Толиб Ёқуб: СССРдан қолган руслаштириш сиёсатидан воз кечиш вақти келди

Толиб Ёқуб

Ҳар қандай империя босиб олган ҳудуд халқлари онгига ўз алифбоси, тили, урф-одатлари, маданияти ва бошқа қадриятларини сингдиришга ҳаракат қилган. Араблар истеълоси даврида кўп халқлар, жумладан Марказий Осиё халқлари ҳам, ўнгдан чапга қараб ёзиладиган араб алифбосини қабул этишга мажбурланганлар. Улкан Британия империясида инглизлаштириш, Африканинг салкам ярмини босиб олган Франция империясида французлаштириш, Жанубий Америка (ЖА)нинг Аргентина, Боливия, Венесуэла, Чили ва бошқа бир қатор мамлакатларида испанлаштириш сиёсати олиб борилган.

Худди шундай ЖАда энг йирик давлат Бразилия ўз вақтида португаллаштириш жараёнини бошидан кечирган. Россия Федерацияси дунёда сақланиб қолган охирги империялардан биридир. Хитой, Буюкбритания, Канада ва ҳатто АҚШ ҳам моҳиятан империя ҳисобланади.

Инсоният тарихи ҳар қандай империя охир-оқибат ўз умрини ўтаб бўлиши ва парчаланиб кетишини исботлади. Бир пайтлар Марказий Америкада яшаган мая халқининг қудратли империяси, Рим империяси, Чингизхон империяси, Амир Темур империяси, Усмонли турклар империяси, Наполеон Бонапарт империяси, … ва СССРга нима бўлди? Тўғри,  титилиб-титилиб, парча-парча бўлиб кетди!

СССРнинг парчаланишини рус тарихчиси Андрей Амальрик 1969 йилда ўзининг “Совет Иттифоқи 1984 йилгача яшай оладими?” номли мақоласида башорат қилган бўлиб – у бор-йўғи 6 йилга адашган эди, холос. Чамамда, иқтисоди нефть ва газ сотишга таяниб қолган, ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) дунё ЯИМининг бор-йўғи 2%ини ташкил қилган [қиёслаш учун: АҚШнинг ЯИМи дунё ЯИМининг 20%ини ташкил этади] Россия Федерацияси (РФ) ҳам ўз умрининг охирги ўн-ўнбеш йиллигини бошидан кечирмоқда.

Руслар Марказий Осиё (МО)ни, шу жумладан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларини икки марта босиб олган – биринчи марта Чор Россияси армияси томонидан XIX-аср ўрталарида, иккинчи марта XX-асрнинг 20-йилларида В.Ленин ва И.Сталин бошчилигидаги большевик тўдалар томонидан босиб олинган. Мустамлака қилинган мамлакат халқи онгини қулликда ушлаб туришнинг энг осон ва самарали йўли унга нисбатан “…лаштириш” (руслаштириш, инглизлаштириш, французлаштириш ва ҳ.) сиёсатини олиб боришдир.

Биринчи босқин даврида Чор Россияси томонидан руслаштириш сиёсати олиб борилганми-олиб борилмаганми – бу ҳақда менда маълумот йўқ. Салкам 100 йилдан кейин “марксизм-ленинизм” ғоялари билан қуролланган большевиклар марказий осиёликларга нисбатан руслаштириш сиёсатини ўтказишга астойдил киришдилар: энг осон йўли – халқни шундай кунга солиш керак-ки, у (халқ) ўзлигини йўқотсин, кимлигини унутсин!

Бунинг иккита йўли бор:

1) халқнинг асрлар давомида фойдаланиб келган алифбосидан мосуво қилиш (иложи бўлса бир неча марта);

2) авлоддан авлодга ўтиб келган исм ва фамилияни руслаштириш.

Биринчи масала осон ечилди: асрлар давомида фойдаланиб келинган, ноёб тарихий, жуғрофик, илмий ва тиббий асарлар ёзилган араб алифбоси аввал лотин, кейин кирилл алифбосига алмаштирилди. Айтишларича, бу жараён икки марта такрорланган.

Вақт ўтиши билан араб алифбосини мукаммал билган, унда битилган китобларни ўқий ва таҳлил қила оладиган ҳамда илмий ишларни ривожлантира оладиган мутахассислар аста-секин фоний дунёни тарк этгач, улардан кейин пайдо бўлган янги авлод аросатда қолди:

У

1) араб алифбоси ва имлосидан мосуво этилган;

2) буюк мутафаккирлар асрлар давомида ёзиб қолдирган ноёб асарларни ўқий олмас ва, демак, олдинги авлодлар қолдирган илмий бойликлардан узилган;

3) йўқотилган илмий бойликларни қайта тиклашга мажбурланган авлод эди.

