12.02.2011 кунлик архив
Шуҳрат Аҳмаджонов: Мўътабар Тожибоеванинг 2000 – 2002 йиллардаги курашидан лавҳалар
Агар ўлганингиздан кейин сизни дарҳол эсдан чиқаришларини хоҳламасангиз, ё ўқиса арзийдиган нарсаларни ёзинг, ёки ёзса арзийдиган ишлар қилинг. [1, 16-б.]
Бенджамин Франклин (1706-1790)
Шуҳрат АҲМАДЖОНОВ
Мен архивимдаги мақолаларим ва маълумотларни қараб чиқиш давомида Мўътабар Тожибоева 2002 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзган Тушунтириш хатини ўқидим. Хат жуда кўп фактлар асосида қизиқарли қилиб ёзилган.
Ўзбекистонимизда полициявий бошқарув қандай амалга оширилаётгани ва кучишлатар органлар, айниқса Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятига доир кўпгина аниқ фактлар хатда берилган. Ватанимиздаги бошқарув ўзгармагани ва бу муаммолар долзарб бўлиб қолаётгани учун ушбу Тушунтириш хатини ўқувчиларимиз эътиборига ўзгаришсиз ҳавола қилмоқдаман.
Уни Мўътабар Тожибоева 2003 йил 4 сентябрида Тошкентда Freedom House (Озодлик Уйи) ваколатхонасида ўтказган матбуот анжуманида тарқатган эди. Матбуот анжуманида қатнашган журналистлар ва фаоллар қаторида мен ҳам битта нусхасини олгандим. Уни бетма-бет қилиб компютерга киритиб, почтамга ва дискка ёзиб қўйган эдим.