Толиб Ёқуб: Ўзбекистон шакар экспорти бўйича МДҲда етакчи давлатга айланиши мумкин
Зўр мутахассислардан эшитганман: 2-Жаҳон уруши тез орада бошланишини ўша пайтдаги СССР раҳбари И.Сталин олдиндан билган экан. Шакар оддий халқ учун ҳам, урушаётган армия учун ҳам ўта зарур маҳсулот эканини тушунган И.Сталин Украинадан шакар ишлаб чиқарадиган барча заводларни демонтаж қилиб зудлик билан Ўзбекистон ва Қирғизистонга жўнатишга буйруқ беради.
Шундай заводларнинг бири Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида қайта тикланган бўлиб, менинг тоғам шу заводда ишлар эди. 1955 йилда дадам ва мен тоғамнинг Булунғурдаги уйига борганимизда ўша заводни тамошо қилган эдик. Болалик йилларимдан хотира: дадам иккаламиз заводдан ташқарида эни ва баланлиги камида 4 метрдан (кўндаланг кесими квадрат бўлган), узунлиги камида 15-20 метр келадиган, ичи қанд лавлаги билан тўлдирилган, усти ва атрофи қалин лой билан сувалган ва “кагат” дея аталадиган қатор баҳайбат, ётқизиб қўйилган тўртқиррали параллелопипед “бино”ларни тамошо қилдик.
Қарасак, кагатлар орасидаги ариқларда сув шиддат билан оқиб турибди, ишчилар эса кагат тепасида туриб лавлагиларни ариқларда оқаётган сувга ташламоқдалар. Кейинроқ билсак, лавлаги сув оқимининг кучи билан тўғри завод ичига кириб борар экан.
Айтишларича, 2-Жаҳон уруши пайтида Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари бутун СССРни ва урушаётган армияни шакар билан таъминлаб туришган экан. 1955 йилдан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистондаги шакар заводлари демонтаж қилиниб Украинага қайтарилган, шундан кейин Украинадан вагонлаб шакар олиб келиб Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда, сотадиган “шакар мафияси” пайдо бўлди.
Парадоксга эътибор қилинг: бир томондан – оғир уруш йилларида СССР таркибидаги икки жанубий респубдика бутун мамлакат ва урушаётган армияни шакар билан тўлиқ таъминлаб турган, иккинчи томондан, қанд лавлаги экиш, чет эллардан шакар ишлабчиқарадиган заводлар сотиб олиб шакар ишлабчиқаришни йўлга қўйиш ўрнига мафия худди шу икки республикада шакарни Украинадан олиб келиб сотмоқда!
Урушдан кейинги йилларнинг бирида дадам томорқамизга қанд лавлаги экдилар. Лавлагиларнинг баҳайбатлиги ҳаммани ҳайратга солди – биттасини торозуда тортиб кўришганда у 23 кг тош босди! Сабаби оддий: лавлаги таркибида қанд моддасининг кўплиги Ўзбекистонда Қуёш радиацияси ўта кучли эканлигидан келиб чиқади!
Уруш йилларида кўп оилаларни очлик ва ўлимдан тут меваси ва қанд лавлаги сақлаб қолди: оилалар лавлагини қайнатиб (пишириб) ейишарди, ҳар куни нонуштада лаган-лаган тут қоқиб дастурхонга қўйишарди, тут меваси ва қанд лавлагидан шинни тайёрлашарди.
Алишер Тошканбоев Жиззах вилоятига ҳоким этиб тайинланган йили Олий Мажлис депутати жиззахлик Мели Қобилов Туркияга бориб турк ишбилармонлари билан ҳамкорликда Жиззахда қанд лавлагидан шакар ишлабчиқарадиган чоғроқ завод қурмоқчи бўлди, Жиззах вилоятидаги бир неча совхозлар билан юзлаб гектар майдонга қанд лавлаги экишга шартномалар тузди, бироқ ҳоким ўзига катта “доля” талаб қилгани сабабли завод Жиззахда қурилмади, турк тадбиркорлари эса заводни Қозоғистонда қуришди.
Агар Ўзбекистонда:
1) фермерларнинг бир қисми ўз ерига қанд лавлаги экишса,
2) шакар ишлабчиқаришга қизиққан тадбиркорлар чет эллардан юқори самарали қанд ишлабчиқарувчи заводларни сотиб олиб мамлакатнинг турли ҳудудларида қуришса,
3) улар фермер хўжаликларида етиштирган қанд лавлагини фермерлардан муносиб нархда сотиб олиб мамлакатда шакар ишлабчиқаришни йўлга қўйишса, тез орада Ўзбекистон нафақат Мустақил Давлатлар Ҳамкорлиги (МДҲ), балки МДҲдан бошқа бир қатор бошқа мамлакатларга шакар экспорт қилиш бўйича ҳеч қийналмасдан етакчи давлатга айланиши мумкин.
Бундан ташқари, шакар заводи ишлаши жараёнида қанд лавлагини “сиқиб сувини олади”, “туппа”сини эса ташлаб юборади – лавлаги туппаси эса қорамол учун ажойиб озуқадир. Бошқача айтганда, қанд лавлагининг ташлаб юбориладиган мисқолча жойи йўқ – қорамолни семиртирадиган емишлар орасида қанд лавлаги туппаси олдига тушадиган озуқанинг ўзи йўқ! Қанд лавлаги эккан фермер ютса ютади-ки, ҳеч нарса ютқазмайди.
У:
1) лавлагини келишув асосида заводга сотиши;
2) завод ташлаб юборадиган лавлаги чиқиндисини сотиб олиши;
3) заводга яқин жойда қорамол боқадиган ферма ташкил қилиши;
4) қорамол гўштини сотиши ёки колбаса ишлабчиқарувчи цех қуриб аҳоли эҳтиёжини қондириш йўлида катта даромад қилиши мумкин. Кони фойда!
(Тамом).
Fikr bildirish