Толиб Ёқуб: Пахта ва пилла – Ўзбекистон учун қай бири фойдали?

Толиб Ёқуб

Пахта ва пилла етиштиришга қанчадан вақт, меҳнат ҳамда табиий ва техник ресурслар сарф бўлади? Келинг, таққослайлик:

а) ПАХТА етиштиришга камида 9 ой вақт кетади (март-ноябрь):

бу орада ерни ҳайдаш, бороналаш, молалаш, шўрхок ерларда ерости сувларини қочириш, тупроқнинг сув балансини сақлаш учун дренаж ариқлар қазиш керак бўлади;

бу ишларнинг барчаси техника (трактор, автоулов, тележка ва б) ёрдамида бажарилади, техника ҳаракатланиши учун эса ёқилғи (солярка, бензин) ва мойлаш материаллари сарфланиши лозим;

ПИЛЛА етиштиришга 1 ой, нари борса 1,5 ой вақт кетади; пилла қуртининг озуқаси тут барги эканлигини ҳамма билади – тут эса ҳамма жойда, ҳатто йўл чеккасида ҳам ўсаверади; тут “беор”   дарахт – у унча-мунча сувсизликни “назар-писанд қилмайди, “тишни тишга” қўйиб ўсаверади; пилла қурти сув ичмайди, пахта эса чигити униб чиққан (март ойи) дан бошлаб то пахта терими бошланадиган сентябрь ойигача суғорилади;

б) ПАХТА очиқ далаларда ўстирилади, ПИЛЛА қурти эса ёпиқ иморатлар ичида боқилади; ҒЎЗА яхши ривожланиши учун эгат оралари камида 2 марта культивация қилиниши керак.

Мақсад: ёввойи ўтларни камайтириш, ғўза илдизларига кислородни етарлича етказиб бериш, эгатлар орасида сув бемалол оқишини таъминлашдан иборатдир. Бу ишлар, табиий, техника ёрдамида амалга оширилади – яна харажат устига харажат! Ғўзани август ойида чеканкалаш лозим – акс ҳолда у шохалаб кетаверади, “ҳосил”нинг залвори эса сезиларли кам бўлади. СССР даврида чеканка қўл билан қилинган, кейинчалик тракторларга тез айланувчи осма “паррак-пичоқ”лар ўрнатилди – яна инсон ресурси ёки техника ишлатилди!

Пахта терими том маънода ўлимга айланди:

қанчадан-қанча одамлар пахта даласида жон берди, автоаварияларда ўлди, жиҳозланмаган совуқ дала шийпонларида яшашга мажбурланган теримчилар эса оғир касалликларга дучор бўлдилар;

мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртлари ёпилди, ўқишлар қолиб кетди – ҳамма пахта теримига жалб қилинди;

Ўзбекистонда СССР давридаги болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат сақланиб қолди; пахта сотиб олувчи давлатлар Ўзбекистонга нисбатан турли иқтисодий санкциялар эълон қилишди;

Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг ўта салбий назарига тушди.

Пиллачиликни бошидан-оёғигача – тут шохини кесишдан тортиб то пиллани дастадан ажратиб олишгача – механизациялаштириш қийин эмас.

Бунинг учун “қўли” турли механик операция (амал)ларни бажарувчи митти тракторлар паркини яратиш етарлидир. СССР даврида пилла қурти боқувчи хонадонлар олдида: “пилла қуртини қаерда боқишимиз керак?” деган улкан бир муаммо турарди, ҳукуматнинг мазкур муаммога жавоби эса: “Қаерда боқардинг – уйингни бўшатасан, кўрпа-ёстиғингни, ашғол-дашғолингни ҳовлингга олиб чиқасан, бир ой ўтади-кетади, ўлиб қолмайсан, яна кўч-кўронингни ичкарига ташийсан – тамом вассалом! Эътирозга ўрин йўқ! Зато тут шоҳ-шаббасини ўтинликга йиғиб оласан!” бўларди.

