«Террористик жиноий гуруҳ етакчиси» оиласини Ўзбекистон ҳукумати ва тегишли бошқарув идоралари ўз ҳимояларига олишлари даркор!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига
Ўзбекистон Республикаси хотин қизлар кенгаши раисаси Танзила Норбоевага
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирига
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирига
Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи оммавий ахборот воситаларига
2011 йилнинг 3 февраль куни Францияда расмий рўйхатдан ўтган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти Мўътабар Тожибоевадан
ТАЛАБНОМА
ҲИМОЯМДАГИ «ТЕРРОРЧИЛАР ЕТАКЧИСИ» ОЗАТ МАСАБУРОВ ВА УНИНГ ОИЛАСИНИ ЗУДЛИК БИЛАН ЎЗ ҚАРАМОҒИНГИЗГА ОЛИНГ!
Posted by Мўътабар Тожибоева Мутабар Таджибаева on Friday, February 8, 2019
Мен ўз ҳимоям остидаги 1962 йилнинг 10 март куни Хоразм вилояти Урганч туманида туғилиб, “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган ва бугунги кунда қамоқда сақланаётган “Бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстремистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга «ошириб» келган», яъни «террористик гуруҳ етакчиси» сифатидаги жиноятларни содир этганликда айбланган умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Озат Масабуровнинг ҳимоячиси сифатида уни ўзини ва бутун бошли оила аъзоларини Ўзбекистон ҳукумати ўз қарамоғига, ҳимоясига олишини сўрайман.
“Жиноий гуруҳ рахбари” Масабуров Озат Жиноят кодексининг 159 моддаси 1-қисми, 244-1-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» этганликда айбланиб, 2016 йилнинг 19 сентярь куни қамоққа олиниб, Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судининг судьяси Ш.Раззоқов томонидан 2017 йилнинг 9 март кунги эълон қилинган адолатсиз айблов ҳукми билан 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилинган ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган.
Узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиниб, бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги С.Султонов номидаги 1 сонли Республика силга карши курашиш диспансерида кўкрак бел умуртқа поғоналари сил касаллиги йиринглаган оғир кўриниши диагнози билан ётоқ режимда, яъни жойидан жилмасдан, туриш, юриш, ўтириш умуман мумкин бўлмаган даволаниш тартиби бўйича 2018 йилнинг 10 октябрь кунидан буён даволанаётган Озат Масабуровнинг аҳволи бағоятда аячли аҳволда.
Ўзгалар парваришига мухтож бўлиб қолган бу инсонни ҳаётини қутқариб қолиш учун уни зудлик билан озодликка чиқарилиши ва ҳаётини сақлаб қолиш учун малакали медицина ёрдами кўрсатилиши, керакли муолажаларни, жарроҳлик амалиётини ўтказилиши шарт деб хисоблайман.
Мен ўз навбатида Озат Масабуров ва айнан унинг жиноий шериклари сифатида биргаликда жиноий жавобгарликка тортилган ҳамқишлоқлари, қариндошлари ва бошқа яқинларини сиёсий зўравонлик, қатағон, қийноқ ва адолатсиз судлов қурбони бўлганликларини исботлаб беришга қодирман. Чунки қўлимда уларни айбсизлигини, яъни хеч қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик ва террорчилик жиноятлари содир этмаганликларини исботлайдиган далиллар етарлича бор.
Лекин хозир энг мухими мана шу маҳаллий мансабдорларнинг бир виждонсиз аёл қўлида қўғирчоқ бўлганлари ортидан ҳаёти қил устида турган жабрдийдани ҳаётини қутқариб қолиш, унинг оиласини кам таъминланган, кўп болали оила сифатида Ўзбекистон ҳукумати ўз қарамоғига олиши, уларнинг йиллар давомида бузилиб келган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашлари шартлигидир.
Сил касалликлари бўйича профессорнинг айтишича Озат Масабуровнинг бел, умуртқаларини чириган қисмини жарроҳлик йўли билан тозалаб, ириб йўқ бўлиб кетган умуртқалар ўрнига темир қўйиш керак экан. Лекин сохта айблар ортидан чиқарилган адолатсиз суднинг ҳукмига асосан Масабуров қаттиқ режимдаги қамоқхонада узоқ муддат сақлангани, қийноқ ва босимлар қурбони бўлгани ҳамда у билан ўтказилиши керак бўлган жарроҳлик амалиёти ўта мураккаб бўлганлиги учун ҳам бу жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконсиздир. Чунки унинг организми хозирги шароитда жуда кучсизланган ва ўта оғир аҳволда.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Жазони ижро этиш бош бошқармаси тиббий медицина экспертиза комисссияси ходимлари бундан 3 ой муқаддам Озат Масабуровни ногиронлик холатини қайтадан ўрганиб чиқиш бахонаси билан унинг МРТ, МСХТ ва ренген флюрография пленкаларини олиб кетганлар. Бунинг натижасида Масабуров малакали медицина ёрдами олиш имкониятидан буткул маҳрум бўлган.
