-тусарини билиб олгач, никоҳ ва тўй қилишади. Умуман, буларда ҳамма нарса бошқача. Норвегларнинг бир ёзилмаган қоидаси бор: Ҳеч ким, ҳеч кимга ҳалақит бермаслиги ва эркин яшаши керак! Менинг эркинлигим сенинг ҳудудингга, сенинг эркинлигинг менинг ҳудудимга ўтмаслиги керак! Шу жой нуқта, бекат ҳисобланади. Шунинг учун ҳамма тинч, сокин ҳаёт кечиради.
Оилада бола туғилганидан бошлаб, мустақил ва эркин фикрлашга ўргатилиб, тарбия қилинади. Болалар билан худди катта ёшдаги инсонлар каби муомала қилинади. Норвегияда болалар подшоҳ, қариялар эса, қирол ҳурматида яшайдилар. Бу мавзуда ҳам бир куни ёзарман…
Норвегияда ҳам бошқа ғарб давлатлари каби спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларни ҳар қандай кўринишда реклама қилиш қатъий маън этилган.
Болалар кўз ўнгида чекиш мумкин эмас.
ЎЗБЕКИСТОН: ТАМАКИ ВА АЛКОГОЛЬ. КЕЧА ВА БУГУН.
КЕЧА
Бундан 12-15 йиллар аввал Ўзбекистонда яшаганимдан бери кўп нарсалар ўзгарган. Лекин ичиш ва чекишга бўлган муносабат, у қадар ҳам кўп ўзгармаганлигини ватандаги дўстлар орқали билиб турибман.
Ўзбекистонда 12 йил аввал деярли ҳар қадамда кекса аёллар қурут, қанд-қурс каби майда-чуйдалар билан бирга сигаретларни доналаб сотарди. Ёнида нос (носвой) ҳам бўларди. Ҳатто, мактаблар атрофида ҳам шундай манзараларни кўриш мумкин эди.
Сигаретларни 18 ёшга тўлмаган мактаб, коллеж ўқувчилари бемалол олиб, тутатиб юришарди. Фильтрсиз аччиқ сигаретлар ҳозир ҳам борми-йўқми, билмайман. Шуни сўраш эсимдан чиқибди.
Спиртли ичимликларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Кўчаларда ярим тунгача ишлайдиган пивохоналар сероб эди.
Ароқ-вино сотадиган дўконларнинг сони бору, саноғи йўқ эди. Бозорларда, озиқ-овқат дўконларида, автобус бекатларида ва маҳаллалардаги тижорат дўкончаларида ва ҳатто, уйларда ҳам бемалол ароқ-вино сотилаверарди. Қолаверса, спиртнинг ўзи ҳам сотиларди. 96 даражали спиртга ҳеч вақо қўшмасдан, шундайлигича ичадиган одамларни кўриб, қотиб қолардим. Бундан ташқари, ҳар хил техник спиртларни ҳам ичадиганлар сероб эди. Буларни қандайдир “Иван ака” эмас, ўзимизнинг ўзбекларимиз ичарди. Қўлбола виноларни гапирмаса ҳам бўлади. Уни ичига, ким билсин, алламбало суюқликларни қўшиб, сотишарди (миқдори кўпайсин учун).
Бу ичимликларнинг аксарияти қаерда тайёрланган, рухсатнома борми-йўқми, билиб бўлмасди. Бу ҳам етмасдан яна одамлар уйларида ҳам қўлбола ароқлар тайёрлаб, сотарди.
Ресторанлардан ташқари, оддий ошхона ва кафеларда, шашликхона ва чебурекхоналарда куну тун ароқ ва винолар майдалаб, бўлакларга бўлиб, сотилаверарди. Ресторан ва кафеларда пули бор “бойваччалар” ўтирса, шашликхона ва чебурекхона каби жойларда оддий камбағал, пули кам эркаклар, бозордаги ночор кишилар ва пиёнисталар “майдалаб” ўтиришарди, аччиқ-аччиқ тамакиларни тортиб. Бу ерларнинг аҳволига маймунлар ҳам бўзлаб йиғларди: антисанитария.
Ўша манзараларни ўйлаб, ҳозир негадир кўзимга йиғи тўлиб келяпти. Бечора ўзбегим, хор бўлган миллатим! Энди билсам, аламини шу ароқдан оларкан, бечоралар.
Бундай жойларда, асосан, ёши 50-60 дан ошган мўйсафидлар кўп эди. Усти-бошига қараб бўлмасди… Ҳар куни ишдан қайтаётиб, шуларни кўриб, дилим ҳуфтон бўлиб, уйга қайтардим.
Маҳалла бошларидаги тижорат дўконларида ҳам 24 соат шу аҳвол эди. 3-4 эркак тик оёқда туриб, стаканчаларда ичиб, орқасидан қурут ёки шўр бодрингни газак қилиб турганлигини ҳамма кўрган. Бу ҳолат бутун мамлакат бўйлаб тарқалганди.
Тўйлар, туғилган кунлар, “гап”лар, “чойхона”лар, турли йиғинлар, маросимлар шу 100 граммсиз ўтмасди.
Кўчаларда кундузлари ҳам ёши бир жойга бориб қолган кишилар маст-алас юришаверарди. Думалаб, ётиб қолганлар ҳам оз эмасди.
