Ҳимоям йўлида қурбон бўлган Маҳаррам опам! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 11)

* * *

АДВОКАТЛАРИМ ҲИМОЯСИ

Айбсиз-айбдор бўлишдек оғир ва машаққатли синовга рўбаро келган эканман, шу ўринда тергов ва суд жараёнларида, ҳатто қамоқхона деб аталмиш жаҳаннам қаърида ҳам менинг паймол бўлган ҳақ-ҳуқуқларимни тиклаш ва адолатни қарор топтиришда жонбозлик кўрсатган ҳимоячиларим – Маҳаррам опам Тожибоева, Ҳусан Маҳбубов ҳамда Дилафрўз Нурматовалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг умуман иложи йўқ.

Уларнинг меҳнатини эътироф этмаслик – ҳурматсизлик, улар қаршисида таъзим қилмаслик гумроҳликдек туюлади, туюлаверади менга… Бир сўз билан айтганда адвокатларим ҳақида гапирмаслик мутлақо мумкин эмас…

* * *

“ҲУҚУҚШУНОСЛАР ҚИЙНОҚЛАРГА ҚАРШИ” ТАШАББУС ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИГА БОСИМЛАР

2004 йилнинг иккинчи ярим йиллигида  Фарғона вилоятининг мен бошқарадиган «Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келадиган Маҳаррам Тожибоева, Дилафрўз Нурматова, Муҳаббат Жумаева сингари бир нечта таниқли адвокатлар бирикиб, «Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши» Ташаббус гуруҳи тузиб, таъсисчилар йиғилишида муҳокама қилиб, ташаббус гуруҳнинг раҳбари этиб адвокат Асқарали Файзуллаев сайлангандилар.

Ташаббус гуруҳи қийноқларга қарши курашларини узлуксиз равишда кучайтириб бордилар. Бу борада тинимсиз бонг уриб келаётган бу гуруҳ вакиллари адвокатларга қарши босимлар кучайгандан кучайиб борди. Гуруҳ раҳбари Асқарали Файзуллаевга сохта жиноят иши қўзғатилиб, уни суд залидан ҳибсга олдилар.

Ташаббус гуруҳининг муассисларидан бири сифатида Маҳаррам опамнинг иштирокида фош қилинаётган ваҳшиёна қийноқлар, куч ишлатар тизимлар вакилларининг ноинсоний қилмишлари фактлари дунёни ларзага солар даражада эди ва айнан шунинг учун ҳам у таҳдид, босим ва шантажларга учраёганди.

Масалан: Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳрилик Намоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар қотиллик ва ўғрилик, Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоғилик Нуриддин Сохибоев вояга етмаган гўдакни номусига тегиш, Охунбобоев тумани Оқтепа қишлоғилик Салимбек Рахимов қотиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, Фарғоналик Абдурахимов Улуғбек, Музаффар Маҳмудов, Бувайда туманилик Зафар Обидов қотиллик жиноятларини содир этганликда айбланиб, ҳибсга олингандилар.

Бу рўйхатдаги жабрдийдаларнинг асосий қисми даставвал маъмурий органларга хизмат қилгувчи фоҳишалар, қўшмачилар, ёки уларга “қулоқлик” қилишга ёлланган жирканч кимсалар ёрдамида уюштирилган сохта айбловлар билан ўн – ўн беш суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, ташқи дунёдан ажратиб олиниб, айни шу пайтда ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, тергов жараёнлари олиб борилаётганди. Уларнинг “ҳимояси” учун МХХ, прокуратура ва Ички Ишлар тизимларининг «штатли» адвокатлари жалб қилинганди. Уларнинг баъзилари аллақачон улар зиммасига қўйилаётган ўта оғир жиноятларни содир этганликларини “адвокатлари”нинг саъйи харакатлари билан «тан олгандилар», иқрорлик кўргазмалари видеотасмаларга олиб ҳам бўлинган эди.

Баъзилари эса ўзлари хоҳлаган адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячилари ишда иштирок этмагунча ҳеч қандай кўргазма бермасликларини айтиб, терговчилар томондан ёлланган адвокатларни рад қилиб, ўзларига қўлланилаётган қийноқларнинг янада кучайишида  бардош берардилар ва ўз фикрларида қатъий тургандилар.