Марказий осиёликлар, жумладан, ўзбекларга руслар томонидан берилган иккинчи зарба бундан-да даҳшатлироқ бўлди – улар ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ва туркманларнинг исм ва фамилияларини руслаштира бошладилар. XIX-аср ва ундан аввал ижод этган мутафаккирлар Алишер Навоий, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад Фурқат ҳамда ХХ-асрда яшаган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Комил Хоразмий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймонўғли Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Набихон Чустий, Асқарали Ҳамроали ўғли Чархий, Усмон Носирнинг исм ва фамилиялари миллийлиги ва жарангдорлиги билан ажралиб туради.

Бироқ, ўзбекларда “Арип” деган исм ҳам, “Арипов” деган фамилия ҳам бўлмаган, “Ориф” деган исмни эса ўзбеклар ўғилларига бажону-дил қўйишган. Ўзбеклар боласига “Талиб” ёки “Якуб” деган ном беришмаган, “Толиб” ёки “Ёқуб” дейишган. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Орифнинг фамилияси “Арипов”га, менинг исм ва фамилиям эса “Талиб Якубов”га айланиши руслаштириш сиёсатининг бевосита натижасидир.

СССР пайтида Арманистон, Гуржистон, Литва, Латвия ва Эстония халқлари руслаштириш сиёсатини қабул қилмадилар, улар ўз тили, алифбоси, маданияти ва кўпгина бошқа қадриятларини сақлаб қолдилар. Яккам, дуккамларни ҳисобга олмаганда, ана шу халқлар вакилларининг барчаси фамилиялари ва отасининг исмига русча “ов”, “ова”, “ев”, “ева”, “вич”, “на” каби “думча”ларни уламадилар. Ютуқ нимада кўринди?

Мазкур халқларга мансуб одамларнинг фамилиясини эшитибоқ (ўқибоқ) дунё бўйлаб инсонлар улар қайси миллат вакиллари эканини: “Бу – арман экан”, “Бу – гуржи экан”, “Бу – литвалик экан”, “Бу – латвиялик экан”, “Бу – эстон экан” дея адашмай айтадиган бўлишди.

Бу халқлардан фарқли ўлароқ ўзбеклар ўз фамилияларининг жозибали жаранглаши билан эмас, бошидаги дўпписини “кўз-кўз” қилиб мақтана бошладилар – ҳатто, қайсидир бир шоир: “Бошда дўппим, дунё бўйлаб мағрур юрибман, шу сабаб ҳамма мен ўзбек эканлигимни англайди” қабилида шеър ёзди, қайсидир бир ҳофиз эса уни ашула қилиб катта саҳналарда айтиб юрадиган бўлди.

СССР даврида мамлакатнинг ҳар бир “қарич” ерида большевиклар аҳоли устидан оммавий (тотал) назорат ўрнатишни йўлга қўйдилар – шундай назоратлардан бири ЗАГС [Запись Актов Гражданского Состояния – Фуқаровий Ҳолатни Қайд Этиш (ФҲҚЭ)] бўлиб, рус босқинидан илгари Марказий Осиё (МО)даги Бухоро амирлиги ва Қўқон ҳамда Хива хонликларида бундай назорат органи бўлмаган.

Бундай назоратни йўлга қўйиш учун большевиклар Россиядан ўнминглаб рус ва руслашган татар ҳамда бошқирдларни МОга сафарбар қилишган – улар ўзбек, қозоқ, тожик, туркман, қирғиз ва бошқа халқлар вакилларидан: “Сенинг исм ва фамилиянг қандай ёзилади?” деб сўраб ҳам кўрмаган, уларнинг исм ва фамилияларига русларга хос “думча”ларни улаб, ўзлари исм ва фамилияни қандай талаффуз қилган бўлсалар ҳужжатга ўшандай ёзаверишган.

СССР давридан қолган бир латифа (анекдот): Бир одам дўстлари даврасида куйиниб гапирмоқда – ўғлим туғилганда унга “Собит” деган исм қуювдим. Унга метрика (туғилганлик гувоҳномаси) олиш учун ЗАГСга бордим. Уйга келиб метрикага қарасам ЗАГС ходимаси “с” ҳарфини тушириб қолдирибди – ўғлимнинг исми “Обит” бўлиб қолибди. “Ҳа, майли, бу исм ҳам ёмон эмас – биз камбағалларга бўлаверади” деб қўяқолдим.

Ўғлим мактабни битириб аттестат олди ва уйга келиб, қувониб, аттестатини менга қўрсатди – қарасам, туман маориф бўлими ходимаси аттестатни тўлдираётиб “о” ҳарфини тушириб қолдирибди. Бориб жанжал қилдим, “о” ҳарфини тиклаб бер, дедим – унамади, шу-шу ўғлимнинг исми “Бит” бўлиб қолди. Келгуси ойда ўғлим институтни битиради, диплом олиши керак, инрститут кадрлар бўлимида “б” ҳарфини тушириб қолдиришса-я, деб қўрқиб ўтирибман; [Латифа тугади].

