Қийноқлар ороли асираси: Темир панжараларни ёриб ўтган Фронтлайннинг табрик гулдастаси!

45 ЁШИМНИ АЁЛЛАР ҚАМОҚХОНАСИДА НИШОНЛАШГА МАЖБУРМАН!

Бугун 25 август – туғилган куним. Қирқ беш ёшни қаршиладим. Бугунги кун мен учун жуда ҳам оғриқли бошланди. Охирги йилларда туғилган кунларимда содир бўлган воқеалар, бу санани дўстларим орасида нишонлаганларимизни эслаб, этим увишди. Энди дўстларим билан бир дастурхон атрофида ўтириб, туғилган кунимни нишонлаш насиб қилармикин, йўқмикин?

Келаси йил туғилган кунимда тириклар сафида бўламанми ёки ҳукумат мансабдорлари истаганларидек, индамаслар оламига равона бўламанми? Буни ёлғизгина Аллоҳ билади, холос.

2003 йилда туғилган кунимни касалхонада оғир аҳволда, ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, очлик эълон қилган ҳолда ўтказгандим. Чунки Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ўтказаётган, оммавий иш ташлашларга қўшилиб, 26 августда иш ташлашга қарор қилган Фарғонадаги бир нечта заводларнинг ишчиларига таъсир кўрсатиш, оммавий иш ташлашларни тўхтатиш мақсадида менга ва ташкилотимиз фаолларига қарши уюштирилган фоҳишалар хужуми туфайли туғилган кунимни касалхонада кутиб олгандим.

2003 йил 20 август куни “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли, 2002 йилда ташкил этилган гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси ҳамда фоҳишабозликка, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш олиб борувчи «Орият” ташаббус гуруҳининг йўлбошчиси, Олтиариқ туманидаги «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғини раисаси, эллик уч ёшли Мавжуда Отақулова, жабрдийда Рўзиева Юлдузхон сингари фаоллар билан биргаликда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туман прокуратураси биноси рўпарасида норозилик пикети ўтказаётган палламизда маъмурий органлар томонидан ёлланган эллик нафардан ортиқ фоҳишалар ва қўшмачи аёллар томонидан ваҳшиёна калтакланган эдик.

Бу фоҳишалар устимиздаги кийимларимизни йиртиб ташлаб, бизни олдиндан сумкаларига ғамлаб келган тош ва ғишт бўлаклари билан ваҳшиёна тошбўрон қилишганди.

Калтакланиш натижасида мен ҳам,  Мавжуда Отақулова ҳам қаттиқ жароҳатланиб, шифохонага ётқизилгандик. Менга Марғилон шаҳар бирлашган касалхонасида мия чайқалиши, бош тўқималари гематомаси ва тан жароҳатлари ташҳиси қўйилган, Мавжуда Отақуловага эса Олтиариқ туман касалхонасида мия чайқалиши ташҳиси қўйилганди.

11 сентябрь куни мен ва Мавжуда Отақулова Олтиариқ туман Ички ишлар бўлими томонидан жабрланувчи деб топилиб, уларни калтаклаган номаълум (аслида маълум бўлган) фоҳиша ва қўшмачиларга нисбатан ЎзР Жиноят Кодексининг 277-моддаси, 2-қисми бўйича жиноят иши очилганди.

Лекин масаланинг эътиборли томони шунда эдики, суд-тиббий экспертизаси, аҳволимиз қанчалик оғир бўлмасин, мени ҳамда Мавжуда Отақуловани «енгил тан жароҳати олган», деб хулоса чиқарган. Кейинчалик эса, ҳар доимгидек, бизларга тан жароҳатлари етказган фоҳишалар ва қўшмачиларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини, қонунга зид равишда ёпти-ёпти қилганлар.

2005 йилнинг 29 октябридаги “Жиноят ишини тугатиш ҳақида”ги ғайриқонуний қарорда ҳам биз жабрланувчилар Мўтабар Тожибоева ва Мавжуда Отақуловаларга туҳмат қилиб, “Намойиш вақтида Мавжуда Отақулова ва Мўтабар Тожибоеваларнинг “Фоҳиша ва қўшмачиларни осиш керак” ва шу каби мазмундаги чақириқларидан сўнг у ерда бўлган фуқаролар Машрапова Махпуза, Қаюмова Қумри, Қаюмова Кумуш, Ибрагимова Тўхтахон, Ғиёсиддинова Муяссар, Мавлуда Холматова, Тўхлиева Муяссарлар уларнинг талаблари ва ҳаракатларига қарши чиқишиб, улар билан ўзаро жанжаллашиб кетишади.

