Ёлланма адвокатнинг ҳимоясига муҳтож эмасман! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 10)

* * *

ЖОЙИНГ ПОЙГАДА ЭКАНЛИГИНИ КЎРСАТИБ ҚЎЙИШГА ИНТИЛИШАДИ!

Эртаси куни навбатчи постовийлар камеранинг темир эшигини очиб, мени бошлиқнинг хонасига олиб боришларини айтишди. Бироқ негадир  мени  бошлиқни эмас, тергов ҳибсхонасининг тарбиявий масалалар буйича бошлиқ ўринбосари Элмурод Боқибоевнинг кабинетига олиб киришди. Курси соҳиби постовойга “чиқиб кетавер” ишорасини қилгач, менга ўгирилиб, сохта табассум қилди.

«Опа, сиз билан учраштиришимни сўраб бир акахонимиз келганди. Бироқ кўришишларингизга рухсат беролмайман. Сабаби, сиз тепанинг назоратидасиз. Билиб қолишса, каллам кетади. Лекин акахонимиз ҳам ўта ҳурматга сазовор инсонлар. Улар  “Жуда ҳам муҳим гапим бор” деб, ҳоли жонимга қўймаяптилар. Шунинг учун акахон билан бир нарсага келишдик.

Ҳозир  улар менинг қўл  телефонимга қўнғироқ қиладилар, сиз уни олиб эшитасиз, умуман овоз чиқармайсиз, фақат у киши гапиради холос, келишдикми? Кейин бу ерда бўлиб ўтган суҳбатни бутунлай унутасиз, ҳеч қаерда, ҳеч кимга гапирмайсиз. Айниқса ёнингиздаги шерикларингизга!”, – деди сирли қилиб.

Қизиқ! Мен билан учрашиш истагидаги одам ким бўлдийкин? Қанақа гапи бўлиши мумкин менга? Шу телефон орқали гаплашишга рухсат олиш учун ҳам балки  отнинг калласидек товон тўлагандир? Унинг кимлигини билиш мен учун ҳақиқатан ҳам қизиқ эди…

Шу пайт телефоннинг жарангдор овози хаёлларимни тумандай тарқатиб юборди. Гугурт қутисидек телефонини қулоғига тутган бошлиқ ўринбосари хиёл эгилиб, чап қўлини кўксига қўйганча гапира кетди: – Ҳа акахон, олиб чиқишди. Айтдим-ку сизга, беш минутда шу ерда бўладилар деб. Фақат илтимос, исмларини тилга олманг, майлими? Опанинг ўзларига ҳам тушинтириб қўйдим. Мана, ҳозир, уларга бераяпман, гапиринг, – деганча у “гугурт қутиси”ни менга узатди.

– Опажон, яхшимисиз? Бу мен – Авазбекман. Эсладингизми? «БЕК», – деган таниш овоз эшитилди қулоғимга, – Овозимдан танигандирсиз? Кечаги куни радиода сизга қилинган ҳужум ҳақида эшитиб қолдим. Опажон, ҳали бу ҳолваси, зонага борганингизда аҳвол бундан-да баттар бўлиши аниқ. Ёнингиздагилар ҳам ўша ердан олиб келинган, аслида. Оғзингизга эҳтиёт бўлинг, панд бериб қўйишлари мумкин.

Мен сиз билан учраштиришларини сўрагандим, кўнишмади. Демак, махсус назоратдасиз. Ҳаракатларига қараганда, сизни зонага юборишади, чамаси. Худди  ана шунинг ташвишида сиз билан кўришмоқчийдим.

Унутманг, қамоқда ҳақорат ва камситишлар кўп бўлади. Жойинг пойгада эканлигини кўрсатиб қўйишга интилишади. Қамоқхонада ўз сўзинг ва ўз ўрнингга эга бўлиш учун ўз кучингни кўрсатишга, яшаш учун курашишга мажбур бўлади  одам. Бунинг учун эса “поддержка” бўлиши шарт. Йўқса, титиб ташлашади.

Эсингизда бўлсин, қамоқхонада Рустам бор. Рус-там, – хотирамда қолиши учун исмни қайта такрорлади Авазбек, – Ўзи аёл киши-ю, лекин паспортидаги исми Рустам. Ана шу Рустамнинг битта укаси Бахтиш зонада мен билан бирга ўтирган. Братишкамиз. Зонага борган заҳоти Рустамни топинг. Унга «Уканг Бахтишдан салом» деб айтинг. Ўзим ҳам эртагаёқ эркаклар зонасига прогон бериб юбораман. Бахтиш ҳам бир иложини қилиб Рустамга хабар етказади.

Опажон, жуда ҳам эҳтиёт бўлинг ўзингизга. Биз албатта, яна учрашамиз. Ишонинг. Доим дуода бўламан, шуни унутманг. Хайр, опажон, – Бек гарчи сездирмасликка уринган бўлса-да, учрашувга рухсат ололмаганлиги учун тажанг бўлаётганлиги овозидан шундоққина сезилиб турарди. Бекнинг хайр-ҳўшини эшитгач, телефонни эгасига қайтардим.

Боқибоев “гугурт қути”сининг ичига кириб кетгудек бўлиб яна ялтоқлана бошлади:

“Бир кун албатта кўришамиз, дўппидеккина чойхона паловхонтўрани ҳам заказ қиламиз. Сиз учрашув жойини айтсангиз бўлди, акажон, елдек учаман, бир зумда етаман. Ээ, бор бўлинг, омон бўлинг, ака, хўп, хўп, хўп…”         

Аваз – бу вилоятдаги таниқли тадбиркорлардан бири. Бир пайтлар уни буюртма асосида ҳибсга олишган. Тўрт маротаба қамалиб чиққан. Шунинг учун бўлса керак, зоналарга гапи ўтадиган “АВТОРИТЕТ”га айланган.

Охирги марта беш йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Кўп ўтмай суднинг ҳукмига асосан деган баҳона билан унинг турмуш ўртоғи Роҳилахон номида бўлган охирги маркадаги енгил автомашинасини мусодара қилиш учун ижрочилар унинг уйига эшик қоқиб келишган.

Ана шундай оғир кунларида ҳимоячига муҳтожлик сезган  хотини Роҳилахон мендан кўмак сўраганди.

Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга киришдим. Натижаси чакки бўлмади. Ниҳоят суднинг чиқарган ҳукмини Авазбекка қарашли бўлмаган мулкини давлат фойдасига мусодара қилиш қисмини бекор қилишга эришдик. Шу-шу  Авазнинг оиласи билан дўстона муносабатларимиз пайдо бўлганди…

Камерага кирганимда Марина ухлаб ётарди. Зуля эса кеча опам киритган русча газетанинг Кроссвордини тўлдириш билан банд. Кечки овқатланиш пайтидагина шерикларимдан Рустам ҳақида сўрашга фурсат топдим. Улар Рустам ҳамон қамоқхонада эканлигини айтишди-ю, уни қаердан танишим ҳақида сўроқ-саволларга кўмиб ташлашди.

 “Танийман-да” дея секингина жавоб қиларканман, гапни ўзанини дарров бошқа томонга бурдим. Бироқ бўлмади. Барибир Рустамни қаердан танишимни сўраб, ҳол-жонимга қўйишмасди.

Ҳатто Рустам билан фамилиядош эканлигимни ҳам улардан эшитдим. Шерикларим мендан сир олиш мақсадида унинг қамоқхонадаги ҳаёти ҳақида бири олиб – бири қўйиб ҳикоя қилар, мен мум тишлаб ўтирардим.

Жимгина тингларканман, ўзим учун керакли маълумотларни аллақачон олиб бўлгандим. Демак, Рустам зонада ўз обрўсига эга. Қамоқ муддати ҳали бери тугамайди. Бир неча маротаба судланганлиги сабабли бирор-бир имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи йўқ.

Марина ва Зулфиялар ўзларига топширилган вазифаларни бажариб бўлишди чамаси, уларни аёллар қамоқхонасига қайтариб олиб кетишди.

Уларнинг ўрнига камерага келтирилган маҳкумалар орасида ҳам қамоқхонанинг тузини татиб кўрганлари бор экан.  Рустам ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга имконият туғилди.

