Жамоатчилик назорати?! Кимга керак экан бу?! Йиғиштиринг! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 12)

* * *

ХУСАН МАХБУБОВ: ”ҚОРГА КЎМИЛГАН ҲАҚИҚАТ”!

Ҳимоям учун терговга жалб қилинган Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси раҳбари Ҳусан Маҳбубовнинг менинг ҳимоям борасида қилган ҳаракатлари хусусида кейинги асарларимда, албатта, алоҳида тўхталаман.

Адвокат Ҳусан Маҳбубов

Лекин менга нисбатан қўзғатилган Жиноят Кодексининг ўн саккизта моддасидаги жиноятларни содир этмаганлигимни, буларнинг барчаси туҳматдан иборатлигини фош қилишда Ҳусан Маҳбубовнинг кучли билими, иқтидори ва характеридаги ҳақиқат учун курашда ҳеч қандай хавф-хатардан чўчимай, унга қарши бора олиши асосий сабаблардан бири бўлганини эътироф этиш жоиз.

– Мўътабар опа, ҳимоя тактикаси устида жиддий ўйлашимиз керак бўлади. Айбсизлигингизни исботлаш учун ҳеч қандай кўргазма берманг, ўша кўргазмангизда келтирган далилларингизни сизни ўзингизга қарши ишлатишмоқда. Абдуллаев Аҳмадуллони жиноят содир қилмаганингизни исботлаши мумкинлигини айтиб берган кўргазмангиздан кейин бу гувоҳингизни ҳам сизга қарши жабрланувчи қилиб ўтказишибди. Сизни жиноят содир этганлигингизни исботлаш терговнинг зиммасида. Шунинг учун бугундан бошлаб ҳеч қандай кўргазма бермаймиз, келишдикми? – деди Ҳусан Маҳбубов биринчи марта учрашганимиздаёқ менга янада эҳтиёткор бўлишни эслатиб.

Рўпарамдаги бироз жайдари бу йигитга тўлиқ ишонардим. Шунинг учун ундан ҳимоячиларимнинг етакчиси бўлишини сўрадим. Биз менинг ҳимоям юзасидан жуда қаттиқ ишладик.        

– Мўътабар опа, биласизми, мен бугун жиноят иши материаллари билан танишиш мақсадида вилоят прокуратурасига боргандим. Иш материаллари билан танишиб бўлганимдан кейин сигарет чекиш учун ташқарига чиқдим ва хожатхона томонга қараб юрдим. Бинонинг орқасидаги сахнда ахлат ташлайдиган катта темир яшиклар бор, биласиз.

Ўша яшикларни олдида тўхтаб сигаретимни тутатарканман, уюм-уюм бўлиб ерда сочилиб ётган қоғозларга кўзим тушди. Бир бўралаб ёғаётган қорга, бир сочилиб ётган ва қор кўмаётган қоғозларга қараб, бироз муддат тўхтаб қолдим.

“Қандайин инсонларни тақдирини ҳал қилган экан бу қор кўмаётган қоғозлар?” деган хаёл билан сигаретимни чекарканман, яна қоғозларга тикилдим. Не кўз билан кўрайки, бу ерда сочилиб ётган қоғозларда сизни исми-шарифингиз кўрсатилган.

Атрофга аланг-жаланг қарадим, ҳеч ким эътибор бераётгани йўқ. Лекин ерда менинг ҳимоямдаги аёлга, яъни сизга тегишли, балким сизни айбсизлигингизни исботловчи ҳужжатлар бўлса керак, оёғим остида сочилиб ётарди.

У ҳужжатларни териб олиб, терговчи билан уларни ахлат яшиклар олдида сочилиб ётгани  сабабини муҳокама қилай десам, сизни олдингизга киришга кечикаман.

Бизни учраштирмаслик учун кечикканимни баҳона қилишлари мумкинлигини ҳисобга олиб, шошганимча бу ёққа келавердим. Лекин у ҳужжатларни айнан қандай хужжатлар эканлигини билмайман, – деди тергов ҳибсхонасига кириб келган Ҳусанжон шоша – пиша.

– Ҳусанжон уларни бирортасини қўлизга олиб кўрмабсизда? Қандай ҳужжат, нималар расмийлаштирилган экан уларда?

– Йўқ, қарамадим, у қоғозларни олайми дедиму, яна олишга ҳижолат бўлдим, кўриб қолишса-чи, деган ҳадикда. Яна сизни олдингизга ҳам шошилдим. Терговчи бугун сизни мен билан учраштиришга рухсат беришларини телефонда айтганди изолятор бошлиғига. Шунинг учун шошдим.

– Ҳусанжон, нега олмадингиз? Ахир, билмаймизку, улар қандай ҳужжат эканлигини? Илтимос, ҳозирнинг ўзида прокуратурага қайтиб бориб, ўша қоғозларни олиб келинг. Мен учун ўғрилик қилинг, илтимос, – деб ялиндим унга, – хозирда бугун сиз билан жиноят иши бўйича гаплашишдан кўра ўша қор тагига кўмилаётган ҳужжатларни қўлга киритиш мухимроқ.

Шунинг учун сиздан илтимос, бирор нарсани баҳона қилиб, прокуратурага қайтиб боринг ва ўша ҳужжатларни қўлга киритинг.

Ўша ахлат яшикка эмас ерга тўкилган, қор ҳам кўмишни истамагандек сизни, айнан мени ҳимоячимни эътиборини тортган ҳужжатларни кўрганингизни ўзи Аллоҳнинг мўъжизаси эмасми?