Махпуза Машрапова, Қумрихон Қаюмова, Кумушхон Қаюмова, Тўхтахон Ибрагимова, Муяссар Ғиёсиддинова, Мавлуда Холматова, Муяссар Тўхлиеваларнинг ходиса вақтидаги ҳаракатлари жамоат тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузишга қарши қаратилмаганлиги, балки улар билан жабрланувчилар ўртасида бўлган адоват натижасида, шунингдек ходиса вақтида жабрланувчилар томонидан улар ҳақоратланганлиги сабабли юзага келган жанжал оқибатида улар Мавжуда Отақулова ҳамда Мўътабар Тожибоеваларга нисбатан қасддан тан жароҳатлари етказганликлари аниқланган” дейилган.

Ўша пайтлардаги ходисалар ҳамон кўзим ўнгимда. Мен ҳукуматни бошқаришни фоҳишалар ва қўшмачиларга топшириб қўйган Ўзбекистон ҳукуматини ҳамда Президент Ислом Каримовни истеъфосини талаб қилиб, расман очлик эълон қилган холатда касалхонада оғир ётибман.

Марғилон шаҳар марказий шифохонасини махсус хизматлар ходимлари ўраб олишган. Касалхонага кирадиган ҳар бир инсонни, у кимни олдига келаётган бўлишидан қатъий назар, тинтувдан ўтказиб, кейингина касалхона ичкарисига қўйишмоқда.

25 август – туғилган кунимда очлик эълон килганимнинг бешинчи куни эди. Осма уколларни узлуксиз улаб қўйишмоқда. Палатам гулдасталарга лиқ тўлиб кетганди ўшанда. Дўстларим, жигарларим, издошларим, барча-барчаси туғилган кунимда ёнимда бўлишганди. Ҳатто палатада тик туриш учун, гулдаста қўйиш учун жой қолмаганди.

Ушбу воқеа, ходисалар ҳақида “Қийноқлар ороли асираси” роман-хроникамнинг «Адолат ва разолат жанги» деб номланган учинчи китобида батафсил баён қиламан.

2004 йилги туғилган кунимни эса дўстларим даврасида нишонлагандим. Ҳатто ғанимларим ҳисобланмиш маҳаллий органлар раҳбарлари ҳам бир-биридан чиройли  гулдасталарни ҳайдовчилари орқаси совға сифатида уйимга жўнатишганди.

2005 йил, 25 август  таваллуд топган кунимда эса, яккаю-ёлғиз қизим Маҳлиёни никоҳ тўйини нишонлагандик. Мен ҳибсга олинишимдан қирқ кун аввал бўлиб ўтган никоҳ тўйи куни тантана ўтказилаётган ресторанда официантлар ролини миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бажаришганди. Тўйга кимлар  келгани, тўйга келган меҳмонларнинг нималар ҳақда гаплашишларини, нималар ҳақида суҳбатлашишларни аниқлаш учун пойлоқчилик қилгандилар.

Ҳаттоки, рестораннинг томига яшириниб олиб, келган меҳмонларни видеотасвирга олаётган нотаниш кимсани куёвнинг ўртоқлари сезиб қолиб, тутамиз дейишганда, у кимса қочиб қолганди. Бундан ташқари, тўйни видеотасвирга олаётган тасвирчиларга олинган видеонинг кассетасини  кўчирма қилиб олиш учун беришларини талаб қилганлари, уларнинг талабларига видеотасвирчи кўнмагандан кейин уни қўрқитганликлари ҳақида айтишгандан кейин, видеокассеталарни қўлимга олволгандим.

2006 йил, 25 августда туғилган кунимни эса аёллар қамоқхонасида ўтказгандим. Ўша куни Президент Ислом Каримов номига менинг номимдан ёзилган кечирим хатига имзо чекишимни видеотасвирга олиш учун келишганди.

* * *

ТЕМИР ПАНЖАРАЛАРНИ ЁРИБ ЎТГАН ФРОНТЛАЙННИНГ ТАБРИК ГУЛДАСТАСИ

Бугун 2007 йил, 25 август, қирқ беш ёшни қаршилаяпман. Лекин кайфиятим ҳаминқадар. Эрталаб ҳолсиз ўрнимдан турдим. Юз-қўлимни ювиб келиш учун ташқарига чиқиб кетдим. Отрядга қайтиб келганимда эса ёстиғим устига қўйилган откриткалар, турфа совғаларга кўзим тушди.

