Зокир Алиев: Германия Президенти Франк – Вальтер Штайнмайер жанобларига!

МАМЛАКАТИНГИЗДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАРШИ АХБОРОТ ХУРУЖЛАРИ СОДИР ҚИЛАЁТГАН «ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ» ТАНОБИНИ ТОРТИБ ҚЎЙИНГ!

Зокир Алиев Америкада, иш жойида

Ҳурматли Президент!

Сизнинг Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишингизни эшитиб бениҳоят ҳурсанд бўлдик.

Германия ва Ўзбекистонинг ҳар соҳада ҳамкорлик қилишини қўллаб қувватлашимни билдириш билан бир қаторда сизнинг зиёратингиз икки давлат ўртасида дўстлик ришталарининг яна ҳам мустаҳкамланишида катта рол ўйнайди ва бу айни пайтда икки миллатнинг ўзаро манфаатларига мос тушади ва хизмат қилишига умид билдирамиз.

Германия -Ўзбекистон дўстлиги бугун бошлаган эмас, бунинг илдизи юз йилларга бориб тақалади. Бу зиёратингиз Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг акс садоси бўлган бўлса ажаб эмас. Қолаверса, дунё ҳамжиятида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлишга интилаётган Ўзбекистон учун ҳам бу ташриф жуда катта аҳамиётга моликдир.

Шу нарсани ифтихор билан таъкидлашим мумкинки, Германиянинг ривожланган давлатлар сафига қўшилишида Германия халқининг ҳамжиҳатлиги, деморкатия тамоийилларни кўзлаб иш тутиши ва инсон ҳуқуқлари борасида умумжаҳон принципларига оғишмай тоғишмай амал қилиб келаётгани муҳим рол ўйнагани бор ҳақиқат.

Жаноб Президент!

Сиз раҳбарлик қилаётган мамлакат Германияда инсон ҳуқуқлари – жаҳоншумул ва бу соҳада фаолият юритиб келаётган ташкилотларнинг ҳам бу қонунга амал қилишларига шак шубҳам йўқ.

Лекин шуни афсус ва надомат билан айтишим мумкинки, бу тамоийларни бузаётган, паймол қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини  борлиги ва уларни Германиядек демократик мамлакат қонунларини оёқ ости қилиб келаётганликлари ачинарли ҳолдир.

Демоқчи бўлганим сиз бошқараётган мамлакатда Ўзбекистонга ва ўзбекистонликларга қарши ахборот хуружлари содир қилаётган “ҳуқуқ ҳимоячилари”ни танобини тортиб қўйишингиз энг аввало ўзбек халқига нисбатан хурмат ва эхтиромингизни белгиси деб хисоблаш мумкин.

Германияда ташкил этилиб, фаолият олиб бораётган “Ўзбек Герман Форуми” номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Умида хоним Ниёзова асос солган “Элтуз” интернет нашри орқали менинг шаънимга асоссиз туҳмат ва бўҳтонлар кампанияси олиб борганлиги ортидан ҳуқуқ эркинликларим бузилди ва мен ноҳақ қораландим. Бу тухмат кампания ортидан тортган изтиробларимни таърифлашга тил ожиз.

Менга қилган туҳматлари фош бўлган бу “ҳуқуқ ҳимоячилари” ва “журналистлар” ҳамон ўз “фаолиятларини” давом эттирмоқдалар. Уларни безбетлиги, юзсизлигидан Сизни хабардор қилишга қарор қилдим.

Гап шундаки Мустақиллик йилларини бошида Ўзбекистон билан Туркия ҳукуматлари ўртасида дўстлик алоқадори ўрнатилиб, Туркия давлати дунёнинг турли бурчидаги мамлакатлардан ёшларни Туркия олийгоҳларида ўқиб, билим олишга чорлай бошлади. Мана шу дасур асосида Ўзбекистондан 2500 нафар ёшлар Туркиядаги турли олийгоҳларга ўқишга жўнатилдилар.

Мен ҳам 1992 йилда Туркияга бориб бир йил мобайнида турк тилини ўргандим. 1993 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида жойлашган Улуғтоғ Университетининг иқтисодиёт факультетини молия бўлимига, молия ва банкчилик мутаҳассислиги бўйича ўқишга кирдим.

2014 йилда эса Туркия Ўзбекистон муносабатлари кескин совуқлашди. Шу орада икки мамлакат ўртасида пайдо бўлган совуқчилик ортидан Туркиядаги талабаларни Ўзбекистонга қайтариш кампанияси бошланди.

