Жаноб судьялар, ногирон ота оналар ва ўнлаб вояга етмаган гўдакларга қилган зулмингиз судьялик қасамёдингизга ҳиёнат эмасми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди раисига

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раисига

2011 йилнинг 3 февраль куни Францияда расмий рўйхатдан ўтган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти Мўътабар Тожибоевадан

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК СОХТА ҚАРОРЛАРИ ВА АДОЛАТСИЗ АЙБЛОВ ҲУКМИ ЗУДЛИК БИЛАН БЕКОР ҚИЛИНМОҒИ ДАРКОР

ТАЛАБНОМА

Мен 1962 йилнинг 10 март куни Хоразм вилояти Урганч туманида туғилиб, “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган ва бугунги кунда қамоқда сақланаётган умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Масабуров Озат Бегжоновични ҳамда Масабуров Матёқуб Солиевични, Рўзметов Ғайрат Комиловични, Ўрозбоев Баходир Азадовични, Жуманиязов Кўпал Ибрагимовични, Масабуров Хабибуллох Солиевични, шунингдек “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшовчи Масабуров Мустафо Озотовични уларнинг оила аъзолари, яқинлари томонидан берилган ишончнома асосидаги ҳимоячиси бўламан.

Бу бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстремистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга «ошириб» келган», яъни «террористик гуруҳ етакчиси» сифатидаги жиноятларни содир этганликда айбланган Озат Масабуров ва унинг “жиноий шериклари” тақдири ғоят ачинарлидир.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судининг судьяси Ш.Раззоқов томонидан 2017 йилнинг 9 март кунги эълон қилинган адолатсиз айблов ҳукми билан узоқ йилларга озодликдан  маҳрум қилиниб,  бугунги кунда ҳам қамоқда сақланаётган умрбодлик 2 гуруҳ ногирони, хозирда 11 нафар (улардан 8 нафари вояга етмаган) фарзандларнинг отаси Масабуров Озат ва унинг “жиноий шериклари” хисобланмиш бошқа инсонларни уюштирилган фитналар қурбони бўлганликлари ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим қилмоқчиман:

  • “Уюшган жиноий гуруҳ рахбари” Масабуров Озат 2015 йилнинг 15 сентябрь куни “жабрланувчи” Гулора Султонованинг шикоят аризасига асосан сохта айблар билан Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг қарорига асосан маъмурий жарима жазосига тортилган, 19 сентярь куни эса энди “асосий гувоҳ” Гулора Султонова ва унга ўхшаган “мухим” гувоҳларнинг берган “ўта мухим” гувоҳлик кўргазмалари асосида Жиноят кодексининг 159 моддаси 1-қисми, 244-1-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» этганликда айбланиб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилинган ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган;
  • Озат Масабуров бошчилигидаги “уюшган жиноий гуруҳ” вакилларидан бири, 1974 йил 12 сентябрда туғилган Рўзметов Ғайрат даставвал 2016 йилнинг 19 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг қарорига асосан 15 суткалик қамоқ жазосига тортилган, маъмурий қамоқ жазоси тугаган куни дарҳол эхтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» этганликда айбланиб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилиниб, жазони умумий тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган;
  • Озат Масабуров бошчилигидаги “уюшган жиноий гуруҳ” вакилларидан бири, 1973 йил 5 ноябрь куни туғилган Масабуров Матёқуб даставвал 2016 йилнинг 19 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг қарорига асосан 15 суткалик қамоқ жазосига тортилган, маъмурий қамоқ жазоси тугаган куни, яъни 2016 йилнинг 5 октябрь кунидан дарҳол “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» этганликда айбланиб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган;
  • Озат Масабуров бошчилигидаги “уюшган жиноий гуруҳ” вакилларидан бири, 1972 йил 6 февраль куни туғилган Ўрозбоев Баходир даставвал 2016 йилнинг 20 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг қарорига асосан 15 суткалик қамоқ жазосига тортилган, маъмурий қамоқ жазоси тугаган куни, яъни 2016 йилнинг 5 октябрь кунидан дарҳол “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» қилгани учун 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган;
  • Озат Масабуров бошчилигидаги “уюшган жиноий гуруҳ” вакилларидан бири, 1961 йил 12 март куни туғилган Жуманиёзов Кўпалбой даставвал 2016 йилнинг 20 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг қарорига асосан 15 суткалик қамоқ жазосига тортилган, маъмурий қамоқ жазоси тугаган куни, яъни 2016 йилнинг 5 октябрь кунидан дарҳол “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» этганликда айбланиб, 5 йил муддатга озодликдан махрум қилиниб, жазони умумий тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган.