Шундан сўнг,  Мажнун, Гулбаҳор ва Дилдоралар келиб, туғилган куним билан  қутлашди. Қирқ беш ёшимни байрам қиладиган аҳволда эмаслигим учун, уларга миннатдорчилик билдириб, яна жойимга чўзилдим.

Шу пайт рупор орқали мени ДПНКга чақиртиришди. Бордим. Борсам, “однохлебка”м яқинда озодликка чиқиб кетган “однохлебкам” Шарофатдан ва опа-сингилларимдан келган бир нечта табрик телеграммаларини қўлимга тутишди. Кайфиятим бироз кўтарилиб, ортимга қайтдим.

Бошимни кўтара олмай, ҳолсиз ётарканман, рупор орқали ашаддий тартиббузарлар сифатида рўйхатга олинган учлик – диний маҳкумалар Шерқулова Сабоҳатни, Аҳмадалиева Раҳимани ва мени ДПНКга чақиртиришди.

Ўрнимдан туриб, аранг судралиб ДПНКга бордим. У ерга борганимда, Аҳмадалиева Раҳима ва Шерқулова Сабоҳат ҳам келиб туришган экан. Учаламизни  Штабга олиб  кетишди. Штабнинг ташқарисида ярим соатдан ортиқ тик турдик. Ҳолим қуриб кетаётгани учун ерга ётиб олгим келяпти.

– Ҳа, келдингларми, шоввозлар? Сизлар билан ишлашга янги ходим келган, шу билан суҳбатда бўласизлар, – деди Штабдан чиққан Жаҳонгир Эркинбоевич тиржайиб.

– Жаҳонгир Эркинбоевич, илтимос, кириб ўша биз билан суҳбатлашмоқчи бўлган тезкор ходимга айтинг, биринчи бўлиб мени қабул қилсин. Чунки ичбуруғ бўлиб қолганман, ҳолим қуриб кетяпти, – деб узримни айтдим унга.

– Бўлди, гап йўқ, ҳозир кириб айтаман, – деди Жаҳонгир Эркинбоевич ва яна тиржайиб Штабга кириб кетди. Орадан беш – ўн  дақиқа  ўтганидан кейин,  қайтиб чиқди:

– Тоҳир акамизга айтсам, кўнмади. Ҳозир Аҳмадалиева Раҳимахонни, ундан кейин Шерқулова Сабоҳатхонни, ундан кейингина сизни қабул қилишини айтди, – деди у тишини оқининг кўрсатиб.

– Илтимос, у ҳолда сиз унга мени бунақа узоқ кута олмаслигимни, ичбуруғ билан оғриётганлигимни айтиб қўйинг. Кейин мени ДПНКдан “жилзона”га ўтказиб қўйинг, – дедим  йиқилиб тушишдан аранг ўзимни тутиб.

Мени аҳволимни айтиш учун кириб кетган Жаҳонгир Эркинбоевич хаял ўтмай, қайтиб чиқди.

– Юринг, ДПНКдан ўтказиб қўяман, – деди.

– Унга мени соғлиғим яхши эмаслигини айтдингизми? – дедим аниқлик киритиш мақсадида.

– Ҳа, хавотирланманг, мен унга тушунтириб айтдим, яхши бўлсангиз, эртами – индинмии,  ўзингизни алоҳида чақириб, суҳбатлашади, – деди у менга.

Жаҳонгир Эркинбоевич мени яшаш зонасига ўтказиб қўйди. Мен отрядга бориб, яна узала тушдим.

Кечга яқин Маҳлиёдан, Расулжондан, синглим Насиба ва жиянларимдан бир қанча табрик телеграммалари олдим. Иккинчи текширувдан кейин бошқа туркумлардаги бир нечта менга яқин бўлиб қолган маҳкумалар келиб, туғилган куним билан табриклашди

Ҳолсизлик ва умидсизлик мени тарк этмаганди. Эртага мени нималар  кутаётганидан буткул бехабар эдим.

26 август, якшанба. Бугун бироз ўзимга келгандекман. Ошхонага кириб фақатгина бир пайка нонга шоколадли крем аралаштирилган сарёғни суртиб, еб чиқдим.

Биринчи текширув ўтгандан кейин, “политинформатика” бошланган пайтида, жоним оғриб ётсам, мени ДПНКга чақиртиришди. ДПНКга кириб борганимда, Саша Дмитровна бошчилигидаги муассасанинг бир нечта  ходимлари – милиция офицерлари-ю, ҳарбий ходимлар у ерда тўпланиб турганларини кўриб, ҳайрон бўлдим. Улар орасида  яна бир бегона эркак ҳам бор эди. У ерга киргач, ўзимни таништирдим.