Стоп! Стоп! (Тўхтанг! Тўхтанг!). Нималар деяпсиз? Замон ўзгарди, меҳнатга муносабат ўзгарди, давлат раҳбари ўзгарди! Инсонларга эркинлик берилди – билиб-билиб ишингни қил, дейилди! Билиб-билиб иш қилиш даври келди!

Бу – совет даври эмас, икки оёғингни бир этикга тиққан Каримов даври ҳам эмас! Билиб-билиб ишингни қил! Ижод билан шуғуллан! Ўзинг ўрган, ўзгага ўргат! дейилмоқда. Бундан буён пилла қурти боқиш учун ҳар йили одамлар уйидаги кўч-кўронини орқалаб ҳовлига ташийдиган, бир ойдан сўнг уларни инқиллаб уй ичига қайтадан ташийдиган совет даври ва Каримов даври энди такрорланмайди, дейилмоқда.

Демак, янги ғоялар керак. Пиллачиликда янги ғоя ўз-ўзидан кўриниб турибди: Ҳеч ким ўз уйида пилла қурти боқмайди! Уйдаги кўрпа-ёстиқ, ашғол-дашғол жой-жойида тураверади!

Ҳар бир қишлоқ, ҳар бир посёлка ва, ҳатто, ҳар бир шаҳарда пилла етиштиришга ич-ичидан мойил бўлган инсонлар ва оилалар бирлашиб кооперативлар тузадилар, кооперативнинг иш фаолияти, молиявий таъминоти, ишчиларнинг ишҳақи, раҳбариятнинг вазифалари, тут плантацияларини ташкил қилиш, уларни парваришлаш, кооператив эҳтиёжи учун йирик заводларга “қўли” тут новдасини кесувчи, ундан баргни ажратувчи, баргни пилла қурти боқилаётган сўкичаклар узра ёювчи (ташлаб чиқувчи), пилла қурти пилла ўрашга ўтирганда шувоқ ўсимлигидан даста ясовчи, уларни сўкичаклар устига ётқизувчи, пилла қурти пиллани ўраб бўлгач, дастадан пиллани ажратиб олувчи ва бошқа турли механик ҳаракатларни амалга оширувчи митти-электротракторларни ишлабчиқаришга буюртма бериш ҳақида низом (устав) ишлаб чиқадилар, уни йирик мутахассислар кўригидан ўтказадилар, ишни молиялаш мақсадида йирик банклар билан шартномалар тузадилар. Пилла қурти хонадонларда боқилмаслиги юқорида айтиб ўтилди.

У ҳолда, пилла қуртини қаерда боқиш керак? Бу масала осон ечилади: кооператив ташландиқ бир жойдан ер сотиб олади ва ўша жойда йирик [ўлчами: бўйи камида 50 м., эни камида 20 м., баландлиги камида 10 м.] бино қуради. Бино кўпфункционалли, яъни, ундан нафақат пилла қурти боқиш учун, балки пилла “сезони” тугагач, турли бошқа мақсадларда: мас., қишлоқхўжалик маҳсулотларини сақлаш, уларни қайта ишлаш, савдо шаҳобчаларига чиқариш учун қайта ишланган маҳсулотни шиша-банкаларга жойлашда фойдаланиш мумкин бўлади.

Маълум-ки, пилла қурти бино ичидаги ҳарорат (температура) ўзгаришига ўта сезгир бўлади – у ҳарорат сал иссиқлашса ҳам, сал совуқлашса ҳам қирилиб (ўлиб) кетиши мумкин. Демак, бино битгач, унинг ички ҳароратини мўътадил режимда ушлаб турувчи, доимий электр энергияси билан таъминларган, турли датчиклар билан жиҳозланган махсус автоматик қурилма ўрнатилиши лозим. Бундай қурилмани ишлаб бериш олим ва инженерлар учун муаммо эмас. Бино ичида сўкичаклар бир неча қаватдан иборат бўлиши мумкин.