Туркия ҳукуматига Ўзбекистонлик талабаларни Ватанга қайтариш талабида Ўзбекистон ҳукумати бу талабалар сохта ҳужжатлар асосида Туркияга ўқишга кириш учун борганлар дейишгача борди. Бунинг ортидан эса Ўзбекистонлик талабаларнинг баъзилари олийгоҳлардан хайдалдилар, кўпчилиги эса стипендияларидан маҳрум бўлдилар, бир сўз билан айтганда бу талабалар ҳам Туркия, ҳам Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан сиқувга олиндилар.

Кейин билишимизча Ислом Каримов Туркиядаги талабаларни қайтаришга яширинча Фармон чиқарган экан. Ушбу Фармонга асосан 2500 талабаларнинг 99 фоизи Ўзбекистонга қайтганлар, озчилик қисм талабалар эса ўқишни битирмай туриб Туркияни тарк этмаслигимизни айтиб, мамлакатда қолганмиз.

1994 йилнинг май ойида 2500 талабадан 99 фоизи Ўзбекистонга қайтган бўлсалар сентябрь ойига бориб улардан 350 нафари Ўзбекистон Республикаси Маориф вазирлиги расмий аралашуви билан Туркияга ўқишга қайтганлар ва уларни Туркиянинг энг катта шаҳарлари Истанбул, Анқара, Бурса ҳамда Измирдаги олийгоҳларга ўқишга жойлаштирилганлар.

Ўша пайтда тарқаган миш мишларга қараганда бу ёшлар Ўзбекистон ҳукумати махсус синовдан ўтказилганлар ва улар махсус хизматларнинг барча талабларини сўзсиз бажаришга розилик берганларидан ва махсус тайёргарликдан ўтганларидан кейин Туркияга қайтарилган эканлар.

Ҳақиқатан ҳам мана шу 350 нафар талабаларнинг тақдири сиёсий ўйинлар қурбони бўлган 2000 нафардан ортиқ талабаларнинг аянчли тақдиридан фарқ қилади. Ўзбекистонга мажбурий қайтган ва махсус хизматларга хизмат қилишдан бош тортган талабаларни барчасини паспортлари олиб қўйилган, жуда қаттиқ босимларга олинганлар.

Сиёсатнинг жирканч ўйинлари қурбони бўлган бу талабаларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ўқишларини давом эттира олмаганлар ҳам, диплом ҳам ололмаганлар. Улар доимий равишда кузатувда бўлганлар ва хеч бир сабабларсиз сўроқларга тутилганлар, шулардан кимлардир сохта айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортилган ва озодликдан маҳрум қилинганликлари ҳақида ҳам миш мишлар тарқалганди ўша пайтларда.

Туркиядаги талабаларни Ўзбекистонга қайтариш кампанияси авж паллага чиққан пайтда ЭРК партиясининг раҳбари Салай Мадаминов “Озодлик” радиоси орқали “Туркиядаги барча талабалар менинг орқа боғчам. Уларнинг барчаси мени тарафдорларим” деб ёлғон, ҳақиқатга зид бўлган баёнот берган.

Салай Мадаминовнинг ушбу баёноти Ислом Каримовни баттар жазавага туширган ва нафақат қайтган талабалар, балким Туркияда қолган талабалар ва уларнинг оила аъзолари, яқинларига нисбатан ҳам қатағонлар авжига чиққан. Сўроқ саволлар, босимлар Ўзбекистонда давом этар экан, Туркия олийгоҳлари Ўзбекистонга қайтмаган талабалардан яширин тарзда уларни ўқишдан хайдаган ва талабаларнинг ҳужжатларини Ўзбекистондан борган махсус хизмат вакилларига тақдим қилганлар.

Салай Мадаминовни мана шу баёнотидан кейин Ўзбекистон махсус хизматлари вакиллари ва Ички Ишлар Вазирлигидан Туркияга махсус жўнатилган расмийлар 1994 йилда ҳам, кейинги йилларда ҳам Туркияга бориб талабаларга босимлар ўтказишни давом эттирганлар.

Ўзбекистонга қайтмаган ва Туркияда қолиб, олийгоҳлардан хайдалган талабалар орасида мен ҳам бўлганман. Ўқишдан хайдалганимиздан кейин бир йил ўтиб Туркия бош вазири Тансу Чиллар бўлиб ўтган воқеаларга бефарқлик қилмасдан “Ўзбекистон ҳукумати ўзининг бўлажак кадрларига нисбатан адолатсизлик қилган бўлса, бизлар бунга томошабин бўлиб турмаймиз. Сизларни Туркиядаги олийгоҳларда мустақил ўқишга ҳақларингиз бор” деган. Унинг амалий кўмаги остида махсус рухсат билан бизлар хайдалган олийгоҳларимизга қайтадан тикланганмиз. 