Бугунги навбатчиликда бўлган ДПНК бошлиғи Светлана Петровна қўлимга телеграмма тутқазди. Уни очиб, кўз югуртирдим. «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли, садоқатли дўстим Исмоил Маллабоевнинг туғилган кунимга бағишлаб ёзиб, телеграмма шаклида  жўнатган шеърига кўзим тушиб, дилим ёришиб кетди.

* * *

Исмоил Маллабоев 2003 йилнинг февраль ойида ўзбек матбуоти вакилларининг мамлакатдаги коррупциянинг авж олишига совуққонлик билан қараётганликлари учун уларга қарши норозилик акцияси ўтказган мақсадида Фарғонадан Тошкентгача довонни велосипедда босиб ўтган довюраклардан бири эди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНПЗ)даги қонунбузарликларга қарши иш ташлашлар уюштирган ташкилот фаоли ҳам айнан мана шу Исмоил Маллабоев бўлади.

2007 йилда, Президентлик сайлови арафасида, Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан президентликка ўз номзодини қўйишга ҳаққи йўқлиги, бу қонунбузарликка қарши халқ ўз муносабатини билдириши кераклиги ҳақидаги мурожаатнома ва шеърларини велосипедида халқ вакилларига тарқатган ҳам мана шу Исмоил Маллабоев бўлади. Шу сабабли миллат “гуллари”ни, жамоат арбобларини ҳақорат қилганликда айбланиб, Исмоил Маллабоев маҳкамага ҳам тортилган.

Туғилган кунинг билан

Ўзбекистон тарихида, бил,

Мангу қолгай сен туғилган кун.

Бугунча тун-кунларинг майли,

Қуёш чиққай – кетганида тун!

Майли, танинг бўлсада банди,

Мен биламан, руҳингдир озод!

Кимнинг руҳи бўлмаса банди

Ҳар қаерда ҳаёти обод!

Таваллуд айёминг билан, жон синглим,

Сени муборакбод этаман!

Сен бандисан, менда қалб синган,

Лек, ноилож, фарёд этаман!

Бардам бўлгин, Қисматдошларинг

Сендан ибрат олиб десинлар «Қойил!»

Юракда ғам, кўзда нам билан

Имзо қўйиб, ёздим – Исмоил!

2007 йил, 25 август.

– Раҳмат, – дедим қувончдан юрагим ёрилгудек бўлиб. Бу ташаккуримни телеграммани ёзган, жўнатган одамга айтдимми ё уни қўлимга тутқазган кимсаларгами, англаш қийин эди. Шу топда тезроқ ташқарига чиққим, шеърни қайтадан ўқигим келарди.

– Арзимайди, – киноя оҳангида жавоб қилган Светлана Петровна ДПНКдаги сейфнинг тепасида турган чиройли гулдастани Гули Аҳмаджоновнага узатди. Гули Аҳмаджоновна гулдастани қўлига олишни истамай, башарасини бужмайтирди. Саша Дмитровна гулдастани Гули Аҳмаджоновнанинг қўлига дўқ билан, мажбурлаб тутқазди. Кейин уни мен томон итарди. Гули Аҳмаджоновна қўлига мажбурлаб тутқазилган гулдастани ноилож менга тутқазди. «Туғилган кунингиз билан», – деб пичирлади ночоргина оҳангда.

Мен ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Чунки бу мен учун умуман кутилмаган ҳол эди. Бу гулни йўқотиб қўйишдан  қўрққандек, маҳкам бағримга босдим.

– Раҳмат, – дедим титраб.

– Бу биздан эмас, – деди Светлана Петровна шошилиб, хурсандчилигимга раҳна солгиси келган кишидек.

– Ҳа, бу сизлардан эмаслигини биламан. Лекин кимдан бўлса ҳам менга беришга тўсқинлик қилмаганликларингиз учун раҳмат. Бу гулдастани кимдан эканлигини айта оласизларми? Кимдан эканлигини билишим мумкинми? – дедим жисмим қулоққа айланиб.

– Йўқ, мумкин эмас, – деди у ҳар бир сўзни чертиб-чертиб.

Ҳозир менга бу нарса муҳим эмасди. Бу ерда ўрнатилган темир қоида бўйича, маҳкумалар учун тирик гуллар киритилмайдиган бу масканга бир қучоқ, жуда ҳам гўзал гулдастанинг киритилгани ғоятда ҳайратли эди. Киритилганида ҳам кимга, мен – Мўътабар Тожибоевага киритилганлиги ва бу гулдастани муассаса раҳбарлари иштирокида менга тақдим қилганлиги муҳим эди мен учун. Бу мен учун ҳақиқий мўъжиза эди. Йўқ, биргина мен учун эмас, қамоқхонадаги маҳкумалар учун қувонч, шодлик улашган мўъжиза эди бу гулдаста.

