30.09.2018 кунлик архив
Дадахон Ҳасан: Таржимаи ҳолим маним китобидан (3-4-қисм)
Кўрган кечирганларимдан
Бу даврга келиб Бизнинг Озодлик ҳаракатларимизга катта зарба берилган, ва қанотлари кесилган қушга айланган эди. Мен бу вақтда Туркияга талпинаётган эдим. Ниҳоят Рауф Парфи билан маслаҳатни пухта қилиб, «Туркия қайдасан?» дея йўлга тушдик. Бизга шоир Муҳаммад Ҳайдар ҳам йўлдош бўлган эди. Биз Чимкентдан Олмаотага, Олмаотадан Бокуга учиб кетдик.
Рауф “Баку аэропортида ЯК-40 самолёти ва шоир Тўра Мирзо бизни кутиб турибти, биз боришимиз заҳоти ҳаммамиз Истамбулга қараб учиб кетамиз” деб, менинг қулоғимга лағмoн илган эди. Баку аэропортига қўниб қарасак у ерда Тўра Мирзо ҳам, бизни кутаётган ЯК-40 самолёт ҳам йўқ. Мехмонхонадан жой олдик, эртаси куни Рауф биздан ажралди. У Ориф Ажал деган шоир оғайниси билан топишиб, кўздан ғойиб булди.