17.12.2003 кунлик архив
Ўзбек хукуматининг қийноқларга қарши миллий дастури лўттибозликдан ўзга нарса эмас
БМТ нинг қийноқлар масалалари бўйича махсус вакили Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонга келганига бир йил, унинг ушбу сафар натижасида берган тавсиялари асосида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилганига эса салкам тўрт ой бўлди.
«Озодлик» радиоси шу муносабат билан Ўзбекистондаги қийноқларга доир вазият борасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фикрини ўрганган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг айтишича, гарчи расмий Тошкент Тео ван Бовен тавсияларини қабул қилган бўлса-да, мамлакатда қийноқлар камаймаган. «Буни Алматов ҳам, Қодиров ҳам, Иноятов ҳам тўхтата олмайди. Қийноқларни тўхтатиш фақат президент Ислом Каримовнинг иродасига боғлиқ», – дейди Т.Ёқубов.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сиртдан суд қилинди
12 декабр куни Фарғонадаги «Ўтюраклар» Клуби рахбари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева номига унинг сиртдан судланганлиги ҳақида маҳкамадан қарор келган.
Вилоятдаги Олтиариқ туман жиноий ишлар бўйича судидан юборилган бу қарорда Тожибоеванинг Ўзбекистон Республикаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги Кодекси 201-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этиш, яъни йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ҳамда ўтказишда айбланиб, 16 минг 320 сўм миқдоридаги жаримага тортилгани маълум қилинади.