Мен гулдастани кўтариб туркумга қараб кетарканман, бошқа отряддаги маҳкумалар қўлимдаги гулдастани кўриб хайронлик билан отрядлар ойналарига ёпирилиб, ташқарига қарардилар.

Йўлимда дуч келган биринчи отряддаги Замира:

– Тожибоева, қўлингиздаги нима? Живой гулларми? Ахир зонага тирик гул киритиш мумкин эмасди-ку! Ким берди сизга бу гулларни? – дея саволларга кўмиб ташлади.

– Билмадим, мумкин бўлмаган нарсани менга ўзлари топширишди-ку, – дедим севинчдан гулларни бағримга босиб.

– Гулларингизни бир ушлаб кўрай! – деразадан ошиб тушмоқчи бўлди Гулсевар.

– Йўқ, ҳозир кўриб қолишса, гулни ахлатга ташлашмасин яна. “Политинформатика” тугаганидан кейин, отрядимизга кириб кўраверасизлар, – дедим бошқалар ҳам эшитадиган қилиб.

Отрядга кириб бориб, гулдастани орқамга яширдим.

– Ҳа тинчликми, Тожибой, яна чақир-чақир бўлиб қолди? – дея луқма ташлади  маҳкумалардан бири.

– Тинчлик эмас, мени яна изоляторга қамашмоқчи, – дедим жўртага баланд ва хурсанчилик овози билан.

– Вой, яна нимага? – бир нечта маҳкумалар бирваракайига хитоб қилишди.

Шунда мен орқамга яшириб турган гулдастани бошимга баланд кўтардим:

– Мени яна изояторга қамашмоқчи экан, десамми? – дедим айланиб, гулдастани силкитарканман. – Ҳазиллашдим, мана, кўриб қўйинглар, нима беришди менга!

Кўз ўнгимда маҳкумалар ҳайратининг ўрнини хаяжонли энтикиш эгаллади.

– Вой, вой, ўлмасам, нима бу?! Тирик гулми? Вой, мунчалар чиройли бўлмаса?  – қувончдан қичқиришарди улар.

– Мўътабар опа, бу гулни сизга ким берди? Нимага берди? Ахир тирик гулни қамоқхонага киритиш мумкин эмасди-ку! – дея  хитоб қилди кимдир.

– Мен ҳам билмадим. Чақиртиришган экан, бордим. ДПНКга борсам, Саша Дмитровна бошчилигида жуда кўпчилик ходимлар тўпланиб туришган экан. Биринчи мана бу шеърий телеграммани қўлимга топширишди. Энди чиқиб кетмоқчи бўлгандим, Гули Аҳмаджоновна орқали менга мана шу гулдастани беришди. Гули Аҳмаджоновна менга гулдастани  топширишга рози бўлмаганди. Саша Дмитровна мажбур қилди. Кейин у мени туғилган куним билан табриклаб, гулдастани қўлимга тутди. Хурсандлигимни кўриб, Светлана Петровна бу гулдаста улардан эмаслигини айтди.

Мен эса унга: «Биламан, сизлардан эмаслигини. Лекин кимдан эканлигини айта олмайсизларми?” – деб сўрагандим: “Айтолмаймиз», – дейишди. Майли, кимдан бўлса ҳам, мен учун унутилмайдиган зўр совға бўлди, – дедим энтикиб.

Бу пайтда гулдастани ушлаб кўрмаган, ҳидлаб бағрига босмаган маҳкума қолмади ҳисоби отрядда.

– Энди, Тожибой, сизга бир маслаҳатли гап бор, – деди гулдастани бағрига маҳкам босиб  турган  Машҳура опа оғзини тўлдириб.

– Қанақа гап экан? – сўрадим қизиқсиниб.  

– Бу гулдастани қамоқхонага кириб келишида, яна кимсан, Тожибоевага кириб келишида катта ҳикмат бор. Демак, бу гулларни шундай инсонлар жўнатганки, қамоқхона раҳбарлари йўқ дея олишмаган. Мана, гулларни қаранглар, Ўзбекистонда ўсадиган гуллар эмас. Чет элдан келтирилган гулдаста бўлиши керак бу. Шунинг учун бу гулни сиз ўз “проходингиз”га қўймасдан, энг тўрига, телевизор тагидаги стол устига қўйсак, нима дейсиз? – деди у.