Қамоқхонага жўнатилаётган маҳкумалар орқали Рустамга салом ҳам йўлладим. Шу сабаб Рустам билан олдиндан таниш эканлигимизга ишонган Гуллола қамоқхонага келтирилгач, менинг номимни айтиб, Рустам билан анчагина дўстлашиб ҳам олган экан…

* * *

РУСТАМ БИЛАН ИЛК УЧРАШУВ

12 июль – чоршанба куни ошхонадан  тушлик олиб қайтган Гончар билан Гуллола ёнимга келишга ошиқишди. Уларнинг хабар беришича, мени қамоққа олиб келишган куниёқ дубачкалардан (Қўлида дубинка кўтариб юрувчи ҳарбий назоратчиларни қамоқхона жаргонида “дубачка” деб аталади) суриштириб билган экан Рустам. Шундан буён у олдимга кириш ҳаракатида юрганмиш. Ниҳоят бугун менинг олдимга кириш учун имкон топганмиш.

Сездирмайгина қўлимга клёнкага ўралган ва ип билан чирмаштириб ташланган қандайдир қоғоз тутган  Гуллола  “Ҳоли жойда гаплашиб олайлик” дегандек ташқарига имо қилди.

Мен бу қоғоздаги ёзувларни хавотирсиз ўқиб олиш учун ҳожатхонага шошилдим. Бу кичкинагина қоғозда Рустам бугун албатта мен билан учрашишга келишини айтибди.

У “психиатрик” бўлимга кирганида маҳкумалар олдида бир-биримизни азалдан танийдиган қадрдонлардек қучоқ очиб кўришишимиз шартлигини тайинлабди. Унинг ёзишича, навбатчи Таня Штабга ишлайдиган “қулоқ” эмиш. Рустам ундан ҳушёр бўлишим кераклигини огоҳлантирибди.

Рустамнинг хатини ўқирканман, бошқа маҳкумалар ҳам менга Танядан эҳтиёт бўлишни уқтирганлари эсимга тушди…

Мактубга кўз югуртириб бўлгач, Гуллоланинг имосига кўра ташқарига чиқдим. У атрофга хавотирли аланг-жаланг қилди. Шубҳали нарса сезмади шекилли, қулоғимга яқин келиб шивирлай кетди: «Биласизми Мўътабар опа, бугун овқат олишга чиққанимизда Гончардан сиз ҳақингизда сўраб, суриштиришди. Нима қиляпсиз, ким билан гаплашяпсиз, ўзингизни қандай тутяпсиз – ана шуларга қизиқишди. Суриштирганларни кимлигини билмадим.

ДПНКдан чиққан биттаси қўлидаги калитини айлантириб ўйнаганча роса сўроқ-савол қилди Таняни. Бечора мани олдимда сиз ҳақингизда маълумот бераётгани учун роса хижолат чекди. Эҳтиёт бўлинг, сизга қарши ниманидир режалаштирмоқчилар чоғи. Гончар чап қўлингиз шишиб, оғриқнинг зўридан уҳлолмай чиқаётганингизни айтганида, у – “Йўғе?” – дея роса роҳатланиб кулди”, – деди Гуллола.

Палатага қайтганимизда бутун руҳий касалликлар бўлимига “Рустам келармиш” деган хабар тарқалиб бўлганди. Маҳкумалар Рустамнинг менинг қариндошимми-йўқмилигини аниқлайдиган вақт яқинлашгани учун ҳам қизиқиб кутардилар Рустамни бу ерга киришини.

Кутилмаганда шарақлаб темир эшик очилди. Янгиликдан биринчи хабардор бўлишдан умидвор бўлган маҳкумаларнинг бир нечтаси бирданига: “Нима гап экан?” – деб коридорга югуришди. Уларнинг орасида Гуллола ҳам бор эди. “Мўътабар опа келинг, Рустам ака кирдилар сизни кўришга!” – ҳаяжондан қичқирди у.

Ўрнимдан туриб, у томонга қараб юрдим. Бир маҳал эшикда қиёфаси эркакларни эслатувчи  маҳкума кўринди. Унга биринчи бора қараганда аёл киши эканлигига умуман ишониш қийин. Юзлари япалоқдан келган, кўзлари қисилган бу маҳкумага палатадаги маҳкумалар ўзгача ҳурмат билан қараётганликларини кўриб Фарғоналик ишбилармон Авазбекни гаплари қанчалик ҳақиқат эканлигини хис қилдим.

Рустам тез-тез юриб келди-да, мени бағрига босди: – Холажон, узр, сизни кутиб ололмадим. Қачон келишингизни билмай қолдим. Сиз келган куни аввал негадир тревога эълон қилишиб, кейин ётқизишган экан сизни бу ерга.  Яхшимисиз? Мана, кўринишингиз ёмон эмас, Орадан қанча йиллар ўтиб кетган бўлсаям, сиз ўша-ўша ўзим билган Мўътабар опамсиз. Кеча бўлиб ўтган воқеани эшитдим, ёмон бўлибди, қўлингиз жиддий лат емаганми ишқилиб? – ҳатто унинг овози ҳам эркакларникидек йўғон эди.

– Ўзингиз яхшимисиз, Рустам? Уйдагилардан хат-хабар келиб турибдими? – Унинг хатти-ҳаракатлари бироз довдиратиб қўйганди мени. Аммо ўзимни ўнглашга, қўлга олишга уринардим. Ўртамизда “қадрдонлардек кўришиш” ҳақидаги келишув бор, ахир.

– Холажон, биласиз-ку, ўша ўзингиз билган оила-да бизники. Ҳаммаси ҳар хил зоналарни гуллатиб юришибди. Бахтиш ҳам сизга салом айтиб қўйишимни илтимос қилиб, хабар жўнатган экан менга, – елкамга қоқиб беўхшов кулди у.

– Рустам, юринг, тезда чиқиб кетишимиз керак. Агар бирортаси билиб қолса, уйим куяди, юра қолинг, кетдик, – деди Рустамни етаклаб келган узун бўйли ва дум-думалоқ Ирода исмли “дубачка”  жонсарак бўлиб.

– Ҳозир, Ирода бир минут  тўхтанг, – ҳамроҳининг сўзини бўлган Рустам ўзи билан кўришиш учун атрофимизни қуршаб олган, бирор-бир сўзни эшитмай қолишдан хавотирлангандек қулоғини динг қилиб, суҳбатимизни тинглаётган маҳкумаларга юзланди.

У бизни гапимизни бўлишга ҳадди сиғмаётган маҳкумалар билан саломлашаркан: “Бу киши мени холажоним бўладилар. Агар кимда ким уларни хафа қилса, билиб қўйинглар, бу мени ранжитгани билан тенг. Унутманглар-а шуни!”, – деди уларга.

Рустамнинг ўзларига қилган мурожаатидан руҳланган маҳкумалар бири олиб, бири қўйиб чуғирлаша кетишди. 

Улар билан мулоқотни тугатиб,  мен томон ўгриларкан Рустам: – Сиз тезда бу ердан чиқишнинг  ҳаракатини  қилинг. Бу ер сизга тўғри келмайди. Агар бирортаси хафа қилса, дарҳол менга маълум қилинг. Ўзим ҳам Гуллола билан Гончардан сиз ҳақингизда ҳар куни суриштириб тураман. Яна гаплашамиз. Имкон топишим билан хабар олиб тураман – деди-да, Ироданинг олдига тушиб, шошилганча чиқиб кетди. 

У кетгач, «Кечаги гапларим ҳазил эди-а?! Сизга раҳмим келганидан гапиргандим  у гапларни, кўнглингизга олиб юрманг тағин» – дея елкамга қоқди биринчилардан бўлиб олдимга келган Лола.

Унинг кўзлари ичига ботган, пешонадаги қатор тушган ажинни кўрган одам уни эндигина ўттиз ёшга кирганига ишониши қийин.

Рустам билан бўлган учрашувдан кейин вазият бир оз бўлса-да юмшагандек бўлди. Даставвал менга дўқ-пўписа қилишга харакат қилиб кўрган маҳкумалар ҳам менга мулойимлик билан муомала қила бошлашди. Ҳатто айримлари “онажон-онажон” деб мурожаат қиладиган бўлиб қолишди. 