Юқорида исми-шарифлари санаб ўтилган, туҳматга учраб, ғайриқонуний равишда ҳибсга олинган, қийноқларга дучор қилинаётган жабрдийдаларнинг яқинлари «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ва ушбу Ташаббус Гуруҳига яқинларини ҳимоя қилишга ёрдам беришларини сўраб, шикоят аризалар билан мурожаатлар қилардилар. Тинимсиз олиб борган курашлар натижаси уларнинг озодлиги билан якунланарди.

Бунингдек қийноқ қурбони бўлган ва Ташаббус гуруҳига бириккан адвокатлар орқали қийноқлардан, адолатсиз судлов ва узоқ йиллик қамоқ жазосига тортилишдан қутилиб қолган жабрдийдалар сони бир неча ўнларни ташкил этади. Ҳибсга олиниб, қийноқларга тутилган айбсиз-айбдорларни содир қилмаган жиноятларини зиммаларига олишга “кўмакдош бўлган” терговчилар томонидан жалб қилинган «штатли» адвокатлар эса доимо фош қилиниб келардилар.

* * *

ҲИМОЯМ ЙЎЛИДА ҚУРБОН БЎЛГАН МАҲАРРАМ ОПАМ!

2005 йилнинг 4 апрель кунги “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, “Фуқаролик жамияти” Халқ Ҳаракати ҳамда “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” Ташаббус Гуруҳи томонидан «Ўзбекистонлик ишбилармон ва тадбиркорларга қарши ҳужум кучайиб, улар қийноққа солинмоқдалар…” деб аталган Андижон фожиасига алоқадор баёнотга биринчи бўлиб имзо чекканлардан бири ҳам Маҳаррам опам эди.

Маҳаррам опам менинг жон-жигарим, адвокатим сифатида ўз ҳаёти хавф остида қолишига, кеча-ю-кундуз босган қадамларини кузатишларига, таҳдидлар-у, уюштирилган туҳматларга, узлуксиз босимлар ўтказишларига қарамасдан, ҳимоям учун токи озодликка чиққунимга қадар ҳаракатини тўхтатмади.

Нафақат адвокат, балким ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида танилган Маҳаррам опамга нисбатан жиноят иши қўзғатиш, бир ўқ билан икки қуённи отиш, яъни  мени ҳам ишончли ҳимоядан маҳрум қилиш, ҳам руҳан синдириш ниятида режалаштирган мақсадларига Халқаро ҳамжамиятнинг босими туфайлигина эриша олмадилар.

Мени ҳибсга олганларидан бошлаб, судим жараёнида ҳам, мен Европада ўз фаолиятимни давом эттираётган пайтимда ҳам мен билан ҳамкорлигини давом эттираётган Маҳаррам опамга нисбатан қилинган узлуксиз босимлар, таҳдидлар умуман тўхтамади.

Бунинг натижасида Маҳаррам опамнинг соғлиги буткул ёмонлашиб, “кризис” ҳолатига тушиб бир неча марта шифохонага ётқизилди. Унинг аҳволи ниҳоятда оғир бўлишига қарамай, опамни даволаётган шифокорларга унинг тахшисини енгил қилиб расмийлаштиришни талаб қилишлар бўлди.

Ҳаттоки унинг ҳаёти хавф остида қолган паллада ҳам, зудлик билан касалхонадан чиқариб юборишни талаб қилиб, шифокорларга босимлар ўтказиб келинди. Маҳаррам опамни даволовчи шифокорлар унинг ўзи сингари таҳдидлар ва босимларга учраб келдилар.

Маҳаррам опамга,  опажонимга қарши ҳам турли туҳматлар, бўҳтонлар уюштирилиб келинарди. “Маҳаррам опам мутлоқ соғлом эдилар” десам ёлғончи бўламан. Лекин унинг касбий фаолияти сабаб тинимсиз босимлар, таҳдидлар қилиниб келар, натижада Маҳаррам опамнинг соғлиги янада ёмонлашиб борарди.