Ҳали мен оғиз очиб улгурмасимдан, Машҳура опанинг таклифига эътироз билдириб қўйишимдан чўчиб турган маҳкумалардан бири гапни илиб кетди.

– Бу ерда ўн – ўн икки йилдан буён ўтириб, тирик гулдаста нималигини унутган маҳкумаларнининг оз бўлса-да шод, хуррам бўлишларига қаршилик қилманг, илтимос, – ўтинишга тушди у. – Мана, мен ҳам олти йилдан буён қамоқдаман. Олти йилдан буён эндигина биринчи марта кўриб турибман тирик гулдастани. Илтимос, тўрида турсин, “политинформатика” пайтида “передный” планда ўтирганимизда гулдастани истаганча томоша қилиш имкониятимиз туғилади.

– Йўқ, мен асло қарши эмасман. Гулдастани ҳамманинг кўзи тушадиган жойга бемалол қўяверинглар, – дедим розилик билдириб.

– Унда келишиб олайлик. Бу гулнинг умри имкон қадар узун бўлиши учун  маҳкумалар ҳар куни биттадан иккитадан оқ қандни гулдастани тагига солиб боради.

Гулдастани умрини узатиш илинжида айтилган бу таклифга маҳкумалар жон деб кўнишди. Бир соатлик “политинформатика” пайтида бугунги мавзу менга келган гулдаста тарихи ҳақида бўлди. Маҳкумалар ўзларича  турли-туман гулларнинг номлари ва қайси гулнинг қайси мамлакатники эканлиги борасида баҳслаша кетишди.

“Политинформатика” тугаши билан отрядимизга отилиб  кирган бошқа отрядларнинг маҳкумалари ҳам гулдастани бир кўришга, ушлаб, хидлаб кўришга ошиқишарди. Улар мендан гулни бир мартагина кўрсатишимни сўрашарди. Мен бу биргина менга эмас, ҳаммамизга киритилган гулдаста эканлигини, хоҳлаган пайтда истаган маҳкумалар кириб, уни кўришлари мумкинлигини айтдим.

Хуллас, бизнинг отрядимизга зона бўйича деярли барча маҳкумалар бир мартадан бўлса-да кириб, гулларни ушлаб, ҳидлаб кўришди, ҳисоби. Отряддаги маҳкумалар гулдаста идиши олдига кичкинагина идиш қўйиб қўйишди. Бошқа отрядлардаги гулдастани кўриш учун кирган маҳкумаларнинг гулларни умрини узайтириш учун олиб чиққан қандлари соладиган  идиш эди бу.

Бутун зонада фақат гулдаста ҳақида гап борарди.

– Сизга келган гулдаста интерполдан юборилган экан, ман билдим, – секингина пичирлади маҳкумалардан бири. 

– Йўғ-е, кимдан аниқладингиз? – сўрадим кулгим қистаб.

– Эй, биласиз-ку, мен ўзимни соддаликка солиб юрганим билан, агентларим етарли. Биласизми нима бўлибди? – деди у кўзларини катта-катта очиб.

– Йўқ, – дедим бош чайқаб.

– Чет элдан юборилган бу гулдастани кеча олиб келган  аэропорт ходимлари қирқ беш ёшга тўлишингиз муносабати билан сизга топширишларини сўрашибди. Муассаса раҳбарлари “Мумкин эмас” деб, бу гулдастани қабул қилиб олишга розилик беришмабди. Шунда халиги аэропорт ходимлари гулдастани сизга топшириш ҳақидаги шартномага қўл қўйганликларини айтишибди. Агар гулдастани менга топширмайдиган бўлсалар, муаммога дуч келишларини тушунтиришибди. Ҳаттоки, уларни шартнома шартини бажармаганликда айблаб, судга беришлари мумкинлигини маълум қилишибди. Лекин улар чет элдаги кучли, қудратли ташкилотлар билан судлашиш истаклари йўқлигини билдиришибди.

Муассаса раҳбарларидан гулдастани қабул қилиб олишни, мабодо қабул қилмайдиган бўлишса, бунинг сабабини ёзма равишда уларга бир ҳужжат шаклида беришларини талаб қилишибди.

Кейинчалик, маъмурият раҳбарлари бу гўзал гулдастани жўнатганлар билан судлашишдан қўрқиб, уни  қабул қилишга, сизга топширишга мажбур бўлишган экан, – деди маҳкума узоқдан узоқ ҳикоясини якунлаб.

Бу гапнинг қанчалар тўғри ёки нотўғрилигини билмайман, лекин маҳкумалар гулдастага алоқадор турли хил миш-мишлар, янгидан-янги хабарларни тарқатаверишади.