У ҳужжатлар қандай ҳужжат бўлмасин, уларни ахлат яшикка ташлангани бизни ҳақлигимизни исботлайди. Уларни битта қўймай йиғиштириб олинг ва терговчиларга ҳеч нима деманг бу ҳақда, борақолинг энди, – дедим юрагим хапқириб.

Ҳусанжоннинг менинг ёнимда ўтказаётган ҳар бир дақиқаси ҳужжатларни қўлга киритиш имкониятидан маҳрум қилиши мумкинлигини иккимиз ҳам хис қилиб турардик.

– Менимча, бу ўғриликка кирмайди. Чунки мен у қоғозларни жиноят иши материаллари орасидан эмас, қор тагидан териб  оламан-ку, тўғрими? Унда, мен кетдим, терговчини бошини оғритиб, ниманидир баҳона қилиб, яна прокуратурага киришга эришишим керак. Бориб, олайчи, қанақа қоғозлар экан. Уларни қўлга киритгандан кейин, тўғри сизга олиб келаман. Кейин, у ҳужжатларни биргалашиб кўрамиз, – деди Ҳусанжон шошилиб.

Прокуратурага қайтиб борган адвокатим қор тагида қолиб шалаббо бўлаёзган, лекин ўқишнинг иложи бор бўлган бир неча вароқ ҳужжатларни ердан териб олгандан кейин, ўша кунни ўзида мени ёнимга қайтиб кирди.

– Прокуратурага қайтишингиз муаммо бўлмадими ишқилиб? Киритаверишдими?, – ўсмоқчилаб сўрадим ундан. – Билсангиз агар ёшлигимдаги севган йигитимни ҳам интиқлик билан кутмагандим, сизни кутганчалик. Нима бўлди, прокуратурага киритишдими, йўқми деган ўй миямни кемириб ташлади. Қани ҳужжатлар? Тезроқ кўрсата қолинг.

Хурсандчигини яширмаган адвокатим менга қараб мийиғида кулди-да, ердан териб олинган ҳужжатларни стол устига қатор қилиб териб қўйди.

Ҳали қуриб улгурмаган ҳужжатларни авайлаб қўлга оларканман, Ҳусанжонга қарадим: – у ўзи қўлга киритган ғалабасидан шодонлигини яшириб ўтирмади.

– Йўқ муаммо бўлмади. Сизни олдингиздан чиққанимдан кейиноқ терговчига қўнғироқ қилиб, сизни яна “очлик” эълон қилишингиз ҳақидаги қарор қилганингизни айтгандим, терговчини ўзи сизни алдаб йўлга солишимни илтимос қилди ва прокуратурага тезлик билан етиб боришимни илтимос қилди.

Прокуратурага боргач, қўлтиғимдаги папкам билан гўёки сигарет чекмоқчи бўлиб хожатхона томонга ўтдим ва папкамдаги ҳужжатлар солинган папкам “қўлимдан тушиб кетиб, ҳужжатларим ерга сочилиб кетди” ва уларни йиғиштириб олдим холос, – деди қув кўзларини менга тикиб куларкан. – Кўрингчи, қандай бойликни қўлга киритибман. Ўзим кўрдим, Эргашев Раҳимга алоқадор жиноят иши материалларининг папкаларига тикилган ҳужжатлар рўйхатлари экан, – дея гапираркан Ҳусанжон бир вароқ ҳужжатни қўлига олиб, гўё қуритмоқчи бўлгандек елпиди.

Не кўз билан кўрайки, бу ҳужжатлар ҳақиқатан ҳам 2000 – 2002 йилларда мен жабрланувчи бўлиб ўтган Эргашев Раҳимга қарши қўзғатилган ўн бир томлик жиноят ишининг биринчи бетларига тикилган ҳужжатлар рўйхати экан.

Эргашев Раҳим Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг Фарғона водийси бўйича куратори, милиция полковники Алишер Эргашевнинг туғишган укаси, Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи Аминжон Тошхўжаевнинг жияни эди.

Раҳим Эргашевни менинг банкдан олган кредит  маблағларимни ўзлаштириб юборгани юзасидан маъмурий органларга берган шикоятим ва узоқ давом этган можаролардан кейин кўзғатилган жиноят ишининг жилдлари рўйхати эди бу ҳужжатлар!

Ҳусан Маҳбубовнинг хушёрлиги шарофати ила прокуратура вакилларининг бир пайтлар мен жабрланувчи бўлиб ўтган жиноят иши бўйича чиқарилган айблов ҳукмини бекор қилиб, мени ўзимни жиноятчига айлантирган пайтларидаги ўн бир томлик жиноят иши материаллари орасидан айбсизлигимни исботлайдиган барча далилларни суғуриб олиб, уларни йўқ қилиб, иш материалларини саккиз томга айлантирганликларини фош қилиш имконига эга бўлгандик.

Табиат мўъжизаси қор ҳам менга кўмак беришга шошилди ва сирларни ўз қўйнида кўмилиб кетишига йўл қўймади.

* * *

ЙЎҚ ҚИЛИНГАН УЧ ЖИЛД ҲУЖЖАТЛАР БЎЙИЧА СУДНИНГ АЖРИМИ

2006 йилнинг 17 февраль кунги Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида ЖИБ Тошкент вилоят   судининг ёпиқ сайёр суд мажлисида чиқарган АЖРИМИ:

Жиноят ишининг иккинчи–тўққизинчи жилдлари Эргашев Рахимни айблашга оид бўлганлиги, ишнинг унга нисбатан қисми бекор қилиниб, жиноят ишлари бирлаштирилганлиги, шунингдек, ушбу жилдлардаги асосий хужжатлар биринчи, ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи жилдларга қўшилганлиги, раислик қилувчи томонидан ушбу жилдлардаги ЖПКнинг 443–моддасида кўрсатилган ҳужжатлар ўқиб эшиттирилганлиги, суд муҳокамасида ёзма далиллар, экспертларнинг хулосалари ва баённомаларнинг барчасини ўқишга имконият мавжуд эмаслигини, иккинчи–тўққизинчи жилдлар далилларга суд муҳокамасида тўпланган далилларни маслаҳатда хулосага келишликни инобатга олиб, ҳимоячи Ҳусан Маҳбубов томонидан келтирилган илтимоснома рад қилинсин.