Мен 1998 йилда Университетни битирганимдан сўнг Инстанбулдаги Мармара Университетига Сармоя бозори ва банкчилик сохаси бўйича иккинчи мутахассисликка ўқишга кирдим. Лекин паспортимни муддати ўтганлиги ва чиқиш визаси муддати тугаганлиги сабабли ўқишни давом эттира олмадим.

Моддий қийинчиликлар, Ўзбекистонда бўлган ота онамга, оила аъзоларимга, қариндош уруғларимга нисбатан бўлаётган босимлар авжига чиқаверганидан кейин 1998 йилда бошқа талабалар қатори БМТга сиёсий қочқинлик мақоми олиш учун мурожаат қилдим. 1999 йилнинг охирларида менга қочқинлик мақоми берилганидан кейин 2000 йилнинг 21 январь кунида Америкага келдим. 2014 йилда эса АҚШ фуқаролигини олдим.

Туркияда олган билимларимни ўз Она Ватанимда эмас, иккинчи Ватанимга айланган Америка тараққиёти учун сарфламоқдаман. Бугуни кунда Америкада ўзим ташкил этган ҳусусий солиқ фирмасини бошқариб келмоқдаман.

Туркиядан қайтмаган талабаларнинг, яъни бизларнинг яқинларимиз, ота оналаримиз йиллар давомида босимларга учраб келдилар. Биз бир биримизни дийдоримизга зор бўлиб яшадик. Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонда бошланган ижобий ўзгаришлардан илҳомланиб, 2018 йилнинг 16 июнь куни мен Ўзбекистонга қайтдим. Мен ўз яқинларим билан дийдорлашиш илинжида Она Ватанимга қанот коқиб учган кушдек талпиндим.

Менга Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи яқинларим Ўзбекистонга боришим учун таклифнома юбордилар. ОВИР тасдиқлаган ва Ташқи Ишлар Вазирлиги Ўзбекистонга боришимга виза рухсати расмийлаштирди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси эса мени паспортимга 90 кун муддат ичида мамлакатда бўлишимга рухсат берувчи тамғани босиб берди.

Мен йиллар давомида Ўзбекистон махсус хизматларининг архивида сақланган қоралов ҳужжатлари асосида мени сўроқ савол қилишларини, ўз назоратларига олишларини олдиндан билардим ва бундай синовга тайёр эдим.

Кутганимдек бўлди. Мен Қашқадарёга етиб бориб, яқинларим билан учрашиб, хали онажонимнинг дийдорига тўйиб улгурмасимдан, бундан 16 йил муқаддам тарк этган хонадонимизга кириб борганимга бирор соатлар ўтар ўтмас, Қарши шаҳар ИИБ ходимлари ташриф буюриб, мени ИИБ идорасига олиб кетдилар.

Мени даставвал ҳибсга олиб тергов ҳаракатлари бошладилар. Шу тергов жараёнида терговчилар менга ўта оғир, яъни АҚШда халқаро террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га аъзоликда, ЎИХга байъат келтирганликда, Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, ҳукумат ва халқаро коалиция қўшинларига қарши жангларда қатнашганликда айбларини қўйдилар.

Шу орада Салай Мадаминовни Ўзбекистондан борган 2500 нафар талабаларнинг ўзига садоқатли эканликлари ва бошқа ёлғон баёнотлари сабаб тўпланган материаллар асосида ҳам сўроқ саволлар бошланди. Салай Мадаминовни қаердан танирдим, қачон, қаерда, қандай вазиятда учрашганман у билан. Зайниддин Асқаров билан кўришганманми йўқми?

Мен ташқи оламдан узилгандим, ўзимни айбсиз эканлигимни исботлашга умуман имкониятим қолмаганди. Қолаверса терговчилар томонидан менга тақдим қилинаётган, мени халқаро террорчи гуруҳларга алоқадорлигим ҳақидаги маълумотларни инсон ҳуқуқи, сўз ва фикр эркинлиги, қийноқларга, адолатсиз судловларга қарши курашиши керак бўлган ташкилотларга қарашли интернет нашрларида чоп қилинаётгани мени дахшатга соларди.