Сўкичаклар устига барг ташлаб чиқишни механизациялаштириш қийин эмас – бунинг учун бино ўртасида, бўйибаробар, яъни, бинонинг кириш эшигидан то бинонинг охиригача бўлган йўлакда сўкичаклар устига барг ташлаб чиқувчи митти-электротрактор ҳаракатланиши етарлидир. Кооператив тайёрлаган маҳсулот (пилла) СССР ва И.Каримов давридагидек давлатга топширилмайди – уни кооператив ўзи истаган жой (давлат, фабрика, савдо корхонаси ва ҳ.)да реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлади: олинган даромаддан давлатга солиқ тўлаш – кооперативни давлат билан боғловчи ягона “ип” (“арқон”, “тасма”)дир.

Дунёда пиллачилик ва Ўзбекистоннинг ундаги ўрни ҳамда келажаги (переспективаси) масаласини кўриб чиқайлик. Википедиянинг берган маълумотига қараганда Хитой ҳар йили 500 минг тонна пилла тайёрлаб дунёда биринчи, Ҳиндистон 250 минг тонна пилла тайёрлаб иккинчи, Ўзбекистон эса 25 минг тонна пилла тайёрлаб учинчи ўринни эгаллар экан.

Тайёрланаётган пилланинг сифати ҳақида сўралганда биз мазкур саволга жавобни Британия Жуғрофик Жамияти (БЖЖ) нашр этган журналда топишимиз мумкин [пастда келтирилган иқтибосни шахсан ўқиганман, лекин, афсус, мен журнал номери ва нашр этилган санасини эслай олмадим]: “Қуёш радиациясининг интенсивлиги (яъни, кучи) бўйича Ўзбекистон дунёда биринчи ўринда туради”  [иқтибос тугади].

Мазкур иқтибосни чапани ўзбек тилига ўгирсак, у: “Ўзбекистон ёзида ҳамма нарса, ҳатто, одам ҳам пишади!” деган жумлага айланади – бошқача айтганда, Ўзбекистон қовунининг шираси тилни ёради! Тут барги Қуёш радиациясига “тўяди”! Ўзбекистон ёзи давомида турли ўсимлик уруғини экиб икки марта ва, ҳатто, уч марта ҳосил олиш мумкин! Ўзбекистон ёзини далада ўтказган ҳар қандай деҳқон ҳам “пишади”, яъни, ҳар қандай касалликдан форуғ бўлади! Шулардан келиб чиқсак, Ўзбекистон пилласи дунёда энг экологик тоза, толаси энг бақувват, энг харидоргир маҳсулотдир.

Ҳикоя. Франциядалигимда, бир сафар офиси Парижда жойлашган “Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси”нинг ходимаси Александра Кулаева мени уйига таклиф қилди. Бордим. Уйининг бир хонаси деворига бир неча қатор фотосуратлар илинган бўлиб, уларнинг деярли ҳаммаси А.Кулаеванинг турмушга чиқиш тўйида олинган экан. Одатда европалик келинлар тўйда келин либоси – ўта бежирим қилиб тикилган, этаги ерда судралиб юрадиган, матоси ўта харир (юқа) бўлган оқ кўйлак кийишади. Қарасам, А.Кулаеванинг келинлик либоси марғилон шойисидан тикилган экан. Ҳайрон бўлдим. Сабабини сўрадим.

Тушунтирди: “Агар Ўзбекистон марғилон шойисини Францияга экспорт қилса, у француз аёллари орасида тала-тала бўлиб кетади. Бир дугонам Ўзбекистонга бориб келди ва келишда, менинг илтимосимга кўра, менга келинлик либосига етадиган марғилон шойисидан олиб келди. Тўйда мен маликага айландим – ҳамма аёлларнинг кўзи менга тикилган, улар бир-бир менинг олдимга келиб либосимни қўли билан силаб-силаб кўришди, ҳаммасининг кўзи ёниб турибди!” [Ҳикоя тугади].