* * *

“ПУЛЯ” БИЛАН ТЎҚНАШУВ!

Шу куни кечга яқин “психотделение”га кирган назоратчилар мени режим бўлими бошлиғи Шуҳрат Абдурафиқович қабулига чақиртираётганини айтишди.

Шуҳрат Абдурафиқович Субанов – бу қамоқхонанинг тартибот ва қўриқлаш бўлими бошлиғи.

Кўринишидан қозоқларга ўхшаб кетадиган қирқ-қирқ беш ёшлардаги милиция капитани. Лақаби Пуля. Кутилмаганда тўсатдан йўқ жойдан пайдо бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам уни “пуля” дейишар экан. Мен эса кейинчалик унга “шпуля” деб лақаб қўйдим.

Бугунги учрашув мени Субанов билан илк учрашувимиз,  яъни танишувимиз эди: – Келинг, маҳкума Тожибоева. Қалайсиз энди? Қамоқхона ҳаёти яхши эканми? – киноя қилди у.

– Чидаса бўлади, – дедим бепарво.

– Мана шунақасан-да сенлар! Жиноят қилаётганингда ўйламайсанлар охири нима бўлар экан, деб!  Пешонанг деворга “тақ” этиб теккандан кейин… – Субанов кўрсатгич бармоғини буклаб, столга бир урганди “дўқ” этган овоз эшитилди, – Кейин пушаймон қиласанлар, лекин уже кеч. Бу пайтда қамоқда бўласанлар!

– Ким айтди сизга мени пушаймон қилаяпти деб?! Мен ҳеч қандай жиноят содир этмаганман! Ҳеч нарсадан пушаймон эмасман!, – бу сўзларни шунчалик хотиржамлик билан айтдимки, уни эшитган суҳбатдошим ҳўл ўтиндек тутаб кетди:

– Ўҳ-ҳў, тиллари бурро-ку бу хонимнинг?! Қани, ўтириб бир тушунтириш хати ёзиб  берингчи, кўрайлик қаламингиз  кучини?! – деди заҳархандалик билан.

– Нима ҳақда ёзишим керак тушунтириш хатини? – ажабландим.

– Ҳозир айтаман-да, – Субанов кибрла  қараркан,  стол устидаги бир вароқ оқ қоғозни мен томон сурди, – Ёзинг, “Псих.отделение”да даволанаётган Бекчонова Гавҳар қамоқхона ички тартиб қоидаларини тинимсиз бузаяпти, биз – бемор маҳкумаларнинг даволанишимизга халал бераяпти. Унинг бунингдек ҳаракатлари узлуксиз  давом этаяпти”, деб ёзинг.

– Биринчидан, мен фақат бўлган воқеанигина ёзиб беришим мумкин. Лекин Бекчонова Гавҳарга қарши бирор гап айтолмайман. Сабаби, Гавҳар ҳамширалар билан Жайнакнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган муолажа қилганлари сабабли унинг аҳволи оғирлашиб қолганида медицина ёрдами кўрсатмаганликлари учун жанжаллашди. У аҳволи ёмонлашиб қолган Жайнакка зудлик билан ёрдам кўрсатишларини талаб қилди. Ҳамшира эса Гавҳарни ноўрин ҳақоратлади. Гавҳар унга жавоб қайтарди. Бор гап шу.

Иккинчидан, мен бундай вазиятга биринчи марта гувоҳ бўлишим, чунки янгиман, олдин нималар бўлганидан бехабарман. Кечирасизу, аммо мен сиз сўрагандай қилиб ёзиб беролмайман.

Сўзларимни аввалига ҳайрат билан тинглаётган Субанов бирдан қаҳ-қаҳа отди. 

 – Сиз ҳали ор қиласизми, нафратланасизми бизга ёрдам қилишдан? – пичинг қилди у турқи ўзгариб.

– Гап ор қилишда эмас, мен кўрганимнигина ёзишим мумкин…

– Маҳкума Тожибоева, – сўзимни бўлди у, кўзлари қаҳрдан ёниб, – бугун сиз ҳимоя қилаётган маҳкумалар ҳам очиқдалик пайтингизда сиздан ёрдам олиб, кейин сизга хиёнат қилганлар сингари ҳали сизнинг ўзингизга қарши жуда кўп ишлар қилишади. Ана ўшанда ҳақлигимга тасаннолар айтасиз.

Чап қўлни боғлаб олибсиз, нима қилди қўлга? Сиз қораламайман деяётган Бекжонованинг кароматими бу? Қараб туринг,  ҳали бу бошланиши холос. Бу бошингиз яна кўп балоларни кўради ҳали бу ерда. Ўшанда “Кўнгилчанлик қилиб адашган эканман”, – деб аттанг қилиб қоласиз, лекин унда кеч бўлади. Мени айтди дерсиз. Ундан кўра қайсарлик қилмасдан, ёзинг айтганларимни!

– Йўқ, ёзмайман, ёзсам ўз фикримни ёзаман, бўлмаса йўқ! Ҳамширанинг “Сенлар яқинда ўласанлар! Мурдасанлар” деган гапига чидай олмаган Гавҳар уни чўмич билан урмоқчи бўлди. Тасодифан унинг қўлидаги чўмич менинг қўлимга келиб тегди. Гавҳар мени қасддан эмас, тасодифан урди.

– Муассаса вакилларининг айтганларига сўзсиз итоат қилишингиз кераклигини,  сиз бизнинг қўл остимиздаги маҳкума эканлигингизни унутиб қўймадингизми ишқилиб?!  

Бу ерда “Менинг фикрим ундай эмас, бундай” – деган гапларингиз ўтмайди! Акс ҳолда ички тартиб қоидаларга бўйсунмасликда, муассаса вакилининг қонуний талабига итоат этмасликда айбланасиз, интизомий жавобгарликка тортиласиз. Бу билан сизни бу масканда узоооқ йиллар қолиб кетишингизга замин яратилади, билиб қўйинг шуни!

 “Псих.отделение”да ётган мана шунча маҳкумалар Бекчоновга қарши аллақачон тушунтириш хати ёзиб беришган, кўриб қўйинг! – шундай дея дағдаға қиларкан у бир тахлам қоғозларни тумшуғим остида силкитди, – Ҳаттоки Гавҳарнинг ўзи ҳимоя қилган Жайнаги ҳам уни қоралаб ёзган, билдингизми?! Нима, сиз уларнинг ичида “БЕЛАЯ ВОРОНА” бўлмоқчимисиз?!

– Менга жазони ўташ тартиб-қоидалари ва шартлари тўғрисидаги  керакли ахборотни ҳеч ким бермаган. Бундан ташқари менинг маҳкума сифатидаги ҳуқуқларим ва мажбуриятларимни ҳам тушунтиришгани йўқ. Шунинг учун ички тартиб-қоидаларда нималар деб ёзилганидан бехабарман. Сиз айтаётган ўша ҳужжатда маҳкумаларнинг мажбуриятлари билан бирга ҳуқуқлари ҳам кўрсатиб қўйилган бўлса керак?

Жиноят-ижроия Кодексида муассаса вакилининг қонуний талабларига бўйсунмаган маҳкумлар интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида ёзилган бўлиши мумкин, ғайриқонуний талабларига эмас. Қаранг, бу қонунга ўзгартириш киритилганидан бехабар қолган эканман-да, – дедим  кесатиқ билан. – Бошқа маҳкумалар нима деб  ёзган, буни менга алоқаси йўқ. Ёзадиган бўлсам, айтганимдек, фақат ўз фикримни ёзаман, холос. Йўқ, десангиз, у ҳолда: “Тушунтириш хати ёзишдан бош тортди” – деб ҳужжат расмийлаштиришингиз мумкин, қаршилигим йўқ.

– Оҳ-ҳо-о-о, “Қаҳрамонлик кўрсатмоқчиман” денг?! Мана шу бўлмағур бад феълингиз учун ҳам тергов ҳибсхонасида ҳам бир эмас, уч бор интизомий жавобгарликка тортишган экан-да-а?

– Сиз айтаётган интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги ҳужжатларнинг барчаси сохта, – дедим пинагимни бузмай.