Гулдастани менга топширганларининг иккинчи куни, 25 август куни узоқ муддатли учрашувга кириб кетганлар гап топиб чиқишди.

– Вой, Лолажон, биласанми, бугун биз узоқ муддатли учрашувга киритишларини кутиб турганимизда, қамоқхонага жудаям катта саватда шунақанги чиройли гулдастани олиб киришдики! – дебди учрашувга келган  бир маҳкуманинг опаси синглисига.

– Қанақа гул, қанақа сават? – ҳайрон бўлиб сўрабди Лола опасидан.

– Биз учрашувга кириш учун кутиб ўтирганимизда, жуда ҳам чиройли, оппоқ иномарка машинасида келган ғалати формадаги учта эркак катта саватда ажойиб гулдастани кўтариб киришди, – дебди опаси унга жавобан қучоғини очиб кўрсатаркан. – Бундай  катта, бундай ажойиб гулдастани олдин ҳеч ҳам кўрмаганман. Улар қамоқхона ходимларига бу гулдастани қайсидир маҳкумани туғилган куни билан табриклаш учун олиб келганликларини айтишди.

– Бўлмаган гап бу. Қамоқхонадаги маҳкумаларга тирик гуллар киритиш мумкин эмас. Балки бирор-бир қамоқхона раҳбарининг туғилган куни билан табриклаш учун олиб келингандир бу гуллар, – опасининг сўзларини инкор қилибди Лола.

– Йўқ, улар келган пайтларида дадам ташқарида сигарет чекаётгандилар. Улар келган машиналариниям, гулни кўтариб ичкарига кириб кетганлариниям дадам кўрганлар. Мен эса ана онам билан бирга учрашув хонасига таклиф қилишларини кутиб, ичкарида тургандик. Ўша гулдастани олиб келган эркаклар бизнинг ёнимизга келиб, “комната свидания”дагилар билан гаплашишди.

Кейин “комната свидания”даги ходимлар қамоқхона раҳбарларини чақириб чиқишди. Ўша гулдастани олиб келганлар билан қамоқхона рахбарлари гаплашишди. Ўша келган эркаклар билан қамоқхорна рахбарлари анча тортишишди. Адашмасам ўша эркаклар гулдастани қайси бир давлатдан жўнатилганини айтишди, – синглисини ишонтиришга уринибди опаси.

– Бўлмаган гап. Маҳкумалар учун бўлмаслиги керак у гулдаста, – ўз фикрини  уқтиришга  ҳаракат қилибди Лола ҳам.       

– Сизларда бирорта чет эл фуқароси бўлган маҳкума йўқми? – сўрабди опаси. – Балким ўшанга жўнатилгандир?

– Опажон, бу ердаги чет эл фуқароларининг деярли барчаси гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланликда айбланиб, қамалган аёллар. Лекин уларнинг ичида биронта ҳам узоқ мамлакатдан эмас, асосан Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон сингари охирги бўғими тон-тон харфлари билан якунланадиган давлатлардан, – дебди Лола.          

– Билмадим, лекин “комната свидания” ходимлари маҳкумаларга тирик гуллар олиш мумкин эмаслигини айтишди. Гулдастани олиб келган эркаклар эса қамоқхона  раҳбарларини чақиртиришни талаб қилиб, туриб олишди. Кейин рахбарлар чиқиб улар билан узоқ тортишишди – деди опаси.

– Маҳкуманинг фамилиясини айтишмадими улар? – қизиқсиниб сўрабди Лола.

– Айтишганди, – дебди опаси лабларини буриб. – Лекин эътибор қилмабман.

– Кейин нима бўлди? – сабрсизлик билан сўрабди Лола.

– Кейин нима бўлганини билмайман. Чунки бирин-кетин уч нафар  раҳбар чиқиб, улар билан гаплашаётганларида, бизни ичкарига олиб кириб кетишганди, – дебди опаси.

– Қизиқ, кимга келган экан-а, у гуллар? – ўйланиб қолибди Лола.

– Ҳа, яна, айтганча, – дебди опаси эсига тушиб қолганидан қувониб. – Уларнинг қўлларида катта ялтироқ откритка ҳам бор эди.

– Уларнинг қўлидаги нарсани отритка эканлигини қаердан билдингиз? – ажабланиб сўрабди Лола.

– Ўша  қалин ва гулли картон қоғоз ҳам жуда чиройли эди. Икки бетли откритка эди. Лекин анчагина катта откритка эди. Ундаги ёзувларни ўқий олмасдан, ичкаридан чет тилини биладиган ходимларини чақиришганди. Откриткани очиб томоша қилаётганларида кўрдим, – дебди опаси.