* * *

ОПА-УКА ТОЖИБОЕВАЛАРНИНГ БОСҚИНЧИЛИГИДАН ДОД…!

Таҳдидлар гирдобида умр кўрган Маҳаррамхонга нисбатан уюштирилган турли туҳмат ва бўҳтонлар уни ҳаётига зомин бўлди.

Мен 2005 йилнинг 9 февраль куни Фредом Хаус Халқаро ташкилотининг  Тошкентдаги идорасида бўлиб ўтаётган учрашувда иштирок этаётгандим. Фарғона вилоят Адвокатлар Уюшмасига Тошлоқ тумани Ахшак Фуқаролар йиғини Янги Қишлоқ маҳалла Ҳамза кўчаси йигирма олтинчи уйда яшовчи 1947 йилда туғилган Тўҳтасинов Махмут деган кимсадан ёзилган шикоятга қараганда айни шу куни мен Маҳаррам опам билан биргаликда босқинчилик жинояти содир қилганмишмиз, бир аёлни уриб, тишини синдирибмиз.

“Уйимизга сизнинг қўл остиздаги адвокатиз опа-ука Тожибоева Мўътабарлар одамлар билан бостириб кирганлиги тўғрисида

НОРОЗИЛИК ШИКОЯТ АРИЗАСИ

Ушбу аризамизни мазмуни:

Уйимиздаги келин ажралиш тўғрисида суд 16 февраль куни бўлиши тўғрисида участка инспектори Содиқов Бахтиёржон ҳар иккала томонларга 8 февраль куни огоҳлантиришига қарамасдан:

Бугун 9 февраль кундуз соат ўн бешларда Адвокат Тожибоева Мўътабар опа-ука вакиллар милиция ёллаб, йигирмадан ортиқ одамларни ёллаб, уйимизга бостириб келиб, “Келинни юкини олиб кетамиз” деган мақсадда келишиб, уйимизда жанжал кўтаришиб, хотиним Комилова Ортиғбини уриб тишларини синдириб, жароҳатларга сабаб бўлди.

Жанжал кучайиб бир бирларини пачоғлашга олиб боришди. Оқибатда милиция ходими бу аҳволдан қўрқишиб, “Судни хукмини кутамиз” деб қайтиб кетишди. Ушбу жанжални уюштирган Тожибоева Маҳаррам ҳамда Мўътабарларга қонуний чора кўришингизни сўрайман деб Тўхтасинов  Махмуджон”.

* * *

БОСИМГА УЧРАГАН АДВОКАТНИНГ ПРЕЗИДЕНТГА МУРОЖААТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга; Фарғона вилоят прокурорига

ТЕЛЕГРАММА АРИЗА

Мен Маҳаррам Тожибоева Фарғона вилояти Охунбобоев тумани ҳуқуқий маслаҳатхона адвокатиман.

Хозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165–моддаси 2–қисми ва 168–моддаси 2–қисми билан айбланаётган синглим Тожибоева Мўътабар Ибрагимовнани қонуний ҳуқуқларини дастлабки тергов мобайнида ҳимоя қилмоқдаман.

Дастлабки тергов органи томонидан ҳимоямдаги Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоя ҳуқуқи, шунингдек унинг ҳимоячилари бўлмиш биз адвокатларнинг ҳам ҳуқуқларимиз бузилган ва бузилмоқда.

Жумладан: “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 4–моддасида «Адвокат ўз ҳимоясидаги шахс билан у ушланган пайтдан бошлаб қонун хужжатларида белгиланган тартибда миқдори ва муддати чекланмаган ҳоли учрашувлар ўтказиш ҳуқуқига эга» эканлиги кўрсатилган.

Ушбу талаб Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 53–моддасида ҳам кўрсатилган бўлсада, ҳимоямдаги  Мўътабар Тожибоева билан учрашишга, шунингдек ҳоли учрашишга тўсқинликлар бўлди ва бўлмоқда.

Бундан ташқари Фарғонадаги ўнинчи сонли тергов ҳибсхонасида Мўътабар Тожибоевага нисбатан жисмоний ва руҳий тайзиқлар бўлган, вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 2–моддасига кўра адвокатлик фаолиятининг асосий принципларидан бири – қонун ҳужжатларида маън қилинмаган усуллар ва воситаларни қўллашдир.

