Сизлар “Балиқчи” АЖ хиссадорларининг мулк ҳуқуқини бузяпсизлар ва қилмишларингда жиноят аломатлари мавжуд!
«ТСТ cluster» МЧЖ раҳбарига
нусхаси: «ТСТ Fish cluster» МЧЖ раҳбарига
нусхаси: Қуйичирчиқ туман ҳокимиятига
Юридик манзили: Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, Қўрғонча посёлкасида жойлашган “BALIQCHI” АЖ раиси Пирвалиев Абдураҳим Абдуғаниевичдан
Тел:+998983601414
ОГОҲЛАНТИРИШ
09 январь 2019 йил
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 974-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу Қарорнинг 3-бандида 2-қисмида «Кенг турдаги балиқ маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, шу жумладан, экспорт қилиш бўйича замонавий комплекс ташкил қилиш учун собиқ «Балиқчи» АЖ мулкий комплексини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва 8,2 млн АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритиш шарти билан, «ТСТ cluster» МЧЖга «ноль» қийматида сотиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин» деб белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорнинг 4-бандига кўра, «ТСТ cluster» МЧЖ ва унинг таркибига кирадиган агросаноат корхоналари томонидан 2019-2023 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг прогноз параметрлари 2-иловага мувофиқ;
2019-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида балиқчиликни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 3-иловага мувофиқ маъқулланган.
Балиқларни кўпайтириш ва қайта ишлаш комплекси Қарорнинг 2-иловасига мувофиқ, 2021-2022 йилларда ташкил этилиши керак.
Мавжуд техника паркини модернизация қилиш ва ҳовуз фондининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш; Балиқларни кўпайтиришнинг интенсив технологияларини жорий қилиш ва балиқлар озиқланадиган ўсимликларни зич жойлаштириш усулларини қўллаш ҳисобига кўллар маҳсулдорлигини ошириш Қарорнинг 3-иловасига мувофиқ, 2019 йилдан бошланиши белгиланган.
Бироқ, «ТСТ Fish cluster» МЧЖ ЎзР ВМнинг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 974-сонли қарорида белгиланган талабларга зид равишда фаолият юритиб, 2019 йилдан айрим тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлсада, ўзбошимчалик билан “Балиқчи” АЖдан ҳисоб рақамдаги пулларни топширишни, ҳовузлардаги балиқларни ўзи сотишини, “Балиқчи” АЖни тугатишни талаб қилмоқда.
Юқоридаги Қарорнинг 3-қисмида «Балиқчи» АЖ мулкий комплексини «ТСТ cluster» МЧЖга «ноль» қийматида сотиш белгиланган бўлсада, «ТСТ cluster» МЧЖнинг корхонаси «ТСТ Fish cluster» МЧЖ ноқонуний талаблар билан чиқиб, “Балиқчи” АЖдан ҳисоб рақамдаги маблағлар ва “Балиқчи” АЖнинг маблағлари эвазига етиштирилган балиқларни сотиш ҳуқуқини ўзлаштирмоқда.
Яъни, Қарорнинг 3-бандида «ТСТ cluster» МЧЖ мулкий комплексни сотиб олиш назарда тутилган бўлсада, унинг корхонаси «ТСТ Fish cluster» МЧЖ ваколати бўлмаган ҳолда, ноқонуний равишда “Балиқчи” АЖнинг хусусий мулкини ўзлаштириш билан шуғулланмоқда.
Бундан ташқари, Қуйичирчиқ тумани ҳокимининг 2018 йил 10 декабрдаги № 2245-сонли қарори 9-бандига мувофиқ, «Туман ишчи гуруҳи (Б.Исроилов) хатлов натижаларини ҳисобга олган ҳолда давлат мулки бўлган бўш турган объектларни туман ҳокимининг қарорига асосан кейинчалик «ТСТ cluster» МЧЖга инвестиция мажбуриятлари билан “ноль” харид қийматда сотиш учун уларнинг рўйхатини бир ой муддатда вилоят хокимлигига киритилсин; 15-бандида Қуйи Чирчиқ туман ҳокимлиги тасаруфидаги ХИИ “Балиқчи” АЖнинг барча мол-мулки ва ер майдони «ТСТ cluster» МЧЖга топшириш-қабул қилиш бўйича туман комиссияси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин» деб белгиланган.
Бироқ, бир ойлик муддат ўтмасдан, топшириладиган мулклар рўйхати тузилмасдан, топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, мол-мулклар “бир четда” қолиб кетиб, балиқларни ўзлаштириш ва сотиш ҳуқуқини талаб қилмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик субъектлари эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни 23-моддасида кўра, Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади.
Мол-мулк мулкдори ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатни қилишга ҳақли. Тадбиркорлик фаолияти субъектидан мулкни олиб қўйишга, унинг бошқа ашёвий ҳуқуқларини бекор қилишга, шунингдек бундай ҳуқуқларни чеклашга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Ушбу кодекснинг 192-1-моддасига мувофиқ, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум этиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «ТСТ Fish cluster» МЧЖнинг хатти-ҳаракатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 974-сонли қарори талабларига зид бўлиб, “Балиқчи” АЖнинг мулк ҳуқуқини бузаётганлиги сабабли, жиноят аломатлари мавжуд деб ҳисоблаймиз.
Бунингдек ғайриқонуний қилмишлар давом этадиган бўлса, “Балиқчи” АЖ акциядорлари номидан тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва бошқа идораларга мурожаат қилишимизни билдирамиз.
“Балиқчи” АЖ бош директори: А.А.Пирвалиев
Fikr bildirish