Мен асос солган ва бошқараётганим “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти бир неча йиллардан буён Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқ бошқарган диктатура режимининг сиёсий зўравонлик ва қатағон қурбонлари бўлган инсонларни реабилитация қилиш ва уларни ва оила аъзоларини, яқинларини йиллар давомида бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш бўйича фаолият юритадиган ҳукумат махсус комиссияси тузиш талабини қилиб келмоқдамиз.

Биз ўз талабномаларимизда қуйидагиларни баён қилмоқдамиз:

“… Мамлакатда сиёсий ва диний айбловлар билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан адолатсиз судлов тизимининг ноҳақ ҳукмларига асосан озодликдан маҳрум қилинганлар ва қийноқ қурбонларини, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, экстрадиция қилинганларни оқлаш, уларни озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан зудлик билан Махсус Давлат Комиссияси (МДК) ташкил этилиши даркор.

Мазкур Махсус Давлат Комиссияси таркибида турли соҳа вакиллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, бошқа касблар эгалари бўлмиш фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда ўз соҳасининг виждонли усталари – ҳуқуқшунослар, прокурорлар, адвокатлар ва судьялар бўлиши керак.

Ўзбекистондек йирик мамлакатда Ислом Каримов бошчилигидаги диктатура режими сиёсий қатағони қурбонлари масалаларини, сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини беришлари мумкин бўлган малакали, виждонли мутахассислар, ҳуқуқшунослар етарли.

Махсус комиссия энг аввало Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқлари қўмитаси, қийноқларга қарши кўмитаси ва ишчи гуруҳлари томонидан Мустақиллик эълон қилинган йиллардан бошлаб эълон қилган қарорлари, хулосалари ва тавсияларини ўрганиб чиқиб, ушбу халқаро ҳужжатларда баён қилинган таклиф ва талабларни бажарилишига маъсул қилиб тайинланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки мен – Мўътабар Тожибоева, Ғайбулло Жалилов, Санжар Исмоилов, Хайрулло Турсунов сингари сиёсий ва Солижон Абдураҳмонов, Алишер Кароматов, Абдурасул Худойназаров, Бобомурод Раззоқов, Қаюм Ортиқов, Эркин Мусаев сингари собиқ сиёсий, Уйғун ва Ойбек Рўзметов сингари диний маҳкумларни, шунингдек қанчадан-қанча адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлган бошқа жабрдийдаларни ҳам ҳуқуқ эркинликлари паймол қилинганлигини малакали халқаро экспертлар исботлаб берганлар.

Махсус Давлат Комиссияси биринчилардан бўлиб сиёсий, диний маҳкумлар, сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқ қурбонлари, сўроқ, тергов давомида ҳамда қамоқда қийноқлар натижасида вафот этганлар, адолатсиз судлов натижасида қамалганлар, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, экстрадиция қилинганлар ҳамда мустақиллик йилларида ғайриқонуний ва мажбурий равишда ўғирлаб кетилган ва тақдири ҳанузгача номаълумлигича қолаётган инсонлар ишларини ўрганиши керак деб хисоблаймиз.

Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний айбловлар билан узоқ йилларга қамалганлар ва озодликка чиқиш арафасида жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи сифатида сохта айбловлар билан жазо муддатлари узайтирилган маҳкумлар устидан очилган жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқишлари, зудлик билан уларни озодликка чиқариш учун ўз хулосаларини ҳукуматга тақдим этишлари даркор.

Махсус Давлат Комиссияси адолатсиз суд ҳукмлари билан қамоқда қолаётган, у ерда ўз соғлиғини йўқотган ҳамда тергов ва қамоқда қийноққа дучор қилинган ёки сиёсий қатағон қурбони бўлган инсонлар ҳамда тергов пайтида ёки колонияда қўлланилган қийноқ натижасида жон берган инсонларнинг яқинларидан, оила аъзоларидан, қариндошларидан кечирим сўраши ва уларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этиши керак…

Агар юқорида санаб ўтилган барча сиёсий зўравонлик, қатағон, қийноқ ҳамда адолатсиз судлов… қурбонлари ҲУКУМАТ томонидан оқлансалар (вафот этганлар “ўлимидан кейин оқлаш” мақомига эга бўлсалар) ва улар оилалари учун адолат қарор топса, мамлакатда қонун устиворлиги таъминланса, бу Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек халқи келажаги учун катта резонанс бўлади.