Руҳий азоб исканжасида мен ўзимга қўйилаётган барча айбловларни тан олишга, терговчилар истаган ҳужжатларга имзо чекиб беришга мажбур бўлиб қолдим.

Мени шу тушкун аҳволга тушишимга сабаб бўлган мақолаларнинг деярли барчаси Германияда давлат рўйхатидан ўтган ва Америкадаги Сорос жамғармаси томонидан молияланиб келадиган “Ўзбек Герман Форуми” дея аталмиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига қарашли Элтуз сайтида ва унинг ютубканалида, турли яширин номлар билан қоралов кампаниялари олиб бориши билан танилган Салай Мадаминов тарафдорлари томонидан ижтимоий тармоқларда чоп қилинган материаллар эди.

Шу ўринда мен ҳибсдалик пайтимда сохта айбловлар билан ўта оғир, терроризмга алоқадор жиноятларни содир этганлигимни Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимларга етказиб берган “ҳуқуқ ҳимоячилари” ҳамда “журналистлар” ҳақида икки оғиз тўхталсам.

Элтуз нашрини муҳаррири Салай Мадаминов асос солган ва бошқариб келаётган мухолифатдаги ЭРК “демократик” партиясининг энг ашаддий аъзоларидан бири, Швецияда сиёсий қочқинлик мақоми олиб яшаётган Қудрат Бобожоновдир.

Қудрат Бобожонов 2009 йили Салай Мадаминовга қарашли бўлган Понауз сайтида очиқ ошкора терроризмни тарғиб қилиши ортидан Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг кескин танқидларига дучор бўлганди ва кейинчалик бу сайтни ёпиб ташлашга мажбур бўлгандилар.

Ушбу сайтнинг эгаси Умида Ниёзова эса яқинда Ўзбекистон жамоатчилиги томонидан жиноий қилмишлари фош бўлган, Озодлик радиоси ўзбек хизмати журналисти Шуҳрат Бобожоновнинг иккинчи турмуш ўртоғи бўлади.

Афсуски АҚШ солиқ тўловчилари ҳисобидан ойлик маоши оладиган Озодлик радиосининг ўзбек хизматини ЭРК “демократик” партиясининг ашаддий аъзолари эгаллаб олганлар десак хато қилмаймиз.

Шуҳрат Бобожонов, Хурмат Бобожонов, Ғайрат Бобожонов, Сирожиддин Толипов сингари Салай Мадаминовга садоқатли бўлган бу журналистлар йиллар давомида ҳақиқатга зид бўлган хабарлар тарқатишда Озодлик радиоси минбаридан фойдаланиб келадилар.

Бундай холатни ББС радиосининг ўзбек хизматини эгаллаб олган ЭРК “демократик” партиясининг вакиллари Пахлавон Содиқ, Ҳайрулло Файз…лар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу радиоларда қариндош уруғчилик, маҳаллийчилик ва гуруҳвозлик шунчалар даражада урчиб кетганки, бу журналистлар демократик ғоялар тарғиботчилари бўлмиш фаолларга қарши ўзлари истагандек фитналарни уюштираверадилар. Барчалари биргалашиб, бир пайтни ўзида ҳар томондан ҳужумлар уюштирадилар.

Ушбу радиоларнинг журналистлари нафақат Салай Мадаминовни тарғиб қилиш, Ўзбекистонга қарши қоралов кампанияларида иштирок этадилар, қолаверса улар ушбу радиолар раҳбариятларига ўз босимларини ўтказиб, бу уюшган гуруҳ вакилларини танқид қилган фуқаролик жамияти вакиллари ҳақидаги туҳмат, бўхтон кампанияларда ҳам фаол иштирок этадилар. Уларнинг етовига юрмаган “тарбиясизлар”га бу радиолардан минбарлар берилмайди, уларнинг фаолиятлари ҳақида материаллар қилинмайди. Аксинча уларнинг олиб бораётган фаолиятларини ўз тарафдорлари фаолияти дея тескари талқин қилишдан уялмайдилар.

Бундан кўриниб турибдики Салай Мадаминовга садоқатли бўлган Умида Ниёзова ҳам, Қудрат Бобожонов ҳам хали ижобий ўзгаришлар тўлиқ содир бўлмаган Ўзбекистонда ҳибсда турган палламда Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улуғтоғ Университети талабалар ётоқхонасида тушган суратларимизни Элтуз сайтида намойиш қилиб, радикалларга қарашли лагерида тушилган сурат деб талқин қилганлар.