– Тожибоева, менинг талабимга кўнмай, ўзингизга ёмон қилдингиз. Аммо  кейинчалик бу хатоингизни тўғрилаш истаги пайдо бўлиб қолса, биз билан ҳамкорлик қилишга қарор қилсангиз, албатта, ҳеч иккиланмасдан қабулимга келишингиз мумкин. Мабодо ўжарлик қилиб, фикрингизда қатъий турсангиз, унда сизни ҳали кўп “тарбиялаш”имизга тўғри келади, – деди тарбиялаш сўзига алоҳида урғу бериб.

– Тўғри топдингиз, ўз фикримни ўзгартирмоқчи эмасман. Ҳеч қачон муассаса вакилларининг фикрини ўзимники деб баён қилолмайман, ҳеч кимга жабр қилгим йўқ. Ўз билган ҳақиқатимдан ўзгасини тасдиқлашни ҳам, тан олишни ҳам истамайман, – охирги хулосамни айтдим.

– Майли, кўрамиз. Сиздақанги жўжахўрозлар илгари ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Бошида осмон узилиб тушса, ушлаб қоладигандек катта кетиб, ғўдайишади. Лекин кўп ўтмай мулла минган эшшакдек, олдимизга бош эгиб келишади. “Кимга қарши нима деб ёзиб беришим керак?” – деб мунға-йиииб ўтиришади. Сиз ҳам худди шундай куйга тушасиз ҳали. Ўшанда салом бераман сизга. Бугунги гапларингизни ҳам эслатиб қўяман ўшанда, – у юзларини нафрат билан бужмайтираркан, – Олиб чиқ маҳкумани! – дея ҳайқирди эшик тагида турган назоратчига.

Эшикка яқинлашганимда: – Айтганча, Тожибоева, Рустам сизга ким бўлади? – ўсмоқчилаб сўради Шуҳрат Абдурафиқович.

– Қариндош, – дедим-да, бу мавзуда гаплашишга тайёр эмаслигим боис навбатдаги саволни кутмасдан, шошганча ташқарига йўналдим.

* * *

“АДВОКАТИМ БИЛАН УЧРАШИШДАН ВОЗ КЕЧАМАН” ДЕБ ЁЗИНГ!

13 июль куни эрталаб соат ўнлар атрофида руҳий касалликлар бўлимига кириб келган “дубачка”: “Тожибоева, ДПНКга боришингиз керак, юринг” – деди. «Нима учун?» – дегандим: «Савол бериш мумкин эмас!» – деб жеркиб берди у кўзларини катта-қатта очиб.

Коридорга чиққанимизда: «Оёғингиздагини зона шиппагига алмаштириб олинг, “нарушение” қўйишмасин тағин» дея шипшиди секингина.

Назоратчининг муомаласидаги бундай икки ҳил товланиш Сталин замонларида ҳамма бир-биридан сотқин дея чўчиб, ҳадиксираб яшашгани ҳақида ўқиганларимни эсимга солди.

Ортимга қайтиб, бир ҳафта ичида бир неча марта кийганимдаёқ пошна қисми ўпирилиб тушган, бир томони йиртилиб, узилай-узилай деб турган шиппакни оёғимга илиб, “дубачка”га эргашдим.

Бу шиппакни тикиш пайтида товон қисмига қоқилган темирлари ва михлари аллақачон бўртиб чиққан, ҳар қадам босганда оёққа ва товонга чидаб бўлмас даражада оғриқ берарди. Унинг йиртилган жойи узилиб тушишидан қўрқиб, оёғимни судраб босардим.

Эгнимда рангини аниқлаб бўлмас даражада униқиб кетган, йиртиқ халат. Чўмич зарбидан тобора шишиб бораётган боғлиқ қўлимни эса бўйнимга осиб олганман… Бу ерга келганимга бир ҳафта бўлиб-бўлмай, мана шундай аянчли аҳволга тушиб бўлгандим.

ДПНКда мени қабул қилган тезкор бўлим ходими қўлимга оқ қоғоз ва ручка тутқазди. Унга савол назари билан тикилгандим, у «Мен адвокат ёрдамига муҳтож эмасман. Шунинг учун мен билан учрашишга келган адвокатим билан кўришишдан бош тортаман» деб ёзиб беришимни талаб қилди.

Адвокатимнинг келганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, қанчалар қувонган бўлсам, қаршимда турган ходимнинг бемаъни талаби шунчалар қаҳримни келтирди. Чунки бугунги оғир аҳволимдан адвокатимни хабардор қилиш – бу ҳамма-ҳаммани бу ердаги фожеалардан вофиқ қилиш деган гап эди, ахир!

– Адвокатимнинг келишини интиқлик билан кутаётган бир пайтимда, нега энди у билан учрашишдан бош тортишим керак экан? Й–ў-ў-қ, мен ҳеч қачон бундай деб ёзиб бермайман, – тезкор бўлим ходимининг талабини рад этар эканман, аламдан титраб кетдим.

– Балки бошқа сафар келганида кўришишингиз мумкин. Бугун эса учрашишдан бош тортаман деб ёзиб берасиз! Шарт бу. Буйруқ бу! Тамом-вассалом! – деди у қўлингдан нима ҳам келарди дегандек беписанд  қараш қиларкан.

– Йўқ, ҳеч қачон ундай деб ёзиб бермайман! Айтдимку сизга, эшитмадингизми? Аксинча, адвокатим билан учраштиришингизни талаб қиламан. Агар учрашувга рухсат берилмаса,  “очлик” эълон қиламан, – дедим ич-ичимдан отилиб келаётган қаҳрни зўрға босиб.

– Ҳай, ҳай, ҳай, шаштингиздан қайтинг, бўлди, бўлди, қўрқдим, мана, қўрқиб кетдим сиздан, – мазах қилди у бурнини жийириб, бошини чайқаркан.

– Қайси адвокатим келган экан? – сўрадим унинг заҳархандасига эътибор бермаётгандек кўрсатиб ўзимни. Аслида унинг пичинг-у киноялари суяк-суягимдан ўтиб кетган бўлса-да, шу дамда айнан қай бир адвокатим келганлигига аниқлик киритиб олишим ҳаммасидан муҳимдек тутдим ўзимни. Ҳозир ички эҳтиросларга берилиш, у билан тортишишнинг фурсати эмасди.

– Адвокатингиз кимлигини билмайсизми ҳали?! – эндигина  ўттиз ёшларга борган бўлса-да, тепа сочлари тўкилиб бошлаган милиция лейтенантининг юзида хурсандчилик аломати зоҳир бўлди..

– Нега билмас эканман, биламан, албатта. Мен сиздан: “Қайси адвокатим келган экан?”, – деб сўрадим, эътибор қилмадингизми? Адвокатим битта эмас, бир нечта. Бугун улардан қай бири келганлигини аниқлаб олмоқчи эдим, холос, – дедим,  мен ҳам унга “аҳмоқсан” дегандек назар соларканман.

– Шунақа денг. Қани, унда адвокатларингизни фамилияларини бирма-бир айтинг-чи? Агар сиз санаганларнинг ичида унинг исм-шарифи бўлмаса, “само-собой” у адвокат билан учрашмайсиз, – деди у қошларини киноя билан учириб.

– Нега учрашмас эканман? Эҳтимол, оила-аъзоларим ҳимоям учун янги адвокат ёллашгандир, ким билади дейсиз? Адвокат агар ордер олиб келган бўлса, учрашув беришларингиз шарт.

– Э-э-э, қўйинг сафсатангизни. Бу ерни қамоқхона деб қўйишибди. Бу ерни қонун-қоидаси бўлакча, шуни унутманг. Бошимни кўп оғритманг! Қани, адвокатларингиз фамилияларини  айтинг-чи…

Тортишиб ўтиришдан наф йўқлигини  билардим. Шунинг учун  бирма-бир ҳимоячиларимнинг исм-шарифини санай кетдим. Унга таъсир ўтказиш учун, ҳатто терговда иштирок этган адвокатларнинг ҳам исми-фамилиясини тилга олдим.               