Ушбу ўта жиддий ишлар билан шуғулланадиган мазкур Махсус Давлат Комиссиясининг фаолияти жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши керак.

Махсус Давлат Комиссияси асосан қамоқхонадаги маҳкумлар иши бўйича қуйидаги иккита асосий йўналишда фаолият юритиши керак.

Биринчиси Жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиликда айбланган маҳкумлар иши бўлса, иккинчиси “Маъмурий ҳуқуқбузарлар” ишларидир.

“МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛАР” ИШЛАРИ

Махсус Давлат Комиссияси бугунги кунда қамоқларда қолаётган сиёсий, диний маҳкумлар ҳамда қийноқлар ва адолатсиз судлов қурбонлари хисобланмиш бошқа маҳкумларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилишидан аввал маъмурий қамоқ жазосига тортилган ишлари билан биринчилардан бўлиб танишиб чиқиши даркор.

Чунки қонунга зид равишда ҳибсга олиниб, бир неча кунга маъмурий қамоқ жазосига тортиб, мана шу муддат оралиғида ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаб, беайб инсонларга сохта айблар билан жиноят ишлари қўзғатиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш усули Ўзбекистон шароитида одатий ҳолга айланган.

Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда бирор инсонни қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, босқинчилик, ғайриқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби ўта оғир жиноятларда айбловни бўйнига қўйишдан аввал Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддалари билан айблаб, ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалган.

Бундай инсонларни ҳибсга олишда маълум бир куч ишлатар тизимлар фойдасига ишлайдиган “қулоқлар”, енгилтабиат аёллар, маҳалла посбонлари, маҳалланинг бошқа “фаоллари” ва шунга ўхшаш жамиятнинг чиркин унсурлари хизматларидан фойдаланиб келинади.

Маъмурий қамоққа олинганлар малакали юридик хизмат олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинадилар, яъни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиладилар. Бу орада уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилади ва натижада улар ўзлари содир этмаган жиноятларни содир этганликни тан олишга, иқрорлик кўрсатмалари беришга, ҳамда куч ишлатар тизимлар мансабдорлари талаби билан бошқа инсонларга қарши кўргазмалар беришга мажбур бўладилар.

Бундай усуллар қамоқдан озод бўлган ва давлат назоратида турган собиқ маҳкумларга нисбатан ҳам кўп қўлланилади. Чунки одатда бу собиқ маҳкумлар қайта жиноятлар содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига киради. Бундай инсонлар очилмасдан келаётган ўта оғир жиноят ишларини ёпиш мақсадида содир этмаган жиноятларига иқрор қилинадилар ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига қайтадан ҳукм қилинадилар…”

Ҳақиқатан ҳам диктатура режими пайтида минг минглаб инсонлар мана шундай сохта айбловлар билан аввал маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, кейин жиноий жавобгарликка тортилиб келганлар.

Лекин менинг ҳимоямдаги Масабуров Озат, Масабуров Матёқуб, Рўзметов Ғайрат, Ўрозбоев Баходир, Жуманиязов Кўпал, Масабуров Хабибуллох ҳамда Масабуров Мустафолар диктатура режими пайтида эмас, айнан янги ҳукумат даврида, Шавкат Мирзиёев замонида қатағонга учраганлар.

Бу инсонларни қўл урмаган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаш ва уларга жиноят иши қўзғатиш мақсадида 2016 йил 15 ва 19 сентябрь кунлари Мирзиёев яқинда эътироф этган МХХнинг қулоғи бўлган посбонлар, маҳалла активлари ҳамда Озат Масабуровнинг инсонийлигига вахшийлик билан жавоб беришдан ор қилмаган собиқ турмуш ўртоғининг фаол иштирокида уюштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик, яъни маъмурий жарима ва маъмурий қамоқ ишлари сахна асари яратилган. Қўғирчоқ судьялар эса сохта айбловлар билан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар ва уларга бириктирилган соҳта ҳужжатларга ҳуқуқий бахо бермасдан, уларнинг ҳуқуқ эркинликлари бузилишига, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилишига ва уларни қилмаган жиноятларни тан олишга мажбур қилишларига шароитлар яратиб берганлар.