Озат Масабуров ўзининг ёзган шикоят аризаларида медицина ходимининг ғайриқонуний бу хатти ҳаракатлари юзасидан қуйидагиларни баён қилган:
“…Касаллик туфайли жазони ижро этишга лаёқатлиликни аниқлаш холати бўйича ЖИЭМдан келган комиссия аввалги сафар ҳам мени 2018 йил апрель ойида ММИК (маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхона)да кўрган, у сафар менинг ҳужжатларим 15 кун мухокамада ётган эди.
Бу сафар ҳам худди ўша шахс, яъни бир кишидан иборат комиссия келди. У шахс мени текширгани келганида БИРИНЧИ саволи «Статянгиз?» – яъни қайси модда билан қамалганим, иккинчи саволи «Қанча срок қолган?» – бўлди. У мени ХАТТО диққат билан текширмадиям.
Агар у бу сафар менинг касаллигим туфайли жазони ўташга нолойиқлик тўғрисидаги комиссия хулосасини судга тақдим этса ўз ўзини фош этишини билгани учун ҳам мана икки ойдан ошди, атайин вақтни чўзяпти. Ҳамма ҳужжатларимни, хатто ўз хисобимдан анча пулга туширилган МСХТ рентген пленкаларимни ҳам олиб кетган. Шу сабабли хозир холат мени тўғри аниқ, керакли муолажа олишимга анча тўсқинлик қилаяпти…»
«Террорчилар етакчиси» дея талқин қилинган умрбодлик ногирон, 12 нафар, шулардан 8 нафар вояга етмаган фарзандларнинг отаси Озат Масабуровнинг оилавий аҳволи ҳақида маълумотлар қуйидагилардан иборат:
Озат Масабуровнинг турмуш ўртоғи 1969 йилнинг 15 январь куни туғилган умрбодлик 2 гуруҳ ногирони, чап қўли йўқ Каримова Каромат ҳар ойда 396 минг сўм ногиронлик нафақаси ва 8 нафар вояга етмаган болаларидан атига Зайнаб ва Ханифа учун ҳар ойда 222 минг сўмдан болалар пули олади.
Кўп болали, кам таъминланган, ўта оғир шароитдаги, ҳукуматнинг ҳар томонлама ижтимоий ёрдамига муҳтож бу оиланинг бир ойлик даромади мана шу 618 минг сўмни ташкил этади.
1. Оиланинг тўнғич фарзанди 1990 йилда туғилган Масабуров Бекжонбек 2008 йилда электр токи уриши оқибатида 18 ёшида вафот этган.
2.1. Оиланинг иккинчи фарзанди 1991 йилнинг 11 июнь куни туғилган Масабуров Мустафо оилалик, икки фарзанднинг отаси.
2.2. Мустафонинг турмуш ўртоғи Масабурова Хадича 1995 йил 1 апрелда туғилган.
2.3. Мустафонинг тўнғич фарзанди Масабуров Бекжонбек 2013 йилда туғилган.
Мустафо севимли акасининг фожеали вафотидан азоб чекаётган ота онасига ва опа укаларига малҳам бўлсин деган тўнғич фарзанди исмини акаси хотираси учун Бекжонбек деб атаган.
2.4. Мустафонинг қизи Муслима 2014 йилда туғилган.
Мустафо ҳам, унинг турмуш ўртоғи Хадича ҳам ҳеч қаерда ишламайдилар. Хаттоки вояга етмаган фарзандлари 5 ёшлик Бекжонбек ва 4 ёшлик Муслималар учун маҳалла болалар пули ажратмаган. Уларга на моддий ёрдам, на болалар пули берилмаслигини маҳалла расмийлари Озат Масабуровнинг 8 нафар вояга етмаган фарзандларидан атига икки нафари – Зайнаб ва Ханифалар учун ҳар ойда 222 минг сўмдан болалар пули бераётганликларини сабаб қилиб кўрсатганлар.
