Толиб Ёқуб: Катта ёлғон
2018 йил ноябрь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон матбуотида “1 декабрьдан бошлаб Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробар ошади” деган маълумот тарқатилди – буни фоиз (процент) тилида айтсак, интернет тезлиги 500% га ошади,
Мен салкам 50 йил СССР деган давлатда яшаганман – уни орқаваротдан “қизил империя” дейишарди. Тўғри-да, байроғи ҳам қип-қизил, пионерлар бўйнига тақадиган галстуклар ҳам қип-қизил, ҳамма нарса қип-қизил! Ҳатто, газета ва журналлардаги мақолалар, радио ва телевидение орқали узлуксиз юритиладиган совет пропагандаси ҳам қип-қизил ёлғондан иборат эди.
Мен ўйланиб қолдим: интернет тезлиги ҳақидаги бу қип-қизил ёлғон ваъда ниманинг оқибати, бу юқумли касаллик қаердан ва кимдан “юққан”, унинг давоси борми ёки уни Амир Темурнинг ўткир қиличи билан бошини кесиб ташлаш керакдир балки? Ўйлаб-ўйлаб, мен Ўзбекистоннинг СССР даври тарихига юзландим.
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР)нинг халқи 1925 йилдан бошлаб Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи (ССРИ) [русчаси: Союз Советских Социалистических Республик (СССР)] таркибида, 1989 йил 23 мартидан 2016 йил 2 сентябрига қадар ССРИ коммунистик партияси Марказий Қўмита (МҚ)си Сиёсий Бюроси (СБ)нинг аъзоси Ислом Каримов бошқарувида яшаб келди. Шу даврни ўз кўзи билан кўрган ва ўз бошидан кечирган инсонлар унинг мамлакатда олиб борган сиёсати қип-қизил ёлғондан иборат бўлганини яхши билишади.
Мутахассисларнинг айтишича, ХХ-асрда иккита ўта кучли тоталитар (оммавий) ғоя – ССРИда коммунизм, Германияда эса нацизм ғояси ҳукм сурган. Бу икки ғоя ва уларнинг пропагандаси, яъни, ташвиқоти шу қадар кучли ва бир-бирига шунчалик қарши бўлган-ки, бора-бора, улар 2-чи жаҳон урушини келтириб чиқаради ва бу уруш 1939 йил 1 сентябридан то 1945 йил 8 майига қадар давом этиб, дунё бўйлаб салкам 70 миллион одамнинг умрига зомин бўлади.
Қизиғи, мазкур ғоялар – коммунизм ва нацизмнинг иккаласи ҳам Германияда юзага келган эди – коммунизм ғоясини яҳуд миллатига мансуб Карл Маркс, нацизм ғоясини эса немис миллатига мансуб Фридрих Ницше яратган эди. Ғояларнинг бирини ашаддий коммунист Владимир Ленин Россия империясида, иккинчисини эса ашаддий нацист Адольф Ҳитлер Германияда жамият ҳаётига тадбиқ қилишади – уларнинг иккаласини ҳам “доҳий” [СССРда “вождь”, Германияда эса “фюрер”] дея аташга жамиятни мажбур қилинади.
Германияда, А.Ҳитлер бошқаруви пайтида, Пропаганда [Ташвиқот] вазирлиги ташкил этилди ва унга ўта сўзамол, ўз гапига ҳар қандай одамни ишонтира оладиган Пауль Йозеф Гёббельс раҳбар этиб тайинланди. У қўл остида ишлайдиган мулозимларга бир фикрни такрор ва такрор эслатар эди: “Ёлғон гапиришдан қўрқманг! Ёлғонни юз марта такрорласангиз, у ростга айланади” дерди у. СССРда гарчи Пропаганда вазирлиги бўлмаса-да, бироқ бу вазифани Михаил Андреевич Суслов қойилмақом қилиб бажарарди –унинг мақолалари, радио ва телевидениеп орқали чиқишлари ҳар қандай одамнинг “оғзини очиб қўярди”.
И.Каримов пайтида Ўзбекистонда ўзининг Геббельс ва Сусловлари, яъни, ёлғонни ямламай ютадиган мулозимлари бор эди. Шулардан бири юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов, яна бири эса Ўзбекистон Бош прокуратурасининг мулозими Ислом Жасимов эди. И.Жасимов ҳозир қаердалиги ва қандай лавозимда ишлаётганини билмайман, бироқ А.Саидов И.Каримов ўлгандан кейин ҳам янги президент даврида ҳанузгача орқасидан тепки егани йўқ, яъни, тарих ахлатхонасига улоқтирилгани йўқ.
Советлар даврида пропаганда (ташвиқот) шу қадар кучли эди-ки, унга деярли ҳамма ишонар эди. Нега мен “деярли” сўзини ишлатдим? Гап шунда-ки, советлар даврида ҳам Андрей Амальрик каби узоқни кўрабилган, советлар пропагандаси қип-қизил ёлғон эканига урғу бериб, СССР парчаланиб йўқ бўлиб кетишини 1984 йилда башорат қилган инсонлар бўлган.
А.Амальрик “СССР 1984 йилгача сақланиб қола оладими?” дея номланган ўз мақоласида ушбуни ёзган эди: “Муғуллар, византияликлар ва германлар томонидан яратилган бу буюк империя ўз умрининг охирги ўнйиллигини бошидан кечирмоқда. У парчаланиб кетгандан кейин ҳам Ўрта Осиёда [Марказий Осиёнинг илгариги номи – муаллиф Толиб Ёқуб] коммунистик ғоя, фразеология [фикрлар назарияси – муаллиф Толиб Ёқуб] ва расм-русумлар узоқ йиллар сақланиб қолади”.