Шу йилнинг 31 январь куни “Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти расмий сайтида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссиясига мурожаат қилиб, ўз ҳимоямда бўлган Озат Масабуров ва унинг ўғли Мустафо Масабуров, Озат Масабуров бошчилик қилгани айтилаётган «экстремистик гуруҳ» “вакиллари”га қарши уюштирилган сохта маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишни ўз назоратига олишини қатъий талаб қилишим Талабномамни эълон қилгандим.

Менинг бу расмий талабномамдан олдин ҳам ушбу жабрдийдалар йиллар давомида барча давлат идораларига шикоятлар қилиб келганлар. Лекин бу беайб инсонларнинг тақдирига Ўзбекистондаги инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши шарт бўлган давлат идоралари мансабдорлари умуман эътибор қаратмаганлар.

Юқоридагиларни эътиборга олган холда ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик қарорлари ҳамда жиноят иши айблов ҳукмининг ҳаққонийлигига ҳуқуқий бахо бериш шарт деб хисоблаймиз.

Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясининг 19моддасига кўра:

“Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.”

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасига кўра:

“…2. Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар ёзма равишда ёки матбуот орқали ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади.”

Ўзбекистон Республикасининг асосий қомуси хисобланмиш Конституциянинг 29-моддага кўра:

«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.”

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги кодекснинг 294 – “Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари” моддасига кўра:

“Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга… иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир” дейилган.

Юқоридаги халқаро декларация, халқаро пакт ва Ўзбекистон Контитуцияси, МЖтК талабларига асосан:

  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган, хозирги кунда қамоқ жазосини ўтаётган Масабуров Озат Бегжоновични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 15 сентябрь кунги қарори билан маъмурий жаримага тортилганлиги ҳақидаги қарорини қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни;
  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшовчи Масабуров Мустафо Озотовични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 19 сентябрь кунги маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақидаги қарорини қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни;
  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган, хозирги кунда қамоқ жазоини ўтаётган Масабуров Матёқуб Солиевични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 19 сентябрь кунги маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма ҳамда ушбу қарорни қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни;
  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган, хозирги кунда қамоқ жазоини ўтаётган Рўзметов Ғайрат Комиловични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 19 сентябрь кунги маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма ҳамда ушбу қарорни қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни;
  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Чакка кўли” маҳалласида яшаган, хозирги кунда қамоқ жазоини ўтаётган Ўрозбоев Баходир Азатовични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 20 сентябрь кунги маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақидаги қарорини қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни;
  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган, хозирги кунда қамоқ жазоини ўтаётган Жуманиязов Кўпал Ибрагимовични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 20 сентябрь кунги маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма ҳамда ушбу қарорни қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни;
  1. Ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшовчи Масабуров Хабибуллох Солиевични Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2016 йилнинг 19 сентябрь кунги маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма ҳамда ушбу қарорни қабул қилинишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва бу баённомага бириктирилган барча ҳужжатлардан нусхалар беришни таъминлашингизни талаб қиламан.

Чунки ушбу инсонларнинг аянчли тақдирлари ҳақида хикоя қилгувчи далиллар билан танишиб чиққанимиздан кейин уларга қарши ғайриқонуний равишда сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, ЖИБ Урганч туман судининг ғайриқоуний қарорлари билан уларни маъмурий қамоқ жазосига тортганликлари гувоҳи бўлдик. Бу инсонларга қарши қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларида ҳам, жиноят ишида ҳам асосий “гувоҳлар” ҳамда “жабрланувчилар” “Шоликорлар” маҳалла фаоллари, посбонлар ва Озат Масабуровнинг собиқ турмуш ўртоғи Гулора Султоновалар эканлиги шармандали холатдир.

Маъмурий қамоқ жазосига тортилган бу инсонлар ўзларини ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан махрум бўлганлар ва уларга нисбатан қўлланилган қийноқлар натижасида қариндоши, ҳамқишлоғи, қўшниси бўлмиш Озат Масабуровни “террорчилар етакчиси”, ўзларини эса мана шу “террорчилар етакчиси”га эргашган “террорчилар” дея тан олишга, ёки қамоқдан қутулиб қолиш учун шунга ўхшаган кўргазмалар беришга мажбур қилинганлар.