«Элтуз» «ҳақиқати»

Улар ушбу жиноий қилмишлари билан мени “террорчи” эканлигимга энг аввало мени хибсга олган ва тергов ҳаракатлари олиб бораётган куч ишлатар тизимлар вакилларини, қолаверса дунё жамоатчилигини ишонтириш мақсадида уюштирганлар.

Улар ўзларининг ёлғонларига Ўзбекистон ҳукумати ишонишига умид боғлаганлар. Бир томондан Салай Мадаминовни радикал қарашларини танқидчиси бўлган демократлардан бирини овозини буткул ўчирадилар ва бу билан бошқа танқидчиларни қўрқитиб қўймоқчи бўлганлар.

Қолаверса дунё жамоатчилигига Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар хўжакўрсинга бўлаётганини кўрсатиб қўйишни ният қилганлар. Чунки ўз фуқароси бўлмиш бир инсонни тақдирига Америка ҳукумати сукут билан қараб турмаслигини, менга қўйилган айбловларни рад қилгувчи барча далилларни мени адвокатларим керакли идораларга тақдим қила олишларини ва натижада мени умуман беайб эканлигим исботланишини, Ўзбекистон яна ёмонлар сафида тилга олина бошлашидан умид қилгандилар улар.

2018 йилнинг 19 июнь куни Элтуз сайтида чоп қилинган “Ўзбекистонда ҳибсга олинган Зокир Алиев ким?” номли мақолада қуйидагилар баён қилинган:

Элтуз сайтининг муҳаррири Қудрат Бобожонов мен ҳибсга олинган палламда Ўзбекистонлик терговчиларга менинг “жиноятларим” ҳақида хабар етказаркан, блогер Атабек Усмонов номини келтиради. Аслида Атабек Усмонов номи остига яширинган кимса терроризм, диний радикализмга қарши бўлган фаолларга туҳмат, бўҳтон кампаниялар ташкил қилиш ва бу кампанияларни бошқариши билан танилган.

Аслида “Атабек Усмонов” номи остида ижтимоий тармоқлар орқали фаолларга ва менга қарши тухмат ва бўхтонларни тарқатган кимса Салай Мадаминовни ўғли Тимур Солиҳ бўлиб, унинг 1999 йилларда Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, маълум муддат Абдулқуддас лақаби остида “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” йўлбошиси бўлган Тоҳир Йўлдошнинг тансоқчиси бўлгани, ЎИХга байъат келтириб, ҳукумат ва халқаро коалицияга қарши жангларда қатнашганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Яхшики, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистондан кескин фарқ қилади. Қолаверса ижтимоий тармоқларда ва матбуотларда кўтарилаётган жиддий муаммоларни Ўзбекистон ҳукумати ўз назоратига олиб, қонуний бахо беришга ҳаракат қилади.

Бундан ташқари менинг демократия тарафдори эканлигим, терроризм ва радикализм тарғиботчиларига қарши очиқ ошкора ўз сўзимни айтиб келган инсон бўлганим учун ҳам, мени яқиндан таниган, билган инсонлар – демократлар, сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар мени ҳимоям ва озодлигим учун кампаниялар бошлаганлари ортидан қисқа муддат ичида мен озод бўлдим ва оилам бағрига қайтишга эришдим.

Ҳа, албатта Ўзбекистондак мамлакатда ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбланиб турган палламда, далиллар билан “таъминлаган” Умида Ниёзова, Қудрат Бобожонов ва уларнинг қоралов кампанияси иштирокчилари мени озод бўлишимни тасаввурларига ҳам сиғдирмаган бўлсалар керак. Ахир улар “жуда ишонч” билан, матбуот орқали етказгандилар мени “ўта оғир жиноятларим” ҳақидаги маълумотларни.

Қамоқдан озод бўлиб, Америкага қайтиб келганимдан кейин Умида Ниёзовага ҳамда Қудрат Бобожоновга бир неча марта ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда электрон почта орқали мурожаатлар қилиб, интернет нашрлари орқали тарқатган ёлғон ва тухмат материалларни тухматлигини тан олишларини, бу уюштирган тухматлари учун мендан расман кечирим сўрашларини талаб қилдим. Шунингдек чоп қилган туҳматларини интернет нашрларидан олиб ташлашларини, агар бу талабларимни бажармасалар ўзлари интернет нашрлари орқали эълон қилганларидек мени терроризмга алоқадорлигим ҳақидаги ўзларида мавжуд бўлган далилларни менга зудлик билан тақдим қилишларини талаб қилдим. Лекин улар бугунги кунгача талабларимга беписандлик билан қараб келмоқдалар. Яъни уларга қилган барча қонуний талабларимга сукут билан жавоб бериб келмоқдалар.