Катта-ю кичик раҳбарларнинг кабинетларида ҳам турли шишалар ҳамиша турарди. Келган-кетган оғайнилар билан “50 та, 50 та” отиб олишарди. Хоналардаги тамаки тутунига ўтириб бўлмасди.
Тушлик пайтлари ҳам ўша “50 та, 50 та”сиз бўлмасди. Агарда бирор текширувчи комиссия ёки юқоридан “нозик-нозик” меҳмонлар келиб қолса, ишлар ҳам бир четга улоқтирилиб, бу ёғи базму жамшид бўлиб кетарди.
Ўзбекистонда қанча ароқ-вино ва пиво заводи бор, буни аниқ билмайман. Ҳарқалай, оз эмас.
Орадан 12 йил ўтиб, шу кеча-кундузда Ўзбекистондаги ҳамкасблар билан шу ҳақда суҳбатлашдим. Бир сўз билан айтганда, аҳвол у қадар ҳам яхши томонга ўзгармаган. Аксинча, баттар бўлиб кетган. Эндиликда эркаклар бир томонда қолиб, аёл-қизлар ҳам чойхона ва кафеларда бемалол ароқ-винони уриб ўтиришибди экан. 15 йил аввал бунчалик эмасди.
БУГУН
Ўзбекистондаги ҳамкасблар билан суҳбатлашганим – интервьюларимдаги мана бу ёзувларга бир боқинг:
– сигаретларни доналаб сотиш ҳар қадамда бор;
– алкоголь ичимликлар махсус ароқ-вино дўконларида сотилади, аммо бозорларда ҳам яширинча сотишади;
– 18 ёшга тўлмаганлар ҳам спиртли ичимликлар ва сигаретларни сотиб олишаверади, ҳеч ким улардан ҳужжат талаб қилмайди;
– сотувчилар учун энг асосийси савдо қилиш, нарсаларини сотиш;
– ачинарлиси, ёш болалар-ўсмирлар ўртасида ҳам чекувчилар жуда кўпайиб кетган. Улар ҳеч кимдан қўрқмайди, бемалол, тутатиб олдингиздан ўтиб кетаверади. Ҳеч кимнинг иши йўқ;
– ароқ магазинлар кундан-кунга кўпайиб, гуркираб бормоқда;
– ўзим яшайдиган Қўйлиқ даҳаси (Тошкент шаҳри)да 6 та ароқ магазини бор. Ҳар бири катта-катта. 2 йил олдин битта эди;
– иш вақти соат 09:00 дан 22:00 гача. Шанба, якшанба кунлари ҳам шундай;
– “Винотека” супермаркети эса, 23:00 гача ишлайди. Жойлашган жойи: Миробод тумани Қўйлиқ-1 даҳаси, Мунис кўчаси;
– бундан ташқари, 3 та “пивной бар”имиз бор. Атрофида “бомж”лар тўла;
– кафеларимиз тунги соат 02:00 гача ишлайди. Бемалол, пиво, ароқларни сотишади;
– Рамазонда ҳам, Ҳайитларда ҳам шу аҳвол;
– ичида вояга етмаган ёш йигит-қизлар ҳам кўп. Бузуқ қизлар ҳам шу ерда. Ҳар куни уруш-жанжал, тўс-тўпалон;
– мана шу 6 та дўкон тахминан 1 км. оралиғида жойлашган. Тақрибан 25-28 минг аҳоли яшайди;
– бундан 2 йил олдин 1 та “вино-водка” дўкони бўларди. Қолганлари сўнгги 2 йил ичида очилди;
– баъзан милициялар келиб, босиб олиб кетишади, аммо фаолиятини давом эттираверади;
– бу кетишда ароқ дўконларимиз кўплиги жиҳатидан, дорихоналардан кейинги иккинчи ўринни эгаллаши эҳтимолдан ҳоли эмас;
– бу ароқ дўконлари атрофида 4 та ўрта мактаб, битта коллеж бор. Дўконлар улардан 1 км ҳам узоқда эмас.
Тошкентдаги суҳбатдошимдан кейин вилоятлардаги танишлар билан ҳам суҳбатлашдим. Уларнинг ҳам сўзлари деярли юқоридаги маълумотлар билан бир хил.
Дарвоқе, Норвегиядаги дорихона-аптекалар ҳақида икки оғиз маълумот.
Европанинг барча мамлакатларида, жумладан, Норвегияда дорихоналар кўп эмас. Масалан, ўзим яшайдиган шаҳарчада 20 мингдан зиёд аҳоли учун атиги 3 та дорихона бор. Унинг биттаси шаҳар марказидаги озиқ-овқат дўконининг ичида бўлса, иккинчиси узоқроқдаги Савдо марказининг ҳудудида жойлашган. Учинчиси эса, касалхонанинг ичида. Дорихоналар 09:00 – 18:00 гача ишлайди, шанба 15:00 гача, якшанба ёпиқ. Деярли барча дорилар шифокорнинг рухсати билан сотилади. Шприцлар сотилмайди.
Ўзбекистонда ҳар 100 метрда биттадан дорихоналар бор эди, бундан 15 йил аввал. Ҳозир ундан ҳам кўп бўлса керак. Аксарияти 24 соат ишларди.
(давоми бор)
Fikr bildirish