Толиб Ёқуб: Францияда нега свет ўчмайди?
Францияда ўтган 12 йиллик умрим давомида бор-йўғи икки марта свет ўчгани ҳодисасига гувоҳ бўлдим – ҳар иккала ҳолда ҳам қоронғулик 10 минутдан ортиқ давом этмади.
Кейин маълум бўлишича, кучли момоқалдироқ пайтида электр тармоқларига яшин тушиши эҳтимоли жуда катта бўлиб, у кенг кўламли свет ўчишига олиб келар ва шу сабабли шаҳар электр тармоғи ходимлари момоқалдироқ ва яшин тушиши ўтиб кетиши қадар светни атайлаб ўчириб қўйишар экан.
Франциядан Ўзбекистонга қайтганимга бир ойдан ошди. Шу қисқа давр ичида Жиззах шаҳрининг шундоққина биқинида жойлашган бизнинг Тоқчилиқ қишлоғимизда (шаҳар билан қишлоқни битта кўча ажратиб туради) камида 50 (эллик) марта свет ўчди!
Аҳъён-аҳъёнда: “Нима бало, электр тармоғи ходимлари “лақашиқилдоқ” бўлиб қолишдими ёки тармоқнинг ўзи “лақашиқилдоқ” бўлиб қолганмикин?” дея ўйланиб қоламан. ХХI-чи асрнинг биринчи чорагида шам ёқиб тирикчилик қилиб ўтирибмиз! Лекин аҳоли шунга ҳам хурсанд!
Одамларнинг айтишича, И.Каримов даврида бу ҳам йўқ экан:
1) свет бир суткада нари борса 4-5 соат берилар экан;
2) газ умуман берилмас экан – шунинг учун оилалар таппи-тезакка ўтишибди;
3) сув танқислиги янги “бизнес”ни юзага келтирибди: трактор ва тележкаси бор бўлган баъзи одамлар тележка устига баҳайбат бак (сув солинадиган идиш) ўрнатиб, уни ер остидан сув тортадиган насос қурилмаси (водонапорная башня) ёрдамида тўлдириб қишлоқ ичида “Ҳой одамлар! Эшитмадим деманглар! Сувдан қуруқ қолманглар!” дея бақириб сув сотиб юрар – кимдир пақир, кимдир пластмасса бак кўтариб кўчага чопишар экан!
Энди “Нега Францияда свет ўчмайди?” деган саволга жавоб излаймиз.
Бир куни кўчага чиқсам, уйимиздан сал нарида митти экскаватор кенглиги 60-70 сантиметр бўлган траншея (ариқ) кавлаб турганига кўзим тушди. Қизиқиб қараб турдим. Қўлига бел (лопатка) ушлаган ишчилар траншея ичини текислаб, ортиқча тупроқни ташқарига чиқариб ташлашаётган экан.
Траншеядан сал нарида бетондан ясалган, қалинлиги 5 сантиметр, узунлиги 5 метр, кўндаланг кесими тўғри трапеция бўлган нов (лоток)лар териб қўйилганини кўрдим – нов (трапеция)нинг катта асоси очиқ қилиб ясалган экан. Тайёр траншеянинг чуқурлиги икки нов устма-уст қўйилганда бемалол сиғадиган даражада чуқур бўлиши лозим экан. “Траншея кавлаб булар нима қилар экан?” дея қизиқиб эртаси куни ўша жойга яна бордим – қарасам ишчилар юк кўтариш крани ёрдамида новларни траншея ичига қатор (зич) қилиб “улаб” кетишаётган экан.
Бошида менинг миямга: “Булар ёз иссиғида ҳавони мўътадил қилиш мақсадида уйлар орасидан сувли ариқ ўтказишса керак” деган фикр келди. Адашибман! 2-3 кундан кейин ишчилар “ариқ” ичига изоляцияланган йўғон электр кабель тортишаётгани маълум бўлди. Орадан 3-4 кун ўтгач, ҳамма нарса аёнлашди – электрокабель ётқизилган новларнинг устини худди ўшандай новларни тўнтарилган ҳолатда ёпиб чиқишди.