Жаноб Президент!

Германия қонунларига кўра бирор бир инсоннинг ҳуқуқ эркинликлари бузилишига, қийноқларга дучор этилишига иштирок этган кимсалар ким бўлишидан қатъий назар жиноий жавобгарликка тортилишлари шарт. Агар бу кимсаларнинг жиноий қилмишларини Сорос сингари демократия ғояларини тарғиб қилгувчи жамғармалар томонидан молиялансалар ва улар ўз жиноий қилмишларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва уларга қарашли матбуотлар журналистлари номи остида амалга оширсалар уларнинг барча жиноий қилмишларидан Германия жамоатчилиги хабардор бўлишлари шарт деб хисоблайман.

Чунки мана бу мурожаатномамда номлари тилга олинган уюшган гуруҳнинг вакиллари нафақат менга, фуқаролик жамияти вакилларига қарши, балким бизнинг муқаддас Она Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонга қарши ҳам ахборот хуружларида фаол иштирок этмоқдалар. Қолаверса Қудрат Бобожоновнинг ҳамда у бошқарган Понауз интернет нашрининг эгаси Салай Мадаминовнинг ушбу сайтда терроризмни тарғиб қилганликлари холати бўйича хали хануз жиноий жавобгарликка тортилганлари йўқ.

Терроризм, зўравонлик тарғиботи эса Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 20 моддасига асосан таъқиқланган. Ушбу Пактнинг 20 моддасида “Урушни ҳар қандай тарғиб этиш қонун орқали тақиқланиши керак. Камситишга, адоватга ёки зўравонликка ундовчи миллий, диний ёки ирқий нафрат руҳидаги ҳар қанақа ҳаракат қонун йўли билан тақиқланган бўлиши лозим” дейилган.

Лекин инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти байроғи остига яшириб олиб риёкорлик қилаётган, дунё жамоатчилигини қасддан алдаётган бу гуруҳ вакилларининг иккиюзламачиликлари, риёкорликларига Германия, Швеция, Америка ва Туркия мамлакатлари ҳуқуқий бахо беришлари шарт деб хисоблайман.

Мен ўз томонимдан мени ҳуқуқ ва эркинликларимни бузилишига, руҳий қийноқларга дучор бўлишимга сабабчи бўлган жиноятларни содир қилган ташкилотларни, матбуотларни, ҳамда уларни ушбу жиноий қилмишларини молиялаб келаётган жамғармаларни махкамалар орқали жиноий жавобгарликка тортилишлари учун бор кучимни ишга соламан. Чунки уларнинг жиноий қилмишларини исботлайдиган барча далиллар ва исботлар қўлимда мавжуд.

Улар қонун олдида жавоб берсинларки токи киндик қоним тўкилган Она Ватаним Ўзбекистонда озодлик, эркинлик шабодалари эсишига тўсқинлик қилаётган бу қора кучлар нафақат Ўзбекистон тарихида, балким дунё тарихида ўзларига муносиб номлар билан қолсинлар. Чунки паймол этилган ҳар бир ҳақ демократия учун отилган ўқдир.

Мен ўзимга қарши уюштирилган бу бўҳтон кампания орқали йўқотган соғлигим ҳақида қайғурмаяпман. Бугунги кунда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари, матбуотлари номи остида “фаолият” юритиб, нафақат инсонлар ҳаётига, шаъни, қадр қимматига, ишчанлик қобилиятига, соғлигига, балким Ўзбекистон сингари демократия томон қадам қўяётган мамлакатларга нисбатан пайдо бўлаётган ишончга дарз кетказишни, мамлакатдаги вазиятни салбий томонга ўзгариш ниятида ахборот хуружлари уюштираётган гуруҳларнинг қора ниятлари нафақат Ўзбекистон учун, балким минтақамиз, балким бутун дунё учун хатарлидир.

Жаноб Президент!

Менинг Она Ватаним Ўзбекистонимга хуш келибсиз!

Умид қиламанки Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович билан ўтадиган учрашувларингиз самарали бўлади. Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги дўстлик алоқаларига соя солмоқчи бўлган қора кучлар эса ўз кўзлаган мақсадларига эриша олмайдилар.

Сизга ҳурмат ва эхтиром ила

Зокир Алиев

Вашингтон 26 май

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.