17.03.2009 кунлик архив
Мўътабар Тожибой: Мен Президент Барак Обаманинг овозини тўла эшитдим!
Мен бўлган қамоқхонада ҳар куни эрталабки маҳсус текширувдан сўнг, ҳамма отрядлар алоҳида тарзда муассаса ходимларига мадҳияни куйлаб берадилар. Биринчи отряд куйлаб бўлгандан сўнг иккинчи отряд қайтадан яна куйлашни бошлайди. Иккинчи отряддан кейин учинчи, тўртинчи ва ниҳоят ўнинчи отрядгача ҳамма отрядлар навбат билан шу мадҳияни қайта-қайта куйлайверадилар. Бир отряд куйлаётган пайтда кейинги отряд ўз навбатини кутиб туради.
Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, мадҳия куйланаётган пайтда бирор бир маҳбуса беҳосдан сўзларни адашиб, нотўғри талаффуз қиладиган бўлса ёки кимдир умуман куйламаётганини назоратчилар сезиб қолсалар, бутун отрядни зона атрофида уч марта ёки беш марта югуртириб айлантирадилар. Югуриб, минг азобда оч-наҳор, мадорсиз қайтиб келган отряд яна сафга туриб, мадҳияни куйлаш учун ўз навбатини кутиб турадилар.
Сафнинг энг олдинги қаторида “ваҳобийлар” деб аталадиган маҳбусалар турадилар. Жумладан, мен ҳам шу “ваҳобийлар” қаторида турардим. Бу қаторда туриб, барчани кузатиш мумкин бўлганлиги боис, мен ҳам барчани кузатардим. Шу мадҳия куйланаётган вақтда, балким қандайдир соатлар ичида, мен гувоҳ бўлардимки, отряддаги оч-у наҳор, юпун, хаста, қувватсиз, тинкаси қуриган бечора аёллар (агар бу лавҳалар суратга олинса, жудаям таъсирли фильм бўлади – М.Т) ёзнинг жазирама иссиғидан ёки қаҳратон қишнинг совуғидан ёҳуд қорни очлигидан ё касаллигидан ҳушини йўқотади ва бу аёлларни 5-6 нафар бошқа аёллар қўлларида кўтаришиб, тиббий бўлимга олиб ўтиб кетадилар, аммо, мадҳияни куйлаш давом этаверади, бир сония бўлсин, асло тўхтамайди.
Мана фожеа қаерда?! Бу заҳматларнинг, азобу уқубатларнинг эса, поёни йўқ. Энди қарангки, Америка халқи ўз мадҳиясини қай даражада эъзозлаб, қадр-қиммат қилиб куйламоқдалар. Бизларда эса, мажбурий тарзда маҳкумлар қай аҳволда “куйламоқдалар”. Оддий мисол, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги муассаса ходимлари мадҳияни ўзлари оёқ ости қилишада, яъни, отрядлар куйлаётган пайтлари улар мазаҳ қилишиб, кулиб турадилар. Булар шу даражада тубанликка ботганларки, буни изоҳлашга сўзларим ожиз.
(Машҳур ҳуқуқ ҳимоячисининг “Ҳаракат” сайти мухбири билан эксклюзив суҳбати. 1 қисм)