А.Амальрикнинг мазкур фикри ростлигини Ўзбекистонни 27 йил давомида бошқарган Ислом Каримов тўлиқ исботлади – у коммунистик партия номини “Халқ демократик партияси” дея ўзгартирган бўлса-да, давлат бошқарувида у барча соҳаларда – сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам – коммунистик бошқарувдан воз кечмади. Унинг депутатлар, жамоатчилик ва халқ олдида сўзлаган нутқлари советлар даврининг ёлғонлари билан тўлиб-тошган бўлса-да, у уялмай-нетмай депутатлардан қарсак чалишни талаб этар эди. Чамаси, ёлғон гапириш советлар давридан бошлаб давлат мулозимларининг қон-қонига сингиб кетган бўлса керак, И.Каримов ўлганига 2 йилдан ошган бўлса-да, ёлғонни бошига дўппича қилиб кийиб олган мулозимлар ҳанузгача ёлғон гапиришда давом этишмоқда.
И.Каримов ўлгандан кейин Ўзбекистонда янги тарихий давр бошланди ва мазкур даврнинг белгилари кўзга яққол ташланиб турибди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида аҳоли учун кўпқаватли тураржой (уй)лар, магазинлар, савдо расталари қад кўтармоқда. Мен ватанга қайтгач, машинада Жиззах шаҳрини бир неча марта айланиб чиқдим – қаёққа қараманг кўзингиз нуқул қурилишларга тушади! Бир неча кун олдин Гулистон шаҳридан меҳмонлар келишди. Суҳбат пайтида мен улардан: “Гулистон қандай – ҳалиям ўша-ўша харобаликми, ё у-бу ўзгаришлар борми?” дея сўрадим. Жавоб мени ҳайратлантирди. “Нима деяпсиз, қанақа харобалик? Гулистонни ҳозир таниб бўлмайди! Эски харобаларни бузиб, ўрнига аҳоли учун чиройли кўпқаватли уй-жойлар қуришаяпти. Бориб кўринг, ишонмасангиз” дейишди меҳмонлар.
Кичик қизим Наргиза оиласи билан Зоминда яшайди – ҳафтанинг 4 кунида Зоминда медицина билим юртида дарс беради, ёки туман туғруқхонаси (роддом)да, ҳафтанинг 3 кунида эса Жиззах шаҳридаги туғруқхонада ишлайди. Жиззахга ишга келганида, ишдан чиқгач, мендан хабар олгани қишлоқдаги ҳовлимизга келади. “Зомин қандай? Кўзга ташланарли ўзгаришлар борми?” дея қизиқсиниб сўрайман қизимдан. “Бўлганда қандоқ, супер!” дейди қизим. Мен Франциядан қайтганимдан бери қизимнинг Зоминдаги ҳовлисига борганим йўқ, чунки мени кўргани узоқ-ёвуқдан ҳанузгача таниш-билишлар келиб туришибди. “Қайнотам ҳозир Тошкентда касалхонада даволанаяптилар. Қайнотам касалхонадан уйга қайтганиларидан кейин мен сизни Зоминга олиб бораман – ана ўшанда кўрасиз ўзгаришларни! Ҳаммаёқ супер!” дейди қизим тўлқинланиб.
Кеча Қашқадарё вилояти, Нишон туманилик, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) аъзоси Жўрабек Муродов телефон қилди – у ЎИҲЖнинг Нишон тумани бўлимининг раиси эди. И.Каримов қатағонлари авжга чиққан пайтда, 2002 йилда, шу бўлимнинг уч аъзоси (шу жумладан, Ж.Муродов ҳам) қамоққа олинди. ЎИҲЖнинг Тошкент шаҳри бўлимининг ўнлаб аъзолари нишонлик уч аъзомизни қамоқдан озод этилишини талаб қилиб Бош прокуратура олдида қатор норозилик пикетларини уюштирдик. Унинг айтишича, у оиласи билан Нишон туманидан Тошкент вилоятига кўчиб кетибди.
Мен Жўрабекни кўрмаганимга 16 йил бўлди. Телефон орқали қилган сўҳбатимизда у: “Толиб ака, мен яқинда сизни кўргани бораман – Худо хоҳласа, мириқиб сўҳбатлашамиз” деди. Табиий, сўҳбат пайтида мен ундан И.Каримов ва Ш.Мирзиёев сиёсий бошқарувларини таққослаб ўз фикрини айтишни сўрайман. У Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳозирги сиёсат И.Каримов юритган сиёсатдан ўлса ўлиги ортиқ, дейишига мен тамоман аминман.
Ушбу мақолага мен “Катта ёлғон” деган ном қўйдим – бундай номлашимнинг сабабини мен юқорида айтиб ўтдим. Ёлғон юқумли касаллик – одамлар гриппдан сақланиш учун оғиз ва бурнини дока латта билан тўсиб юргандай, давлат мулозимларининг ёлғон ваъдаларига учмаслик учун бурнимиз, оғзимиз ва миямизни оқ дока билан тўсиб юришимизга тўғри келади, чамаси.
28 декабрь, 2018 йил;
Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.
Fikr bildirish