* * *

АДВОКАТ ҲУСАН МАХБУБОВНИНГ CУДДАГИ МУЗОКАРА СЎЗИДАН ЛАВҲА

“…. Энди шу эпизоднинг асосий бир кўриниши бўлган жуда кўп миқдорда ўзгаларнинг мулкини талон-тарож қилиш, сохта ҳужжат расмийлаштириш ва унда иштирок этиш тўғрисидаги иш ҳолатига ўтадиган бўлсам. Аввало шу эпизодга тааллуқли бўлган жиноят иш материаллари аввал ўн бир жилд, кейинчалик эса саккиз жилдга айланиб қолган ҳолатига тўхталмоқчиман.

Шу эпизод билан судланган Эргашев Рахимга тегишли  айблов ҳукми Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан Вилоят прокурорининг протестига биноан кўриб чиқиб, қайта қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисидаги қарор чиқарилганидан сўнг ижро қилишлик учун вилоят прокуратурасига юборилган пайтда илова хатида ўн бир жилд деб кўрсатилган жиноий иш ҳеч қандай эҳтиёж бўлмасада саккиз жилдга айланиб қолиши бизни жуда таажжублантирди.

Бу ҳақда ўз илтимосномамизда атрофлича билдириб ўтган вақтимизда давлат айблови бу тўғрисида ўз фикрларини билдираётиб, “Ҳимоя қайси ҳужжатлар йўқолганлигини кўрсатиб беришсин”, дейиш билан чегараланди, холос. Лекин, давлат айбловчиси Ориф Аҳмаджонов қайси жилд қайси жилдга қўшиб юборилганлиги тўғрисидаги ҳеч қандай фикрни ҳанузгача билдиргани йўқ. Қисқартирилган саккиз жилддаги баъзи гувоҳларни кўргазмалари ўқиб эшиттирилиши сўралганда, давлат айблови бунга қаршилик кўринишда фикр билдириш йўли билан яна бир бор жиноят ишида баъзи ҳужжатлар йўқолганлиги ошкор бўлиб қолишидан чўчиганлар.

Айбловни фикрига кўра ўн бир жилддан саккиз жилдга айлантирилган иш ҳужжатлари судланувчи М.Тожибоеванинг ишига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, бу жилддаги ҳужжатлар Эргашевга тааллуқли бўлганлиги учун шу жилддаги ҳужжатлар ўқиб эшиттириш керак эмаслиги, Мўътабар Тожибоевага тааллуқли бўлган жилдларда керакли ҳужжатлар борлиги тўғрисида важ келтирилди.

Савол туғилади: Тергов органига М.Тожибоевага тегишли бўлган жилд тўпламлари билан саккиз жилдни бирлаштириш тўғрисидаги қарорни чиқаришликнинг нима кераги бор эди?…”                           

* * *

ТЕРГОВЧИЛАР ТОМОНИДАН ЙЎҚ ҚИЛИНГАН ҲУЖЖАТЛАР НАМУНАСИ № 1ЖИЛД

* * *

ДИЛАФРЎЗ – “АКТРИСА” АДВОКАТ!

Дилафрўз Нурматова – Фарғона шаҳридаги «XXI Аср мулкдори» номли адвокатлик идораси адвокати.

Мендан ўн икки ёш кичик, бир сўз билан айтганда, иш бошлаганида содда ва тажрибасиз эди. Шунинг учун ҳам менга шогирд тушганди. Кейинчалик, 2004 йилда ташкил этилган “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” Ташаббус Гуруҳи асосчиси ва таъсисчиларидан бирига айланганди.

Охирги пайтларда у анча пишиб, ҳуқуқий курашларда  чиниқиб қолган эди. Аммо унинг етук адвокатга айланиб улгурганидан кўпчилик бехабар эди.

Эҳтимол, шунинг учундир, 7 октябрь куни ҳибсга олинган пайтимдаёқ Дилафрўзни ўзимга ҳимоячи қилиб олганимда унинг иқтидорига шубҳа билан қараган терговчилару-адвокатлар ҳайрон бўлишганди. Аммо шуни таъкидлашим керакки, ҳибсда ўтириб ўзимни ҳимоя қилиш жараёнимда амалга оширган ўта муҳим ишларимда у энг яқин кўмакчим бўлган…

Дилафрўз билан ҳибсга олинишимдан бирор ҳафталар олдин, Жиноят ишлари бўйича Қува туман судида бир жиноят ишида ноҳақ қораланиб, ҳибсга олинган ва қийноқ қўлланиб, қилмаган жиноятини бўйнига олишга мажбур қилинган йигитнинг судида ҳимоячи сифатида иштирок этганимизда кўришгандик.