Мен ушбу қонун моддасига асосан ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29–моддасида “Ҳар ким фикрлаш, сўзлаш ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилганлиги боис юқоридаги қонун  бузилишлар, маъмурий органлар мансабдорларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида матбуотларга интервьюлар берганман.

Лекин Фарғона вилоят ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиқ ўринбосари Ҳошим Азизов уйимга бир неча марта келиб матбуотга бошқа интервью бермаслигимни, акс ҳолда ҳимоямдаги Мўътабар Тожибоевага қийин бўлишини айтиб, босим ўтказиб келмоқда.

Хозирда ТИКО ва НЕКСИЯ русумли автомашиналарда доимий равишда менинг ҳар бир қадамимни кузатиб юришибди.

Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунларда адвокатлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, адвокат ва унинг касбий ҳимояси давлат ҳимоясида бўлиши, адвокатнинг касбига оид ҳуқуқларининг давлат органлари ва бошқа органлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бузилиши қонун хужжатларида  назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.

Хурматли Президент!

Конституциямизнинг 93–моддасига кўра Сиз фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонунларга риоя этилиши кафилисиз. Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунлар, бош Қомусимиз хисобланмиш Конституция талабларига маъмурий орган ходимлари риоя этишлари таъминланишида, қонунни бузган мансабдор шахсларга тегишлича чора кўрилишида Сиздан нажот кутиб қоламан.

Адвокат Маҳаррам Тожибоева

15 ноябрь 2005 йил

* * *

МАҲАРРАМ ОПАМ, МАҲЛИЁ, МУРОДЖОН ВА МАЪМИРЖОНГА ҚЎЗҒАТИЛГАН ЖИНОЯТ ИШИ

2005 йилнинг 7 октябрь куни мени ғайриқонуний хибсга олгач, ҳуқуқларимни топтаб, сохта айбларни бўйнимга қўйишга бўлаётган интилишларга қарши биринчи бўлиб бонг урган ҳам менинг опажоним, ҳимоячим Маҳаррамхон бўлганди.

Менинг ҳимоям учун бонг уришдан тўхтамагани ва тинимсиз равишда мурожаатлар қилаётгани учун Маҳаррам опамга, айни бир пайтда қизим Маҳлиё, унинг турмуш ўртоғи Муроджон ҳамда ташкилот фаоли Маъмиржон Мисиралиевга қарши ҳам жиноят ишлари қўзғатилганди.

Халқаро жахон ҳамжамиятининг яқинларим ҳимоясига қалқиганидан кейингина бу қўзғатилган жиноят ишларини тугатишга мажбур бўлгандилар.

Тергов ва судим пайтида мени ҳимоя қилиш жараёнида биринчи инсультни бошидан кечирган Маҳаррам опам қамоқдалик пайтимда менга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга қарши кураши оқибатида иккинчи бора инсультга чалинганди.

Ман қамоқдалик пайтимда босимлар ва таҳдидлар сабаб бошқа адвокатларим мени ҳимоя қилишдан воз кечишга мажбур қилинган бўлсалар, биргина Маҳаррам опажоним ҳимоям учун ҳаракатини бир дақиқа бўлсада тўхтатмаганди.

Қамоқдан озод бўлганимдан сўнг олиб бораётган фаолиятимиз сабаб нафақат менга, қизим Маҳлиёга, унинг турмуш ўртоғи Муроджонга, набираларимга, Ўзбекистонда яшаётган яқинларимга, хусусан адвокат Маҳаррам опам ва укам Расулжонларга ҳам босимлар давом этаётганди.

Мени қамоқдалик пайтимда ҳимоям учун жонини фидо қилган укам Расулжонни охирги йилларда ҳам турли баҳоналар билан бир неча марта тутиб кетдилар. Қонунга зид равишда милиция идорасида бир неча соатлар давомида ушлаб турдилар. Бу ушлаб туриш пайтларида опалари Мўътабар ва Маҳаррамни йўлга солиш, уларни фаолиятларини тўхтатишга кўмак беришни таклиф қилишдан ҳам ор қилмаганлар.