Яъни уларнинг кўпчилиги қийноқларга дош бера олмасдан ИИБ Вақтинчалик Сақлаш Ҳибсхонасида ушлаб турилган пайтларида “Ўз айбига иқрорлик аризаси” ёки террористик гуруҳ жиноятлари ҳақида кўргазмалар ёзиб беришга мажбур бўлганлар. Ҳимоядаги озодликдан маҳрум қилинган беайб айбдорларга нисбатан айнан уларни маъмурий қамоқдалик пайтларидаги ўзларига ва Озат Масабуровга қарши расмийлаштирилган сохта кўрсатмалар асосидагина жиноят иши қўзғатилган.

Айнан маъмурий қамоқ жазолари тугалланган куни уларни барчасини қамоққа олишга қарор чиқарилганлиги бизни юқоридаги фикрларимизни исботлайди. Шунинг учун ҳам ҳимоямдаги жабрдийдаларни маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги қарорларни қонунийлигига ҳуқуқий бахо бериш ва бунинг ортидан уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қалбаки эканлигини исботлаб, уларни озодликка чиқишларига эришишни ният қилганмиз.

Шунинг учун ҳам зудлик билан юқорида санаб ўтилган сиёсий қатағон қурбонларини маъмурий жарима ва қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги суднинг қарорлари ва ушбу қарорларни қабул қилишинига сабаб  бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари ва бу баённомаларга бириктирилган ҳужжатлардан нусхалар олишни таъминлашларингизни талаб қиламан.

Чунки бу маъмурий ишлар кўрилиш палласида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган жабрдийдаларнинг барчаларини ҳуқуқ ва эркинликлари ўта қўпол равишда топталган. Уларга маъмурий иш ҳужжатлари билан танишишга, малакали юридик ёрдамлар олишга шароитлар яратилмаган. Қолаверса уларнинг маъмурий жазога тортилганларига 28 ойдан ўтган бўлсада Озат Масабуров, Мустафо Масабуров ҳамда Баходир Ўрозбоевдан ташқари бошқалари ханузгача маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги қарорлардан кўчирмалар олмаганлар.

Менинг ушбу қонуний талабларимни зудлик билан хал қилишларингиздан умид қилиб қоламан. Чунки ушбу инсонлар тақдирига Ўзбекистон ҳукумати инсонпарварлик хисси билан ёндашмайдиган бўлса, бу шов шувли ишни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кўмитасига олиб чиқиб, БМТнинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши қарорини чиқартиришга эришишга ваъда бераман.

Судья жаноблар ва хонимлар!

Сизлар судьялик лавозимига тайинланар экансиз, Судлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 64 сонли моддасига асосан «Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан» дея хайқиргансиз.

Лекин мана шу мурожаатномада ҳуқуқ ва эркинликлари айнан сизлар томондан бузилган инсонлар, оилалар олдида виждонингиз поклигига ишона оласизми?!

Ишдан хориб уйга қайтгач, гўдак фарзандларингиз ёки набираларингизни бағрингизга босиб эркалар экансиз, Она Ватанимизнинг бир қанча хонадонларида сизнинг адолатсизлигингиз, қасамёдингизга қилган хиёнатингиз сабаб умри изтироб ва аламларда яшаётган оилалар, айнан Сизнинг адолатсизлигингиз сабаб зиндонбанд этилган отасини, бобосини соғинган мурғакларнинг уволи бир куни тутишини хис қиласизми?!

Фарзандингиз ва набирангизни қаттиқроқ бағрингизга босинг, чунки бугунги кун Сиз учун омонат бўлиши мумкин! Чунки қасамга хиёнат қилганлар ҳиёнатларига муносиб жазо олишлари муқаррардир!

Изоҳ: Ушбу талабномани мен томонимдан имзо чекилган нусхалари сизларга буюртма хат тариқасида ҳам жўнатилади ва ушбу буюртма хатга ҳимоядаги жабрдийдаларнинг оила аъзолари томонидан менинг номимга расмийлаштирилган ишончномаларни ҳам қўшиб жўнатилади.

Мўътабар Тожибоева

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти

Ҳимоячимиз Мўътабар Тожибоева томонидан расмийлаштирилган ушбу талабнома талабларига тўлиқ қўшиламиз ва бизлар томондан Тожибоева номига берилган ишончномаларни ҳам ушбу талабномага қўшиб тақдим қиламиз.

Каромат Каримова (Мустафо Масабуровни онаси):

Мустафо Масабуров (Озат Масабуровни ўғли): 

Озод Ўрозбоев (Баходир Ўразбоевни отаси):

Матжонова Зиваржон (Рўзметов Ғайратни онаси):

07 февраль 2019 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.