Танаффус пайтида «Даракчи» газетасининг янги сонини варақлаётган Дилафрўз менга қараб «Мўътабар опа, мана буни қаранг, Африкалик бир аёл Нобель мукофотини олгунича кўп азобли кунларни бошидан ўтказган экан. Қаранг-а, ҳаёти худди сизнинг тақдирингизга ўхшаб кетаркан. У Нобель мукофоти совриндори экан, сиз эса Нобель мукофоти Номинантисиз. Лекин сизнинг таржимаи ҳолингизда биргина нарса етишмаяпти” – деди кулиб.

“Нима экан?” – сўрадим қизиқсиниб.

“Бир дунё ғам-ташвишни кўрган бу Африкалик аёл қамоқда ҳам ўтириб чиққан экан. Қолган ҳаммаси бир ҳил сизни тақдирингиз билан. Фақат қамалиб чиқиш факти етишмаяпти сизга” – ҳазил қилиб қаҳ-қаҳа отганди у.

Орадан ҳеч қанча ўтмай қамалдим. Тергов ҳибсхонасига адвокатим сифатида келган Дилафрўз: «Мўътабар опа, ўша пайтда мен: “Сизга қамалиб чиқиш етишмаяпти” – деб  ҳазиллашиб айтгандим. Бундай бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Сизни қамашга ҳаддилари сиғмайди деб ўйлардим. Узр, кечиринг, опажон» – дея ўша пайтда айтган гапига аттанг қилиб, ҳижолат чекди у.

Мен қамалганимдан кейин дардини эшитиб, маслаҳат берадиган кишисидан айрилиб қолгани учунми, у  кутилмаганда  тергов ҳибсхонасига кириб келар, мен билан учрашгач, оиласидаги ва бошқа муаммоларини айтиб, йиғлаб ҳам оларди.

Мен уни тинчлантириш учун маслаҳатлар берсам, жимиб қоларди-да: «Мўътабар опа, ўзингиз қай аҳволдасиз-у, яна  сизга келиб дардимни достон қилиб, ташвишингизга ташвиш қўшаяпман. Мени кечиринг. Ахир нима қилай? Ҳасратимни эшитадиган, беминнат маслаҳат берадиган ёлғизгина дардкашим эдингиз. Сиздан айрилиб, довдираб қолганман-да” – деб яна кўзига ёш оларди.

Мен Дилафрўз каби бошқа адвокатларим билан ҳам бўлиб ўтган қизиқарли ва хатарли воқеалар ҳақида, албатта, тўхталиб ўтаман.

Ҳозир эса севимли шогирдим Дилафрўз ҳақида айтмоқчи бўлганларим жуда кўп. У эндигина адвокатлик фаолиятини бошлаган эди. Бундай машаққатли  йўлда тета-поя қилишга уринаётган эди ўшанда.

Энди эса ўз ҳаётини хавфга қўйиб, менинг ҳимоям учун курашмоқда шу митти жон. Менга кўмак бериш илинжида нималар қилмади дейсиз?

Тинтув чоғида уйимдан олиб кетилган ҳужжатлар ичидан ҳимоям учун зарур бўлганларини қўлга киритиш учун ўзини не кўйларга солмади бечора. Ёлғиз унинг кўмаги билангина гарчи тергов ҳибсхонасида ўтирган бўлсам-да, кўп нарсага эришдим.

Эҳ, Дилафрўз, Дилафрўзгинам-а, тергов гуруҳидаги аёлларга суяги йўқ прокуратура терговчиси Ислом Мирзалиевнинг чекига қонунга зид тарзда уйимдан олиб кетилган “Ўтюраклар Клуби” олти йиллик архив ҳужжатларини кўздан кечириш ва баённома расмийлаштириш тушганди.

Тергов ҳаракатларида қатнашаётган Дилафрўз эса ўша терговчини чалғитиш мақсадида бошига парик, эгнингга калта юбка кийишга ҳам мажбур бўлганди мени деб. Ҳа, ҳа, худди шундай бўлган. Дилафрўз терговчининг кўзини ўйнатиб, хаёлини ўғирлаш учун энг охирги урфдаги пахмоқ парикни бошига қўндириб, упа-элакни ҳам жойига қўйиб-қўярди. Бундай пайтларда у адвокатлик эмас, артистлик маҳоратини ишга соларди.

“Тергов ҳаракатларида холисларга ҳожат борми?” – дерди Дилафрўз карашма билан кўз сузиб терговчига. Унинг ишвалари олдида жинни бўларди суюқоёқ терговчи.

Қарабсизки, холисларнинг иштирокига ҳам чек қўйилди. Аслида бундан терговчининг ўзи ҳам манфаатдор. Ёш адвокатнинг жозибадор қоматига холислар гувоҳлигида ҳирс билан қаролмайди, ахир.

Тан олиш керак, асосий манфаатдор мен бўлардим. Дилафрўзнинг ишвасига учиб, унинг қоматидан кўз узолмаётган терговчи ўзимга алоқадор ҳужжатларни секингина ўмараётганимни сезмасди ҳам. Ёш адвокатга-ку терговчини чалғитиш писта чақишдек осон иш.

Аммо  тергов ҳаракатларида холис қатнашгудек бўлса, ҳаракатларимни кузатиб, ҳужжатларни ўғирлаётганимни кўриб қолишлари ҳеч гап эмас эди-да. Шунинг учун ҳам холислардан халос бўлиш айни муддао.

Шундай пайтларда баъзан Дилафрўз: «Бўлди, энди парик ҳам киймайман, мини юбкада ҳам келмайман» – дерди сиқилиб менга.

“Бироз сабр қилиб, ролингизни ижро этиб туришингизга тўғри келади. Айрим зарур ҳужжатларни ҳали қўлга киритганимча йўқ, шошилманг. Ҳали муҳим хужжатлар солинган каробкалар очилгани йўқ” – дея илтимос қилардим ундан.