Учрашувга кираётган маҳкумаларнинг қариндошлари айтганидек, менга катта ва жуда чиройли саватдаги гулдаста кирмаганди. Менга ўртача катталикдаги одатдагидек гулдаста киритилганди. Бироқ ростдан ҳам бу  гуллар жуда хам чиройли ва антиқа эди. Лекин  чиройли ва нотабиий бўлган бу гулдаста ўралган қоғоз жуда ҳам ғалати, ҳунук эди.

Гулдаста ўралган қоғоз тарихини эса отрядга кириб келган зона фаоли  Шаҳло айтиб берди. Ёши йигирмалардан ўтмаган бу қиз жуда ҳам озғин бўлиб, синглиси Лола билан бирга қамалган, синглиси ҳам Шаҳло каби озғин ва қорачадан келган бўлиб, у лесбиянка эди ва зонанинг қурилиш бригадасида ишларди.

– Оҳ-ҳо, опажоним, гулларни олиб, суюниб ўтирибсизми? Сизга берилиши керак бўлган гулни ўраш учун мана бу қоғозни зонанинг архивидан қидириб топгунча, силламиз қуриб кетди бизнинг, – деди у гулдастани маҳкам бағрига босиб, хидларкан уни қоғозига имо қилиб Шаҳло отрядга кириб келгандан кейин.

– Сизни тушунмадим, Шаҳло. Нимани айтяпсиз? – дедим ҳайратланиб, – Гулдаста шу қоғозга ўралган ҳолда келган эмасмиди?

– Йўқ. Гулдастанинг қанақа қоғозда ёки нимада келганини кўрганим йўқ. Биз фаолларга гулдаста ўраш учун қоғоз топишни буюришди. Биз тўрт нафар фаоллар эрталабдан бошлаб, уч соат ичида қидириб, зўрға шу қоғозни топгандик. Ишонмасангиз, кўришингиз мумкин, қоғозни ичида қанақадир график чизилганди, – деди Шаҳло гулдаста ўралган қоғозни ички томонини кўрсатди.

Шундан тушуниб етдимки, катта саватда келтирилган гулдастани менга топширамиз, деб қабул қилиб олишган. Лекин турли қийноқларга солинган маҳкумага бунақанги мўъжизавий гулдастани топшириб, маҳкумалар орасида обрўйимни кўтариб юборишдан қўрқиб, уни кичрайтиришган. Саватдаги гулдастани ўзларига олиб қолиб, унинг ичидаги гуллардан суғириб олиб, гулдаста ясаганлар. Кейин уларни менинг қўлимга тутқазганлар.

Қамоқхонадаги фуқаролик жамияти фаоллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар, мухолифатчилар, диний маҳкумларга нисбатан қанчалар даражада хайвоний муносабатда бўлишмасин, улар ҳар бир дақиқада, сонияда, ҳаттоки тушларида ҳам мана шундай ёрдамга, маънавий кўмакка интиқ бўлиб, нажот кутишларини, қилинган ҳар қандай эътибор қамоқдаги фуқаролик жамияти фаолига куч-қувват ҳадя этишини юрак-юракдан ҳис қилиб турардим.

Бугунги кундаги Ўзбекистонни устини қалин музлик қоплаган улкан дарёга ўхшатаман. Музлик тубидаги жонзотлар мададга муҳтож, уларни очлик ва хаво етишмаслиги қийнамоқда, эркинлик етишмайди.

Ташқаридан уларга ёрдам бериш учун қилинган ҳар қандай ҳаракат натижаси кўринмайди. Музликни ёриш учун тош отсангиз, акс садони эшитасиз, холос.

Ўзбекистон ҳукумати бугунги кунда Халқаро ташкилотлар қилаётган чақириқларига музнинг акс-садосидек, инсон хуқуқлари масаласида янада вазиятни оғирлаштириш билан жавоб бермоқда, холос.

Аммо шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, мана шундай музликларни, ҳаттоки қамоқхона темир панжараларини ҳам ёриб ўтишга қодир кучлар борки, уларнинг саъйи-ҳаракати билан адолат, ҳақиқат ғалаба қилишига инсонларнинг умиди бор.

Ўзбекистондаги аёллар қамоқхонасига кириб борган Ирландиядаги Халқаро Фронтлайн ташкилоти вакилларининг менинг қирқ беш ёшга тўлишим муносабати билан табриклаб, юборган гулдасталари режим устидан қилинган юксак ғалаба бўлди десам, муболаға бўлмайди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.