Латифа деймиз-у, айб халқимизнинг ўзида – келгинди босқинчилар нима деса, нима қилса кўникиб кетаверган. Талаб қилмаган. Курашмаган. “Борига – барака” деб юраверган.

Адашмасам, 2013 йилда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат фуқароларига ёппасига биометрик паспорт бериш кампаниясини ўтказди. Назаримда, мазкур кампания исм ва фамилияларни миллийлаштириш, руслаштириш сиёсатининг маҳсули бўлган фамилия ва отчество (отасининг исми)лардан “ов”, “ова”, “ев”, “ева”, “вич” ва “на” каби “думча”ларни йўқ қилиш бобида идеал имконият туғдирган эди.

Бу тадбирни ҳукумат шошмасдан, масалани ечишда унинг муҳокамасини олимлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик диққатига ҳавола қилиб ўтказганда эди нур устига аъло нур бўлган бўлар эди. Менинг миямдан бир фикр сира нари кетмайди. Қаранг: 99% арманлар фамилиясида “ян” миллий қўшимчаси мавжуд. Гуржиларнинг фамилиясида эса битта эмас, “швили”, “адзе” (“идзе”), “ая” (“ия”) каби бир неча миллий қўшимчаларни кўрамиз.

Туркий халқлар, хусусан ўзбеклар, фамилияларида илгари миллийлик бўлмаганми? Бўлган! Бўлганда қандоқ! Алишер Навоий қайси асрда яшаган? Муҳаммад Аминхўжа Муқимий-чи? Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг фамилияси ва отчествоси (отасининг исми)га қаранг – қайси армани ёки гуржиникидан кам?

И.Каримов миллатпарвар раҳбар бўлганда эди, у Ўзбекистоннинг етук олимлари ва бошқа мутахассисларини олдига чорлаб, уларнинг олдига:

1) ўзбеклар фамилияси учун миллий, жарангдор ва жозибали “қўшимча” ўйлаб топинг-ки, дунёдаги ҳар қандай одам: “Бу – ўзбекнинг фамилияси!” дейдиган бўлсин;

2) Ўзбекистонда руслаштириш сиёсати ҳукм сурган пайтда ҳамма ҳужжатлар [метрика, аттестат, диплом ва паспорт] руслаштирилган эди – биз бунга чек қўймоқчимиз. Метрика, аттестат, диплом ва паспортни ўзгартириб бўлмайди-ку – улар ишламай ётаверадими? Улар ишлаши учун нима қилиш керак? каби муайян масалалар қўйган бўларди.

Мен аминман: олимлар ва бошқа мутахассислар [ёзувчилар, шоирлар, лингвистлар, ўқитувчилар ва бошқа касб эгалари] мазкур икки масала ечимини бажону-дил топиб беришган бўларди. Бироқ, бундай бўлмади, чунки И.Каримовнинг ўзи руслаштириш сиёсати қон-қонига сингиб кетган қип-қизил руспараст инсон эди.

И.Каримов 27 йил давомида ўзбек тилини мукаммал ўзлаштириши мумкин эди – бироқ у ўзбек тилида чала-чулпа гапиришдан нарига ўтмай ўлиб кетди. Унинг хотини Татьяна Каримова, қизлари Гулнора ва Лола Каримова ҳам давлат тилини ўрганишни истамадилар. Унинг неваралари (кичик) Ислом ва Имон ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Унинг 27 йиллик раҳбарлиги пайтида ҳукуматнинг барча ҳужжатлари рус тилида ёзилди ва таржимонлар томонидан улар ўзбек тилига ўгирилди.

Миллий фамилияни шакллантириш қисман Озарбойжон ва Тожикистонда олиб борилди. Мас., Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов фамилиясидаги русча “ов” қўшимчасини ахлатга улоқтирди – унинг бу ташаббусини давлатнинг кўпгина мулозимлари қўллаб-қувватладилар.

Бироқ, бу ташаббус Россия Федерацияси маъмурларининг қаршилигига дуч келди – улар фамилияси миллийлашган тожик меҳнат муҳожирларини Россиядан бадарға қила бошладилар, иш бермай қўйишди ёки ишдан ҳайдай бошладилар. Шу билан Тожикистонда миллий фамилияга ўтиш деярли тўхтаб қолди. Худди шундай қаршиликга озарбойжонликлар ҳам дуч келишди – бу туркий миллатнинг фамилияни миллийлаштириш ҳаракати чалажон ҳолатда қолиб кетди.

(Тамом).

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.