Тушлик пайтида овқатланишга чиқиб кетишаркан: “Ошхонада кўпроқ олиб ўтиринг” – деб тайинлардим Дилафрўзга имо қилиб.

“Очлик” эълон қилганим учун терговчи ҳужжатларимни ўзим кўздан кечириб, рўйхатини қилиб ўтиришим учун ташлаб кетарди. Менга қоровулликка қўйиб кетилган қўриқчи милиционерни чалғитиш қийин эмасди. Унинг кўзларини шамғалат қилиб, ишимга алоқадор  ҳужжатларни осонгина ўғирлардим….

– Илтимос, менга битта кружкада муздек сув келтириб беринг, юрагим безовта бўляпти, – дердим ўмаришим керак бўлган ҳужжатларни ажратиб олгач.

– Йўқ, сизни ҳужжатлар билан ёлғиз ташлаб, чиқиб кетишим мумкин эмас, – дерди назоратчи рўйхушлик бермай.

– Мени ташлаб кетишингиз шарт эмас. Ўзим ҳам истамайман чиқиб кетишингизни. Чунки, кейинчалик, бирор ҳужжат йўқолса, мендан тўнкашларига имконият туғилади, агар ўзим ёлғиз қолгудек бўлсам… Лекин, юрагим жуда ёмон безовта бўляпти. Илтимос, деразадан қараб, сув келтириб беришларини айтинг, етади, – дея  уни ишонтирардим.

Гапимга лаққа тушган милиционер деразадан қараб, кимнидир чақириб, сув келтириб беришларини сўрагунича, ўмаришга тайёрлаб қўйилган ҳужжатларни ичкарига олиб кириб кетишим керак бўлган газеталар орасига яширардим.

Тергов ҳаракатлари тугаганидан кейин, ҳужжатларни олиб, камерамга кириб кетардим. Кеча ўғирланган ҳужжатларимни эртасига терговга чиққанимда, олиб чиқардим. Адвокатимдан ксеронусха чиқариб келишини сўрардим.

Мени умуман ҳеч қандай жиноятлар содир этмаганлигимни мана шундай усуллар билан ўғирлаб улгурган ҳужжатларим исботлайди.

Менинг мутлақо беайблигимни, жиноятлар содир этмаганим, 2015 йил 1 октябрь кунги БМТ қарорини мени фойдамга чиқарилишида мана шу Фарғонадаги ўнинчи сонли тергов ҳибсхонасида ўғирлаганим ва ушбу асарда эълон қилаётганим муҳим хужжатлар ҳиссаси улкан десам муболаға бўлмайди.

* * *

ДИЛАФРЎЗ НУРМАТОВА БИЛАН ҲАМКОРЛИГИМИЗ ТАРИХИ

Фарғоналик адвокат Дилафрўз Нурматова билан 2004 йилнинг ноябрь ойи бошларида Жиноят ишлари буйича Фарғона шаҳар судида кўрилаётган бир жиноят ишида ҳимоячи сифатида қатнашаётган пайтимизда танишгандим.

Шунда у мен ҳақимда кўп таърифлар эшитганлигини, лекин ўзимни эндигина кўриб турганлигини айтганди. У билан суд ва тергов жараёнларида яна бир-икки учрашиб, суҳбатлашиб қолгандик.

Шундай учрашувларнинг бирида у кўнглидаги гапларни тўкиб солганди: – Биласизми, Мўътабар опа, бир партия томонидан Фарғона вилояти Учкўприк туманидан Қонунчилик Палатаси депутатлигига  номзодим  қўйилган.

– Зўр-ку! Табриклайман, – дедим самимият билан.

– Опа, очиғи номзодим қўйилганидан ўзим ҳам бехабар эдим, тасодифан эшитиб қолдим, – деди у ҳижолатомуз.

–  Қўйсангиз-чи! – дедим ишонқирамай, – Камтарлик  қилманг-да.

– Йўқ, ишонинг, бу камтарлик эмас. Рости ҳам шу. Партия раҳбарлари номзодлар сонини кўпайтириш учунгина менинг номзодимни ҳам рўйхатга киритишган экан…

– И-е-е, бу ёғи қизиқ бўпти-ку! – гарчи шундай деган бўлсам-да, бу гап мени ажаблантирганмаганди.

Чунки бу юртни бошқараётганлар ҳар соҳада кўзбўямачилик қилишларига кўникиб, шу қабилидаги алдам-қалдамларни кўравериб, рости, бу кўзлар пишиб, қулоқлар тўлиб кетган аслида.

– Гап шундаки, барча номзодлар аллақачон ўз дастурларини ишлаб чиқишган. Ҳатто газеталарда ҳам кимўзарга эълон қилишга киришиб кетганлар. Уларни кўриб, ўзингни ноқулай сезаркансан киши. Уларнинг қаршисида гўё билимсиздек, чорасиздек кўринишни истамайман.

– Хўш, хўш? – гапни қисқа қилиб, суҳбатдошимга бор гапини гапириб олишга имкон бердим.

– Ўйлаб қарасам, номзод сифатида номига бўлса ҳам ўз дастуримни ишлаб чиқишим керак экан-да, опа. Ҳадемай депутатликка номзодларнинг сайловчилари билан учрашувлари бошланади. Менда эса ишончли вакил ҳам йўқ, ҳатто.

– Ният бор экан, ҳаракатингизни қилмайсизми унда? – дедим сабрсизлик билан.