Урганч тумани “Чаккашоликорлар” қишлоғи “Шоликорлар” маҳалла кенгаши раиси, фаоллари, посбонларининг саъйи ҳаракатлари билан Озат Масабуров “террорчиларнинг етакчиси” деган тамғани олганидан ва унга қўшилиб бир қанча қариндошлари, қўни қўшнилари қамалиб кетганларидан кейин Масабуровлар оила аъзолари “террорчилар” оиласи сифатида ёмон отлиқ бўлганлар. Натижада автомобилларга газ ўрнатиш бўйича уста бўлмиш Мустафо оилани боқиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Маҳалла фаоллари, милиция ва маҳаллий ДХХ ходимларининг саъйи харакатлари ортидан маҳалладошлари, қишлоқдошлари Мустафога иш бериш у ёқда турсин, унинг берган саломига алик олмасдан тескари қараб кетадиган бўлганлар. Чунки Масабуровлар оила аъзоларини танигани учунгина ДХХ ва милиция идорасига чақиртирилиб, бу оила вакилларига қарши кўрсатма беришга мажбурланаётган маҳалладошлар имкон даражасида бу оила вакилларига яқинлашмасликни истайдилар.
Қолаверса оиласи бошига тушган туҳмат кампанияси ва умрбодлик ноғирон бўлган отаси Озат Масабуровнинг қамалиши ортидан оиласи, ота оналари шаънини ҳимоя қилишга бел боғлаган Мустафо тинимсиз давлат идораларига қатнаб, мурожаатлар тайёрлаб ҳақиқатни қарор топиши илинжида курашиб келмоқда.
3. 1998 йилнинг 25 июнь куни туғилган Озат Масабуровнинг учинчи фарзанди Масабуров Абдувахоб машина ремонти бўйича устага шогирдликка тушган. Лекин унинг шогирдликдан топган даромади кўп болали оиласини боқиш имконини берадиган даражада эмас.
4. Масабуровнинг катта қизи Масабурова Хайринсо 1993 йилда туғилган, турмушга чиққан ва икки нафар вояга етмаган қизчалари бор.
5. Масабуровнинг кейинги қизи Масабурова (Бекчонова) Хадича 1994 йилда туғилган, турмушга чиққан ва бир нафар вояга етмаган фарзанди бор.
6. Масабуровнинг навбатдаги ўғли Абдулла 2002 йилнинг 4 апрель куни туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 10 синфида ўқийди.
7. Масабуровнинг Зайнаб исмли қизи 2006 йилнинг 16 февраль куни туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 6 синфида ўқийди.
8. Масабуровнинг навбатдаги қизи Ханифа 2007 йилда туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 5 синфида ўқийди.
9. Масабуров Озат 2004 йилдан бошлаб ўз қарамоғига олган ва фамилиясини берган Масабуров Муҳаммад 2001 йилда туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 10 синфида ўқийди.
Озат Масабуров Хоразм вилояти Хозарапс шаҳри, Шароф Рашидов маҳалласида яшаган, 1978 йилда туғилган Султонова Гулора Юсуповна билан 2004 йили шаърий никоҳдан ўтиб, 2013 йилнинг 21 июнь кунигача бирга яшаган. Турмуш қурган пайтларида Гулоранинг олдинги турмуш ўртоғи қўлида қолиб кетган 3 ёшли гўдак Муҳаммадни ўз оталиғига олиб, ўз фамилиясини ҳам берган.
10. Султонова Гулора туққан Масабурова Солиха 2007 йилда туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 5 синфида ўқийди.
11. Султонова Гулора туққан Масабурова Нурия 2009 йилда туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 3 синфида ўқийди.
12. Султонова Гулора туққан Масабурова София 2009 йилда туғилган, қишлоқдаги 12 сонли ўрта мактабнинг 2 синфида ўқийди.
2013 йилнинг июнь ойида ажрашганларидан кейин Озат Масабуровга қарши тухматлар уюштириб, уни “террорчилар етакчиси” сифатида қамалиб кетишига сабабчи бўлган Гулора Султонованинг отаси Юсуф Султонов Хоразмда учига чиққан наркобарон ва талончилик билан шуғулланиши билан танилган экан. У 2001 йилда бир оилани 6 нафар вакилини, хаттоки бешикдаги гўдагигача вахшиёна ўлдиргани учун Олий жазо – отувга ҳукм қилинган экан.
Мана шу кимсанинг фарзанди Гулора ўзга эркакдан туққан фарзанди Муҳаммадга оталик қилиб келаётган ва биргаликда турмушлари пайтида туққан 3 нафар вояга етмаган фарзандларини ҳам ташлаб бундан 5 йил муқаддам Масабуров билан яшаб турган оиласидан кетиб қолган экан.