Қизиғи шунда-ки, новларнинг туташган жойлариларидаги очиқ қолган ҳар қандай тирқиш эритилган қора сақич билан сувалиб герметик (сув ва нам ўтмайдиган) ҳолга олиб келинди – нам уёқда турсин, устидан океан сувини қўйворсангиз ҳам “Сен кимга айтаяпсан?” дегандай безрайиб тураверади. Иш охирги операция (амал) билан тугади – новлар усти ва атрофига яхшилаб асфальт ётқизилди.
Нега Ўзбекистонда свет дамба-дам ўчиб туради? Гап шунда-ки, собиқ СССР пайтида қаёққа қараманг кўзингиз электр токи оқадиган симёғочларга тушарди. Юқори кучланишли ток оқадиган темир конструкцияли баланд симёғоч (мачта)ларни ҳисобга олмаганда, ҳар қадамда сим тортилган ёғоч ёки темир столбаларни кўрардингиз, Францияда эса сим тортилган ёғоч ёки темир столбалар деярли йўқ.
ЙЎҚ – тамом вассалом! СССР пайтида иқлим инжиқликлари (шамол, довул, момоқалдироқ, яшин, сув тошқини, қор, ёмғир, ёзнинг чидаб бўлмас иссиғи ва ҳ.) электр токи оқаётган симларнинг мўртлашиши ва натижада узилишига олиб келган – сим узилганда бутун-бутун шаҳарлар ва қишлоқлар қорнғулик қаърига чумган, чопа-чоп бошланган, элетромонтёрлар оёқларига ўзларининг темир “когти” (темир тирноқ)ларини тоқиб (“кийиб”) столба чўққисигага ўлиб-тирилиб кўтарилар ва узилган симни улаб тушишарди – электромонтёрнинг арзимас хатоси унинг ўлими билан тугаган ҳоллар ҳам оз эмас эди.
Давлат мустақиллиги даврида бу соҳада бирор ижобий ўзгариш бўлдими? Йўқ, ижобий ўзгариш бўлган эмас! Свет ўчмаслигининг оддий йўлини топган француз (немис, инглиз, япон, швед ва бошқа ижодкор халқ)лар космик кема ихтиро қилган эмас – улар биринчи навбатда халқнинг эҳтиёжи ва давлатнинг тараққиётини ўйлаб шу ишни қилишган. Ўзбекистонда ҳам шу ишни қилса бўладими? Бўлади!!!…! (юзлаб ундов белгисини қўйгим келди – бироқ иложим йўқ). Бунга давлат раҳбарининг иродаси жиддий бўлса етарли.
Мазкур масалани ечиш учун ушбу қадамларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайман.
Биринчи қадам: тажриба ўрганиш учун француз тилини биладиган 3-4 та мутахассисни давлат раҳбари бир ойга Францияга йўлласа етарли – улар Франция тажрибасини астойдил ўрганиб келишса ҳақиқий маънода “нур устига нур” бўлади.
Иккинчи қадам: Тажриба ўрганиб қайтган мутахассислар ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидан шу ишга қизиқиши бўлган мутахассисларни йиғиб уларга семинарлар ташкил қилиш, ўқитиш, амалий машғулотлар ўтказиш ишини йўлга қўйиш билан шуғулланишлари керак;
Учинчи қадам: Ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғисто Республикасида митти экскаваторлар, цемент нов (лоток)лар ҳамда электр кабеллар ишлабчиқаришни йўлга қўйиш керак; Ўзбекистондаги барча ҳудудларда свет ўчмайдиган система ишга тушгач, митти экскаваторлар, цементдан ишланган нов (лоток)лар ва электр кабеллар ишлабчиқаришни давом эттириш лозим – уларни қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ҳамда қўшни бўлмаган узоқ-яқин давлатларга экспорт қилиш мумкин.
Хулоса: Табиий, бу иш бир йилнинг иши эмас – бу ишни амалга оширишга йиллар кетади. Бироқ, яна такрорлайман: бу ишда давлат раҳбари ва Вазирлар Маҳкамасининг иродаси асосий рольни ўйнайди.
(Тамом).
Fikr bildirish