– Э-э-э, бу айтишга осон. Мен шу ёшгача бирор-бир сиёсий ишларга аралашмаган бўлсам. Дастурни қандай ишлаб чиқиш борасида эса, оз бўлса-да, тушунчанинг ўзи йўқ бўлса менда, нима қилиш керак?

Учрашувлар бошланса, сайловчиларнинг саволларига қониқарли жавоб бера олишимга ҳам ишонмайман ҳатто. Бошида буларни ўйламаган эканман. Энди билсам, жуда қийин экан. Билганимда номзодимнинг қўйишларига сира рози бўлмас эдим. Эҳ-ҳе, ҳали қанча тайёргарлик кўришим, ўқиб ўрганишим керак экан-а? Ўйласам, қўрқиб кетаяпман! – деди у икки қўли билан чап кўксини чангаллаб.

– Вой-вой-ей, сизнинг аҳволингиз жуда мушкул, дардингиз ҳақиқатдан ҳам оғир экан-ку, – ҳазил аралаш куларканман, – Сизнинг бошқа номзодлардан қаерингиз кам? – дедим бирдан жиддий тортиб, – олий маълумотли ҳуқуқшунос шундай деб ўтирса, уят эмасми? Ҳеч қачон бир нарсани эсингиздан чиқарманг: Инсон қилган ишни, инсон қилади. Тушундингизми? Дўсту-душманлар эшитмасин бу гапингизни, масхара бўласиз-а! Ўзингизни қўлга олинг-да, вақтни бой бермай олға интилинг!

Шунчаки номзодлар сонини кўпайтириш учун мени ҳам тавсия қилишган, деб бунақанги бўшаши-и-и-б бепарво бўлиб ўтираверманг. “Мен депутат бўлишим шарт!” деган мақсадни олдингизга қўйиб, олға интилинг, келишдикми?

–  Қайдам опа, эплай олармиканман? – бўшашди у.

– Эплайсиз, албатта эплайсиз. Бунинг учун аввало ўзингизни ишонтира олишингиз керак! – дедим унга далда бериб.

– Дастур тузишда менга кўмаклашворинг унда опа. Кейин… Кейин сизни ишончли вакил қилиб олсамми деган фикр келиб қолди миямга. Нима дедингиз? – умидвор тикилди.

– Мен сиздан ёрдамимни аярмидим, қизиқсиз-а, Дилафрўз! Сўзсиз кўмаклашаман сизга, кўнглингиз тўқ бўлсин, – жавоб қилдим уни қувватлаб.

– Ростданми? – сўради у  ишонқирамай.

– Нима, мени бирор марта ёлғон гапирганимни эшитганмидингиз? – ҳазиломуз савол қилдим, – Агар чиндан ҳам истасангиз, майли, сизнинг ишончли вакилингиз бўлишга розиман. Дастур лойиҳасини ишлаб чиқишингизда ўзим кўмаклашаман. Дастурингиз “Жамоатчилик назорати ҳақида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш устида ишлашдан иборат кенг қамровли ва айни пайтда долзарб мавзуга бағишланса қандай бўларкин? Сиз мана шу ҳақда ҳам ўйлаб кўринг, хўпми?

– Вуй, бирам яхшисизки, опа, – деди севинчдан юзи ёришган Дилафрўз. Мен ҳақимдаги маълумотларни олиб, қуюқ хайрлашди.

У ўша кетганича, дараги бўлмади. Уни йўқлаб, қайта-қайта қўнғироқ қилдим. Жавоб бўлмади. Негадир у мендан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Бунинг сабаби нима, билишга қизиқардим, албатта. Бироқ, бу каби саволларимга жавоб топа олмай ўйланардим…

Қачонки сайлов жараёнлари тугагач, мени қийнаётган жумбоқларнинг барига бира тўла жавоб олдим. Қайта учрашганимизда у минг бир ҳижолат билан “қўринмас одам” бўлиб қолганининг сабабларини эртакдек айтиб берди

Дилафрўз партиянинг Фарғона вилоят кенгашига қўнғироқ қилиб, ўзига ишончли вакил топганлигини билдиргач, партиянинг номзодлар билан ишлайдиган бўлим бошлиғи уни ҳузурига таклиф қилади. Учрашганларидан кейин бўлим бошлиғи: – Биласиз, Дилафрўзхон, бизнинг номзодлар билан ишлайдиган бўлим ишончли вакилларга керакли ҳужжатларни расмийлаштириш ишларига масъул, – у “Биласизми шуни?”, дегандек қараш қилади ҳуқуқшуносга.

– Тўғри, хабарим бор, – тасдиқлайди Дилафрўз.

– Билсангиз, яхши… Ўз вазифамиздан келиб чиқиб, сиз ишончли вакил қилиб олиш учун танлаган фуқаро хусусида сўровномаларни тўлдиришимиз даркор, қоғозбозлик қилишга мажбурмиз. Узр, бу ёғи расмиятчилик. Ўзингиздан қолар гап йўқ, – чайналганча гапни узоқдан бошлайди бўлим бошлиғи.

– Тушунаман, – дейди Дилафрўз бамайлихотир, – партия менга ишончли вакил бўлишга розилик билдирган шахс ҳақида маълумот олишга ҳақли деб ўйлайман. Ишончли вакилликка мен Мўътабар Тожибоевани танлаганман. Келишиб ҳам олдик. Тез кунда опа билан  энг долзарб мавзуда дастур тайёрлашга киришамиз.        

Бу гапларни эшитган партия вакилининг ранги-қути ўчиб, қўллари титраб, тутган ручкаси ҳам стол тагига тушиб кетади:

–  Мўътабар Тожибоевани? Тўғри эшитдимми? – қулоқларига ишонмай сўрайди у.