* * *

БОСИМЛАР, ТАҲДИДЛАР, СУДЛАР…

2014 йилда Марғилон шахар прокурорининг “Уй жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги Даъво аризаси”га кўра Маҳаррам опамни уйидан, Марғилон шаҳар Заравшон кўчаси 286-уйидан рўйхатдан ўчириш мақсадида унга тинимсиз босимлар ўтказгандилар.

Мени суд қилиб, Ўзбекистон пропискасидан ўчириб, фуқароликдан маҳрум қилгандилар.

* * *

2015 йилнинг апрель ойида қизим Акрамова Маҳлиёни Марғилон шаҳар Ички Ишлар бўлимининг “Кредит ва фоиз ундириш ҳақида”ги даъво аризасига асосан маҳкамага тортганлар.

2009 йил март ойидан буён Францияда яшаётган, ҳеч қачон кредит олмаган Маҳлиёга қарши расмийлаштирилган даъво ариза нусхасини беришларини талаб қилишни ва менга жўнатишини Маҳаррам опамдан сўрадим.

2015 йилнинг 6 май куни эса набираларимнинг отаси Мурод Акрамовни Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига етиб боришини талаб қилиб, яқинларига чақирув қоғози топширганлар.

Ушбу ғайриқонуний суд жараёнларига тегишли ҳужжатлар нусхаларидан бизнинг адвокатимиз сифатида беришларини талаб қилиб, Маҳаррам опамнинг Марғилон шахар прокуратурасига, Марғилон шахар Ички Ишлар Бўлимига ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига қилган мурожаатлари улар сукунат билан жавоб бердилар.

Яъни 2014 йилдан буён бўлиб ўтган суд маҳкамаларининг ҳужжатлари, суднинг қарорларини Маҳаррам опамга беришмади.

Лекин Маҳаррам опам турли давлат идораларига шикоят, аризалар, талабномалар ёзишни давом эттириб, бу муҳим ҳужжатларни қўлга киритиш учун ҳаракатларини тўхтатмади.

Айнан шу сабаб ҳам опамга нисбатан босимлар ортиб борди.

Маҳлиё ва унинг турмуш ўртоғи Муроджонга қарши бўлиб ўтган маҳкамадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан, Маҳаррам опамга қарши навбатдаги ҳужум уюштирилди.

Суратда набираларим Юсуф, Мадина ва Зебо “Ғафлатдаги миллатни мурғак қалблар уйғотмоқда” норозилик акциясида

* * *

АДВОКАТ, ҲУҚУҚ ФАОЛИ МАҲАРРАМ ОПАМНИ ФАОЛИЯТИ САБАБ ЎЛДИРДИЛАР!

Дунёни ларзага солган “Андижон Қалиоми”нинг ўн йиллиги арафасида менинг ташаббусим билан ташкил қилинган «Қонли Андижонга ўн йил» дея номланган бир ойлик кампанияси набираларим Зебо, Юсуф ва Мадиналар иштирокидаги норозилик акцияси билан бошланганди ва бу ҳақда “Ғафлатдаги миллатни мурғак қалблар уйғотмоқда” номли видео фильм тайёрланиб, жамоатчиликка тақдим қилгандик.

Ушбу норозилик акцияси мақсади Андижон қатлиоми қурбонларини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ҳақида гўдакларнинг чақириғини дунё жамоатчилигига етказишдан иборат эди.

Айнан мана шу ҳаракатларимиз сабаб Маҳаррам опамни қурбон қилишга қарор қилишларини мен ҳали билмасдим. Билганимда эса аллақачон кеч бўлганди…

Ушбу олиб борган бир ойлик кампаниямдан кейин “Остановись Мутабар”… номли туҳмат ва бўҳтон, таҳдиддан иборат навбатдаги мақола интернетда эълон қилинди…

Шу мақоладан эълон қилинганидан бир неча кунлар ўтгач, Маҳаррам опам вафот этди…

* * *

2015 йилнинг август ойи ўрталарида Маҳаррам опам фаолият юритадиган Марғилон шаҳридаги адвокатлик идорасига ҳар доимгидек фақатгина уни фаолиятини текшириш учун «юқори»дан комиссия келган.