Хулосани ўзингиз қилаверинг.

Қизиқ, пахта даромадлими, пилла даромадлими? Ҳар йили Ўзбекистон пахта сотиб 1(бир) миллиард доллар нари-берисида даромад қилади, деб эшитганман. И.Каримов ўлмаганда буни ундан сўраса бўларди, чунки у ҳар йили Буюкбританиянинг Ливерпуль шаҳрида ўтказиладиган жаҳон пахта савдоси пайтида Ўзбекистон пахтасини сотувга қўярди.

Пахта сотувидан тушган даромад Ливерпуль банкига кимнинг номига қўйилиши алоҳида масала – буни И.Каримовдан бошқа ҳеч ким билмайди, бироқ расмий хабарларга кўра пахта сотувидан келган даромад 1 миллиард доллардан ошмайди. Ўзбекистонда пилла ҳам, пахта каби, давлат монополиясига киради – бу СССР давридан бери шундай. Хитойни билмадим, бироқ дунёнинг бошқа давлатларида пилла етиштириш хусусий қўлларда, деб эшитганман. Пиллани қайта ишлаш бўйича энг илғор мамлакат Италия, шойи материалларни энг кўп сотиб оладиган мамлакат АҚШ дейишади.

Агар Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти пахтачиликдан деярли тўлиқ воз кечиб халқнинг ғайратини тўлиқ пиллачиликга йўналтирса, у ушбу ютуқларга эришиши шўбҳасиздир:

(А): Баҳайбат экин майдонлари бўшайди – у ерларда боғдорчилик ва полиз экинларини етиштиришни йўлга қўйиш мумкин;

(Б): Катта миқдорда сув ресурслари тежалади – уларни тутзорлар, боғлар, полиз экинларини суғоришга йўналтириш мумкин;

(В): Катта миқдорда ёқилғи (солярка, бензин) ва мойлаш (солидол ва б.) ресурслари тежалади. Ер ҳайдовчи баҳайбат тракторларга ҳожат қолмайди. Пахта парваришида ишлатиладиган тракторларга ҳам ҳожат қолмайди; 

(Г): Пахтадан фарқли ўлароқ, ипак қурти боқиб ҳар йили камида икки марта [апрель-май ва сентябрь-октябрь ойлари] “ҳосил” (пилла) олиш мумкин;

(Д): Пахтадан фарқли ўлароқ, пиллачиликни тўлиқ механизациялаш мумкин;

(Е): Пилла етиштирувчилар йилига Ўзбекистон пилласининг жаҳон бозоридаги салмоғи (миқдори)ни ҳеч қийналмасдан 250-300 минг тоннага етказишлари, яъни, бу соҳада Ўзбекистон Ҳиндистонни ортда қолдириши мумкин;

( Ж): Пиллачиликда икки марта ҳосил олинганда ҳам пилла етиштириш пахта етиштиришга ўхшаб қорли-қировли кунларга қолиб кетмайди; ёмғирли кунлар жиҳозланган махсус биноларда боқилаётган пилла қуртларига таъсир этмайди;

(З): Пиллага нисбатан давлат монополиясига барҳам бериш, яъни, пилла етиштиришни хусусийлаштириш пиллачиликни ривожлантиришда фақат ижобий роль ўйнайди;

(И): Марғилон атласи яна дунё аёлларининг севимли кийимини тикиш учун асосий материалга айланиши мумкин;

(К):  Пилла хомашъё шаклида эмас, балки шойи материал ва шойи ип (калава) шаклида экспорт қилинса, унинг фойдаси камида 10 баробар ошади;  

(Л): Пахта (сотиш, газлама ишлабчиқариш ва ҳ.) дан Ўзбекистон ҳар йили 1(бир) миллиард доллар даромад қилса, пиллачилик унга камида 10 миллиард доллар даромад келтириши мумкин.

(Тамом).

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.