* * *

ПСИХОТРОП МУОЛАЖА ОРҚАЛИ ИҚРОРЛИК

– Гумонланувчи Тожибоева, сизни жиноят содир этганлигингиз ўз исботини топиб бўлди. Шунинг учун ўз вазиятингизни оғирлаштирмасдан, қилган жиноятларингизни тан олиб, пушаймонлигингизни билдиринг. Кечирим сўраб, мана бу ҳужжатга имзо чекиб берсангиз, ўзингизга яхши бўлади.

Мени ҳибсга олиб, Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармаси биносига олиб келган дақиқадан бошлаб, мана орадан бир неча соат ўтган бўлсада, тинмасдан менга шу гапни уқтиришга ҳаракат қилишяпти…

Қўлларимга кишан солиб, олиб кетишаётган пайтида, улар гумон қилаётган “товламачилик” жинояти содир этмаганлигимни исботловчи ҳужжатларни ўзим билан олишимга рухсат беришларини сўрагандим.

Атрофимни қуршаб олган қуролланганлардан икки нафари мен билан бирга “Ўтюраклар Клуби”нинг архив ҳужжатлари сақланадиган хонага киришди. Мен ҳужжатлар билан бирга ўзим севиб ўқийдиган Владимир Воронцовнинг «Тафаккур гулшани» деб аталувчи афоризмлар китобини ҳам олдим. Кейин, қўлларимга кишан солишди. Мен китоб билан бирга ҳужжатларни қучоқлаганча, уларнинг қуршовида уйдан чиқиб кетдим.

Қўлимдаги бу ноёб китоб – буюк мутафаккирларнинг адолатсизликка, разолатга, жаҳолатга қарши кураш хавф-хатарлар билан тўла бўлишидан огоҳ этувчи, шафқатсиз курашлар синовида дуч келадиган турли тўсқинликларга жасорату, матонат билан тик қарашга ўргатгувчи хикматли сўзлари жамланган китоб эди бу.

Хавф-хатар, ҳақсизликларга мардона турган инсонларгина комил инсон бўлиб етишишига, ҳақиқат албатта жаҳолат устидан ғалаба қозонишига янада қаттиқ ишонч туғдиришга хизмат қиладиган китоб эди, бу!

Унинг ҳар сатридаги олтинга тенг фикрларини ўқирканман, йўлга чиқишга улгуролмаганимга, яқинларим ҳаётини хавф-хатардан сақлаб қолганига Аллоҳга беҳисоб шукроналар келтирардим. Бу беназир китобдан, руҳий  мадад,  маънавий озуқа олардим. Чунки бу тун ёнимдаги ягона садоқатли, ҳақиқий дўст мана шу китоб эди, холос.

Аллақачон тун чўккан. Лекин на мен, на терговчи кўзига уйқу оралагани йўқ. “Тафаккур гулшани”ни хотиржамлик  билан  ўқиб ўтиришимдан дарғазаб бўлаётган терговчи Бахтиёр Маматов: “Гумонланувчи Тожибоева, сизни жиноятингиз ўз тасдиғини топди. Шунинг учун бугунги тушган вазиятингизни бундан-да оғирлашишини олдини олиш мақсадида барча қилган жиноятларингизни тан олиб, пушаймонлигингизни билдиринг! Кечирим сўраб, мана бу ҳужжатга имзо чекиб беринг!” – дея, балки ўн бешинчи, балким йигирманчи маротаба такрорлади.

Мен ҳам балки ўн бешинчи марта, балким, йигирманчи маротаба китобдан зўрға боши кўтариб: “И-е, ҳали ҳам мен талаб қилган адвокатларим келишмадими? Майли, яна бироз кутайлик, адвокатларим келишсин, кейин саволларингизга жавоб бераман, хўпми?” – дея яна китоб уммонига “шўнғидим”.

Мени олдиндан яхши танийдиган, ҳурмат қиладиган Ички ишлар бошқармаси ходимларидан бир-иккитаси ҳам ҳибсга олиш жараёнига жалб қилинган эканлар.

Вилоят Ички ишлар бошқармасининг Вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ўтирган пайтимда улар мени  ҳибсга олишгач содир бўлган воқеаларни айтиб беришганди. Уларнинг айтишича, мени ҳибсга олишга тайёргарлик кўрилаётган пайтда, айнан, мени ҳибсга олиш рейдида иштирок этадиган милиция ходимларидан ҳам буни қаттиқ сир сақлашган экан.

Уларнинг айтишлари бўйича мени уйимда ҳибсга  олиш операциясида қатнашаётганликларини, айнан менинг уйимга келиб, хонадоним эшигини таққилатилган пайтидагина билишган экан.

Мени ҳибсга олиш учун уйимга бостириб кирганларида: «Ҳа, келинглар, сизларни кутаётгандим ўзим ҳам» дея уларнинг босқинчиларча қилган ҳаракатларини хотиржам қаршилаганим, дод-фарёд қилмай, кўз ёшимни оқизмай мардона турганимдан нечоғлик  ҳайратланган бўлсалар, ҳибсга олинганимдан кейин ҳам бадиий китоб ўқиб хотиржам ўтирганим, уларни буткул ақлдан оздирганмиш.

Уларнинг айтишлари бўйича, Тошкентдан, Республика Бош Прокуратурасидан олти нафар мансабдор Фарғона вилоятига, мени ҳибсга олишни ташкиллаштириш  учун хизмат сафарига юборилган эканлар. Шулардан тўрттаси, мени Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасига олиб келиб, тергов ўтказилаётган паллада, қўшни кабинетда ўтириб,  мени қўлга олиш жараёнининг видео тасвирини томоша қилишган экан. Фақат шугина эмас, мени тергов қилинаётган кабинетга ўрнатилган видеокамера орқали терговни ҳам бошқариб туришган экан.

Бош прокуратура вакилларини ҳам, Вилоят прокуратураси ва Ички Ишлар Бошқармаси амалдорларини ҳам мени ҳибсга олаётган пайтларидаги хотиржамлигим, ваҳимага тушмаганим ҳайратга солганлигини атрофдагилардан яширишмабди.

Чунки улар мана-ман деган катта-катта лавозимлардаги амалдорлару, жиноят содир этганликда айбланиб, қўлга олинган забардаст эркаклар ҳам  ҳибсга олиниш чоғида  ваҳимага тушиб, вужудларини совуқ тер босиб, ўзларини йўқотиб қўйганликларига жуда кўп бор гувоҳ бўлишган.

Шунинг учун ҳам  мени хотиржамлигимга баҳо бергувчилар: “Юрагингиз битта эмас, мингта экан-да, ўзиям!” – деб, ўз ҳайратларини билдиришганди.

Ҳақиқатдан ҳам, мени ҳибсга олишганида, хотиржам эдим. Биринчидан, менга уюштирилиши мумкин бўлган хавфдан дўстларимга  хабар қилдим. Иккинчидан, “Бугун қамашармикан, эртага бирор-бир фитна уюштирармикинлар?” деган ҳадикда яшашдан чарчаб кетгандим. Ўша, мени хавотирга солган кун келганлигини англаганим учун ҳам, хотиржам бўлиб қолгандим, чоғи.

Мен шу куни йўлга чиқсам, аввал уюштирилганидек,  автоҳалокатга учрашим ҳам, ёки самолётга чиқиб, самога парвоз қилиб, изсиз ғойиб бўлган Абдували қоридек қайтиб тушмаслигим ҳам мумкин эди. Уйимдан чиқиб кетишга улгурсам, Ҳусан билан Отабек олиб келган ўз пулимни қизим ёки куёвим олиб, ҳаётлари хавф остида қолиши ҳам мумкин эди. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, уларга ҳам бир неча марта тазйиқлар бўлганди.

Мени 2005 йил 15 апрелда ўғирлаб кетиб, таҳқирлаган  амалдорлар ҳам ягона фарзандим Маҳлиё орқали ўч олишни  ваъда қилишганди. Ёлғизгина қизимнинг ҳаёти билан қўрқитгандилар мени.

Мен йўлга чиқиб кетганимда, албатта, қизим билан куёвимни ҳибсга олиб, вахшийларча азоблардилар-да, Нодира Хидоятовани аэропортда ҳибсга олганларидек, Дублинга бориш учун Москвага учишимдан аввал, аэропортда ҳибсга олишарди. Мени ҳибсга олиш учун эса,  қийнаш, минг бир азоблаш орқали ўзлари тайёрлаган ҳужжатларга имзо чекишга мажбур бўлган яқинларимнинг кўргазмаларини асос қилиб олишарди.

Қўшни кабинетда ўтирган бош прокуратурадагилар терговни четдан туриб бошқараётганликлари аниқ эди.  Чунки кабинетдаги телефон тез-тез жиринглар, ҳар телефон жиринглаганида, терговчи гўшакни кўтариб, жавоб бериш ўрнига, ташқарига чиқиб кетарди.

Ана шундай чиқиб келишларининг бирида, ниҳоятда катта чамадон кўтарган оқ халатли икки нафар эркак ва икки нафар аёл шифокорни мен тергов қилинаётган кабинетга етаклаб кирди.

– Нима учун келишди булар? – ҳайрон бўлиб сўрадим.

– Сизнинг соғлигингизни текшириб, медицина кўригидан ўтказиб  қўйишади, – деди терговчи.

– Менинг  соғлигим жойида. “Соғлигим ёмонлашди” – деб, сизларги шикоят қилганим йўқ. Шунинг учун мен бу шифокорларнинг кўригидан ўтмайман, – дедим кескин бош тортиб…

Терговчи эътирозларимга парво ҳам қилмади.

– Бошлиқларингиз ким? – дея шифокорларга юзланди.

Оқ халатига «Фарғона шаҳар тез тиббий  ёрдам маркази навбатчи врачи Юлчиев Отабек Ортиқович» деган ёзувни тақиб олган оқ халатли нусха: – Мен! – дея жавоб қилди, кўкрагини кериб.

– Қани,  унда бошланг, – буюрди терговчи унга.

Юлчиев бошчилигидаги гиппократ қасамини ичган оқ халатли шифокорлар, буйруқни кутиб тургандек, дарҳол жомадонларидан тиббиёт асбобларини олиб, стол устига тера бошладилар.

– Илтимос, қўлингизни беринг, қон босимингизни ўлчаб қўяман, – деди Юлчиев менга яқинлашиб…

Унга билагимни тутдим.  Юлчиев қон босимимни ўлчагач: – Бемор, қон босимингиз 150Х120 Кўтарилиб кетибди-ку! Бу хавфли эканлигини билсангиз керак? Шунинг учун зудлик билан қон босимингизни туширадиган укол қилишимиз керак, – деди.

Бемор? – ҳайрон бўлиб докторга юзландим, – Ким айтди сизга мени бемор деб, медицина ёрдамига муҳтож деб?

Ҳайрон бўлишимга сабаб бор эди албатта. Чунки 2003 йил 20 август кунги фоҳишалар ва қўшмачилар уюштирган ҳужум пайтида, ундан тўрт ой кейинги, 13 декабрь кунги қасддан уюштирилган автоҳалокат пайтида қўлим синиб, бошим ва оёғимдан олган оғир тан жароҳатларимни суд тиббий экспертлари “мия чайқалиши”, яъни “енгил тан жароҳати” деган ташҳис қўйишганди.

Лекин ўша воқеалардан кейин, салгина қон босимим кўтарилса, чидаёлмай қолардим оғриқнинг зўрига. Бугун эса менда умуман оғриқ йўқ эди.

– Қон босимим кўтарилишида бўладиган ҳеч қандай аломатларни сезмаяпман. Кўзларимда босим йўқ, лўққиллаб оғрирди кўзим агар давлениям кўтарилганда. Асабийлашаётган бўлмасам, бошим оғримаётган бўлса, кўнглим беҳузур бўлмаётган бўлса, нима учун қон босимим бунчалик кўтарилиб кетди экан? Ахир, қон босимим бирозгина кўтарилса ҳам, ўзимни қўйгани жой топа олмай қолардим-ку? – дедим таажжубимни ошкор қилиб.

Чунки ҳақиқатдан ҳам ўта хотиржам эдим. Сабаби, дўстларимга хабар беришга улгургандим. Энг муҳими, мутлақо айбсиз эканлигимни аниқ билардим.

Эҳтимол, стрессдан бу симптомлар сезилмаётгандир, деган ўйга бориб, укол қилишларига рози бўлдим. Муолажа қилишларига розилигимни олгандан сўнг Юлчиев туғилган йилим, ойим, шу каби керакли маълумотларимни сўраб-суриштириб, “сигналный лист” бланкасини тўлдира бошлади.

Шу пайт қон босимимни “120/90” деб ёзганига кўзим тушди.

Шу заҳоти кўнглимда хавотир пайдо бўлди. Бу шифокорлар нима учун чақиртирилганлигини тушунуб етдим.

Айбсиз инсонларни ғайриқонуний равишда ҳибсга олиб, ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилиш усулларини эсладим. Бундай пайтларда ҳибсга олинганларни иродасини синдириш мақсадида шифокорлар кўмагида психотроп муолажалар қилишади.

Психотроп муолажадан сўнг ўзига қарши кўргазма бериш, олдиндан расмийлаштирилган кўргазмаларга имзо чекиш, содир қилмаган жиноятларини қилдим, деб зиммасига олишлар Ўзбекистон шароитида кенг қўлланиладиган қийноқ усули ҳисобланади.

Уларнинг менга қарши мана шундай усулдан фойдаланмоқчи эканликларини англадим.

– Нима учун қон босиминг 150\120 га кўтарилиб кетибди деб, мени алдадингиз? Нима учун менга бошқа сонни айтиб, “сигналный лист”га 120/90 деб, бошқа сонни ёздингиз? Наҳотки, устингиздаги оқ халатингизни кийиш пайтида ичган Гиппократ қасамингизга қийналмасдан хиёнат қилишга виждонингиз йўл қўйса? Оқ халатингизга қора доғ туширишдан наҳотки чўчимасангиз? – саволларга кўмиб ташладим  Юлчиевни.

– Сиз мендан бекорга гумон қилаяпсиз. Тўғри, мен ўлчаган қўлингизда 150\120 рақамни кўрсатди. Лекин, қон босими икки қўлда икки хил натижа кўрсатади, – ўзини оқлашга тушди Отабек.

– Мени иккинчи қўлимни текширганингиз йўқ-ку! – дедим.

– Иккинчи қўлингизники паст бўлиши мумкинлигини аниқ билганим учун ўлчаб ўтирмасдан, “сигналный лист”га 120\90 қилиб ёздим, – деди у.

Юлчиев билан бўлаётган можаролар давомида стол усти тиббиёт  асбобларига тўлиб кетганди. 

Мен нафақат Юлчиевга, балким унинг уч нафар ҳамроҳига ҳам ғазаб билан қарадим: – Сизларга ўхшаганларни мана бунга ўхшаган қонунбузар терговчилар ва уларнинг бошлиқларидан ҳимоя қилганим учун шу куйга тушдим, қамалдим. Бир аёлга, миллатдошингизга зулм кўрсатаётган бу амалдорларга ёқиш учун уларнинг ғайриқонуний топшириғини бажараверасизларми?

Эртага буларни қўлига сиз ёки яқинларингиз тушмаслигига, уларга ҳам менга қўлламоқчи бўлаётганларидек муносабатда бўлмаслигига ким кафолат беради? Ҳозир амалга оширмоқчи бўлаётган жиноятларингиз фош бўлгудек бўлса, бу терговчилар ўз жиноятларини яшириш мақсадида сиз гувоҳларни гумдон қилмасликларига қай бирингиз кафиллик бера оласиз?

Кўрдимки, жон куйдириб айтаётган гапларим уларга зиғирча ҳам таъсир қилаётгани йўқ. Ноилож яна ўзини Юлчиев деб таништирган шифокорга  юзландим.

– Сенинг исминг Отабек экан. Бир куннинг ичида яна битта Отабек номига номуносиб кимсага дуч келяпман. Отабек номини ҳаром қилган бир жирканчнинг туҳмати билан қамалдим, иккинчи Отабек, сен нима қилмоқчисан? Хайф сенга Отабек исми-ю, оқ халат. Мен сенларга ишонмайман! Сенларнинг муолажангга зор эмасман, кетларинг бу ердан! – деб бақирдим.

Важоҳатимдан шифокорларнинг иккиланиб қолганини кўрган терговчи жиловни ўз қўлига олиш илинжида: – Бўлларинг, тез, айтганимни қилинглар! – деб бақирди.

Терговчининг таҳдидли овозидан шифокорлар ҳушёр тортишди шекилли, оқ халатли аёл, ҳамшира бўлса керак, шоша-пиша бир нечта шприцларни  олиб, укол қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Бир эркак ва бир аёл шифокор елкамдан маҳкам ушлаб, қимирламайдиган ҳолатга келтиришди.

– Сенларнинг ичган қасаминг урсин! Ичган қасамингга қилган хиёнатинг норасида фарзандларингга, набираларингга, ота-онангга урсин! Ичган қасамларингга хиёнатинг учун яқинларингни қора қонига беланган ҳолатида топгин, лекин уларни қутқариб қолиш қўлларингдан келмасин! Суюкли жон жигарларингга урсин қасамларинг, сенларни! Суйганларинг ўлсин сенларни!!! – деб қарғай бошладим уларни.

Қарғишим таъсир қилиб, мени маҳкам ушлаб турган қўллар бироз бўшашганди ҳамки, бир силтаниб, уларнинг қўлларидан  чиқдим-да,  жон ҳолатда дераза томонга қараб чопдим.

Шоша-пиша ойнакни оча бошладим.

– Агар биттанг яқинлашсанг, мана шу деразадан ташлайман ўзимни, – деб бақирдим.

– Тожибоева, бемаънилик қилманг. Тўртинчи қаватда турибмиз ҳозир. Агар ўзингизни ташласангиз, ўлмасангиз ҳам, умрбодлик ногиронга айланиб қоласиз. Лекин, барибир, жавобгарликдан қутила олмайсиз, – терговчи жон талвасасида бақирар, бироқ, ёнимга яқинлашишга юраги бетламасди.

– Қай биринг менга яқинлашаман, укол қиламан десанглар, сенларни қарғайман. Тез кунларда ҳаётингдаги энг суйган одамингни ўлимини кўриш сенларга насиб қилишини сўрайман Аллоҳдан. Агар лаш-лушларингни олиб, чиқиб кетмасанглар, ўзимни шу ойнадан ташлайман, – дея шифокорлардан кабинетни тарк этишларини талаб қилиб, бақиравердим.

Қараса, бўлмайдиган. Бир умр буйруқ беришга одат қилган, сўзи синиб ўрганмаган терговчи: – Нимани кутиб турибсиз?! Гапни кўпайтирмай, бошланг! Тутинг уни! – дея амр қилди Юлчиевга.

Аммо шифокорлар бу сафар терговчининг гапига итоат этишмади. Стол устидаги асбобларини йиғиштира бошлашди.

Бахтиёр уларни тўхтатмоқчи бўлганди, Юлчиев: «Ака, қаршилик қилаётганида бирорта жароҳат олса ёки шу важоҳати билан деразадан ўзини ташлаб юборса, биз жувонмарг бўламиз» – деди ва шериклари билан чиқиб кетишди.

Ғазабдан титраётган терговчи уларнинг орқасидан югурди. Кўп ўтмай, ёши тахминан қирқ беш-эллик ёшлардаги ҳамшира аёлни қайтариб, олиб кирди. У мени шахсий тинтувдан ўтказди. Шахсий тинтув ўтказилгани ва қулоғимдаги сирғани олиб қўйишгани ҳақида баённома тузишди.

Лекин, кейинчалик, тергов ҳужжатлари ичидан шахсий тинтув қилинганим ҳақидаги баённома изсиз ғойиб бўлди. Тинтув пайтида олишган сирғамни оила-аъзоларимга қайтариб беришмади ҳам.  

* * *

ЁЛЛАНМА АДВОКАТНИНГ ҲИМОЯСИГА МУҲТОЖ ЭМАСМАН!

Одамнинг одамдан фарқи бўлганидек, бир адвокатнинг бошқа бир адвокат билан ўртасидаги тафовутни, уларни фарқини маълум маънода билиш Ўзбекистон шароитида қийин эмас аслида.  “Икки томонга баробар ўйин” қиладиган, арзон сотиладиган ва ўз касбига садоқатли, виждонли, ҳақиқатпарвар адвокатлар хусусида ҳам ушбу асарим орқали китобхонларга маълумот бериш, уларни огоҳликка чақириш имкониятига эга бўламан, деб умид қиламан…

Шундай қилиб, мени зиндонбанд этган кимсаларни менга психотроп муолажа қилиб, унинг таъсири остида хушёрлигимни йўқотган пайтда зиммамга юкламоқчи бўлинаётган жиноятларга иқрорлик ҳужжатига имзо чектириш мақсадида қўлламоқчи бўлган режалари барбод бўлди.

Психотроп муолажа таъсири остида расмийлаштириш, имзо чекишим кўзда тутилган ҳужжатларга қонуний тус бериш мақсадида ҳимоячим сифатида иштирок этишини олдиндан келишилган адвокат Бахтиёр Абдуллаев кабинетга виқор ила кириб келди. 

Бахтиёр Абдуллаев – Фарғона шаҳридаги «LEGAL LTD» адвокатлик фирмаси адвокати. Ёши тахминан ўттиз бешларда.

Бахтиёр Абдуллаев ҳибсга олинган кунимда мени «ҳимоялаш» мақсадида Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Бахтиёр Маматовнинг таклифи билан тунги соат учдан то тонгги олтигача мен билан ўтказилган ғайриқонуний терговда қатнашиб, унинг ҳимоячим сифатида тергов ҳаракаларида иштирок этишини рад этишимга қарамасдан, жиноят процессуал ҳужжатларини  расмийлаштиришда иштирок этган.

Бўйлари новча, ориққина, азбаройи оқ баданлигидан русларга ўхшаб ҳам кетадиган бу адвокат билан кўп бора терговларда, маҳкама жараёнларида бирга иштирок этганмиз. Иш жараёнларида ҳимоя қилаётганимиз жабрдийдаларнинг ҳимояси учун қиладиган ҳаракатларимизни бир-биримиз билан маслаҳатлашган ҳолда иш олиб борганимиз ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Лекин у бошимга туҳмат тошлари ёғилиб, қонунга зил равишда ҳибсга олинган палламда, кўмак бериш, ҳимоялаш ўрнига, менинг ҳуқуқларимни топтаб, жинояткорона ҳаракатлар қилаётган прокуратура мансабдорларига нафақат кўмак берди, балки, уларнинг жиноятларини хаспўшлашга жон-жаҳди билан тиришди.

– Сизни бу ерга ким таклиф қилди, Бахтиёржон? – сўрадим ундан.

– Тергов талаби! – деди адвокат хотиржамлик билан.  

– Мени ҳибсга олиб, бу ерга келтирганларида ярим тун бўлиб қолганди. Одатда, қўлга олинган гумонланувчининг ўзи талаб қилган адвокати йўқ бўлсагина, терговчи ёзма равишда адвокатга талабнома билан чиқиб, гумонланувчининг тергов ҳаракатларида қатнашиб беришни сўрайди адвокатдан.

Терговчилар сиз ишлайдиган  адвокатурага қачон чиқишди талабнома билан? Мен ҳибсга олинишимдан олдин, иш пайтидами, ёки сизни адвокатурангиз кечаси билан ишлайдиган бўлиб қолганми? – дедим кесатиб, – Мен сизни эмас, адвокатлар Дилафрўз Нурматова, Маҳаррам Тожибоева, Муҳаббат Жумаева, Рустам Ғофуровларни сўраганман ҳимоя қилишлари учун. Мен уларга ишонаман, сизга эмас.

– Менинг сизга ҳимоячи бўлиб ўтишимни прокуратура терговчиси ҳал қилган. Қанақа эътирозингиз бўлса, уларга гапиринг, менга эмас, – дея жавоб қилди у.

 – Сиз нима учун бу тергов ҳаракатига жалб қилиндингиз? Сизни бу тергов ҳаракатида иштирок этишга ваколатингиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатингиз, ордерингиз қани? Мени ҳимоя қилиш учун ким билан шартнома тузгансиз? Тергов талабига асосан бўлса, терговчининг ёзма талабномасини ҳам ордерга қўшиб кўрсатинг менга, – дея   талаб қилдим Бахтиёр Абдуллаевдан.

– Йўқ,  ордерим йўқ.  Ҳозир ёнимда йўқ ордер. Ордерни эртага расмийлаштирамиз. Ўзингиз айтганингиздек ордер расмийлаштириш имкони йўқ эди, терговчи менга алоқага чиққанида бизни идора ёпилганди. Сизга бугун ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилолмайман. Лекин эртага барча ҳужжатларни расмийлаштирамиз ва сизга тақдим қила оламан ўшанда, – деди “ҳимоячим” тинимсиз равишда бераётган сўроқ-саволларимдан безор бўлганлигини сездирмоқчи бўлиб.

Адвокат билан тортишиш бефойда эканлигини сезиб, терговчига ўгирилдим: – Ўзимнинг Маҳаррам опам адвокат. Ундан ташқари, ҳибсга олишларингиз биланоқ қайси адвокатларни жалб қилишингизни расман талаб қилдим, ёздим ҳам. Адвокатларимни чақириш учун қайси телефон рақамларга қўнғироқ қилишингизни ҳам ёзганман. Бу талабларимни видеокамерага ёзиб олдиларинг ҳам. Нима учун ўзим сўраган адвокатлардан биронтасини чақириш ўрнига, бу адвокатни чақирдиларинг? – дедим унга хуноб бўлиб.

– Биз шуни хоҳладик! – деди терговчи хотиржамлик билан.

– Сизлар шуни хоҳлаган бўлсаларинг, мен хоҳламайман! Бахтиёржон, сиз кетинг, сиз менга ҳимоячи сифатида керак эмассиз. Мен сизнинг ҳимоянгизга муҳтож эмасман, кетинг, – дедим бу “ёлланган” адвокатга қараб.

– Йўқ, мени терговчилар чақиришган.  Қачон тергов тугади дейишса, шунда кетаман. Терговчи нима деса,  шу бўлади, – деди адвокат без бўлиб.

– Ҳа, тўғри айтасиз, биз нима десак, шу бўлади! – деди терговчи қўлга олинганлигим ҳақидаги процессуал ҳаракатлар акс этган ҳужжатлар билан танишиб чиқиши учун адвокатга узатаркан.

– Мен прокуратурага ёлланган адвокатнинг ҳимоясига муҳтож эмасман. Адвокат Абдуллаевни рад қиламан. Уни рад қилишга етарли асосларим бор. Менга қоғоз билан ручка беринг. Менинг адвокат Бахтиёр Абдуллаевдан воз кечиш тўғрисидаги аризамни қаноатлантириб, қонунда белгиланган намунали баённома расмийлаштиришингизни талаб қиламан, – дея қатъий талаб қилдим терговчидан.

Адвокатни рад этиш ҳақидаги аризани ёзиб тугатгач, терговчига топширдим.

Аризамни қабул қилган терговчи яна ташқарига чиқиб кетиб, қўшни кабинетда ўтирган Республика прокуратураси вакилларига аризамни кўрсатиб, маслаҳат олди шекилли, билмадим, бироздан кейин қайтиб чиқди.

У бир сўз демай, ўтириб олиб, компьютерда нималарнидир ёза бошлади. Мен ундан ҳимоячидан воз кечганим ҳақидаги аризамни қаноатлантиришни яна талаб қила бошладим.

– Намунча шошқалоқсиз, – гап билан силтаб ташлади терговчи, – Шошилманг.    

Орадан бир қанча вақт ўтиб, 8 октябрь санаси билан расмийлаштирилган адвокат Бахтиёр Абдуллаев иштирокида мени “Жиноят ишида гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш, гумонланувчини ушлаб туриш ҳақида” қарорни узатди  менга.

Ушбу ғайриқонуний қарорни ўқиб чиққач, унинг тагига қуйидагиларни қораладим:

Мени нафақат ғайриқонуний равишда ҳибсга олишда, балким “Жиноят ишида гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш, гумонланувчини ушлаб туриш ҳақида”ги қарор билан таништириш  пайтида ҳам ҳимоя ҳуқуқимни қўпол равишда бузишди.

Мени ўзим хоҳлаган, талаб қилган адвокатларим эмас, ўз ҳимоясидагиларга хиёнат қилиб, маъмурий органлар фойдасига ишлаши билан танилган Феруза Валиева бошчилигидаги «LEGAL LTD» ҳуқуқий маслахатхонасидан адвокат Бахтиёр Абдуллаевни ёлладилар.

Адвокат Бахтиёр Абдуллаевни рад қилишимга қарамай, мени ухлатмасдан, дам олишга бермасдан, эрта тонггача олиб ўтириб, саҳар соат тўртдан йигирма минут ўтганда унинг иштирокида ушбу процессуал ҳужжатларни расмийлаштириб, менинг  ҳимоя ҳуқуқимни бузиб, тазйиқ ўтказишди. Телефон учун рухсат беришмади (72-66-77 Абдусалом Эргашевга)» – деб ёздим-да,  имзо чекдим.

Шундан сўнг, менинг қаршилигимга қарамай, “ҳимоячим” ролини ўйнаётган ва бамайлихотир тергов ҳужжатларига кўз югуртираётган қўғирчоққа нафрат билан қарадим: – Соатингиз неча бўлди? – деб сўрадим.

– Соат тонгги тўртдан ўттиз минут ўтди, – деди у мобил телефонига бир қараб.

– Менинг ҳуқуқимни ҳимоя қилиш учун, кечаси ширин уйқунгизни бузиб,  олиб келишибди, – дедим унга заҳарханда қилиб, – Туни билан  менга ухлаш учун рухсат беришмаяпти. Қонун бўйича кечаси мени тўхтовсиз сўроқ қилиб чиқишга буларни ҳуқуқлари борми? Мени мана шу саволимга жавоб беринг-чи “ҳимоячим” сифатида!

– Ҳа, буларнинг сиз билан тергов ҳаракатлари ўтказишга тўлиқ ҳақлари бор. Терговчилар сизнинг ҳуқуқингизни бузишгани йўқ. Сиз ушлангансиз. Тергов ўтказилиши шарт, терговчи қонунни бузмаяпти, – деди адвокат кўзларини пирпиратиб.

– Жиноят-процессул Кодексининг 88-моддасига биноан, тергов экспременти ўтказилаётган пайтда ва гумонланувчи қочиб кетиш эҳтимоли бор бўлган пайтлардагина кечаси тергов ҳаракатларни олиб бориш мумкин.

Биринчидан, менинг қочиб кетиш эҳтимолим умуман йўқ. Чунки, мен Ички Ишлар Бошқармасининг биносида ўтирибман.

Иккинчидан, тергов эксперименти ўтказиш учун мен ярим кечада ҳеч қандай жиноят содир этганим йўқ. Тергов эксперименти, одатда, воқеа жойида ўтказилади.

Қани туёғингизни шиққиллатиб қолинг-чи! Сизнинг бунингдек ҳимоянгиз, умуман, керак эмас менга. Кетинг деяпман, – деб ўшқирдим унга. У эса этишмагандек безрайиб ўтираверди. 

Терговчи Маматов Бахтиёр мени гумонланувчи сифатида тонгги олтигача, узлуксиз равишда  сўроқ қилаверди.

У менга “содир қилганим” жиноятлар ҳақида саволлар беришда тўхтовсиз давом этди. Лекин мен ҳар бир саволга жавоб сифатида қатъият билан прокуратура манфаатини ҳимоя қилувчи, адвокат номига доғ туширган Бахтиёр Абдуллаевни рад қилганлигимни, қонун бўйича, рад қилганим ҳақидаги аризамни кўриб чиқиб, ўзим хоҳлаган ва ўзим ишонадиган адвокатларимни терговга жалб қилишларини талаб қилиб, жавоб беравердим.

Ўзим талаб қилган адвокатлар иштирокидагина берилаётган саволларга жавоб беришимни айтиб, мени ҳимоя ҳуқуқим таъминлашларини талабимни такрорлайвердим, такрорлайвердим. Яна китобимни ўқишда давом эттиравердим.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan