Устозимиз Толиб Ёқубов ўз фаолиятини давом эттираётгани ҳақида хабар!

Толиб Ёқубов ва Улуғбек Бакир

Мен Франциядан Ўзбекистонга ҳамоноқ бир катта мақола ёздим ва унда бир қатор таклифларни илгари сурдим. Мақолани президент девонига ва Вазирлар Маҳкамасига юбордим. Менга давлат идораларидан бирин-кетин хатлар кела бошлади. Шу пайтгача 6-7 та хат келди.

Бошида қишлоғимизда свет тез-тез ўчиб турарди (суткада камида 2 марта), ҳозир эса деярли ўчмаяпти, охирги бир неча кун давомида бир марта ҳам ўчгани йўқ. ХУЛОСА: Ҳозирги президент даврида курашиб натижага эришиш мумкин экан.

Мен яна битта ташаббус билан чиқдим – менга жавоб ёзган давлат мулозимларига МУРОЖААТ ёздим ва унда ПФ-4624 Фармонни бекор қилиш масаласига қўл уришга даъват қилдим. Сизларга ўша МУРОЖААТ матнини юбораяпман.
 
Ҳурмат ила Толиб акаман. 
 

Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиевга

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари К.Юлдашевга

Жиззах ҳудудий электр тармоқлари АЖ бош директори Б.Ибрагимовга

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ижроия аппарати раҳбари О.Эрназаровга

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари Қўмитаси раиси ўринбосари Э.Халбутаевга

Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ М.Ф.Й., Ҳ.Олимжон СИУда яшовчи

Толиб ЁҚУБ (паспорт бўйича Талиб Якубов)нинг 

МУРОЖААТИ

Муҳтарам жаноблар!

Менинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати ва Вазирлар Маҳкамасига юборган камтарона таклифларим масаласи бўйича менинг номимга ёзган мактубларингизни ўқиб беҳад қувондим. Шундай олийжаноб муносабат учун Сизлардан менинг чуқур миннатдорчилимни қабул қилишингизни илтимос қиламан ҳамда Сизларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилайман.

Шу билан бирга Сизларни бир савобли ишга қўл уришларингизни илтимос қилмоқчиман. Масаланинг моҳияти ушбудир.

Мактубларингизни ўқиётиб мен бир нарсага эътибор қилдим: Сизлар мактубларда мени “фуқаро” сифати билан сийлабсиз. Тушунаман – ўз ватанининг фуқароси бўлиш шарафлидир! Бироқ, мен Ўзбекистон Республикасининг фуқароси эмасман. Мен тақдирнинг тақозаси билан Франция Республикасида 12 йил яшадим ва ушбу давлат фуқаролигини олиш имкониятига эга бўлсам-да, бироқ мазкур давлат фуқаролигини олмадим.

Мен ҳозир фуқаролиги йўқ шахс мақомидаман. Бунинг сабаби эса Ўзбекистон Республикасининг марҳум Президенти Ислом Каримовга бориб тақалади. Бул зот 2014 йилда ПФ-4624 Фармонга имзо чекиб у-бу сабабларга кўра бошқа давлатлардан бошпана олган мен каби минглаб ўзбекистонликларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум қилган экан. Менинг оиламдан уч киши – мен, ўғлим Олим Ёқубов ва келиним Зебо Ёқубова – Ўзбекистон Республикаси фуқаролини йўқотганмиз.

“Айбимиз”: биз ватандан чиқиб кетгач, 3 (уч) йил ичида Ўзбекистон Республикасининг консуллик бўлимида қайддан ўтишимиз лозим бўлиб, ушбу талаб Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 21-моддаси 1-қисмининг 2-бандида айтилган экан. Уни ўқигач, ҳайрон бўлдик ва демократик давлатларда ҳам шу талабнинг бор-йўқлиги билан қизиқдик. Юристларнинг айтишича мазкур талаб бирорта демократик давлатнинг фуқаролик тўғрисидаги қонунида ёзилган эмас экан.

Ўзбекистон Республикаси ҳам демократик давлат – бу иддао Конституциямизнинг 1-моддасида ёзиб қўйилган. Шундай экан, нега Ўзбекистон демократик давлатлар орасида ўзининг бебурд талаби билан ажралиб туриши керак? Ҳар қандай давлат Президенти лавозимини бажара бошлашдан олдин халқ вакиллари ҳисобланган Парламент депутатлари олдида қўлини мамлакат Конституция устига қўциб қасам ичади. Мазкур амалиётни Ислом Каримов бошидан ўтказган. Қасам ичган давлат раҳбари мамлакат қонунларини андишасизларча бузаверса, халқ орасида бундай раҳбар қандай номланади?

Энг қизиғи ПФ-4624 Фармон Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 1-модда 2-чи қисми 2-чи бандига зиддир – унда: “Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас” дейилган. Бу – қонуннинг безбетларча бузилиши эмасми? Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 16 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг тўлақонли аъзоси бўлди ва унинг барча халқаро ҳужжатлари, жумладан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” ва “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро Пакт”ни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ратификация қилди, яъни, мазкур ҳужжатларга мамлакат ҳудудида қонун кучини берди.

Декларациянинг 15-моддаси 2-чи қисмида: “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас” дейилган – бу иддао Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 1-модда 2-чи қисми 2-чи банди билан бирхил эканлиги кўриниб турибди. Бундан ташқари, Декларациянинг 13-моддаси 2-чи қисмида “Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, хусусан ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эгадейилган.

Пактнинг 12-модда 1-қисм 2-чи бандида:

  1. Ҳар бир киши ҳар қандай мамлакатни, жумладан ўз мамлакатини тарк этиш ҳуқуқига эга”:

Пактнинг 12-модда 1-қисм 4-чи бандида эса:

  1. Ҳеч ким ўз мамлакатига кириш ҳуқуқидан ўзбошимчалик билан маҳрум этилиши мумкин эмас” дейилган.

БМТ қабул қилган Декларация ва Пактнинг остида Ўзбекистон раҳбарларининг ҳам имзолари турибди, деб ҳисоблаш табиий, чунки мазкур ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан ратификация қилинган. 

Шундай қилиб, мен, ўғлим ва келиним Ўзбекистондан чиқиб кетиб ҳеч қандай жиноят содир этган эмасмиз, яъни, биз ва биз каби минглаб ўзбекистонликлар мамлакатни тарк этиш ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда бошқа мамлакатларга чиқиб кетганмиз. Шундай экан, нега биз Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги консулликларида қайддан ўтишимиз керак? Нега чет элларга чиқиб кетган ўзбекистонликлар ўз ватанига тўсиқсиз қайтиб келишига рухсат сўраши керак?

Ўзбекистон Республикасининг олдинги раҳбарлари мамлакатга қайтиш ҳуқуқига эга бўлган минглаб ўзбекистонликларнинг ватанига қайтишини истамас экан, у ҳолда улар Ўзбекистон БМТ таркибидан чиқиши ҳаракатини бошлашлари лозим эди. Бироқ, И.Каримов “хўрдани ҳам, бурдани ҳам урмоқчи” бўлди, яъни, у БМТ таркибидан чиқмаслик ва айни пайтда чет элларда яшаётган минглаб ўзбекистонликларни Ўзбекистонга киритмаслик йўлини танлади. Бу – мамлакат раҳбари томонидан ўз қонуни ва БМТ қонунларини менсимаслик эмасми?

Муҳтарам жаноблар!

ПФ-4624 Фармонни бекор қилиш вақти келди. У кучда қолар экан “У кимга фойда-ю, кимга зарар?” деган савол ўртага чиқади. Мазкур Фармоннинг кучда қолиши фақат Ўзбекистон ва халқимизга зарар келтиради. И.Каримовнинг 27 йиллик ҳукмронлиги пайтида чет элларда ўзбекистонликларнинг янги авлоди пайдо бўлди. Бу авлод асосан демократик давлатлар мактаблари, коллежлари, лицейлари ва университетларида билим олди, юқори малакали мутахассислар бўлиб шаклланди, ажнабий тилларни ўрганди. Бу авлод ватанга қайтса, у Ўзбекистоннинг олтин фондига айланиши мумкин. Шунинг учун мен Сизларни ПФ-4624 Фармонни бекор қилиш йўлидаги савобли ишга қўл уришга чорлайман. Сизларга сиҳат-саломатлик тилаб

Ҳурмат ва эҳтиром ила

Толиб акаман.

5 декабрь, 2018 йил.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.