Ҳақиқатни баралла айта оладиган журналистика бўлмас экан, Ўзбекистондаги ислохотлар кутганимиздек натижа бермайди!
Хурматли Шавкат Миромонович!Сизнинг Германияга ташрифингиз арафасида Германия ва Ўзбекистонга алоқадор ўта мухим масалада очиқ хат билан мурожаат қилишга қарор қилдим.
Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда содир бўлаётган ижобий жараёнлар, олиб борилаётган ислохотларга тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳақида очиқ ошкора гапира оладиган, бу мавзуларни кўтариб чиқа оладиган холис, адолатли, эркин матбуот бугунги кунда жуда ҳам керак.
Бугунги расмий Тошкент мана шундай матбуотга кенг йўл очиб бериши керак деб хисоблаймиз. Чунки бундай матбуотлар нафақат Ўзбекистондаги мавжуд салбий вазиятларни танқид остига олади, балким Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни истамайдиган, Она Ватанимизни демократик, эркин мамлакатлар сафига қўшилишига тўсқинлик қилаётган сиёсий кучларга нисбатан ҳам ўз сўзини айта олади.
Чорак аср давомида бутун дунёга диктатура режими сифатида талқин қилиб келинган Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни дунё ҳамжамиятига холис матбуотлар етказмаса ким етказади?
Афсуски бугунги Ўзбекистонга тегишли янгиликларни дунё ҳамжамиятига етказа оладиган, ёки етказишни истайдиган матбуотлар йўқ хисоби, мамлакат ичкарисидаги матбуотларга нисбатан эса ишончсизлик туйғуси хали тарқалиб улгурмаган.Биласизки буюк француз қўмондони Наполеон Банопарт “Тўртта газета душманга юз мингли қўшиндан кўпроқ зарар келтиради” деган.
Россиялик танқидчи, публицист Дмитрий Писарев эса “Қабихликни келтириб чиқарадиган шароитларга тегмай туриб, ҳақиқат талаб қилиш, ёмғир ёғаётганда тош ётқизилмаган кўчада лой бўлмаслигини талаб қилиш билан баробардир” деганида нақадар ҳақ эди.
Халқаро журналистлар Федерацияси Деклорациясида “журналистнинг ахлоқ қоидалари ҳақида”ги 5-бандида шундай ёзилган: “Зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни рад этиш ёки уни тўғрилаш учун журналист барча имкониятлардан фойдаланиши лозим” дейилган.
Мен айнан мана шу қоидага риоя этмасдан келаётган ва содир бўлаётган воқеа ходисалар ҳақида ҳаққоний материаллар ёзаётган матбуотлар орасидаги фарқ ҳақида тўхталмоқчиман:
Бутун дунё ҳамжамиятига икки йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар ҳақида эмас, аксинча бизни Она Ватанимизни қарам холатида қолишидан умидвор бўлиб ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатаётган халқаро матбуотлар Ўзбекистонга қарши бўлган харакатларини шиддат билан давом эттирмоқдалар.
Биз Ўзбекистонга қарши олиб борилаётган бу қоралов кампанияларини қасддан уюштирилаётганига ишонамиз. Бундай матбуотлар вакилларига Ўзбекистонга қарши уюштирган тухмат кампаниялари акс этган мақолалари ёлғонлигини тан олиб, раддия беришларини талаб қилсакда, улар сукут сақлашни афзал кўрмоқдалар. Ўзбекистон хаётини ёритиб келаётган баъзи бир халқаро матбуотларнинг ўзбек хизматларини ҳамда халқаро жамғармалар томонидан молияланаётган баъзи бир матбуотлар фаолиятида ҳам ҳақиқатга зид бўлган, ёлғон материалларни тарқатиш одат тусига киргани хеч кимга сир эмас.
Дунё матбуотларидаги Ўзбекистонга қарши қоралов кампанияларида иштирок этаётган, ёки қасддан бор ҳақиқатни эмас, ёлғон маълумотларни тарқатаётган матбуотларга қарши ўз сўзини айта олаётган ягона матбуот эса Германиядаги таниқли журналист Галима Бухарбоева бошчилигидаги Центр1 интернет нашридир.
Галима Бухарбоева ҳам ўз она Ватанини севгани учунгина Ўзбекистондаги диктатура режимининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган. Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақ гапни очиқ ошкора айтишга доимо ўзида жасорат топа олгани учун ҳам таъқибга, қатағонга учраган Ўзбекистон фарзанди.
Бухарбоева асос солган ва Германияда давлат рўйхатидан ўтган Central Asia Media Support номли матбуот ташкилотини Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказиб, уларни Ватан ичида фаолият олиб боришларига шароит яратиб беришингиз Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам, ўзбекистонликлар учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Ушбу матбуотни Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилиши 2018 йилнинг 25 октябрь кунги имзо чекканингиз “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорни амалдаги ижросини исботи бўлади.
Чунки ушбу қарорнинг бешинчи “Ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш” бандида кўрсатиб ўтилган.
Ушбу мурожаатномада келтирилган фикрларимни инобатга олишингизга ва қисқа муддатлар ичида Ватанимиздан бадарға қилинган матбуотнинг Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлашига умид қилиб
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти
Fikr bildirish