– Ҳ-и-м, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоевани – бошлиқнинг аҳволидан ҳайрати ошган Дилафрўз ортиқча бир сўз айтишга ҳам ботинолмай қолади.

– Йўқ, йўқ, – дейди бўлим бошлиғи боши узра кўтарган икки қўлини бап-баравар тебратаркан, – Тожибоевани  ишончли вакил килиб олишингиз мутлақо мумкин эмас, асло! Бу жуда  хавфли!

– Нега энди? –  ажабланади Дилафрўз.

– Сиз Мўътабар Тожибоевани танимайсиз шекилли?! – хавотирли хитоб қилади бошлиқ.

* * *

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ?! КИМГА КЕРАК ЭКАН БУ?! ЙИҒИШТИРИНГ!!!

– Мўътабар Тожибоевани жуда яхши танийман. Айтдимку, опа билан “Жамоатчилик назорати ҳақида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш устида ишлашдан иборат долзарб мавзуни қамраб олган дастур ишлаб чиқишга  келишиб олганмиз. Ишончли вакил бўлишини сўрагандим, рози бўлдилар. Нимаси ёмон экан бунинг?

Тожибоева дастур лойиҳасини тайёрлашга ҳам киришиб кетган. Олиб келгач, уни кўриб чиқиб, янада пухта, пишиқ қилиш устида бирга ишлаймиз. Мен ҳақиқий номзод сифатида депутатлик учун курашмоқчиман. Менда ҳам сиёсий майдонга чиқиш истаги туғилди… Энди билсам, – у гапини тугата олмайди. Ёш ҳуқуқшуноснинг оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолади.

– Қани, бу ёққа юринг-чи? – шартта  гапини бўлган  бошлиқ  уни етаклаб, партия биринчи котибининг хонасига олиб кирди.

– Оҳ-ҳо, ёш ҳуқуқшуносларга саломлар бўлсин. Ҳа, келинг, Дилафрўзхон, ишлар қалай? Бўляптими ишқилиб? Дастурни нима қилдингиз, дастурни? Анави газеталарда ҳамма номзодларни дастурлари чиқиб ётибди-ку, ўшалардан бирортасини  олиб, у ер-бу ерига қалам текказсангиз, бўлди-да. Қарабсизки, дастурингиз тайёр! Нима дедиз-а? – лаби-лабига тегмайди биринчи котибнинг.

Сўз навбати тегишини орзиқиб кутаётган бўлим бошлиғи ёрилиб кетай дерди, асаблари таранглашиб.

Унга кўзи тушган бош котиб: – Тинчликми? – деб сўрайди.

Дилафрўзга эса: «Нима бўлди?» – дегандек савол назари билан қараркан, қошларини учиради.

– Юқоридан ҳам депутатликка ўтмайдиган ҳуқуқшунослар, ҳам аёлларни кўпроқ жалб қилиш ҳақида топшириқ бўлган. Шунинг учун ҳам бу хонимчани номигагина номзодлар рўйхатига қўшгандик. Бу ҳақда ўзини ҳам огоҳлантиргандик. Лекин, лекин, – жаҳлини жиловлай олмаган бўлим бошлиғи чайналиб қолади. – Аммо…

Қаранг, ҳам ёш, ҳам аёл, ҳам ҳуқуқшунос деб топган номзодингизнинг аҳволига қаранг, кўриб қўйинг ҳолини! – дейди аламдан қақшаб.

– Ҳа, нима бўлибди бу аёлга?  Қандай гуноҳ қипти? –“тушунмадим” дегандек елка қисади бош котиб.

– Ўзидан сўранг. Ўзига ишончли вакилликка кимни топибди экан? Қандай мавзуда дастур ишлаб чиқишга киришган экан, бир сўраб кўринг-чи? Қарорлари ҳам бўлакча бугун!

– Хўш Дилафрўзхон, тинчликми? Кимни танладингиз ишончли вакилликка? Дастурингиз қанақа, қарорингиз-чи?

– Ахир депутатликка номзодимни ўзларингиз қўйгансизлар, тўғрими? Ишончли вакил танлашга ҳаққим йўқми? Кимлардандир қўчирмачилик қилмай, ўз дастуримни ишлаб чиқсам, депутатликка сайланиш учун астойдил  курашсам-чи, буни нимаси ёмон?

– Бу суд идораси эмас! Ҳуқуқим борми, йўқми, деган саволларга жавоб қидирадиган! Топишмоқ айтмасдан, лўндасини гапиринг, ишончли вакилингиз ким? Дастурлар қанақа? –жиддийлашади бош котиб.

– Ундан эмас, мендан сўранг, мендан? – кўксига муштлаб ура бошлайди бўлим бошлиғи, – Мўътабар Тожибоевани ишончли вакилликка олганмиш. Бугун расмийлаштириш учун деб, унинг паспорт нусхаларигача олиб келибди!

– Ни-ма?! – арвоҳ кўрган одамдек сесканиб кетади бош котиб, – Уни қаердан топа қолдингиз? Нимага айнан уни ишончли вакил қилмоқчисиз? Бирор кимсани топиб номигагина ишончли вакил қилсангиз бўлмайдими бошимизни  кундага қўймасдан?

– Нима, Тожибоева жиноятчими, нега уни танлашим мумкин эмас?

– Жиноятчидан ҳам баттар, бузғунчи! Ватан, халқ хоини у! – бош котиб кўзларини ола-кула қилади. 

– Хоин бўлса нимага озодликда эмин-эркин юрибди? – ўзини овсарликка солади Дилафрўз.

– Ўзингиз ҳуқуқшуноссиз, биласиз сиёсатни. Ҳозир арқонни узун ташлаб кўйишган. Кези келганда ўзлари секингина тортиб, йиғиштириб олишади. Шунга ҳам ақлингиз етмайдими? – беўт ёниб кетади бош котиб.

Бу беаёв баҳслашувлардан бетоқат бўлаётган бўлим бошлиғи гап  қўшади: – Дастурини сўрамайсизми?

– Ҳа, шуни айтинг. Дилафрўзхон, дастурингизда қандай мавзуни кўтармоқчисиз?

– “Для галочки” депутатликка номзодимни қўйгандингизлар, ҳатто ўзимдан сўраб кўрганларинг ҳам йўқ. Депутатликка номзодим қўйилганини номзодлар рўйхати эълон қилингандан кейингина билдим. Сайловчилар билан бўлган учрашувларда  ҳуқуқшунос бўла туриб, нима, мум тишлаб ўтиришим керакмиди? Бировни дастурини кўчириб олиб, шарманда бўлайми?

Шуларни ўйлаганим учун Мўътабар опага вазиятни тушунтирдим. У киши менга ишончли вакил бўлишга розилик берди. Мени қўғирчоқ  эмас, ҳақиқий номзод бўлишга ундади, депутатликка сайланиш учун астойдил курашишимни айтди.

Дастурга эса «Жамоатчилик назорати ҳақида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ва бу қонунни  ҳаётга тадбиқ этишга эришиш» масаласини бош мавзу қилиб оладиган бўлдик.

– “Жамоатчилик назорати?!” – биринчи котиб бўғилаётгандек галстугини бўшатади, чойнагидаги совуб улгурган чойини пахта гуллик пиёласига қуяди. Ичиш учун оғзига олиб боради. Лабларига теккизади-ю, бироқ уни ичиш ҳам кўнглига сиғмайди. Ёнаётган юрагини совуқ чой ҳам боса олмаслигини англайди чамаси, пиёлани қайтиб жойига қўяди. – Ким рухсат берди сизга бу мавзуни дастур қилиб олишга?

Бундай мавзуларни фақатгина депутат бўлиши аниқ бўлган, олдиндан тайинланган казо-казолар кўтаради, билдингизми? Бу мавзу дуч келган номзодлар, яъни хўжакўрсинлар учун эмас! – тутаб кетади у.

– Мен “для галочка” номзод бўлмоқчи эмасман. Депутат бўлиб сайланиш учун ҳаққоний курашмоқчиман.

– Тожибоева Мўътабарнинг ишончли вакиллигидами? Депутатликни орзу қилиб қолдингизми? Сизни рўйхатлар тўлиши учунгина кўшганмизни унутманг, – Дилафрўзнинг кўнглига бениш заҳар солади бош котиб. Аслида кишини заҳарлаш учун оғу эмас, бир оғиз сўз ҳам кифоя. Айтишади-ку: “Яхши сўз жон озиғи, ёмон сўз бош қозиғи” – деб. 

Бундай беписанд киноядан кўнгли минг пора бўлган аёл: – Унда мен ҳозироқ депутатликка номзодликдан воз кечаман. Лекин, лекин бундай қарорга келишимнинг сабабларини очиқ-ошкора маълум қиламан, – дейди у депутат бўлишдек осмонўпар орзулари бир зумда тумандек тарқаб.

– Ҳа, Тожибоевага ўхшаганларга хизмат қиладиган радиоларга чиқиб гапирасизми? – овозини баландлатади бўлим бошлиғи.

Биринчи котиб эҳтиётликни қўлдан бериб қўяётган бўлим бошлиғига ер тагидан бир ёв қараш қилади-да, Дилафрўзга ўгирилиб, сохта мулозаматга ўтади: – Сингилжоним, агар сиз депутат бўлишни хоҳласангиз, кўз очиб-юмгунча кейинги сайлов ҳам келади. Ана ўшанда ҳақиқий депутатликка номзодлар қаторига қўшамиз сизни. Лекин бу сафар номзодлик тарғиботини кучайтира кўрманг! Ҳали ёшсиз, ўсишингиз керак, ёш болаларингиз ҳам бор. Шуларни ўйласангиз, Тожибоевадан узоқроқ юришингизни маслаҳат бераман…

Шу каби огоҳлантиришлар ва «Тожибоева билан гаплашасизми?» дегандек ташвишли нигоҳлар сабаб бўлибми, ё ички қўрқуви устунлик қилдими, билмадим, хуллас, Олий мажлисга сайловлар якунланмагунча, Дилафрўз менга кўринмади. Сайловда  у “для галочки” иштирок этибди…

Сайловлардан кўп ўтмай Дилафрўз билан яна бир тергов ишида тўқнаш келиб қолдик. Иш жараёнидаги тасодифий  учрашувларимиз яна аста-секин бизни бир-биримизга боғлай бошлади. Кейинчалик Дилафрўз билан янада яқинлашдик, кун-сайин ҳамкорликларимиз кенгайиб борди, муносабатларимиз ҳам кунма-кун қалинлашиб, дўстлигимиз кучайиб борарди. 

Дилафрўз менга  кўпроқ  устоз сифатида қарар, ўрни келганда маслаҳатлар ҳам сўраб турарди. Вақти-вақти билан менинг ишларимга ҳам кўмаклашарди. Бора-бора деярли кунда-кун ора учрашиш, кунига бир неча маротаба қўнғироқлашиш одат тусига айланган эди. Дилафрўз менинг энг ишончли ҳамкорим ва дўстимга айланиб улгурган эди.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.