Кейинчалик бу текширувни ушбу адвокатлик идораси раҳбари – “штатли адвокат” Бадриддин Алимов томонидан уюштирилганлиги маълум бўлди.

Бадриддин Алимовни вилоятда махсус хизматлар фойдасига  “қулоқлик” қилиши ва маъмурий органлар манфаати учун ҳар қандай хизматга тайёрлиги билан танилган, ичкиликбозликка муккасидан кетган кимса сифатида танийдилар.

Бадриддин Алимов вилоятдаги куч ишлатар органларнинг “штатли адвокати” сифатида ошиғи олчи. У ушбу органлар вакиллари томонидан қонунга зид равишда ҳибсга олинган беайб инсонларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тергов ҳаракатларига “гумонланувчи”, “айбланувчи”ларнинг ҳимоячиси сифатида жалб қилинади.

Тергов жараёнлари пайтида у ўз мижозларини алдаш йўли билан қилмаган жиноятларини зиммаларига олишга мажбур қилиб, қонунга зид равишда ўтказилган тергов процессуал ҳаракатларини қонунийлаштиришга ҳисса қўшиши билан ҳам танилган.

«Текширувчилар» опамнинг ҳар бир ишларига алоқадор ҳужжатларни, синчиклаб, тирноқ орасидан кир қидириб, бир ҳафталик текширув жараёнида опамга узлуксиз босим ўтказганлар. Уни қамалиб кетиши мумкинлиги, юқорининг истак-хоҳиши шундай эканлигини уқтиришдан тўхтамаганлар.

Ушбу комиссия вакилларидан бири Бадриддин Алимов билан биргаликда опамни 2005 йилда Андижонга алоқадор баёнотга имзо чеккан пайтидаёқ опам ўзига қарши ўлим ҳукми ўқиганлигини, мана орадан ўн йил ўтиб, жавоб бериш вақти келганлигини айтиб хиринглашдан ўзларини тиймаганлар.

Қамалиб кетса на мен, на бошқа оила-аъзоларимиз на унинг ҳолидан хабар олмаслигимиз, уч нафар қизи ва набиралари қаровчисиз қолиб кетишини башорат қилиб, опамни учинчи инсульт ҳолатига туширганлар. Текширув натижада опамнинг фаолиятидан бирор-бир камчилик топа олмасдан қайтиб кетганлар.Текширув пайтидаги босимлар ва таҳдидлар сабаб, комиссия кетган куниёқ,  опажонимнинг аҳволи кескин оғирлашган.

28 август жума куни ишга борган Маҳаррам опам аҳволи оғирлашиб, ишдан қайтиб келган ва орадан бир неча дақиқалар ўтгандан кейин унинг аҳволи янада ёмонлашиб, кома холатига тушган. Опамга медицина ёрдами кўрсатиш учун чақирилган тез тиббий ёрдам шифокорлари уни тезлик билан Марғилон шахар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига жойлаганлар.

Маҳаррам опамни кома ҳолатидан чиқариш учун шифокорларнинг икки кунлик қилган саъйи-ҳаракатлари фойда бермаган. Улар Маҳаррам опамнинг миясига қон қуйилгани сабабли  жонини сақлаб қолиш имкони йўқлигини афсус билан айтганлар ва ўша аҳволида жигарларим қўлига топширганлар.

Якшанба – 30 август куни тонг саҳарда опажоним ўзига келмасдан, яқинлари билан видолаша олмасдан дунёдан кўз юмган.

Маҳаррам опамнинг ўлимига менинг фаолиятим ва уни мен билан қилган ҳамкорлиги, мени ҳимоям учун тинимсиз кураши  сабаб бўлгани учун ҳам яқинларим унинг ўлимини мендан бир неча кунлар давомида сир сақладилар.

Опамга бўлган босимларга менинг, қизим Маҳлиё ва унинг турмуш ўртоғи Муроджонга нисбатан 2014 ва 2015 йилларда қўзғатилган маҳкама жараёнларига алоқадор эканлиги учун ҳам опамнинг ўлими ҳақида менга хабар беришга шошилмадилар.