Унинг Озат Масабуровга унинг қарамоғида қолиб кетган 4 нафар вояга етмаган фарзандлари учун фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2015 йилнинг 19 ноябрь кунги ҳар ой учун 784041 сўмдан алимент тўлаши керак бўлган ва бугунги кунгача бирор сўм тўламагани, алиментдан қарздорлик миқдори 30 миллион сўмга етган бўлсада, ундан ушбу алимент суммасини Озат Масабуров фойдасига ундириб бериш ўрнига маҳаллий мансабдорлар Гулора Султонованинг туҳматлари асосида Озат Масабуров ва унинг яқинларига маъмурий ва жиноят иши қўзғатиб, бутун бошли Масабуровлар оиласи ва бошқа биродарлари бошига кулфатлар ёғдирганлар.
Гулора Султонова эса 2013 йилнинг июнь ойидан буён Озат Масабуров қарамоғида қолиб кетган 4 нафар вояга етмаган фарзандларига тўланиши керак бўлган 30 миллион сўмдан ортиқ алимент суммасини тўламаслик, Озат Масабуровнинг қамоқдалиги ва ўзининг туққан фарзандлари умрбодлик ногирон Каромат Каримова қарамоғида қолиб кетганликлари ва бу фарзандларини ўз қарамоғига олишга тўғри келиб қолишидан чўчигани сабабли Ўзбекистондан қочиб кетган.
Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида фуқароларнинг шикоят ва аризалари билан ишлашда маъсул бўлган вакилларига ушбу ишни ўз назоратларингизга олиб тегишли органларнинг ушбу оила муаммоларини зудлик билан ва қонуний тарзда хал этишларини назорат қилишларингизни сўрайман.
Уйғонишга бел боғлаган, лекин бироз чўчиб турган ўзбек журналистлари Сизлар мана шу Масабуровлар оиласи фожеасига бугунни ўзида ўз муносабатларингизни билдиринглар, чунки эртага кеч бўлиши мумкин!
Республика хотин қизлар кенгаши раисаси, Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева хоним!
Шахсан ўзингиз мана шу оила тақдири бўйича амалий жараён бошланг. Турли соҳа вакилларини жалб қилган холда ушбу оила бошига ўрмалаган қора булутларни хайдаб, уларни ночорлик, умидсизлик ботқоғидан олиб чиқинг! Ушбу хонадонда хори зорликда вояга етаётган 10 нафар гўдакнинг айби не?!
Республика соғлиқни сақлаш вазири жаноблари!
Озат Масабуровни ўлимдан қутқариб қолиш учун ҳаракатингизни бошланг. Ахир Сиз оқ халат сохибисиз ва хатто душманингизга ҳам медицина ёрдами керак бўлса ёрдам қўлини чўзишга Гиппократ қасамини ичгансиз! Ўлим билан олишаётган Озат Масабуров эса душман эмас, оддийгина ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш илинжида бироз эркин фикр билдиришга ўзида жасорат топган кечаги ва бугунги кун қаҳрамонидир. Уни қутқаринг!
Агар Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа давлат идораларига Масабуровлар тақдирига алоқадор қилган мурожаатларимиз оқибатсиз қолгудек бўлса демак чорак аср давомида ҳукмронлик қилган диктатура пайтида содир этиб келинган жиноий қилмишлар Мирзиёев замонида ҳам давом этаётганини исботидир бу фожеали холат.
Бизларда эса ўтган замон қайтиб келмаслигига, бунга Шавкат Мирзиёев йўл қўймаслигига умид ва ишонч бор!
Ушбу мурожаатномага менинг номимга расмийлаштирилган ишончномалар ва бошқа мухим ҳужжатларни қўшиб тақдим қилмоқдамиз.
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини
Ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти
Ҳимоячимиз Мўътабар Тожибоева томонидан расмийлаштирилган ушбу талабнома талабларига тўлиқ қўшиламиз ва бизлар томондан Тожибоева номига берилган ишончномаларни ҳам ушбу талабномага қўшиб тақдим қиламиз.
Каромат Каримова (Мустафо Масабуровни онаси):
Мустафо Масабуров (Озат Масабуровни ўғли):
Озод Ўрозбоев (Баходир Ўразбоевни отаси):
Матжонова Зиваржон (Рўзметов Ғайратни онаси):
08 февраль 2019 йил
Fikr bildirish