Бу маҳкамаларга тегишли ҳужжатлар – суд қарорлари, ҳукмларни қўлга киритиш, уларни қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш учун қилган ҳаракатлари кетидан опамга мана бундай босимлар қилишлари, фитналар уюштиришларини билганимда эди опамни ушбу маҳкама жараёнлари билан шуғулланишини сўрамас, уни ҳаётини хавф остига қўймас эдим.

Шу маҳкамалар ишлари билан шуғулланганлиги сабаб босимларга учраган опамни учинчи бора инсультга учраши, кома холатига тушиб қолишини, ўлишини тахмин қилганимда эди, асло…

Энди ҳар қанча армон қилмай, ҳар қанча виждоним азоб бермасин, Маҳаррам опамнинг фожеиали ўлимига мен ўзимни айбдор хисоблайвераман. Айнан шуни тушуниб, ҳис қилганим учун ҳам Маҳаррам опамнинг ўлими ҳақидаги хабар мени йиқитди.

Айнан шундан қўрққан жигарларим Маҳаррам опамни ўлими ҳақида менга маълум қилишдан чўчиганлар, қўрққанлар. Шунинг учун ҳам бир неча кун опажонимни вафот этгани ҳақида менга маълум қилишга ўзларида куч топа олмаганлар.

* * *

СУЯНГАН ТОҒИМ, ҲИМОЯМ ҚАЛҚОНИ БЎЛГАН ОПАЖОНИМДАН АЙРИЛДИМ!

“Қизим Маҳлиё менга телефон қилиб, “Аяжон, Маҳаррам холамдан айрилиб қолибмиз” деганида даставвал ишонмадим, тушунмадим, кейин бирданига миямга қон урди.

Ахир охирги марта гаплашганимизда опамни аҳволи яхши эдику, бемалол гаплашгандикку. Опажоим яқиндагина эллик етти ёшни қарши олганди! Яқиндагина туғилган набирасини бағрига босганича, роҳатланаётган суратини жўнатгандилар менга опажонимни.

Опажоним Маҳаррамхон, Сизни ва мени ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида олиб бораётган фаолиятимизга чек қўйиш мақсадида Сизга қарши уюштирилган узлуксиз босимлар натижасида юрак хасталигига чалиндингиз.

Ғанимларимизнинг уюштираётган фитнаю,  босимлари, таҳдидларидан умрингизни охирги кунигача мени ҳимоя қилдингиз! Ҳаётингизни охирги дақиқаларини ҳам мени ҳақлигимни исботлашга баҳшида этдингиз.

Мен ва мен каби мазлумларни ҳимоя қилиш пайтида ўз ҳаётингизни доимо хавф остига қўйиб келдингиз. Мен эса… Сизни ҳеч кимдан, ҳеч қандай усул билан ҳимоя қила олмадим! Дардингизга малҳам бўлолмадим опажон! Сизнинг ўлимингизни олдини ололмадим! Опажоним жойларингиз жаннатда бўлсин, охиратингиз обод бўлсин!

Вафотингиздан кейин вояга етмаган фарзандингиз Маҳбубага боқувчисини йўқотганлик нафақасини бермаслик учун ҳар кўйга тушдилар ва вояга етмаган Маҳбуба қонуний имтиёзларидан умуман фойдалана олмади. Бу каззоблар вафотингиздан кейин ҳам тўхтаганлари йўқ… Сизни муборак номингизни булғаш учун фильмлар қилмоқдалар ва уларни минг афсуслар бўлсинким, ўзини демократия тарғиботчи деб атайдиган халқаро жамғармалар молияламоқдалар…

Бевақт ўлимингизга сабабчи бўлган, пок номингизга доғ туширмоқчи бўлаётган жиноятчи тўдалар, унсурлар қилмишларига қарши курашимни кучайтираман дея СИЗга сўз бераман. Ўлимингизда ўзини айбдор сановчи, уч нафар қизингиз ва уч нафар набирангизни меҳрибон оналари ва бувижонларидан бевақт жудо бўлишларига сабабчи бўлмиш, қолган умрини армонда ўтказишга маҳкум синглингиз Мўътабар”.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan